Севимли Пайғамбарим

КИЧИК БАДР ҒАЗОТИ

Бу ғазотни Бадрул Мавъид ва Бадрус Суғро деб ҳам аташади. Абу Суфён Уҳуддан қайтаётганда: «Келаси йили Бадрда яна жанг қилайлик», – деганида, ҳазрати Форуқи аъзам (розияллоҳу анҳу) Ҳабиби акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ишоралари билан: «Шундай бўлсин», – деб жавоб берган эди. Абу Суфён қўшин тўплаб, қурайшликларни жанг ва урушга ундар эди. Аммо кўнглида буни истамас эди. Лекин «сўзида турмади» демасинлар деб, халқнинг олдига тушиб юрарди. Ўша пайтда Маккага Нуайм ибн Масъуд Ашжаъий келган эди. У Ислом қўшини жангга тайёр эканини сўзлаб, уларнинг кучи ва шижоатини баён қилди. Абу Суфён унга: «Агар Мадинага бориб, Муҳаммадни ва унинг саҳобаларини жангга чиқишдан айнитсанг, сенга уч ёшли йигирмата туя бераман. Бу ваъдамга Суҳайл ибн Амр кафил бўлсин», – деди. Нуайм рози бўлди. Мадинага келиб, кофирлар қўшини жуда кўп эканини хабар қилди. Саҳобаларнинг бир қисми иккиланиб қолди. Аммо Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо) Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, Мадинадан чиқишни таклиф қилишди. Расулуллоҳ бундан жуда хурсанд бўлдилар. У зот шундай дедилар: «Жоним қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, албатта жангга чиқаман». Абдуллоҳ ибн Равоҳани Мадинада ўринбосар қилиб қолдириб, байроқни ҳазрати Алига бердилар.

Ўша пайтда Макка мушриклари Исломнинг ёйилишига тўсқинлик қилиш учун Абу Суфён қўмондонлигида икки минг аскар билан Бадрга қараб йўлга чиқди. Оламлар сарвари бир минг беш юз қаҳрамон саҳобалари билан Бадрга улардан олдин етиб келдилар. Мужоҳидлар ўзларидан олдин Бадрга келганини билган мушрикларнинг юракларига қўрқув тушди. Улар фақат Марруз Заҳронгача бора олдилар. Ислом қаҳрамонлари билан юзма-юз келишга журъат қилолмадилар. Юракларига қўрқув тушиб, ўша йилги қаҳатчиликни ҳам баҳона қилиб, Маккага қайтиб кетдилар. Макка аҳли улар устидан кулиб, масхара қилди.

Мусулмонларнинг бор-йўғи иккита оти бор эди. Лекин савдо моллари кўп эди. Бадрда уларни жуда қимматга сотишди. Зулқаъда ойининг ўрталари эди. Катта фойда кўришди. Расули акрам шонли саҳобалари билан мушрикларни Бадрда саккиз кун кутдилар. Сўнгра шодлик ва иззат билан Мадинага йўл олдилар.

Зотур Риқоъ ғазоти

Бу ғазот Муҳаррам ойида бўлди. Мадинага қўй сотгани келган бир киши мусулмонларга Бану Анмор ва Бану Салама уларга қарши қўшин тўплаётганини хабар қилди. Бу хабар Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) етиб борди. Ҳазрати Усмонни Мадинада ўринбосар қилиб қолдириб, тўрт юз, бир ривоятда эса етти юз кишилик куч билан ўша ойнинг ўнинчи куни, якшанба кечаси Мадинадан чиқдилар. Мушриклар турган жойга етиб бордилар. Аммо у ерда аёллардан бошқа ҳеч кимни топмадилар. Мушрикларнинг эркаклари тоғларга қочиб кетган эди. Мушриклар пистирма қўйиб ҳужум қилмасин деб, у ерлар талон-торож қилиниб, атрофдаги мушрик қабилалари бўйсундирилди.1 Ўн беш кун сафарда бўлиб, Мадинага қайтдилар.

«Жоним қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, албатта жангга чиқаман» Ҳадиси шариф

Мурайсиъ жанги

Думатул Жандал ғазоти

Расулуллоҳ Думатул Жандалда яшайдиган, Шомга бориб-келадиган йўловчиларни безовта қилаётган ва Мадинаи мунавварага таҳдид солаётган қабилалар устига минг кишилик қўшин билан юриш қилдилар. Рабиул аввал ойининг охирлари, душанба куни эди. Сибоъ ибн Уртуфани Мадинада ўринбосар қилиб қолдирдилар. Ислом қўшини келаётганини эшитган душман қабилалари қочиб кетди. У ерда бир неча кун турилгандан сўнг, Рабиул охир ойининг йигирманчи кунларига яқин Мадинага қайтилди.2

Мурайсиъ жанги

Бу жангни Бану Мусталиқ жанги деб ҳам аташади. Мурайсиъ – Хузоа қабиласининг Қудайддаги сув қудуқлари ва шу қудуқни қўриқлаш учун қурилган истеҳкомнинг номидир. Бу жой айни пайтда Бану Хузоа қабиласининг олдинги қоровулхонаси ҳам эди.

Ҳижратнинг бешинчи йилида Бану Мусталиқнинг бошлиғи Ҳорис ибн Абу Зирор Пайғамбаримиз билан жанг қилиш учун жуда кўп одам тўплаган эди. Уларни қуроллантириб, Мадинага юриш қилмоқчи эди. Бу хабар севимли Пайғамбаримизга етиб боргач, дарҳол етти юз кишилик қўшин билан Бану Мусталиққа қарши юришга чиқилди. Мурайсиъ қудуғи бошида қароргоҳ қурилди. Аввал Бану Мусталиқ Исломга даъват қилинди. Улар қабул қилмай, ўқ отиб, жангни бошладилар. Расулуллоҳнинг «Ҳаммангиз биргаликда, тўсатдан ҳужумга ўтинглар!» – деган амрларини бажарган саҳобаи киром Бану Мусталиқдан ўн кишини ўлдирди. Қабила бошлиғи қочиб, жонини қутқарди, аммо унинг қизи Барра ва қабиласидан 600 киши асир тушди. Ўлжалар тақсимланди. Барра Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб: «Мен улушига тушган хўжайиним билан тўққиз олтин эвазига озод бўлишга келишдим. Менга ёрдам беринг!» – деди. Пайғамбаримиз марҳамат кўрсатиб, унинг бу истагини бажо келтирдилар ва уни сотиб олдилар. Сўнгра озод қилиб, ҳурриятга чиқардилар. Севимли Пайғамбаримиз унга Исломни етказганларидан кейин у мусулмон бўлди. Унинг мусулмон бўлганидан ниҳоятда севинган Оламлар сарвари мукофот сифатида уни ўз никоҳларига олиб, шарафлантирдилар. Буни кўрган саҳобаи киромнинг ҳаммаси: «Биз Расулуллоҳнинг аҳли оиласи бўлган онамизнинг қариндошларини хизматкор қилиб ишлатишдан ҳаё қиламиз», – деб, асирларини озод қилди. Бу никоҳ юзлаб асирнинг озод бўлишига сабаб бўлди.

Севимли Пайғамбаримиз муборак завжаларининг Барра исмини Жувайрия деб ўзгартирдилар. Ҳазрати Жувайрия онамиз ҳақида ҳазрати Оиша онамиз: «Мен Жувайриядан кўра хайрлироқ, баракалироқ аёлни кўрмадим», – дер эди.3

Ислом қўшини зафар билан нурли Мадинага йўл олганда, атрофдаги мушрик қабилаларининг юракларига қўрқув тушган, улар мусулмонларга ҳужум қилишга журъат этиш қанчалик хатарли эканини англаб етган эди.

Ҳижратнинг бешинчи йилида юз берган баъзи воқеалар

Бану Мусталиқ жангидан қайтишда кучли шамол эсди. Саҳобалар душман Мадинага келиб, уни талон-торож қилмоқчи, деб ўйлади. Расулуллоҳ шундай дедилар: «Қўрқманглар. Мадина хавфсиз жойдир, унинг ҳар бурчагида қўриқловчи фаришталар бор. Лекин бугун бир мунофиқ ўлди. У Убай Салулнинг дўсти Зайд ибн Фуроа эди».

«Мен Жувайриядан кўра хайрлироқ, баракалироқ аёлни кўрмадим» Ҳазрати Оиша (розияллоҳу анҳо)

Бу ғазотга мўминларнинг оналари ҳазрати Оиша ва Умму Салама ҳам борган эди. Мунофиқлар ҳазрати Оиша онамизга туҳмат қилдилар. Баъзи мусулмонлар ҳам бу туҳматга алданиб қолган эди. Ояти карималар нозил бўлиб, мунофиқларнинг туҳматлари фош қилинди ва ҳазрати Оиша мадҳ этилди.4 Расулуллоҳ шундай дедилар: «Сенга хушхабарлар бўлсин, эй Оиша! Ҳақ таоло сени оқлади. Поклигингга гувоҳлик берди». Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларни масжидга йиғдилар. Хутба ўқиб, нозил бўлган ояти жалилаларни тиловат қилдилар. Бу ояти карималарнинг баракаси билан мўминларнинг қалбидаги шубҳалар кетди. Бу туҳматга журъат қилганлар ҳам жазоларини олдилар. Бу ғазотдан қайтишда таяммум ояти нозил бўлди.5

Оишанинг (розияллоҳу анҳо) маржони Мадинага яқин Салсала деган жойда яна бир марта йўқолди. Маржон топилгунча шу ерда кутдилар. У ерда сув йўқ эди. Саҳобаларнинг ёнида ҳам сув йўқ эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом Оишаи Сиддиқанинг тиззасида ухлаётган эдилар. Саҳобаи киром сувсизлик ҳолини ҳазрати Абу Бакрга арз қилди. У Расулуллоҳнинг олдиларига борди, Расулуллоҳ алайҳиссалом уйғондилар. Аллоҳу таоло таяммум оятини нозил қилди. Саҳобалар таяммум қилиб, бомдод намозини адо этдилар. Сўнгра Оишани (розияллоҳу анҳо) туяга миндирдилар. Туя ўрнидан турганда маржон топилди.

Бугун олам нурисиз, ҳамда маҳбуби Кибриё,
Ошиқларни эшигингиздан бир лаҳза этманг жудо.
Муборак исмингиз тилимдан тушмасин дам-бадам,
Дардли кўнглимга даводир, жон топар ундан сафо.
Умидим шул: ҳар бир исмингиз ўзга шафоат айлагай –
Аҳмад-у Маҳмуд, Абул Қосим Муҳаммад Мустафо.
Чунки сиз ҳақда «Ваш-шамс» ҳам дейилди, «Ваз-зуҳо»,
Юзингиз, пешонангизни қуёш-ойга ўхшатсам – раво.
Kanûnî Sultân Süleymân (Muhibbî)