Севимли Пайғамбарим

БАНУ НАЗИР ҒАЗОТИ

Амр ибн Умайя (розияллоҳу анҳу) Маъунада асирликда бўлганида боғичдан қутулиб, Мадинага қайтаётганда йўлда Бану Омирдан икки мушрикка дуч келди. У бу икки кофирни ўлдирди. Бу иккиси Расулуллоҳнинг омонига кирган эди, аммо Амрнинг бундан хабари йўқ эди. У Мадинага келиб, воқеани Расулуллоҳга сўзлаб берди. Пайғамбаримиз Амрнинг хато қилганини айтдилар ва уларнинг меросхўрларига хунбаҳо тўлашни буюрдилар.

Бану Омир билан Бану Назир қабилалари ўртасида дўстлик бор эди. Бану Назир қўшничилик ҳаққига ҳам риоя қиларди. Шунинг учун бу хунбаҳони тўлашда Бану Назир қабиласининг воситачилиги керак бўлди.

Уҳуд жангидан кейин, ҳижратнинг тўртинчи йили Рабиул аввал ойида Расулуллоҳ саҳобаи киромдан ҳазрати Абу Бакр, Умар, Али, Зубайр, Талҳа, Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайрни (розияллоҳу анҳум) олиб, Бану Назир олдига бордилар. Ишнинг нима ҳақда эканини билдирдилар. Улар ҳам у икки кофирнинг хунбаҳосига ёрдам беришга тайёр эканликларини айтиб: «Бир оз кутиб туринглар, овқат тайёрлайлик», – дейишди. Расул алайҳиссалом ўша пайтда улар турган уйнинг деворига суяниб ўтирган эдилар, саҳобалар ҳам йиғилиб, у зотнинг атрофларида ўтирган эдилар. Шу пайт Ҳуяй ибн Ахтаб шундай деди: «Эй яҳудийлар! Муҳаммадни бундай ёлғиз ҳолда топиш фурсати асло қўлга тушмайди. Бирингиз бу уйнинг томига чиқсин-да, у ердан унинг бошига тош ташласин, ундан қутулайлик». Амр ибн Жаҳош: «Бу ишни мен қиламан», – деди. Саллом ибн Мишкам уларни бундан қанча қайтармасин, фойдаси бўлмади. У: «Бу ишдан қайтинглар. Бу ҳақда унга хабар берадилар. Бу иш аҳдимизнинг бузилишига сабаб бўлади. Бундан жуда ёмон нарсалар чиқиши мумкин», – деди. Бану Назир яҳудийлари унга қулоқ солмадилар. Шу онда Жаброил алайҳиссалом келиб, бу ҳолни Расулуллоҳга хабар берди. Пайғамбаримиз саҳобаларга ҳеч нарса демай, бир иш билан кетаётгандек ўша мажлисдан туриб, Мадинага кетдилар. Шу тариқа уларнинг суиқасди натижасиз қолди.

Шундан кейин Оламлар сарвари аҳдномани бузган бу яҳудий қабиласига Муҳаммад ибн Масламани юбордилар ва шундай дедилар: «Назир қабиласи яҳудийларининг олдига бор! Уларга айт: „Расулуллоҳ мени сизларга мана бу амрни билдириш учун юбордилар: юртимдан чиқиб кетинглар! Бу ерда мен билан бирга яшаманглар! Сизлар менга суиқасд режасини туздингиз. Мен сизларга ўн кун муҳлат бераман. Бу муҳлатдан кейин бу ерларда сизлардан ким кўринса, бўйни урилади“».

Ҳазрати Муҳаммад ибн Маслама бу амрни етказганда, улар қўрққанларидан йўлга тайёргарлик кўра бошладилар. Аммо мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай уларга: «Қалъангиздан асло чиқманглар. Молларингизни ва юртингизни ташлаб кетманглар. Одамларимдан икки минг киши билан сизларга ёрдамга келамиз», – деб хабар юборди.

Буни эшитган Коинот султони саҳобаи киром билан Масжиди Набавийдан тўрт километр узоқликдаги Бану Назир қалъаси томон юрдилар. Мадинада ҳазрати Ибн Умму Мактум ўринбосар қилиб қолдирилган эди. Байроқни ҳазрати Али кўтариб борарди. Қалъа қуршаб олиниб, қамал бошланди. Илгари саҳобаи киромни жангга чақириб турган яҳудийлар қалъадан чиқишга журъат қила олмадилар. Мунофиқларнинг ёрдами ҳам етиб келмади.

Саҳобаи киром қалъани шундай назорат остига олдики, ундан қуш ҳам учиб чиқа олмасди. Йигирма кундан ортиқ давом этган қамал охирида яҳудийлар таслим бўлдилар. Барча қуролларини, олтин ва кумушларини мусулмонларга қолдириб, уларнинг бир қисми Шомга, бир қисми Хайбарга сургун қилинди. Шу тариқа Мадина минтақасида яҳудийлардан фақат Бану Қурайза қолди.1

«Яҳудийлар мени ўлдиришни режалаштирдилар! Жаброил менга буни хабар қилгач, ўрнимдан турдим!» Ҳадиси шариф

Ҳижратнинг тўртинчи йилида бўлиб ўтган муҳим воқеалар

Бу йил ичкилик ичишни ҳаром қилган ояти карима нозил бўлди.2 Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак завжаларидан ҳазрати Зайнаб бинт Хузайма ҳижратнинг тўртинчи йили Рабиул охир ойида, никоҳдан тахминан саккиз ой ўтгач, ўттиз ёшида вафот этди.3 Яна бу йил ҳазрати Али билан ҳазрати Фотиманинг иккинчи фарзанди ҳазрати Ҳусайн дунёга келди.4 Ҳазрати Умму Саламанинг эри Уҳуд жангида яраланиб, кейин вафот этган ва ортида бир нечта фарзанд қолдирган эди. Ёши улуғ Умму Салама онамиз қийин аҳволда қолган эди. Севимли Пайғамбаримиз унга жуда раҳм-шафқат қилиб, никоҳларига олиш билан уни шарафлантирдилар.5

Фотима бинт Асаднинг вафоти

Ҳазрати Алининг онаси Фотима бинт Асад ҳам шу йили вафот этди.6 Бундан севимли Пайғамбаримиз жуда қайғуриб: «Бугун онам вафот этди!» – дедилар. Севимли Пайғамбаримиз боболари Абдулмутталиб вафот этгандан кейин Фотима бинт Асаднинг қўлида улғайган эдилар. У зот пайғамбарликларини билдирганларида эса Фотима дарҳол мусулмон бўлиш шарафига эришган эди. Шунинг учун Коинот султони уни она ўрнида кўрар, унга катта ҳурмат кўрсатардилар. Унга бўлган меҳрларидан эгниларидаги муборак кўйлакларини ечиб, унга кафан қилиб ўрашни буюрдилар. Жаноза намозига имомлик қилгач, намозда етмиш минг фаришта ҳозир бўлганини билдирдилар. Қабргача бориб, унинг ичига тушдилар. Қабр ҳаёти унга роҳат ва хуш бўлсин деб, қабрнинг бурчаклари томон кенгайтираётгандек ишора қилгач, қабрга узала ётдилар.

Қабрдан чиққанларида муборак кўзлари ёшга тўлган, муборак кўз ёшлари қабрга томган эди. Ё Раббим! Бу қандай марҳамат эди?… Ва бу қандай бахтли аёл эди?… Ҳатто ҳазрати Умар ҳам чидай олмай: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Ҳеч кимга қилмаганингизни бу аёлга қилдингиз!» – деганда, вафодорларнинг энг вафодори бўлмиш севимли Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Абу Толибдан кейин бу муштипар аёл каби менга яхшилиги теккан бирор киши бўлмаган. У менинг онам эди. Ўз болалари оч турганда, у аввал менинг қорнимни тўйғазарди. Ўз болаларининг уст-боши чанг-тупроқ бўлиб турганда, у аввал менинг сочимни тарар ва гул ёғлари билан мойларди. У менинг онам эди! Унга жаннат либосларидан кийдирилсин деб, кўйлагимни кафан қилиб кийдирдим. Қабр ҳаёти унга юмшоқ ва енгил бўлсин деб, қабрда унинг ёнида ётдим. Жаброил менга Аллоҳу таоло томонидан: „Бу аёл жаннатликдир“, – деган хабарни келтирди». Шундан кейин у зот Фотима бинт Асад онамиз учун шундай дуо қилдилар: «Аллоҳу таоло сени мағфират қилсин, гуноҳларингни кечирсин, сенга мукофот берсин. Эй онам! Аллоҳу таоло сенга раҳмат қилсин. Ўзинг оч бўлсанг ҳам, мени тўйғаздинг. Ўзинг киймай, менга кийдирардинг, ўзинг емай, менга едирардинг. Тирилтирувчи ҳам, ўлдирувчи ҳам Аллоҳу таолодир. У доимо тирикдир. У ўлмайди. Аллоҳим! Онам Фотима бинт Асадни кечир, гуноҳидан ўт! Унга ҳужжатини билдир. Қабрини кенг қил. Эй раҳмлиларнинг энг раҳмлиси бўлган Аллоҳим! Пайғамбаринг, яъни менинг ҳаққим учун ва ўтган пайғамбарларнинг ҳаққи учун бу дуомни қабул қил».

Ҳижратнинг тўртинчи йилида бўлиб ўтган бошқа муҳим воқеалар

Ҳазрати Усмоннинг ҳазрати Руқайядан туғилган олти ёшли ўғли Абдуллоҳ вафот этди. Оламлар сарвари набираларининг жаноза намозига имомлик қилдилар ва уни ўзлари қабрга қўйдилар. Жуда қайғурдилар, муборак кўз ёшлари қабрга томди. Қабр тошини муборак қўллари билан тикладилар ва: «Аллоҳу таоло бандаларидан раҳмдил ва кўнгли юмшоқ бўлганларга раҳмат қилади», – дедилар.7

Сиз расуллар султони, шонли шоҳсиз, сарварим.
Бечораларга абадий давлатсиз, сарварим.
Илоҳий девонда пешқадамсиз, сарварим.
«Лаъамрука» фармони ила қувватлангансиз, сарварим.
Сиз Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммадсиз, сарварим,
Ҳақдан бизга қувватланган султонсиз, сарварим.
Пок руҳларга ёғду бергувчи – сизнинг гавҳарингиздир.
Фаришталар юз сурган жой – эшигингиз тупроғидир.
Тажаллий дийдорининг ойнаси – сизнинг назарингиздир,
Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али – ёрларингиздир.
Сиз Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммадсиз, сарварим,
Ҳақдан бизга қувватланган султонсиз, сарварим.
Бақо иқлими минбарида хутбангиз ўқилур.
Жазо куни маҳкамасида ҳукмингиз юритилур.
Келишингиз мадҳидаги гулбанг Аллоҳ Аршида янграр.
Шарафли исмларингиз ерда ва осмонда ёд этилур.
Сиз Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммадсиз, сарварим,
Ҳақдан бизга қувватланган султонсиз, сарварим.
Şeyh Galib

«Абу Толибдан кейин бу муштипар аёл (Фотима бинт Асад) каби менга яхшилиги теккан бирор киши бўлмаган. У менинг онам эди» Ҳадиси шариф

Кичик Бадр ғазоти