Севимли Пайғамбарим

БИЪРИ МАЪУНА ВОҚЕАСИ

Ўша йилнинг Сафар ойида Арабистоннинг Нажд минтақасидаги Бану Омир қабиласининг бошлиғи Абу Баро Омир ибн Молик Мадинага келди. У Расули акрамни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) зиёрат қилди. Пайғамбаримиз унга Исломни тушунтириб, мусулмон бўлишни тавсия қилдилар. Абу Баро мусулмон бўлмади, аммо Ислом гўзал ва шарафли дин эканини айтди. Бундан ташқари, Нажда Исломнинг ёйилиши учун саҳобаи киромдан бир неча кишини у ерга юборишларини сўради. Севимли Пайғамбаримиз: «Юборадиган кишиларим ҳақида Нажд аҳлидан хотиржам эмасман!» – дедилар. Омир: «Уларни мен ўз ҳимоямга оламан. Шунда уларга ҳеч ким зарар етказа олмайди», – деди.

Оламлар сарвари бу қатъий кафолатни қабул қилиб, Асҳоби суффадан етмиш кишилик бир ҳайъат тайёрладилар. Улар кечалари Қуръони карим тиловат қилардилар. Ҳаммалари Қуръон ҳофизлари эди. Уларни Асҳобул қурро деб аташарди. Уларнинг баъзиларининг исмлари қуйидагилардир: Омир ибн Фаҳр, Амр ибн Замрий, Атийя ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Муовия, Ҳакам ибн Кайсон, Ҳорис ибн Симма, Каъб ибн Зайд, Молик ибн Собит, Мунзир ибн Амр, Рофеъ ибн Мазил, Саъид ибн Ҳузом, Салим ибн Милҳон, Суҳайл ибн Омир, Туфайл ибн Асъад, Урва ибн Салт (розияллоҳу таоло анҳум). Расулуллоҳнинг амрлари билан улар ҳазрати Мунзир ибн Амр қўмондонлигида йўлга чиқдилар. Расулуллоҳ мактублар ҳам ёздириб, уларни Бану Амр ва Бану Нажд бошлиқларига юбордилар.

Ўз қабиласининг Ислом билан шарафланишини истаган Абу Баро Асҳоби суффадан олдин йўлга чиқиб, қабиласига келди ва ҳайъатни ўз ҳимоясига олганини айтиб, уларга ҳеч ким тегмаслигини қатъий тайинлади. Жияни Омир ибн Туфайлдан бошқа ҳамма уларга тегмасликка рози бўлди. Абу Баронинг жияни Омир ибн Туфайл эса уч қабиланинг одамларини қуроллантириб, уларнинг бошига ўтди ва Биъри Маъунага келган саҳобаи киромни қуршаб олди. Тўрт томондан қуршалган саҳобалар қиличларига ёпишдилар ва ҳаммалари қонларининг сўнгги томчисигача қаҳрамонларча жанг қилдилар. Уларнинг иккитасидан бошқа ҳаммаси шаҳидлик шарбатини ичди. Ҳазрати Амр ибн Умайяни асир олдилар. Ҳазрати Каъб ибн Зайдни эса ўлган деб ташлаб кетдилар.

Шаҳид бўлган бу муборак саҳобаларнинг сўнгги сўзлари шундай бўлди: «Ё Раббим! Ҳозир Расулуллоҳга аҳволимиздан хабар берадиган Сендан бошқа ҳеч ким йўқ. У зотга бизнинг саломимизни етказ!» Шу онда Жаброил алайҳиссалом ғоят маҳзун ҳолда Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб, уларнинг саломини етказди ва: «Улар Аллоҳу таолога етишдилар. Аллоҳу таоло улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳу таолодан рози бўлдилар», – деди.

Пайғамбаримиз: «Ва алайҳиссалом», – деб жавоб бергач, жуда қайғуриб, саҳобаи киромга ўгирилдилар ва уларга бўлиб ўтган воқеани хабар қилдилар: «Биродарларингиз мушриклар билан тўқнашдилар. Мушриклар уларни кесиб-чопиб, найзалар билан илма-тешик қилиб ўлдирдилар…»

«Улар (Биъри Маъуна шаҳидлари) Аллоҳу таолога етишдилар. Аллоҳу таоло улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳу таолодан рози бўлдилар» Ҳадиси шариф

Биъри Маъуна воқеаси

Руҳингиз Аллоҳ нурининг бир нуқтасидир, ё Расулаллоҳ,
жамолингиз руҳга шодлик бериб, кўнгилни очар, ё Расулаллоҳ.
Раҳмат нишонлари бўлган вужудингизнинг тулуъи куфр зулматини
кетказди – буни ҳар бир иймон аҳли билур, ё Расулаллоҳ.
Рисолат гулистонида сизнинг зотингиз – бир гул ниҳоли,
Аллоҳ ўстирган энг сўнгги ниҳол – сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Карам қилинг, эй сарварим, Мавлонинг шарафли ҳужжати!
Нажибнинг дардига файзингиз – даво, ё Расулаллоҳ.
Sultan III. Ahmed (Necîb)

Бу воқеада душман билан олишилаётган пайтда ҳазрати Омир ибн Фуҳайранинг орқасига Жаббор исмли бир киши найзасини санчди. Шу онда ҳазрати Омир: «Валлоҳи, жаннатни қозондим!» – деди. Сўнгра у Жаббор ва бошқа мушрикларнинг кўзлари олдида осмонга кўтарилди. Бундан ҳамма ҳайратга тушди, аммо улар орасидан фақат уни шаҳид қилган Жабборгина мусулмон бўлди.

Пайғамбаримиз Ражиъ ва Биъри Маъуна воқеаларидан жуда қайғурдилар. Бу аламли ишни қилган қабилаларнинг бошига бало ёғилиши учун бир ой давомида ҳар намоздан кейин дуо қилдилар. Аллоҳу таоло Расулининг дуосини қабул қилди. Ўша қабилаларга даҳшатли қурғоқчилик ва очарчилик юборди. Сўнгра юқумли касалликдан етти юз киши ўлди.1

Сиз оламларга табибсиз, мен эса қалби ғоят бемор,
шифо топмоқ умидида уни сизга келтирдим.
Елкамда гуноҳ тоғи, юзим сомондек сарғайган,
умидим катта: гуноҳим завол топсин деб бу ерга келтирдим.
Эй Оламлар сарвари! Сизга ошиқ, ҳайронман;
сизнинг ҳижронингиздан кеча-кундуз йиғлайман.
Сизнинг буюк раҳматингиз – оби ҳаёт, мен эса ташна;
бир томчиси бўлмаса, ўламан, жон бераман.
У зотни хулқи ила мақтамоқ – беҳуда уринмоқдир,
у зотни сўз ила баён этмоқ бундан ҳам қийин келур.
Афв этгувчи, карамли ва шундай сахийдирларки: сувдан дур,
тошдан гавҳар, тикандан гул келур.
Қуёш нур сочса, у зотнинг нурларидандир,
гулдаги тер томчиси у зотнинг гул юзидан келур.
У зотни васф этмоқ бундан-да юксакдир, аммо
янада юксак айтсам, ағёр инкор этур.
Оламни бир заррага сиғдирмоқ мумкин бўлур,
у зотни сўз ила баён этмоқ бундан ҳам қийин келур.
Мавлоно Холид Бағдодий

«Валлоҳи, жаннатни қозондим!» Омир ибн Фуҳайра (розияллоҳу анҳу)

Бану Назир ғазоти