Севимли Пайғамбарим

БАНУ ҚУРАЙЗА ЖАНГИ

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Хандақ жангидан Мадинаи мунавварага қайтгач, ҳазрати Оиша онамизнинг уйига келдилар. Қуролларини ва совутларини ечдилар. Муборак вужудлари чангга ботган эди. Ювиндилар. Шу пайт ҳазрати Диҳя суратида, устида совути ва қуроллари бўлган бир отлиқ келди. Бу Жаброил алайҳиссалом эди. Пайғамбаримиз унинг ёнига борганларида, у: «Эй Аллоҳу таолонинг Расули! Жаноби Ҳақ сизга дарҳол Бану Қурайза устига юриш қилишингизни буюрмоқда!» – деб, амрни етказди. Коинот султони ҳазрати Билолни чақиртириб, саҳобаи киромга эълон қилиш учун шундай амр бердилар: «Эй саҳобаларим! Туринглар, отларингизга, туяларингизга мининглар! Итоат қилувчилар аср намозини Бану Қурайзанинг юртида ўқисинлар!»

Ҳабиби акрам дарҳол совутларини кийиб, қиличларини тақдилар. Дубулғаларини муборак бошларига кийиб, қалқонларини елкаларига осдилар, найзаларини қўлларига олдилар. Сўнгра отларига миндилар. Саҳобалари орасига бориб, ҳазрати Алига Ислом байроғини бердилар ва уни олдинги куч сифатида Мадинанинг шундоққина жануби-шарқидаги текисликда жойлашган Қурайза яҳудийларининг қалъасига юбордилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни Мадинада ўринбосар қилиб қолдирдилар.1

Шонли саҳобалар севимли Пайғамбаримизни ўрталарига олиб, «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» такбирлари остида Мадинадан чиқдилар. Йўлда Бану Ғанм билан учрашдилар. Улар қуролланиб, Расулуллоҳни кутиб турган эди. Пайғамбаримиз улардан: «Сизларга бирор киши дуч келдими?» – деб сўрадилар. Улар: «Ё Расулаллоҳ! Бизга Диҳя Калбий дуч келди. У эгарланган оқ хачирга минган эди. Хачирнинг устида атласдан бир бахмал ёпинчиқ бор эди», – дейишди. Севимли Пайғамбаримиз уларга шундай дедилар:

«Бу – Жаброил. У Бану Қурайзага юборилди: уларнинг қалъаларини ларзага солсин ва қалбларига қўрқув ташласин, деб…» Қурайза яҳудийларининг қалъасига етиб боргунча Ислом қўшинининг сони уч мингга етди. Ҳазрати Али Ислом байроғини Қурайза яҳудийлари қалъасининг олдига тикди. Буни кўрган яҳудийлар Пайғамбаримиз ҳақида ёмон сўзлар айтдилар. Ҳазрати Али бориб, аҳволни Пайғамбаримизга айтиб берди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уч минг аскар билан у ерга ташриф буюргач, марҳаматларидан яҳудийларни Исломга даъват қилдилар. Яҳудийлар бу гўзал таклифни қабул қилмади. Севимли Пайғамбаримизнинг «Ундай бўлса, Аллоҳу таоло ва Унинг Расулининг амрига бўйин эгиб, қалъадан тушинглар ва таслим бўлинглар», – деган таклифларини ҳам рад этишди.

Шундан кейин Оламлар сарвари камончиларнинг устози ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққосга: «Эй Саъд! Олдинга чиқ ва уларни ўққа тут!» – дедилар. Ҳазрати Саъд ва бошқа камончилар такбир садолари остида ўқдонларидаги ўқларни яҳудий қалъасига ота бошлади. Яҳудийлар ҳам ўқ ва тош отиб жавоб қайтаришди, тўқнашув бошланиб кетди. Бу яҳудий тўдаси мусулмонлар заиф аҳволда қолганда уларга орқадан зарба берган, ҳасадлари туфайли Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тан олмаган эди. Энди уларнинг қалъа дарвозасини очиб, майдонга чиқишга журъати йўқ эди.

«Эй саҳобаларим! Туринглар, отларингизга, туяларингизга мининглар! Итоат қилувчилар аср намозини Бану Қурайзанинг юртида ўқисинлар!» Ҳадиси шариф

Жанг қамал тарзида давом этарди. Ислом қўшини орасидаги мунофиқлар ҳам қалъага яширинча хабар юбориб: «Асло таслим бўлманглар! Мадинадан чиқиб кетишингизни талаб қилсалар ҳам, рози бўлманглар! Агар жангни давом эттирсангиз, биз сизларга бор кучимиз билан ёрдам берамиз, ҳеч нарсамизни сизлардан аямаймиз. Агар сизларни Мадинадан чиқарсалар, биз ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетамиз!…» – дер эди. Бу хабардан кейин мунофиқларнинг ёрдамини кутган яҳудийлар мудофаани янги азм ва умид билан давом эттирдилар. Қамал чўзилди, бир ойга яқин вақт ўтса ҳам, мунофиқлардан ёрдам келмади. Яҳудийларнинг қалбларига қўрқув тушди ва улар сулҳ тузишни истаётганларини билдиришди.

Сулҳ тузиш учун Наббош ибн Қайс исмли бир яҳудий Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Ё Муҳаммад! Бану Назирга кўрсатган марҳаматингни бизга ҳам кўрсат. Молимиз ҳам, қуролларимиз ҳам сеники бўлсин! Фақат қонимизни тўкма. Болаларимиз ва хотинларимиз билан бирга юртимиздан чиқиб кетишимизга изн бер. Қуролдан ташқари ҳар бир оила учун бир туя юк олиб кетишимизга ҳам рухсат бер!…» – деди. Оламлар сарвари: «Йўқ! Бу таклифни қабул қила олмайман!» – деб жавоб бердилар. Бу сафар Наббош: «Мол олиб кетишдан воз кечдик. Қонимизни тўкма! Хотинларимиз ва болаларимизни олиб кетишга изн бер!» – деди. Севимли Пайғамбаримиз: «Йўқ! Сўзсиз ва шартсиз ҳукмимга бўйин эгиб, итоат қилиб таслим бўлишдан бошқа чорангиз йўқ!» – дедилар. Яҳудий Наббош паришон ҳолда қалъага қайтиб, музокараларни айтиб берди. Бану Қурайза бу сафар катта ноумидлик ва қайғуга ғарқ бўлди.2 Уларнинг бошлиқларидан Каъб ибн Асад инсофга келиб, қавмига шундай иқрор ва таклиф қилди: «Эй қавмим! Кўриб турганингиздек, бошимизга катта бир бало келиб тушди. Бу ҳолатда менинг сизларга учта насиҳатим бор. Улардан хоҳлаганингизни танлаб, шунга қараб иш тутишингиз мумкин! Биринчиси: шу зотга тобе бўлиб, унинг пайғамбарлигини қабул қилайлик! Валлоҳи, унинг Аллоҳ томонидан юборилган, сифатларини китобларимизда кўрган пайғамбар эканини ҳаммамиз биламиз. Агар унга иймон келтирсак, жонларимиз, болаларимиз, хотинларимиз ва молларимиз омон қолади. Унга тобе бўлмаслигимизнинг ягона сабаби арабларга бўлган ҳасадимиз ва унинг Бани Исроилдан эмаслигидир. Ваҳоланки, бу Аллоҳнинг Ўзи биладиган ишдир. Келинглар, унга тобе бўлайлик!…» Яҳудийларнинг ҳаммаси бирдан қарши чиқиб: «Йўқ! Биз буни қабул қилмаймиз ва ўзимиздан бошқа ҳеч кимга тобе бўлмаймиз!» – дейишди.

Бу сафар Каъб иккинчи таклифини қилди: «Ҳаммамиз болаларимизни ва хотинларимизни ўлдириб, ортимизда ғамини ейдиган ҳеч ким қолмагач, мусулмонлар устига юрайлик, ўлгунимизча жанг қилайлик!…» Яҳудийлар буни ҳам рад этди.

Каъб учинчи таклифида шундай деди: «Бу кеча шанба кечасидир. Мусулмонлар бизнинг бу кечада жанг қилмаслигимизни билганлари учун хотиржам ва ғофил бўлишлари мумкин. Қиличларимизни қинидан суғуриб, дарвозадан ҳаммамиз бирдан чиқайлик. Шундай тўсатдан ҳужум билан балки ғолиб келармиз!…»

Яҳудийлар: «Биз шанба кунидаги иш қилиш тақиқини буза олмаймиз!» – деб, бу таклифни ҳам рад этди. Фақат улар орасидан Асид ва Саълаба исмли биродарлар ҳамда уларнинг амакиваччаси Асад биринчи таклифни қабул қилиб, мусулмон бўлиш шарафига эришишди. Улар қалъадан чиқиб, саҳобаи киром орасига қўшилишди.3 Яҳудийлар ўзаро узоқ тортишдилар. Охир-оқибат таслим байроғини кўтариб, Пайғамбаримиздан ўзлари ҳақида ҳукм чиқариш учун бир кишини ҳакам қилиб тайинлашларини сўрадилар. Расулуллоҳ: «Саҳобаларимдан хоҳлаган кишингизни ҳакам қилиб танланглар», – дедилар. Улар: «Биз Саъд ибн Муоз чиқарадиган ҳукмга розимиз», – дейишди. Пайғамбаримиз буни қабул қилиб, ҳазрати Саъд ибн Муозни олиб келишни буюрдилар.

Саъд ибн Муоз Хандақ жангида оғир яраланган эди. Расулуллоҳ уни Масжиди Набавийда бир чодир ичида даволатаётган эдилар. Ҳакам этиб сайлангач, ҳазрати Саъдни замбилда Қурайза қалъасига олиб бордилар. Йўлда ҳазрати Саъд ўзига-ўзи: «Валлоҳи, Аллоҳу таолонинг йўлида ҳеч бир маломатчининг маломатига қулоқ солмайман!» – дер эди. Расулуллоҳнинг ҳузурларида уни замбилдан туширдилар. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Эй Саъд! Мана булар сенинг ҳукмингга кўра таслим бўлишга рози бўлди. Қани, улар ҳақидаги ҳукмингни менга билдир». Саъд ибн Муоз эса: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Шубҳасиз, ҳукм чиқаришга Аллоҳу таоло ва Унинг Расули лойиқроқдир», – деди. Расулуллоҳ: «Булар ҳақида ҳукм чиқаришни Аллоҳу таоло сенга буюрди», – дедилар. Ҳазрати Саъд яҳудийлардан ўз ҳукмига рози бўлишлари ҳақида қатъий сўз олди. Икки томон ҳам чиқариладиган ҳукмни қизиқиш билан кута бошлади. Шундан кейин ҳазрати Саъд ўз улуғлигини кўрсатадиган, одамнинг этини жунжиктирадиган, шаънига лойиқ бўлган мана бу буюк ҳукмни эълон қилди:

«Менинг ҳукмим шуки: оқил ва балоғатга етган барча эркакларнинг бўйни урилсин! Хотинлари, болалари асир олинсин, моллари эса мусулмонлар орасида тақсим қилинсин!…»

Бу қатъий ҳукм қаршисида яҳудийлар қотиб қолдилар. Чунки ўз китобларида ҳам бундай ҳаддан ошганларга бериладиган жазо айнан шундай эди. Унда шундай ёзилган эди: «Бирор шаҳарга жанг қилиш учун борганингда, уларни сулҳга даъват эт. Буни қабул қилиб, дарвозаларини очсалар, ичидагиларнинг ҳаммаси сенга хирож тўласин ва хизмат қилсин. Агар жанг қилишга қарор қилсалар, уларни қамал қил. Аллоҳу таолонинг эҳсони билан улар устидан ғолиб келганингда, эркакларининг ҳаммасини қиличдан ўтказ. Хотинларини, болаларини ва молларини ўлжа қилиб ол!…»

Саъд ибн Муоз чиқарган ҳукм илоҳий ҳукмга мувофиқ келгани учун Оламлар сарвари, севимли Пайғамбаримиз уни табриклаб: «Сен улар ҳақида Аллоҳу таолонинг етти қават осмонлар устида, Лавҳул маҳфуздаги ҳукмига мувофиқ ҳукм чиқардинг!» – деб, таҳсинларини билдирдилар.

Яҳудийлар ўз китобларида кўрсатилган бу ҳукмга эътироз қила олмади. Оқил ва балоғатга етган барча эркакларнинг қўлларини бўйнига боғлаб, Мадинага олиб бордилар. Эртаси куни Расулуллоҳнинг амрлари билан ҳазрати Али ва ҳазрати Зубайр ҳукмни ижро этди. Болалар, хотинлар ва моллар саҳобаи киром орасида тақсимланди.4 Шундай қилиб, мусулмонларнинг энг танг пайтларида орқадан зарба берган, барча аҳдларни бузган, Пайғамбаримизни болаликларидан бери йўқ қилишга уринган бу айёр, хоин ва бузғунчи қавмдан Мадина ва унинг атрофи тозаланди. Асирлар орасидан бир аёл мусулмон бўлиш саодатига эришди. Райҳона исмли бу хоним Пайғамбаримизнинг улушларига тушган эди. Расулуллоҳ унга хоҳласа ўз динида қолиш, хоҳласа мусулмон бўлиш ихтиёрини бердилар. Райҳона: «Мен ўз динимда қолишни истайман», – деди. Уни Умму Мунзирнинг уйига юбордилар. Кейинроқ Саълаба ибн Саъянинг маслаҳати ва ҳаракати билан унинг кўнгли Исломга илиди. Шундан кейин Пайғамбаримиз Райҳонага: «Сен Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг йўлини тутишни истайсанми? Мен шундай қилишни муносиб кўраман», – дедилар. Райҳона: «Ҳа», – деди. Унинг бу ишидан ниҳоятда севинган севимли Пайғамбаримиз унинг ҳам севиниши, жаннатдаги даражаси жуда юксак бўлиши учун марҳамат кўрсатиб, уни озод қилдилар ва завжаликка қабул қилдилар. Маҳрини бериб, никоҳларига олдилар. Тўйлари ҳам Умму Мунзирнинг уйида бўлди. Шундай қилиб, Райҳона (розияллоҳу анҳо) барча мусулмонларнинг онаси бўлиш шарафига эришди.5

«Йўқ! Сўзсиз ва шартсиз ҳукмимга бўйин эгиб, итоат қилиб таслим бўлишдан бошқа чорангиз йўқ!» Ҳадиси шариф

Саъд ибн Муознинг шаҳодати

Саъд ибн Муоз Бану Қурайза яҳудийлари ҳақидаги ҳукмни чиқаргандан кейин, яна чодирига олиб борилди. Яраси оғирлашиб, аҳволи ёмонлашди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ёнига келиб, уни қучоқладилар ва шундай дуо қилдилар: «Аллоҳим! Саъд Сенинг розилигинг учун Сенинг йўлингда жиҳод қилди. Расулингни ҳам тасдиқлади. Унга енгиллик ато эт…» Севимли Пайғамбаримизнинг бу муборак сўзларини эшитган ҳазрати Саъд ибн Муоз кўзларини очиб: «Ё Расулаллоҳ! Сизга салом ва ҳурматларимни изҳор этаман. Аллоҳу таолонинг пайғамбари эканингизга гувоҳлик бераман», – деб пичирлади. Шундан кейин Саъд ибн Муознинг яқинлари уни чодиридан Бану Абдулашҳалнинг уйига олиб кетишди. Ўша кечаси унинг аҳволи жуда оғирлашди. Пайғамбаримизга Жаброил алайҳиссалом келиб: «Ё Расулаллоҳ! Бу кеча умматингиздан вафот этган ва вафоти фаришталар орасида хушхабар бўлиб тарқалган киши ким?» – деди. Шунда Коинот султони дарҳол Саъд ибн Муознинг аҳволини сўрадилар. Уни уйига олиб кетишганини айтишди. Пайғамбаримиз ёнларида саҳобаи киромдан баъзилари билан Саъд ибн Муознинг олдига бордилар. Йўлда жуда тез юрганлари учун саҳобаи киром: «Чарчадик, ё Расулаллоҳ!» – дейишди. Пайғамбаримиз тез юришларининг сабабини тушунтириб, шундай дедилар: «Фаришталар Ҳанзаланинг жанозасида биздан олдин ҳозир бўлганидек, Саъднинг жанозасида ҳам биздан олдин ҳозир бўлади. Биз улардан олдин етиб бора олмаймиз».

Саъд ибн Муознинг олдига келганларида, Пайғамбаримиз уни вафот этган ҳолда топдилар. Бош томонида туриб, Саъд ибн Муозга куньяси билан мурожаат қилиб, шундай дедилар: «Эй Абу Амр! Сен бошлиқларнинг энг яхшиси эдинг. Аллоҳу таоло сенга саодат, барака ва энг хайрли мукофот берсин! Сен Аллоҳу таолога берган сўзингни бажардинг. Аллоҳу таоло ҳам сенга ваъда қилганини беради!» Шу пайт Саъд ибн Муознинг онаси йиғлаб, мана бу байтни ўқиди:6

Қандай чидасин, эвоҳ, шўрлик онаси!
Сабр керак; йиғлайман бошимга тушган ғамга!

Аслам ибн Ҳорис эса шундай ҳикоя қилган: «Расулуллоҳ Саъд ибн Муознинг уйига келдилар. Биз эшик олдида кутиб турдик. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ичкарига кирдилар; қадамларини жуда кенг ташлаб юрардилар. Биз ҳам у зотнинг ортларидан юрдик. Расулуллоҳ тўхташимизни ишора қилганларида, тўхтадик ва орқага қайтдик. Ичкарида Саъднинг жанозасидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Расулуллоҳ ичкарида бир муддат тургач, ташқарига чиқдилар. Қизиқиб қолган эдим: „Ё Расулаллоҳ! Қадамларингизни кенг ташлаб юришингизнинг ҳикмати нима?“ – деб сўрадим. Шунда у зот шундай дедилар: „Бунчалик гавжум мажлисда бўлмаган эдим. (Фаришталар тўлиб кетган эди.) Фаришталардан бири мени қаноти устига олди, шундагина ўтира олдим“. Сўнгра Саъд ибн Муозга куньяси билан мурожаат қилиб: „Сенга офият бўлсин, ё Абу Амр! Сенга офият бўлсин, ё Абу Амр! Сенга офият бўлсин, ё Абу Амр!“ – дедилар».

Унинг вафоти Расулуллоҳни ва саҳобаи киромни жуда қайғуга солди, кўз ёш тўкиб йиғладилар. Жанозасига барча саҳобаи киром тўпланди. Севимли Пайғамбаримиз жаноза намозига имомлик қилдилар ва жанозасини кўтаришда иштирок этдилар. Саъд ибн Муознинг жанозасини кўтариб бораётганларида, саҳобаи киром: «Ё Расулаллоҳ! Биз бунчалик енгил кўтариладиган жанозани кўрмаган эдик!» – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз: «Фаришталар тушди, уни улар кўтариб бормоқда», – дедилар. Жаноза кетаётганда мунофиқлар ҳам Саъдни камситиш учун: «Намунча енгил!» – деганларида, севимли Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Саъднинг жанозасига етмиш минг фаришта тушди. Шу пайтгача улар ерга бунчалик кўп бўлиб тушмаган эди».

Абу Саъид Худрий ўз бобосининг шундай деганини нақл қилган: «Саъд ибн Муознинг қабрини қазиганлардан бири мен эдим. Унга қабр қаза бошлаганимизда, қабрдан атрофга мушк ҳиди таралди!» Шураҳбил ибн Ҳасана эса шундай деган: «Саъд ибн Муоз дафн этилаётганда бир киши унинг қабридан бир ҳовуч тупроқ олган эди. Кейин уни уйига олиб боргач, ўша тупроқ мушкка айланди. Жанозаси қабрга туширилаётганда, Пайғамбаримиз қабр бошида ўтирдилар, муборак кўзлари ёшланди, муборак соқолларини қўллари билан ушлаб, жуда қайғурдилар. У зот: „Саъд ибн Муознинг ўлими сабабли Арш титради“, – дедилар». Бир сафар Пайғамбаримизга жуда қимматбаҳо бир кийим ҳадя қилинган эди. Саҳобаи киром унинг жуда чиройли эканини айтганларида, у зот: «Саъд ибн Муознинг жаннатдаги рўмолчалари бундан ҳам чиройлироқдир», – дедилар.

Абу Суфённинг интиқом излаши

Хандақ жангидан қайтгач, бир куни Абу Суфён қабиласининг ўртасида ўтирганда уларга: «Муҳаммаддан интиқомимизни оладиган биронта ҳам киши йўқми!» – деди. Бир аъробий бу сўзни эшитиб, Абу Суфённинг олдига келди ва: «Агар сен менинг ҳожатимни чиқарсанг, бу ишни мен қиламан. Йўлни ҳам яхши биламан. Ўткир ханжарим ҳам бор. Ҳеч кимдан қўрқмайман», – деди. Абу Суфён унинг ҳожатларини чиқариб, тилакларини бажо келтирди. Бир туя олиб, унга топширди ва бу ишни сир тутишни айтди. Аъробий кечаси Маккадан чиқиб, оз вақтда Мадинага етиб борди. Пайғамбар алайҳиссалом Бану Абдулашҳал қабиласида эканларини билиб олди. Туясини бир жойга боғлаб, у ерга пиёда борди. Пайғамбар алайҳиссалом ўша қабиланинг масжидида насиҳат қилаётган эдилар. Аъробийни узоқдан кўриб, шундай дедилар: «Бу келаётган кишида ёмон бир ният бор. Аммо Аллоҳу таолонинг лутфи ва эҳсони мен билан унинг орасига парда бўлади».

Аъробий Расулуллоҳ томон юрди. Шу пайт Усайд ибн Ҳузайр уни ушлаб, орқага тортди. «Расулуллоҳдан узоқ тур, эй лаънати!» – деб, қўлини унинг белбоғига узатди ва белидаги ханжарни кўрди. Унинг ёмон ниятли эканини англади. Аъробий Усайднинг оёғига йиқилиб: «Қонимга тегма!» – деб фарёд қилди. Усайд уни Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб келди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй аъробий, тўғрисини айт, сен кимсан? Сенга рост сўздан бошқа ҳеч нарса фойда бермайди. Агар ёлғон гапирсанг ҳам, Аллоҳу таоло ниятингни менга билдирган», – дедилар. Аъробий омонлик сўраб, аҳволни айтиб берди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг амрлари билан уни қамаб қўйишди.

Эртаси куни уни ҳузурларига чақиртириб, шундай дедилар: «Мен сенга омонлик бердим, қаерга борсанг, боравер. Лекин сенга бундан ҳам афзалроқ бир нарсани таклиф қилай». Аъробий: «Нима у?» – деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳнинг бирлигига ва менинг пайғамбарлигимга гувоҳлик беришингни истайман», – дедилар. Аъробий дарҳол калимаи шаҳодат келтирди ва: «Ё Расулаллоҳ! Мен ҳеч қачон ҳеч кимдан қўрқмас эдим. Сизни кўрганимда, ақлим бошимдан учди. Кўнглимдагини билдингиз. Буни мен билан Абу Суфёндан бошқа ҳеч ким билмас эди. Англадимки, сиз Аллоҳнинг расулисиз ва Унинг ҳимоясидасиз, Абу Суфённинг нияти эса шайтоний бир ниятдир», – деди.

«Аллоҳим! Саъд Сенинг розилигинг учун Сенинг йўлингда жиҳод қилди. Расулингни ҳам тасдиқлади. Унга енгиллик ато эт» Ҳадиси шариф

Абу Суфёндан шундай ёмонлик содир бўлгач, Хожаи коинот (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Амр ибн Умайя ва Замра ибн Асламга Маккага бориб, фурсат топсалар, Абу Суфённи ўлдиришни буюрдилар. Бу икки саҳоба Ҳарамга етиб бориб, тавоф қилаётганда бир жория уларни таниб қолди. У: «Эй маккаликлар, ғофил бўлманглар! Булар – Амр ибн Умайя ва Замра ибн Аслам!» – деб бақирди. Одамлар уларни таниб қолгач, икки саҳоба икки томонга ажралди. Амр Макка тоғларидан биридаги ғорга кириб яширинди. Ибн Аслам эса Мадинага кетди. Бир неча кундан кейин Амр ғордан чиқди. Унинг қаршисидан Абу Суфённинг икки жосуси чиқди. Уларнинг бирини ўқ билан уриб ҳалок қилди, иккинчиси қочди. Сўнгра Амр соғ-омон Мадинага етиб келди. Абу Суфён буни билгач, жуда қўрқиб кетди.

Ҳижратнинг бешинчи йилидаги баъзи муҳим воқеалар

Расули акрам Зулқаъда ойида Зайнаб бинт Жаҳшга уйландилар.7 Бу йил ҳижоб ҳақидаги ояти карималар нозил бўлди ва мусулмон аёлларга ўраниб юриш буюрилди.8 Мадинаи мунаввара яқинида яшайдиган Музайна қабиласи элчилар юбориб, мусулмон бўлди ва муҳожирлардан саналди.9 Яна шу йили зилзила ва ой тутилиши юз берди. Бундан ташқари, ҳаж ҳам шу йили фарз қилинди. Хандақ жангидан кейин атрофдаги қабилаларнинг бир қисми Ислом давлатининг кучини тан олди. Энди улар мусулмонлар билан дўст бўлиб яшаш, ҳатто мусулмон бўлиш энг тўғри йўл бўлади, деб ўйлай бошлашди. Баъзилари Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб, мусулмон бўлиш шарафига эришди.

Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Ислом динини ёйиш учун саҳобаларидан гуруҳлар тузиб, атрофдаги қабилаларни Исломга даъват қилишга юбордилар. Баъзи қабилаларга шахсан ўзлари бордилар. Думатул Жандал аҳли каби қабилалар қилинган насиҳатларни қабул қилиб, мусулмон бўлди. Ғатафонликлар, Бану Лиҳён каби қабилалар эса Ислом қўшини билан юзма-юз келишдан қўрқиб, қочиб кетди. Шундай қилиб, атрофдаги қабилаларнинг кўзи қўрқиб қолди.

Бану Лиҳён ғазоти

Мушриклар Ражиъ воқеасида Осим ибн Собит, Хубайб ибн Адий ва уларнинг шерикларини (розияллоҳу анҳум ажмаъийн) шаҳид қилган эди. Пайғамбаримиз бундан ниҳоятда маҳзун ва паришон бўлган эдилар. Бану Лиҳёндан бу қилмишларининг ҳисобини сўраш учун қулай фурсатни кутаётган эдилар. Чунки улар хиёнат қилган эди. Шароит етилгач, икки юз кишилик куч билан Бану Лиҳён устига йўлга чиқдилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни Мадинада ўринбосар қилиб қолдирдилар. Душманни чалғитиш учун Шомга кетаётгандек бўлиб, ўша мўминлар шаҳид бўлган Ражиъ суви бошига келдилар. У ерда Осим ва унинг шериклари учун Жаноби Ҳақдан мағфират сўрадилар. Ислом қўшини келаётганидан хабар топган Бану Лиҳён аҳли тоғларга қочиб кетди.

Пайғамбаримиз ва саҳобалари у ерда бир кун турдилар. Атрофга аскарлар юборилди, аммо қанча изласалар ҳам, душманни топишнинг иложи бўлмади. Лекин бу қўрқувнинг ўзи уларга етарли эди. Сўнгра Усфонга етиб келдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрати Абу Бакрга (розияллоҳу анҳу): «Ўн кишилик куч билан Ғанимгача атрофни кўздан кечириб қайтинглар», – дедилар. Кофирлар Ислом қўшинининг овозини эшитди ва қалбларига қўрқув тушди. Тоғларда ғойиб бўлдилар. Ҳеч кимга дуч келинмади. Лекин бу сафар атрофдаги мушриклар учун мусулмонларнинг ҳукмронлигини тасдиқловчи бир ҳужжат каби бўлди. Сўнгра Мадинага қайтилди. Бу сафар ўн тўрт кун давом этди.

Ғоба ғазоти

Уни Зу Қарад ғазоти деб ҳам аташади. Расулуллоҳнинг йигирмата бўталоқли туяси бор эди. Уларни Абу Заррнинг (розияллоҳу анҳу) ўғли далада боқарди. Фазора қабиласидан Уяйна ибн Ҳисн деган бир киши чоршанба кечаси қирқ отлиқ билан келиб, Ибн Абу Заррни шаҳид қилди. Улар туяларни ҳам ҳайдаб кетишди.

Бу хабар Расулуллоҳга етиб келгач, у зот Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни Мадинада ўринбосар қилиб қолдирдилар, ўзлари эса беш юз отлиқ билан йўлга чиқдилар. Миқдод ибн Асвадга (розияллоҳу анҳу) байроқ бериб, уни саҳобаларнинг бир қисми билан олдинги куч сифатида илгари юбордилар. Салама ибн Акваъни (розияллоҳу анҳу) ҳам кофирлар устига юбордилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Зу Қарад деган жойда қароргоҳ қурдилар.

Олдинги куч душманнинг орқа қисмига етиб олди. Ҳазрати Абу Қатода Масъада Фазорий исмли кофирни ўлдирди. Ҳазрати Уккоша Иббон ибн Амр исмли бир кофирни ўлдирди. Мусулмонлардан бир киши шаҳид бўлди. Ҳазрати Салама ибн Акваъ кофирларнинг ортидан қувиб кетди. У жуда моҳир камончи эди. Лаънатилардан кўп кишини ўлдириб, кўпини ярадор қилди. Уларни кўп нарсаларини ташлаб кетишга мажбур қилди. Ўнта туяни кофирларнинг қўлидан тортиб олди. Ҳазрати Абу Қатода қароргоҳга келганда, Расулуллоҳ у учун шундай дуо қилдилар: «Аллоҳим! Абу Қатодага саломатлик бер ва уни умрининг охиригача бардам яшат!» Расулуллоҳ Масъада Фазорийнинг оти ва қуролини ҳазрати Абу Қатодага бердилар. Абу Қатодадан кейин ҳазрати Салама ибн Акваъ ҳам келди. Унинг ёнида мушриклардан қолган иккита от ҳам бор эди. Пайғамбаримиз уни ҳам қабул қилиб, табриклагандан сўнг шундай дедилар: «Бугун отлиқларимизнинг энг яхшиси – Абу Қатода, пиёдаларимизнинг энг яхшиси – Салама ибн Акваъ».

Бу сафар Пайғамбарнинг молига катта журъат билан қўл узатган мушрикларга ҳам, бошқа қабилаларга ҳам унутилмас бир сабоқ бўлди. Зу Қарадда бир кеча ва бир кундуз турилди. Сўнгра Мадинага қайтилди. Бу сафар беш кун давом этди.

«Саъд ибн Муознинг жаннатдаги рўмолчалари бундан ҳам чиройлироқдир» Ҳадиси шариф

Келишингиз – раҳмат, завқу сафодир, ё Расулаллоҳ,
Зуҳурингиз ошиқлар дардига даводир, ё Расулаллоҳ.
Одам ҳали сув ва лой ичра эканда набий эдингиз,
Пайғамбарлар имоми бўлсангиз – раводир, ё Расулаллоҳ.
Комиллар жамоасининг камоли нурингиз ила бўлди,
Вужудингиз Ҳақ қудратининг тўла мазҳаридир, ё Расулаллоҳ.
Сиз сабаб Унга етдилар, турли маънавий лаззатларга,
Ишингиз ҳожатмандларга атодир, ё Расулаллоҳ.
Ҳудоийга шафоат қилинг – хоҳ ошкор, хоҳ пинҳон,
Эшигингизга бош урган бир гадодир, ё Расулаллоҳ!
Aziz Mahmûd Hüdâyî