ХАНДАҚ ЖАНГИ
Уни Аҳзоб жанги деб ҳам аташади. Аҳзоб – «ҳизб» сўзининг кўплик шаклидир. Ҳизб – тоифа, гуруҳ, қисм демакдир. Бу жангда Расулуллоҳ билан урушиш учун бир неча тоифа бирлашгани сабабли уни Аҳзоб жанги деб аташган. Ҳижратнинг бешинчи йили эди. Мадинаи мунавварадан сургун қилинган, фитна ва фасод манбаи бўлган яҳудий Бану Назир гуруҳларга бўлиниб, бир қисми Шомга, бир қисми эса Хайбарга кетган эди. Бироқ Исломга ва Пайғамбаримизга бўлган кин ва интиқом туйғулари уларнинг қалбларини чулғаб олган эди. Уларнинг бошлиғи Ҳуяй ибн Ахтаб қавмининг кўзга кўринган кишиларидан ёнига тўплаган йигирма киши билан Маккага борди. Улар Абу Суфён билан учрашиб, севимли Пайғамбаримизнинг муборак вужудларини йўқ қилиш ҳақида келиша бошладилар. «Бу ишни битирмагунимизча ёнингиздан ҳеч ажралмаймиз!» – дейишди. Абу Суфён: «Душманимизга душман бўлганлар биз учун азиздир. Лекин сизларга ишонишимиз учун бутларимизга сиғинишингиз керак. Шундан кейингина самимий эканингизни тан олиб, хотиржам бўла оламиз», – деди. Мақсадларига етиш учун ҳатто динларидан ҳам кечган хоин яҳудийлар бутлар олдида ерга бош урдилар… Китобли кофирлар эдилар, китобсиз кофирларга айландилар. Севимли Пайғамбаримизни йўқ қилиш ва Ислом динини вайрон этиш учун қасам ичдилар.
Мушриклар дарҳол уруш тайёргарлигини бошладилар. Қўшни мушрик қабилаларига ҳам одамлар юбордилар. Яҳудийлар ҳам турли қабилаларни кўндириш учун ҳаракатга тушдилар. Баъзи қабилаларга пул ва хурмо ваъда қилиб, уларни қуроллантирдилар. Мушриклар Макка атрофидан тўрт минг кишилик катта куч тўплаган эди. Абу Суфён Дорун Надвада байроқ боғлаб, уни Усмон ибн Талҳага берди. Қўшинда уч юз от, жуда кўп қурол ва бир минг беш юз туя бор эди.
Тўрт минг кишилик мушрик қўшини Марруз Заҳронга келганда, Бану Сулайм, Бану Фазора, ғатафонликлар, Бану Мурра, Бану Асад каби жуда кўп қабилалар олти минг кишилик ёрдам билан мушрик қўшинининг сонини ўн мингга етказди. Бу ўша замон учун жуда катта куч эди.
Илгаридан Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) билан дўст бўлиб келган Хузоа қабиласи дарҳол Мадинага хабар учирди: ўн кунлик йўлни тўрт кунда босиб ўтган бир отлиқ Пайғамбаримизга мушрикларнинг аҳволини батафсил маълум қилди.
Ишларини саҳобаи киром билан маслаҳатлашиб қиладиган севимли Пайғамбаримиз дарҳол саҳобаларини йиғиб, вазиятни улар билан муҳокама қилдилар. Жанг қаерда ва қандай олиб борилиши ҳақида ҳар бир саҳоба ўз таклифини билдирди. Бу кенгашда бўлган ҳазрати Салмон Форсий сўз олиб, шундай деди:
«Ё Расулаллоҳ! Бизда шундай бир уруш усули бор: душман тўсатдан бостириб келишидан қўрққан пайтимизда, атрофимизга хандақ қазиб, мудофаа қилар эдик». Бу усул Пайғамбаримизга ҳам, саҳобаи киромга ҳам маъқул бўлди ва душман билан шу тарзда жанг қилишга қарор қилинди.1
Пайғамбаримиз дарҳол саҳобаларидан баъзиларини олиб, хандақ қаерда қазилиши лозимлигини кўздан кечирдилар. Мадинанинг жануб тарафи боғ-роғлардан иборат бўлиб, қалин дарахтлар билан қопланган эди. Мушрикларнинг бу тарафдан тўп бўлиб ҳужумга ўтиш эҳтимоли кам эди.
«Сенга хушхабарлар бўлсин, эй Оиша! Ҳақ таоло сени оқлади. Поклигингга гувоҳлик берди» Ҳадиси шариф
Бундан ташқари, бу жойнинг мудофаасини оз сонли куч ҳам уддалай олар эди. Шарқда эса мусулмонлар билан аҳдлашган Бану Қурайза номли яҳудий қабиласи яшарди. Шу сабабли мушриклар фақат ғарб ва шимол тарафдаги очиқ ерлардан ҳужумга ўта олар эди. Хандақ қазиладиган жойлар шу тарафлардан белгиланди. Саҳобаи киромнинг ҳар бирига уч метрча жой тўғри келарди. Ҳар ким ўз улушига тушган жойни икки одам бўйи (тахминан 3,5 метр) чуқурликда қазиши, хандақнинг эни эса тез чопиб келаётган от ҳам ҳатлаб ўта олмайдиган (7–8 метр) кенгликда бўлиши керак эди. Вақт оз эди. Душман Маккадан чиқиб, Мадина томон йўлга тушган эди. Хандақни имкон қадар тезроқ қазиб битириш лозим эди.
Севимли Пайғамбаримиз ишни шахсан ўзлари бошлаб, қаҳрамон саҳобалари билан бирга «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деб, биринчи чўкични урдилар. Ҳамма бор ғайрати билан хандақни тезроқ қазиб битиришга интиларди. Ҳатто бу ишга болалар ҳам қатнашарди. Расулуллоҳ учун Зубоб тепалиги устида турк чодири тикилди.2 Хандақдан чиқарилган тупроқ замбилларда шу тепаликнинг атрофига тўкилар, қайтишда эса душманга отиш учун Салъ тоғидан тош ташиларди. Замбил топа олмаганлар тупроқни этакларида ташир эди. Севимли Пайғамбаримиз ҳам чарчагунларича ишлардилар. Буни кўрган саҳобаи киромнинг ғайрати жўш урарди. Улар: «Жонимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Бизнинг ишлаганимиз етади. Сиз ишламанг, дам олинг», – десалар ҳам, у зот: «Мен ҳам ишлаб топаётган савобингизга шерик бўлишни истайман», – деб жавоб берардилар.
Ўша кунларда ҳаво жуда совуқ эди. Бунинг устига ўша йили қурғоқчилик туфайли қаҳатчилик ҳукм сурарди. Егулик топиш ҳам анча қийин эди. Оламлар сарвари ҳам, бутун саҳобаи киром ҳам даҳшатли очликни бошдан кечирардилар. Ўзларини бақувват ҳис қилиш учун очликдан қоринларига тош боғлар, меъдаларини сиқиб, овқатга бўлган эҳтиёжни босишга ҳаракат қилардилар. Оламларга раҳмат қилиб юборилган севимли Пайғамбаримиз ўз очликлари ҳақида ўйламас, саҳобаларининг бу совуқда оч ҳолда ишлаётганидан ва чекаётган машаққатларидан жуда қайғурар, уларга раҳмлари келар ва шундай дуо қилардилар: «Аллоҳим! Охират ҳаётидан бошқа (исталадиган) ҳаёт йўқдир. Ё Раббим! Ансорлар ва муҳожирларни мағфират қил!» Улар эса жонларидан ортиқ севадиган Ҳабиби акрамга: «Ҳаётимизнинг охиригача Аллоҳу таолонинг йўлида Ислом динини ёйиш учун Расулуллоҳга тобе бўлдик», – деб жавоб беришарди. Бу ўзаро муҳаббат очлик, ташналик каби қанча-қанча машаққатларни илдизи билан суғуриб ташларди.
Чақмоқ чақди
Хандақ қазиш ҳар куни эрта тонгдан бошланиб, кечгача давом этарди. Бир куни қазиш пайтида ҳазрати Али ибн Ҳакам оёғидан яраланди. Ярадорни отга миндириб, Пайғамбаримизнинг ҳузурларига олиб келдилар. Оламлар сарвари «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деб, унинг оёғини силадилар. Пайғамбаримизнинг бир мўъжизаси сифатида, бир лаҳзада оёғидан оқаётган қон тўхтади ва оғриғи қолди. Хандақ қазиш давом этарди. Бир маҳал саҳобалар жуда қаттиқ бир ерга дуч келишди. Қазишнинг иложи бўлмасди. Расули акрамнинг ҳузурларига келиб, аҳволни билдиришди. У зот ташриф буюриб, хандаққа тушдилар. Бир идишда сув сўрадилар. Ундан бир қултум олиб, яна идишга қайтардилар. Сўнгра сувни қаттиқ ерга сепдилар. Босқонни олиб, у жойни бир уришда қумдек сочиб юбордилар. Энди у ер осон қазиладиган бўлиб қолди. Шу уриш пайтида севимли Пайғамбаримизнинг муборак қоринлари очилиб қолганда, у ердагилар у зот очликдан муборак меъдалари устига тош боғлаб олганларини кўрдилар. Расулуллоҳнинг бу ҳолини кўрган ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ у зотнинг ҳузурларига бориб, изн сўради: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Изн берсангиз, уйга бир бориб келсам». Изн олгандан кейинги воқеани ҳазрати Жобир шундай ҳикоя қилди:
«Изн берилгач, уйга келиб, хотинимдан: „Расул алайҳиссаломда чидаб бўлмайдиган даражада очлик ҳолини кўрдим. Уйда ейишга бирор нарса борми?“ – деб сўрадим. У: „Мана шу улоқдан ва бир неча ҳовуч арпадан бошқа ҳеч нарса йўқ“, – деди. Дарҳол улоқни сўйдим, хотиним эса арпани қўл тегирмонида тортиб, ун қилди. Сўнгра ундан хамир қорди. Гўштни сопол қозонга солиб, тандирда пиширишга киришди. Расулуллоҳнинг ёнларига қайтаётганимда, хотиним овқат оз бўлгани учун хижолатда қолмайлик деб, менга қаттиқ тайинлади. Шундан кейин Расулуллоҳнинг ҳузурларига бордим ва: „Ё Расулаллоҳ! Жуда оз овқатим бор. Ёнингизга бир-икки кишини олиб, бизникига овқатга марҳамат қилинг!“ – дедим.
Расулуллоҳ менга: „Хотинингга айт, мен келгунимча тандирдан на гўшт қозонини, на нонни чиқарсин“, – дедилар. Сўнгра мужоҳидларга юзланиб: „Эй хандақ аҳли! Жобир бизга зиёфат тайёрлабди, бизни овқатга чақиряпти. Таоми ҳам мўл, ҳам мазали. Туринглар! Жобирнинг зиёфатига борамиз!“ – дедилар. Бу амрдан кейин саҳобаи киром тўпланиб, Пайғамбаримизнинг ортларидан юра бошлади. Мен дарҳол уйга қайтиб, бўлган воқеани хотинимга айтиб бердим ва: „Энди нима қиламиз?“ – дедим. У менга: „Расул алайҳиссалом овқат қанчалигини сўрамадиларми?“ – деди. Мен: „Сўрадилар, мен айтдим“, – дедим. Хотиним: „Саҳобаи киромни сен чақирдингми ёки Расулуллоҳми?“ – деб сўради. „Расулуллоҳ чақирдилар“, – деганимда, у: „Расул алайҳиссалом яхшироқ биладилар“, – деб менга тасалли берди.
Кўп ўтмай эшигимиз олдида Пайғамбаримизнинг нурли жамоллари кўринди. У зот кўпчилик саҳобаларга: „Бир-бирингизни сиқмасдан ичкарига киринглар“, – дедилар. Саҳоба биродарларим ўн кишилик гуруҳлар бўлиб ўтирди. Набийи муҳтарам нон ва гўштнинг баракали бўлиши учун дуо қилдилар. Сўнгра қозонни тандирдан чиқармасдан, чўмич билан ичидагини олиб, қўлларига олган нонлар устига қўйиб, саҳобаларига тортдилар. Барча саҳобалар тўйгунча у зот шундай давом этдилар. Қасам ичаманки, овқат еганлар мингдан ортиқ бўлса ҳам, нон ҳам, гўшт ҳам аввалгидек турарди. Биз ҳам егач, қолганини қўшниларимизга тарқатдик».3
Ҳазрати Салмон Форсий хандақни жуда моҳирона қазир эди. Бир ўзи ўн кишининг ишини бажарарди. У ўртоқлари билан ўзларига ажратилган жойни қазиётганда, жуда қаттиқ ва катта оқ қояга дуч келдилар. Қояни синдириш учун кўп уриндилар. Аммо барча меҳнатлари зое кетди. Устига-устак босқонлари, чўкичлари ва белкураклари ҳам синди. Ҳазрати Салмон севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига бориб, аҳволни арз қилди: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Хандақ қазиётганимизда қаттиқ бир қояга дуч келдик. Темирдан ясалган барча асбобларимиз синса ҳам, уни жойидан қимирлата олмадик». Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) у ерга ташриф буюриб, босқон сўрадилар. У ерда бўлган саҳобаи киром натижани қизиқиш билан кутарди. Пайғамбарлар султони хандаққа тушдилар. Босқонни кўтариб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» деб, қояга шундай урдиларки, бу зарбадан Мадинани ёритиб юборган чақмоқ чақди ва қоядан бир парча кўчиб тушди.
Расули акрам «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтдилар. Буни эшитган саҳобалар ҳам такбир айтди. Сўнгра у зот қояга иккинчи марта босқон урдилар. Яна ҳамма ёқни ёритган чақмоқ!
«Мен ҳам ишлаб топаётган савобингизга шерик бўлишни истайман» Ҳадиси шариф
Ва қоядан кўчиб тушган парчалар… Севимли Пайғамбаримиз яна «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтдилар. Саҳобаи киром ҳам у зотга эргашиб такбир айтди. Босқон учинчи марта тушганда, ҳамма ёқни ёритган яна бир чақмоқ чақди ва қоя парча-парча бўлиб кетди. Оламлар сарвари яна «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтдилар. Шарафли саҳобалари ҳам у зотга эргашиб, яна такбир айтди.
Ҳазрати Салмон қўлини узатди. Севимли Пайғамбаримиз юқорига чиқдилар. Салмон Форсий: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Умримда ҳеч кўрмаган бир нарсани ҳозир кўрдим. Бунинг ҳикмати нима?» – деганда, Пайғамбаримиз саҳобаларига юзланиб: «Салмон кўрганни сизлар ҳам кўрдингизми?» – деб сўрадилар. Улар: «Ҳа, ё Расулаллоҳ! Босқонни қояга урганингизда, кучли бир чақмоқ чаққанини кўрдик. Сиз такбир айтганингизда, биз ҳам такбир айтдик», – дейишди. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Биринчи зарбанинг ёруғида менга Эрон шоҳининг (Кисронинг) (Мадоиндаги) кўшклари кўринди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб: „Умматингиз у юртларга эга бўлади“, – деб хабар берди. Иккинчи зарбада Рум вилоятининг (Шомнинг) қизил кўшклари кўринди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб: „Умматингиз у диёрга ҳам эга бўлади“, – деди. Учинчисида Санъонинг (Яманнинг) кўшклари кўринди. Жаброил (алайҳиссалом): „У ерга ҳам умматингиз молик бўлади“, – деб хабар берди».
Сўнгра Коинот султони Эрон шоҳининг (Кисронинг) Мадоиндаги саройини таърифлаганларида, ўша ерлик бўлган ҳазрати Салмон: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Сизни ҳақ дин ва Китоб билан юборган Аллоҳу таолога қасамки, у кўшклар айнан сиз айтганингиздек. Аллоҳу таолонинг расули эканингизга гувоҳлик бераман», – деди. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Эй Салмон! Шом албатта фатҳ этилади. Ҳирақл мамлакатининг энг чекка жойига қочади. Сизлар Шомнинг ҳар тарафига ҳоким бўласизлар. Сизларга ҳеч ким қарши тура олмайди. Яман албатта фатҳ этилади. Мана бу „Машриқ диёри“ ҳам албатта фатҳ этилади ва Эрон шоҳи (Кисро) ўлдирилади. Аллоҳу таоло бу фатҳларни мендан кейин сизларга насиб этади».4
Ҳазрати Салмон Форсий: «Расулуллоҳнинг бу хушхабарларининг ҳаммаси амалга ошганини кўрдим», – деб ҳикоя қилди.
Душман энди яқин орада етиб келиши керак эди. Хандақни имкон қадар тезроқ битказиш учун бор куч билан қазишарди. Мужоҳидлар фақат зарурат бўлгандагина Пайғамбаримиздан изн олиб, ишни қўяр, эҳтиёжларини ҳал қилгач, яна иш бошига югуриб қайтарди.
Мунофиқлар эса жуда бўшанглик қиларди. Хоҳлаган пайтларида ишга келиб, хоҳлаган пайтларида изн сўрамай ташлаб кетарди. Бунинг устига саҳобаларнинг бундай ишлашини масхара қилар, ҳатто Пайғамбаримиз берган хушхабарлар ҳақида ҳам: «Биз душмандан қўрқиб хандақларга беркиняпмиз. У эса бизга Яман, Рум ва Форс мамлакатларининг кўшкларини ваъда қиляпти. Сизларнинг бу ҳолингизга ҳайронмиз!…» – дер эди.
Шундан кейин мужоҳидлар ҳақида нозил бўлган ояти каримада шундай дейилди, маъноси: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймон келтирган ва (ҳаммага тегишли ижтимоий) умумий бир иш учун у (Расулуллоҳ) билан бирга бўлган пайтларида, ундан изн олмагунларича ташлаб кетмайдиган кишилардир. Демак, (эй Ҳабибим!) сиздан изн сўрайдиганлар – ҳақиқатан Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймон келтирганлардир. Бу мўминлар баъзи ишлари учун сиздан изн сўрасалар, сиз ҳам улардан хоҳлаганингизга изн беринг ва улар учун Аллоҳу таолодан мағфират тиланг. Шубҳасиз, Аллоҳу таоло Ғафурур Раҳимдир – жуда кечирувчи, жуда марҳаматлидир».5
Мунофиқлар ҳақида нозил бўлган ояти карималарда эса шундай дейилди, маъноси: «Аллоҳу таоло Расулининг даъватини ўз орангизда бир-бирингизни чақиришингизга ўхшатманглар! Орангиздан бир-бирингизни пана қилиб, яширинча (суғурилиб) қочадиганларингизни Аллоҳу таоло албатта билади. Унинг амрига қарши чиқадиганлар дунёда фитнага, охиратда эса аламли азобга дучор бўлишдан сақлансинлар! Огоҳ бўлинглар! Осмонларда ва ерда нима бўлса, ҳаммаси Аллоҳу таолоникидир. У сизларнинг қай ҳолатда (барча хусусиятларингизни, ниятларингизни, мўмин ёки мунофиқ) эканингизни ҳам билади. Аллоҳу таоло Ўзига қайтариладиган қиёмат кунингизда барча қилган ишларингизни сизларга хабар беради. Аллоҳу таоло ҳар бир нарсани билувчидир».6
Хандақ қазишга киришилганига олти кун бўлган эди. Ҳар ким ўз ишини лойиқ даражада битирган эди. Аммо бир жой вақт етмагани сабабли кенг ва чуқур қазилмай қолган эди. Пайғамбаримиз бу жой учун хавотирларини билдириб: «Мушриклар бу ердан бошқа ҳеч қаердан ўта олмайдилар», – дедилар. Бу ерга қоровуллар қўйдилар.
Аллоҳу таоло – энг гўзал вакил
Мушрик қўшини Мадинага жуда яқинлашган пайтда яҳудий Бану Назирнинг бошлиғи Ҳуяй Қурайш қўшинининг қўмондонига шуни билдирди: Мадинадаги Қурайза яҳудийлари мусулмонлар билан аҳдлашган, лекин у уларнинг бошлиғи Каъб ибн Асадни алдаб, ўз сафларига торта олади. Қўмондон: «Эй Ҳуяй! Ҳозироқ Каъб ибн Асаднинг олдига бор. Мусулмонлар билан тузган аҳдларини бузиб, бизга ёрдам беришсин», – деди. Бу аҳднинг моддаларидан бири шундай эди: «Мадинага бирор душман қўшини ҳужум қилса, мусулмонлар билан бирлашиб, душманга қарши туриш».
Яҳудий Ҳуяй мушрик қўшинидан ажралиб, кечаси Бану Қурайза бошлиғи Каъбнинг уйига келди. Эшикни тақиллатиб, ўзини таништирди ва: «Эй Каъб! Қурайшнинг бутун қўшинини, Бану Кинона ва Бану Ғатафон каби жуда кўп қабилаларни ўн минг кишилик қўшин ҳолида олиб келдим. Энди Муҳаммад ва унинг саҳобалари қутула олмайди. Уларни бутунлай йўқ қилмагунимизча, қурайшликлар билан бирга бу ердан кетмасликка қасам ичдик!…» – деди. Каъб: «Муҳаммадни ва унинг саҳобаларини ўлдириб бўлмаса-ю, қурайшликлар ва ғатафонликлар юртларига қайтиб кетса, биз бу ерда ёлғиз қоламиз. Охир-оқибат ҳаммамизни ўлдиришади, деб қўрқаман!…» – деб хавотирини билдирганда, Ҳуяй: «Бу қўрқув кетиши учун қурайшликлар ва ғатафонликлардан етмиш кишини гаровга сўрайсан. Бу гаровдагилар сенинг қўлингда экан, улар бу ердан кета олмайди. Агар енгилиб кетсалар, мен сизларнинг ёнингиздан кетмайман. Сизларнинг бошингизга тушган бало менинг бошимга ҳам тушган бўлади», – деб, аввал Каъбни, кейин бошқа яҳудийларни ҳам алдади. Уларни мусулмонлар билан тузилган аҳдномани йиртишга мажбур қилди. Шундай қилиб, аҳд бузилди.
Ҳуяй мушрик қўшинига қайтиб, аҳволни айтиб берди. Бану Қурайза мусулмонларга орқадан зарба беришини маълум қилди.
«Эй хандақ аҳли! Жобир бизга зиёфат тайёрлабди, бизни овқатга чақиряпти. Таоми ҳам мўл, ҳам мазали. Туринглар! Жобирнинг зиёфатига борамиз!» Ҳадиси шариф
Еттинчи куни мушриклар ўн минг кишилик катта қўшин билан Мадинанинг шимол ва шимоли-ғарб тарафига келиб, қароргоҳ қурдилар. Бу қароргоҳ хандақ қазилган жойнинг нариги тарафида эди. Мушрикларнинг нияти шу эди: бу катта қўшин билан Мадинани бошдан-оёқ ёқиб-вайрон қилиш, Пайғамбаримизни ва у зотнинг саҳобаларини йўқ қилиб, Исломни битириш. Кўринишдан бу қарши туриш қийин бўлган жуда катта қўшин эди. Хаёлларига ҳам келмаган хандақ тўсиғини кўриб, мушриклар довдираб қолдилар, руҳлари тушиб кетди. Чунки хандақ яхши от ҳам чопиб келиб ҳатлай олмайдиган кенгликда эди. Хандаққа йиқилган одам ҳам осонликча чиқа олмасди. Айниқса, совут кийган кишининг юқорига тирмашиб чиқиши жуда қийин эди. Мушриклар келганини эшитган севимли Пайғамбаримиз олти кундан бери тинмай ишлаб чарчаган саҳобаларини дарҳол йиғиб, хандақнинг бу тарафида, Салъ тоғи этагида қароргоҳ қурдилар. Уларнинг орқасида Салъ тоғи ва Мадина, олдида хандақ, унинг нариги томонида эса душман… Ибн Умму Мактум бу сафар ҳам Мадинада Пайғамбаримизнинг ўринбосари қилиб қолдирилди. Аёллар ва болалар қалъаларга жойлаштирилди. Уч минг кишилик Ислом қўшинининг ўттиз олтита отлиғи бор эди. Байроқлар ҳазрати Зайд ибн Ҳориса билан ҳазрати Саъд ибн Убоданинг қўлида эди.7 Расулуллоҳнинг теридан ясалган чодирлари Салъ тоғи этагида тикилди. Яна қанча қаҳрамонликлар кўрсатадиган саҳобаи киром душманнинг ҳаракатларини диққат билан кузата бошлади. Шу пайт севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига ҳазрати Умар келди. У: «Ё Расулаллоҳ! Эшитишимча, Қурайза яҳудийлари орамиздаги аҳдни бузишибди ва бизга қарши урушга тайёрланишаётган экан!» – деди. Кутилмаган бу хабарга Оламлар сарвари: «Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил (Аллоҳу таоло бизга кифоя. У қандай гўзал Вакил!)», – деб жавоб бердилар. У зот жуда қайғуга ботдилар. Энди Ислом қўшини икки ўт орасида қолган эди. Шимол ва ғарбда мушрик қўшинлари, жануби-шарқда эса яҳудийлар турарди. Расулуллоҳ ҳазрати Зубайр ибн Аввомни Бану Қурайза қалъасига юбордилар. Ҳазрати Зубайр бориб, аҳволни билиб келди. Қайтгач, кўрганларини айтиб берди: «Ё Расулаллоҳ! Уларнинг қалъаларини таъмирлаётганини, ҳарбий машқлар ўтказаётганини кўрдим. Бундан ташқари, ҳайвонларини ҳам йиғиштиришаётган экан». Шундан кейин Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода, Ҳаввот ибн Жубайр, Амр ибн Авф ва Абдуллоҳ ибн Равоҳани Бану Қурайзага насиҳат қилиб, аҳдни янгилаш учун юбордилар.8 Вазифа берилган бу беш саҳоба Қурайза яҳудийларининг қалъасига бориб, уларга насиҳат қилди. Аммо насиҳат кор қилмади. Бунинг устига яҳудийлар уларни ҳақорат қила бошлади. Охирги сўз сифатида улар шундай дейишди: «Биродарларимиз Бану Назирни юртларидан ҳайдаб чиқариб, қўл-қанотимизни синдирдингиз. Муҳаммад ҳам ким бўлибди! У билан орамизда ҳеч қандай сўз ҳам, аҳд ҳам йўқ. Ҳаммамиз бирдан Пайғамбарингизга ҳужум қилиб, уни ўлдиришга қасам ичганмиз. Биродарларимизга албатта суянч бўлиб, ёрдам берамиз!…» Ҳазрати Саъд ибн Муоз ва унинг шериклари Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, аҳволни ҳамма ҳам тушуна олмайдиган тарзда, киноя билан айтиб беришди. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Хабарингизни сир тутинглар. Фақат биладиган кишигагина очинглар. Чунки уруш тадбир ва ҳийладан иборатдир».9
Саҳобаи киром хандақнинг бу тарафида Пайғамбаримизни кутар, қандай ҳаракат қилишлари кераклигини билишга интизор эди. Кўп ўтмай Коинот султони қаҳрамон саҳобаларининг ёнига ташриф буюриб: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» – деб такбир айтдилар. Буни эшитган шонли саҳобалар бир оғиздан такбир айтиб, Жаноби Ҳақнинг исми шарифининг улуғлигини эълон қилди ва хандақнинг нариги томонида қумдек қайнаб турган кофирларнинг қалбига қўрқув солди. Такбирларни эшитган мушриклар: «Муҳаммадга ва унинг саҳобаларига, афтидан, бирор қувончли хабар келибди», – дейишди.
Пайғамбаримиз саҳобаларига: «Эй мусулмонлар жамоати! Аллоҳу таолонинг фатҳи ва ёрдами билан севининглар!» – деб, зафар қозонишлари ҳақида хушхабар бердилар. Шонли саҳобалар шу пайтгача кўплаб сарийяларда бўлган, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган эди. Сони ва кучи кўп бўлган мушрикларни улар Аллоҳу таолонинг изни ва Расули акрамнинг дуолари баракаси билан ҳар сафар мағлуб этган эди. Бошларида мавжудотнинг «Бош тожи» турганда, улар уддалай олмайдиган иш, чидай олмайдиган машаққат бўлиши мумкин эмас эди. Ҳаво совуқ, қаҳатчилик қаттиқ, очлик ҳаддан ортиқ эди… Пайғамбаримиз ҳам, бошқа кўпчилик ҳам муборак қоринларига тош боғлаган эдилар. Рўпарада душман қумдек қайнарди! Аммо шонли саҳобалар учун душманнинг кўплиги ҳам, чекилаётган машаққатлар ҳам аҳамиятсиз эди. Аллоҳу таоло энг гўзал вакил эди… Улар Унга боғланган, Унга таянган, Унинг паноҳига сиғинган эдилар. Қурайшнинг кўзга кўринган қўмондонлари ва Қурайш билан бирга келган бошқа қабилаларнинг бошлиқлари умумий ҳужумга ўтишга қарор қилишдан олдин, хандақ бўйлаб ўтиш мумкин бўлган жой излай бошлашди. Хандақни бир бошидан нариги бошигача айланиб чиқдилар. Ниҳоят, шошилинч туфайли чала қолган тор жойда тўхтаб, шу ердан ҳужум қилиш қулай бўлади, деган қарорга келдилар. Мушрик аскарлари ҳам қўмондонлари ортидан юриб, гоҳ хандаққа, гоҳ шонли саҳобаларга қараб ҳайрон бўларди. «Қасам ичамизки, бу арабларнинг усули эмас. Буни албатта ўша форс одами маслаҳат берган!» – дейишарди. Қурайшлик қўмондонлар аскарларига хандақнинг тор жойини кўрсатиб: «Бу ердан ким сакраб, нариги тарафга ўта олади?» – деганда, улар орасидан беш отлиқ ажралиб чиқди. Улар яккама-якка олишиш учун хандақнинг нариги тарафига ўтишлари керак эди. Шонли саҳобаи киром ҳам, мушрик аскарлари ҳам бу беш отлиқнинг ҳаракатларини қизиқиш билан кузата бошлади. Отлиқлар тезлик олиш учун орқага чекинишди. Сўнгра отларининг бошини хандақнинг энг тор жойига буриб, чоптириб юбордилар. Елдек учиб келаётган беш зотли от бир сакрашда хандақнинг нариги тарафига ўтишга муваффақ бўлди. Уларга жуда кўп отлиқлар эргашмоқчи бўлса ҳам, уддалай олмай, хандақнинг у тарафида қолиб кетди. Ўтганлар орасида Амр ибн Абдувуд исмли жуда бақувват, кураги ерга тегмаган бир паҳлавон бор эди; ҳамма ундан қўрқар, унга қарши чиқа олмас эди. У бир ўзи бир қўшинга баробар эди. Ўн минг кишилик қўшин ичидан айнан унинг бу ерга чиқиши ҳам шуни кўрсатарди. У бошдан-оёқ совут кийган эди. От устида жуда ҳайбатли кўринарди. Кўриниши билан юракларга қўрқув соладиган бу одам мужоҳидларга қараб: «Мен билан олиша оладиган бирор киши бўлса, майдонга чиқсин!…» – деб бақирди. Бу кибр тимсолини кўрган ҳазрати Али севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига чиқиб, изн сўради: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! У билан мен олишай». Ҳазрати Алининг эгнида эса ҳатто совути ҳам йўқ эди.
«Эй Салмон! Шом албатта фатҳ этилади. Ҳирақл мамлакатининг энг чекка жойига қочади. Сизлар Шомнинг ҳар тарафига ҳоким бўласизлар. Сизларга ҳеч ким қарши тура олмайди. Яман албатта фатҳ этилади. Мана бу „Машриқ диёри“ ҳам албатта фатҳ этилади ва Эрон шоҳи (Кисро) ўлдирилади. Аллоҳу таоло бу фатҳларни мендан кейин сизларга насиб этади» Ҳадиси шариф
Саҳобаи киром унга ҳавас билан қарарди. Севимли Пайғамбаримиз ўзларининг муборак совутларини ечиб, ҳазрати Алига кийдирдилар. Қиличларини унинг белига боғладилар. Муборак бошларидан саллаларини олиб, уни шахсан ўз муборак қўллари билан унинг бошига ўрадилар. Сўнгра ёлвориб, шундай дуо қилдилар: «Аллоҳим! Бадр жангида амакиваччам Убайда, Уҳуд жангида амаким Ҳамза шаҳид бўлди. Ёнимда биродарим ва амакиваччам Али қолди. Сен уни асрагин, унга ёрдамингни эҳсон эт. Мени ёлғиз қолдирма!» Саҳобаи киром: «Омин!» – дейишди. Дуолар ва такбирлар орасида пиёда илгарилаб борган Аллоҳу таолонинг арслони от устида улкан бир шарпадек турган Амр ибн Абдувуднинг қаршисида тик турди. Кўзларидан бошқа ҳамма жойи совут билан қопланган Амр бу қаҳрамонни таний олмади ва кимлигини сўради. У: «Мен Али ибн Абу Толибман», – деб ўзини таништирганда, Амр гўё унга ачиниб: «Эй жияним! Отанг менинг дўстимдир. Шунинг учун қонингни тўкишни истамайман. Менга қарши чиқадиган амакиларингдан бирортаси йўқми?» – деди. Ҳазрати Али эса уни қизиштириб: «Эй Амр! Валлоҳи, мен сенинг қонингни тўкишни истайман. Фақат иккаламиз ҳам тенг ҳолатда бўлишимиз керак эмасми? Мардлик шаънига ҳам шу ярашмайдими? Ваҳоланки, мен пиёдаман, сен эса отлиқсан!…» – деди.
Буни эшитган Амрнинг мардлик томири қўзиди: у дарҳол отидан тушиб, отининг оёқларини қилич билан чопиб ташлади-да, ғазаб билан ҳазрати Алининг қаршисига ўтди. У ҳамла қилмоқчи бўлганда, Аллоҳу таолонинг арслони: «Эй Амр! Эшитишимча, сен Қурайшдан бирор киши билан юзма-юз келганингда, унинг икки тилагидан бирини бажаришга қасам ичган экансан. Шу ростми?» – деб сўради. У: «Ҳа, рост», – деб жавоб берганда, бу сафар: «Ундай бўлса, биринчи тилагим – сенинг Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймон келтириб, мусулмон бўлишингдир!» – деб уни иймонга даъват қилди. Буни эшитган Амр ғазабланиб: «Буни қўй! Бу менга керак эмас!» – деди. Ҳазрати Али: «Иккинчи тилагим – олишувни қўйиб, Маккага қайтишингдир. Чунки Расул алайҳиссалом душман устидан ғолиб келсалар, сен бу ишинг билан у зотга ёрдам берган бўласан!…» – деди. Амр: «Буни ҳам қўй! Мен интиқом олмагунимча хушбўйлик суртмасликка қасам ичганман. Бошқа тилагинг бўлса, шуни айт!» – деганда, ҳазрати Али: «Эй Аллоҳу таолонинг душмани! Энди сен билан олишишдан бошқа ҳеч нарса қолмади!» – деди.
Амр бу сўзларга кулиб: «Ажабо! Араб диёрида менга қарши чиқа оладиган бир мард борлиги хаёлимга ҳам келмас эди! Эй жияним! Қасамки, мен сени ўлдиришни истамайман. Чунки отанг менинг дўстим эди. Мен ўзимга қарши Қурайш зодагонларидан Абу Бакр каби, Умар каби бир кишини истар эдим», – деди. Ҳазрати Али: «Шундай бўлса ҳам, мен сени ўлдириш учун бу ерга чиқдим», – деганда, Амрнинг қони бошига урди. Қиличини кўтариши билан тушириши бир бўлди. Шундай нарсани кутиб турган Аллоҳу таолонинг арслони ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) чақмоқдек четга сакраб, зарбани қалқони билан қарши олди. Аммо Амр бунга ўхшаш қанча-қанча қалқонларни парчалаган эди. Амрнинг зарбасига энг мустаҳкам қалқонлар ҳам бардош бера олмасди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Ҳазрати Алининг қалқони парчаланди, устига-устак қилич бошини тирнаб, яралади. Энди ҳамла навбати ҳазрати Алига келган эди.
Аллоҳу таолонинг паноҳига сиғиниб, у «Ё Аллоҳ!…» деб, Зулфиқорни Амрнинг бўйнига туширди. Қилични тушириши билан Ислом қўшинида еру кўкни ларзага солган «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» садолари, кофирлар қўшинида эса оҳу фиғонлар кўтарила бошлади… Ҳа, пайғамбарлар султонининг, мавжудотнинг бош тожининг дуоси қабул бўлган эди. Девдек Амр ерга қулаган, танасидан қон тарновдек оқаркан, боши дубулғаси билан бирга учиб кетган эди. Ўзлари энг кўп ишонган Амрнинг ерга қулаганини кўрган шериклари дарҳол ҳазрати Алига ташланди. Буни кўрган саҳобаи киром у ерга югуриб келди. Зубайр ибн Аввом Навфал ибн Абдуллоҳни яралаб, оти билан бирга хандаққа қулатди.
Ҳазрати Али хандаққа тушиб, Навфални иккига бўлиб ташлади. Қолганлари хандақдан зўрға ўтиб, орқага қочди. Мушрик қўшинининг бош қўмондони эса жангнинг бошидаёқ катта умидсизликка тушган эди.
Энди жангнинг шакли маълум бўлди. Хандақ юзма-юз олишувга имкон бермасди. Икки томон ўқ отиб, бир-бирига талафот етказишга уринди. Бу натижани чўзишдан бошқа ҳеч нарсага ярамасди. Шу йўл билан ғолиб кела олмасликларини англаган мушриклар хандақнинг ҳар тарафидан ҳужумга ўтиш энг қулай йўл бўлади, деган қарорга келиб, ҳужумга ўтдилар. Ўн минг кишилик улкан душман қўшини хандақдан ўтишга уринар, уч минг кишилик шонли Ислом қўшини эса ўқ ва тош билан уларни хандақдан ўтказмасликка ҳаракат қиларди. Даҳшатли олишув бошланди. Бу олишув кечгача давом этди.
Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) кечаси хандақнинг турли жойларига қоровуллар қўйдилар. Ўзлари ҳам тор жойда қоровуллик қила бошладилар. Мадинага беш юз кишилик соқчи қисмни юбориб, кўчаларда баланд овоз билан такбир айтишни буюрдилар. Шу тариқа яҳудийлардан ёки Қурайш мушрикларидан келиши мумкин бўлган хавфнинг олди ўз вақтида олинар, аёллар ва болалар ҳимоя қилинар эди.
Қурайза яҳудийлари эса Ҳуяй ибн Ахтабни мушрикларга юбориб, кечаси босқинлар уюштириш учун икки минг кишилик куч сўради. Улар кечалари ҳимоясиз қолган аёллар ва болаларга ҳужум қилмоқчи эди. Аммо мужоҳидларнинг тонггача соқчилик қилиб айланиб юришлари ва «Аллоҳу акбар!» нидолари билан такбир айтишлари уларнинг қалбига катта қўрқув солди. Қалъаларига чекиниб, пайт пойлай бошладилар. Вақти-вақти билан кичик гуруҳлар ҳолида Мадинага киришга уриндилар.
Бир кечаси Бану Қурайзанинг кўзга кўринган кишиларидан Ғаззол ёнига олган ўн кишилик гуруҳ билан Пайғамбаримизнинг аммалари Сафийя онамиз турган кўшкка қадар етиб келишга муваффақ бўлди. Ичкарида аёллар ва болалар бор эди. Уларнинг ўзларини ҳимоя қиладиган биргина қуроли ҳам йўқ эди. Яҳудийлар аввал кўшкка ўқ отишга, сўнгра ичкарига киришга уринди. Улардан бири ички ҳовлига ўтишга муваффақ бўлди ва ичкарига кириш учун атрофни текшира бошлади. Шу пайт севимли Пайғамбаримизнинг қаҳрамон аммалари ёнидагиларга асло овоз чиқармасликни тайинлаб, пастга тушди ва эшик олдига келди. Бошини рўмол билан маҳкам ўраб, эркак қиёфасига киргач, қўлига бир узун таёқ олиб, белига пичоқ тақди. Эшикни секин очиб, ўша яҳудийнинг орқасига яқинлашди ва қўлидаги таёқ билан унинг бошига қаттиқ урди. Вақтни бой бермасдан, ерга йиқилган яҳудийни ўлдирди. Сўнгра ўлдирилган яҳудийнинг бошини ташқарида ўқ отаётган яҳудийларга улоқтирди. Шерикларининг кесилган бошини оёқлари остида кўрган яҳудийлар қаттиқ қўрқувга тушиб, қоча бошлади.
Бир томондан эса: «Бизга мусулмонлар уйларида биронта ҳам эркак қолдирмай, ҳаммасини урушга юборишган, деб хабар беришган эди-ку!…» – деб ғўлдирашарди.10 Эрталаб жанг яна ўша шиддат билан давом этди. Ўқлар ҳавода визиллаб учарди. Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шонли саҳобаларига: «Борлигим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, дуч келаётган машаққатларимиз устингиздан албатта кўтарилади ва сизлар кенгликка чиқариласизлар», – деб, уларга сабр қилишни тавсия этдилар ва зафар иймон келтирганларники бўлишини башорат қилдилар. Бу хушхабарни олган қаҳрамон саҳобалар очлик, қаҳатчилик каби машаққатларни унутдилар.
«Эй мусулмонлар жамоати! Аллоҳу таолонинг фатҳи ва ёрдами билан севининглар!» Ҳадиси шариф
Улар жон-жаҳдлари билан курашдилар ва хандақдан биронта ҳам мушрикни ўтказмадилар.
Саҳобаи киромнинг пешқадамларидан ҳазрати Саъд ибн Муоз катта қаҳрамонлик кўрсатиб жанг қилмоқда эди. Жанг пайтида Ҳиббон ибн Қайс ибн Арақа исмли бир мушрик отган ўқ унинг қўлига тегиб, уни ярадор қилди. Ўқ йирик қон томирига тегиб, кўп қон йўқотишига сабаб бўлди. Ярадор ҳазрати Саъд атрофидагилар қонни тўхтатиш учун уринаётганини кўриб, аҳволи жиддий эканини англади ва шундай дуо қилди: «Ё Раббим! Агар Қурайш урушни давом эттирадиган бўлса, менга умр ато эт. Чунки Сенинг Расулингга озор берган, у зотни ёлғончи деган бу мушриклар билан жанг қилиш менга қанчалик ёқса, бошқа ҳеч нарса менга бунчалик ёқмайди. Агар орамиздаги уруш тугаётган бўлса, мени шаҳидлик мартабасига кўтар. Лекин Бану Қурайзанинг оқибатини кўрмасдан жонимни олма». Дуоси қабул бўлиб, қони тўхтади. Саҳобаи киром орасида жанг қилаётгандек кўринган Абдуллоҳ ибн Убай каби мунофиқлар эса жуда сусткашлик қилар, олдинги сафларга яқинлашмас эди. Бундан ташқари, мужоҳидларнинг руҳини тушириш учун қўлларидан келганини қилар, фитна чиқаришга уриниб: «Муҳаммад сизларга Византия императорининг (қайсарнинг) ва Эрон шоҳининг (Кисронинг) хазиналарини ваъда қилиб турибди. Ваҳоланки, ҳозир хандақ ичида қамалиб қолганмиз. Қўрққанимиздан ҳожатга ҳам чиқа олмаяпмиз. Аллоҳ ва Унинг Расули бизни алдашдан бошқа ҳеч нарса қилмаяпти, дунёлик сифатида ҳам бирор нарса ваъда қилмаяпти!…» – дер эди. Қийин аҳволга тушиб қолганларида, уйларимизга душман ҳужум қилиши мумкин, деб баҳона қилиб, вазифа жойларини ташлаб кетарди. Мунофиқларнинг бу қилмишлари ҳам алоҳида бир дард, алоҳида бир машаққат бўлди. Мушрик қўшини тезроқ натижага эришиш учун бор кучини сарфлар, аммо шарафли саҳобаларнинг қаҳрамонона мудофааси қаршисида ҳеч нарса қила олмасди. Улар энг кўп ҳужум қилган жой тор ўтиш жойи эди. Севимли Пайғамбаримиз бу ердан кетмас, саҳобаларини жангга руҳлантирардилар. Пайғамбаримизнинг ёнгинасида жанг қилиш шарафига эришишни истаган саҳобаи киром жанг майдонида кўрилмаган қаҳрамонликлар кўрсатарди. Бир маҳал мушрикларнинг шиддат билан ўқ ёғдира бошлагани кўринди. Бутун нишон Коинот султони турган чодир эди.
Севимли Пайғамбаримизнинг муборак жисмларини совут ёпиб турарди. Муборак бошларида эса дубулғалари бор эди. Чодир олдида тик туриб, жангнинг боришига қараб саҳобаларига амрлар берардилар. Мушриклар баъзан энг заиф кўринган жойга бирдан ёпирилар, муборак саҳобалар эса у ерга югуриб бориб, дин душманларини қувиб солгунларича ишқ билан жанг қиларди.
«Алининг бир қилич уриши барча инсонлар ва жинларнинг ибодатларидан ҳам қимматлироқдир» Ҳадиси шариф
Хандақ жанги
Бу кўрилмаган олишув жуда шиддатли эди: қаҳрамон саҳобаларнинг ён-атрофга қарашга ҳам вақтлари йўқ эди. Ўша куни эрталаб бошланган олишув кечки соатларгача давом этди. Намоз вақтлари киргани сари шонли саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ! Намозимизни ўқий олмадик», – дер, Оламлар сарвари, Коинот султони эса катта қайғу ичида: «Валлоҳи, мен ҳам ўқий олмадим», – деб жавоб берардилар. Хуфтон пайтларига яқин улар ибодат қилишга қўймаган мушрик тўдасини жуда шиддатли ҳужум билан орқага қайтариб, тарқатиб юбордилар. Бу тарқоқликдан ўзларини ўнглай олмаган қурайшликлар ва ғатафонликлар тунни ўтказиш учун қароргоҳларига чекинди. Мужоҳидлар ҳам севимли Пайғамбаримизнинг чодирлари томон юрдилар. Ўшанда оламларга раҳмат қилиб юборилган Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам), дуойи бад қилиш муборак одатлари бўлмаса-да, намоз учун чидай олмай, мушрикларга дуойи бад қилиб, шундай дедилар: «Улар бизни қуёш ботгунча овора қилиб, намозимиздан қандай тўсган бўлсалар, Аллоҳу таоло ҳам уларнинг уйларини, қоринларини ва қабрларини оловга тўлдирсин!» Қазога қолган пешин, аср ва шом намозларини ўқиганларидан сўнг, хуфтон намозига имомлик қилдилар.
Ё Раббим, кофирларни мағлуб қил
Исломни бутунлай йўқ қилиш учун олиб борган бу олишувларидан сўнг мушриклар мусулмонларни кундузи енгиб бўлмаслигини англадилар. Уларнинг фикрича, ягона чора – худди шу шиддат билан кечаси босқинлар уюштириш эди. Мусулмонларни фақат шу йўл билан енгиш мумкин эди. Бу қарорларини дарҳол амалга ошириб, яҳудий Бану Қурайза билан бирга кечаси босқинлар қила бошладилар. Аскарларини гуруҳларга бўлган мушриклар навбатма-навбат ҳужумга ўтар эди. Бу ҳол бир неча кун давом этди. Севимли Пайғамбаримиз бошлиқ қаҳрамон саҳобаи киром оч, уйқусиз, чарчаган бўлсалар ҳам, мудофаани давом эттирдилар. Биронта ҳам душман аскарини хандақдан бу тарафга ўтказмадилар. Жон-жаҳд билан қилинган бу мудофаа илгари бўлган барча ғазотлардан кўра қўрқинчлироқ, шиддатлироқ, машаққатлироқ ва заҳматлироқ эди.
Кунлардан бери олишаётган мушрикларда озиқ-овқат танқислиги бошланди. Ерда бир тутам қуруқ ўт ҳам топа олмагани учун от ва туялари ҳам ўла бошлаган эди. Шу сабабли мушрикларнинг қўмондони Зирор ибн Хаттоб бошчилигидаги бир гуруҳни озиқ-овқат олиш учун Қурайза яҳудийларига юборди. Кофирларга бор-будини фидо қилган яҳудийлар дарҳол йигирма туяга буғдой, арпа, хурмо ва ҳайвонлар учун сомон юклаб топширди. Зирор аскарлари билан шодланиб қайтаётганда, Қубо яқинида бир гуруҳ саҳобага дуч келди. Қаҳрамон саҳобалар дарҳол ҳужум қилишди. Қонли тўқнашувдан сўнг улар мушрикларни қочириб, юкли туяларни Пайғамбаримизга топширишди ва у зотнинг кўп дуоларига мушарраф бўлишди.11 Коинот султони (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ойга яқин давом этган бу шиддатли олишувда жуда оғир аҳволда қолган қаҳрамон саҳобаларига ачинар, уларга оталаридан ҳам неча баробар ортиқ шафқат кўрсатардилар. Шонли саҳобаларининг бу инсон қудратидан ортиқ ғайратларини кўриб, муборак пешоналарини тупроққа қўйиб, улар учун Аллоҳу таолога шундай ёлворардилар:
«Эй танг аҳволда қолганларнинг мададига етувчи! Эй муҳтож ва чорасиз қолганларнинг дуосини ижобат қилувчи Аллоҳим! Менинг ва саҳобаларимнинг ҳолини, албатта, Сен кўриб, билиб турибсан. Ё Раббим! Кофирларни мағлуб қил, ораларига низо сол, уларга қарши бизга нусрат бер, зафар эҳсон эт!…»
Севимли Пайғамбаримиз бу дуоларини сўнгги кунларда тез-тез такрорлардилар. Қаҳатчилик келтирган азоблар туфайли мушриклар мусулмонларни тезроқ йўқ қилиш учун бор кучларини сарфлар эди. Шундай олишувлар бўлаётган оқшомларнинг бирида мушрик қўшинидан қалбига Ислом муҳаббати тушган бир киши Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келди. Бу Ғатафон қабиласидан Нуайм ибн Масъуд эди. У севимли Пайғамбаримизга: «Ё Расулаллоҳ! Мен Аллоҳу таолонинг бир эканини ва сизнинг ҳақ пайғамбар эканингизни тасдиқлаш учун келдим. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, мусулмон бўлиш шарафига эришдим. Шу пайтгача сизларга қарши жанг қилдим. Бундан кейин кофирларга қарши жанг қиламан. Менга нимани буюрсангиз, бажаришга тайёрман! Ё Расулаллоҳ! Мусулмон бўлганимни ҳатто қавмим ҳам билмайди», – деди. Расули акрам: «Бу кофирларнинг орасига кириб, низо солиб, уларни бир-биридан ажратишга ҳаракат қила оласанми?» – деб сўрадилар. У: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таолонинг ёрдами билан уларни бир-биридан ажрата оламан. Фақат нимани истасам, шуни айтишимга изн борми?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Уруш – ҳийладир, истаганингни айтишинг мумкин», – дедилар.
Ҳазрати Нуайм ибн Масъуд аввал Қурайза яҳудийларининг олдига бориб: «Менинг сизларга бўлган муҳаббатимни биласизлар. Фақат ҳозир гаплашадиганларимиз орамизда қолсин, ҳеч ким билмасин!» – деди. Яҳудийлар: «Ҳеч ким билмайди», – деб қасам ичди. Шундан кейин ҳазрати Нуайм шундай деди: «Бу одамнинг (Пайғамбаримизнинг) иши, албатта, бир балодир. Бу одам Бану Назир ва Бану Қайнуқоъга нима қилганини биласизлар. Уларни юрт-маконларидан ҳайдаб чиқарганини ҳаммангиз кўрдингиз. Ҳозир қурайшликлар ва ғатафонликлар келиб мусулмонлар билан жанг қилмоқда, сизлар эса уларга ёрдам бермоқдасизлар. Кунлар давомида олишсак ҳам, ҳали бирор натижага эриша олмадик. Шундай давом этса, қамал узоққа чўзиладиганга ўхшайди. Қурайшликлар ва ғатафонликларнинг моллари, мулклари, юртлари, болалари сизларникидек бу ерда эмас. Бу урушда фурсат топиб ғолиб келсалар, ўлжаларни йиғиб кетадилар. Агар мағлуб бўлсалар, чиқиб кетадилар-у, сизларни улар билан юзма-юз қолдирадилар. Ваҳоланки, сизларда мусулмонларга бас келадиган на куч бор, на қувват. Урушнинг ҳозирги аҳволи эса мусулмонлар зафар қозонишини кўрсатмоқда. Мен тахмин қилганимдек бўлса, мусулмонлар сизларни қиличдан ўтказмай қўймайди. Шунинг учун шошилинч бир чора кўришимиз керак!…»12 Бу сўзларни катта ҳаяжон ва қўрқув билан тинглаган яҳудийлар ҳазрати Нуайм ўзлари ҳақида бу қадар қайғураётганидан жуда мамнун бўлди ва: «Сен бизга дўстлигингни лойиқ даражада кўрсатдинг. Қандай чора кўришимиз кераклигини ҳам айт», – деди. Шуни кутиб турган Нуайм ибн Масъуд: «Тўғриси шуки, Қурайш ва Ғатафон зодагонларидан баъзиларини гаровга олмагунингизча, мусулмонлар билан асло урушга кирманглар! Гаровдагилар сизларнинг қўлингизда экан, улар урушдан қочиб кета олмайди!» – деди. Буни ҳам жуда яхши чора деб билган яҳудийлар унга ташаккур айтиб, иззат-икром кўрсатди. Ҳазрати Нуайм яҳудийлардан ажралиб, тўғри Қурайш қароргоҳига борди. Уларнинг қўмондонларига: «Менинг Муҳаммадга бўлган душманлигимни ва сизларни қанчалик яхши кўришимни биласизлар. Билиб қолган бир нарсамни дўстлигимиз тақозоси билан сизларга етказишни катта бурч деб билдим. Фақат бу айтадиганларимни ҳеч кимга эшиттирмасликка сўз бериб, қасам ичишингиз керак!» – деди. Улар қасам ичиб, қизиқиш билан: «Гапир, сени тинглаяпмиз», – дейишди. У шундай деди: «Хабарингиз бўлсин, Қурайза яҳудийлари сизлар билан иттифоқ тузганларига пушаймон бўлиб, Муҳаммадга хабар юборишибди: „Қурайшдан ва Ғатафоннинг кўзга кўринганларидан бўйнини уриш учун гаровга одамлар олиб, сенга топширамиз. Сўнгра сен билан бирлашиб, мушрикларни таг-томири билан қуритгунча жанг қиламиз! Фақат биродарларимиз Бану Назирни кечириб, юртларини қайтариб беришинг керак!“ Муҳаммад ҳам яҳудийларнинг бу талабларини қабул қилибди! Агар яҳудийлар сизлардан гаров сўраса, асло рози бўлманглар, ҳаммасини ўлдиришади! Бу айтганларимни зинҳор ҳеч ким эшитмасин!…» Қурайшликлар бу муҳим хабар учун ҳазрати Нуаймга кўп ташаккур айтиб, илтифот кўрсатди.
«Борлигим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, дуч келаётган машаққатларимиз устингиздан албатта кўтарилади ва сизлар кенгликка чиқариласизлар» Ҳадиси шариф
Нуайм ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) у ердан чиқиб, ғатафонликларнинг олдига келди. Қурайшликларга айтганларини уларга ҳам айтди.
Бир кундан кейин Қурайш қўмондони Бану Қурайзага: «Энди бу ерда туриш биз учун жуда қийинлашди. Чунки ҳаво совуқ, ҳайвонларимиз очликдан қирилиб кетмоқда. Бу кеча яхшилаб тайёргарлик кўриб, эртага ҳаммамиз бирга шиддатли ҳужумга ўтайлик», – деб хабар юборди. Яҳудийлар: «Биринчидан, биз шанба куни жанг қилмаймиз. Иккинчидан, сизлар билан бирга жангга қатнашишимиз учун кўзга кўринган кишиларингиздан кўпини бизга гаровга беришингиз керак. Агар қамал муддати чўзилиб, сизлар ожиз қолиб юртингизга кетсангиз, бизни Муҳаммадга топширган бўласизлар. Агар гаров берсангиз, бизни ташлаб кетмайсизлар!…» – деди. Бу хабар Қурайш қўмондонига етганда, у: «Нуайм ибн Масъуднинг сўзи тўғри экан!» – деди. Қурайшликлар яҳудийларга яна хабар юборди: «Биз сизларга биргина одамимизни ҳам гаровга бермаймиз. Агар эртага келиб биз билан бирга жанг қилсангиз – жуда яхши, акс ҳолда биз юртимизга кетамиз. Сизлар эса Муҳаммад ва унинг саҳобалари билан юзма-юз қоласизлар!…»
Буни эшитган Қурайза яҳудийлари Нуаймнинг сўзи тўғри чиқди, деб ўйлаб: «Бу ҳолда биз ҳам сизлар билан бирлашиб, мусулмонларга қарши жанг қилмаймиз…» – деб жавоб берди. Шундай қилиб, ҳар икки тарафнинг ҳам қалбига қўрқув тушди.13 Пайғамбаримизга Жаброил алайҳиссалом келиб, Аллоҳу таоло мушрикларни бўрон билан паришон қилиши ҳақида хушхабар берди. Шундан кейин Оламлар сарвари муборак тиззалари устига чўкиб, муборак қўлларини узатиб: «Аллоҳим! Менга ва саҳобаларимга раҳм қилганинг учун Сенга шукр қиламан», – деб, Аллоҳу таолога шукрларини арз этдилар. Сўнгра бу хушхабарни қаҳрамон саҳобаларига етказдилар. У кеча шанба кечаси эди. Атрофни даҳшатли зулмат қоплаган, кўз кўзни кўрмасди. Сўнгра қаттиқ аёз тушди, унинг ортидан эса жуда кучли шамол эса бошлади.
Бу кечани ҳазрати Ҳузайфа ибн Ямон шундай ҳикоя қилди: «Шундай бир кечада эдикки, шу пайтгача ундан қоронғироқ кечани кўрмаган эдик. Бу қуюқ зулмат билан бирга момақалдироқни эслатувчи гумбурлаш билан даҳшатли шамол ҳам эса бошлаган эди. Шу пайт Пайғамбаримиз бизга мушрик қўшини саросима ва қўрқувга тушиб, ўзаро келишмовчиликка борганини хабар қилдилар. Биз қаттиқ совуқдан, очликдан ва туннинг даҳшатидан оёққа тура олмай, турган жойимизда устимизга бирор нарса ёпиниб кутиб ўтирардик. Расулуллоҳ намозга турдилар ва туннинг бир қисмини намоз ўқиб ўтказдилар.
Сўнгра бизга ўгирилиб, шундай дедилар: „Орангизда мушрик қўшинининг олдига бориб, уларнинг аҳволини текшириб, менга хабар келтирадиган киши борми? Бу хабарни келтирган кишининг жаннатда менга ҳамроҳ бўлишини Аллоҳу таолодан сўрайман“. У ердагилар қаттиқ очлик ва совуқдан оёққа тура олмади. Шундан кейин Расулуллоҳ менинг ёнимга келдилар. Мен совуқ ва очликдан икки тиззам устига чўкиб, букчайиб ўтирардим. Расулуллоҳ менга қўл теккизиб: „Сен кимсан?“ – деб сўрадилар. „Мен Ҳузайфаман, ё Расулаллоҳ“, – дедим. Расулуллоҳ шундай дедилар: „Бор, бу қавм нима қиляпти, бир қараб кел! Ёнимга қайтиб келгунингча уларга ўқ ҳам, тош ҳам отма, найза ҳам, қилич ҳам урма. Сен ёнимга қайтиб келгунингча совуқдан ҳам, иссиқдан ҳам зарар кўрмайсан, асир ҳам олинмайсан, қийноққа ҳам солинмайсан“.
Қиличимни ва ёйимни олдим-да, йўлга отланишга ҳозирландим. Расулуллоҳ мен учун: „Аллоҳим, уни олдидан ва ортидан, ўнгидан ва чапидан, устидан ва остидан асра“, – деб дуо қилдилар.
Мушрикларга қараб юра бошладим. Гўё ҳаммомда юргандек эдим. Валлоҳи, ичимда қўрқув ҳам, совқотиш ҳам, титроқ ҳам йўқ эди. Ниҳоят мушрикларнинг қароргоҳига етиб бордим. Уларнинг қўмондонлари ва кўзга кўринган кишилари бир панада ўт ёқиб, исиниб ўтиришарди. Абу Суфён: „Бу ердан кетиш керак“, – дер эди. Дарҳол хаёлимга уни шу ерда ўлдириш фикри келди. Ўқдонимдан бир ўқ чиқариб, ёйимга қўйдим. Олов ёруғидан фойдаланиб, уни отмоқчи бўлдим. Айни отмоқчи бўлган пайтимда Расулуллоҳнинг: „Ёнимга қайтиб келгунингча бирор ҳодиса чиқармайсан“, – деганларини эсладим ва ўлдиришдан воз кечдим. Шундан кейин ўзимда кучли бир жасорат ҳис қилдим. Мушриклар орасига кириб, оловнинг бошига ўтирдим. Кўрилмаган даражадаги шиддатли шамол ва Аллоҳу таолонинг кўзга кўринмас қўшини (фаришталар) уларга қиладиганини қилмоқда эди. Шамолдан уларнинг идиш-товоқлари ағдарилар, оловлари ва чироқлари ўчар, чодирлари бошларига қулар эди. Бир маҳал мушрик қўшинининг қўмондони Абу Суфён ўрнидан туриб: „Орангизда кузатувчилар ва жосуслар бўлиши мумкин. Эҳтиёт бўлинглар! Ҳар ким ёнидагининг кимлигига қарасин! Ҳар ким ёнида ўтирганнинг қўлидан ушласин!“ – деди. Абу Суфён ораларига бир бегона кирганини сезгандек бўлган эди. Дарҳол қўлларимни узатиб, ўнг ва чап ёнимда ўтирган икки кишининг қўлидан ушладим ва улардан олдин исмларини сўрадим. Шу тариқа танилиб қолишимнинг олдини олдим. Ниҳоят Абу Суфён қўшинига шундай хитоб қилди: „Эй қурайшликлар! Сизлар туриб бўладиган жойда эмассизлар. Отлар, туялар қирила бошлади. Қаҳатчилик ҳар тарафни ўраб олди.
Шамолдан бошимизга нималар келганини кўриб турибсизлар. Тезда кўч-кўронни йиғиб кетинглар! Мана, мен кетяпман!“ – деб туясига минди. Мушрик қўшини паришон аҳволда тўпланиб, Макка томон йўлга тушди. Устларига қум ва шағал ёғарди.14 Мушрик қўшини чиқиб кетгач, мен ҳам Расулуллоҳнинг ёнларига қараб юрдим. Йўлнинг ярмига етганимда, қаршимдан оқ саллали йигирматача отлиқ (фаришталар) чиқди. Улар менга: „Расулуллоҳга хабар бер: Аллоҳу таоло душманни паришон қилди…“ – дейишди. Расулуллоҳнинг ёнларига қайтганимда, у зот бир палос устида намоз ўқиётган эдилар. Аммо қайтишим билан кетишимдан олдинги совқотиш ва титраш ҳолим яна бошланди. Расулуллоҳ намоздан кейин қандай хабар келтирганимни сўрадилар. Мен мушрикларнинг паришон аҳволга тушганини ва чиқиб кетганини хабар қилдим. Расулуллоҳ бу хабардан жуда хурсанд бўлдилар ва табассум қилдилар. Кунлардан бери уйқусиз эдик. Пайғамбаримиз мени ҳам ёнларига олиб, устларидаги палоснинг бир учини устимга ёпдилар. Ўша кечани шу тарзда тонг оттирдик. Саҳар вақтида Расулуллоҳ мени уйғотдилар. Тонг отганда, мушрик қўшинидан ном-нишон қолмаган эди». Улар Маккага яқинлашгунларича ортларидан шиддатли шамол эсди ва улар ортларидан тинмай такбир овозларини эшитиб бордилар.
Қурайш мушриклари қароргоҳларини ташлаб қочгач, уларга эргашиб келган бошқа мушрик қабилалари ҳам Мадина атрофини тарк этди. Улар ҳеч қачон унута олмайдиган жуда катта мағлубиятнинг ғам-аламига ғарқ бўлди. Улар шу мағлубиятга учраётганда, Коинот сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг шонли саҳобалари (розияллоҳу анҳум) Аллоҳу таолога шукр саждасига бош қўйиб, Унга ҳамд ва шукрларини арз этмоқда эдилар.
«Аллоҳим! Менга ва саҳобаларимга раҳм қилганинг учун Сенга шукр қиламан» Ҳадиси шариф
Мужоҳидлар «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» садолари остида нурли Мадина томон йўл олдилар. Мадина кўчалари бир лаҳзада Коинот султонини ва ўзларининг муборак оталарини, амакиларини, тоғаларини, акаларини кутиб олишга чиққан болалар билан тўлиб кетди. Пайғамбаримиз ҳам табассум қилиб, уларга жавоб қайтарардилар… Хандақ жангида олти мусулмон шаҳид бўлди… Бу ғазот ҳақида Аллоҳу таоло ояти карималарда шундай марҳамат қилади, маъноси: «Аллоҳу таоло (Хандақ жангидаги) у кофирларни ҳеч бир яхшиликка, зафарга эриша олмаган ҳолларида ғазаблари билан қайтарди. Шундай қилиб, Аллоҳу таоло (фаришталар ва шамол билан) жангда (муваффақ бўлишлари учун) мўминларга кифоя қилди. Аллоҳу таоло ҳар нарсага қодирдир. У – Азиздир, ҳар нарса устидан ғолибдир».15
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳу таолонинг сизларга берган неъматларини эсланглар. Ўшанда сизларга (Хандақ жангида) қўшинлар ҳужум қилган эди, Биз эса уларнинг устига бир шамол ва сизлар кўрмаган (фаришталардан иборат) қўшинлар юборган эдик…»16
Бу жангдан кейин севимли Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Энди навбат сизлардадир. Бундан кейин Қурайш устингизга бостириб кела олмайди».
Бану Қурайза жанги
