РАЖИЪ ВОҚЕАСИ
Уҳуд жангининг энг моҳир ўқчиларидан ҳазрати Осим ибн Собит бу жангда мушриклардан Мусофиъ ибн Талҳа ва унинг биродари Ҳорисни ўлдирган эди. Уларнинг онаси Сулофа бинт Саъд кинадорлиги билан машҳур эди. У икки ўғлини ўлдирган ҳазрати Осим ибн Собитнинг бошини келтирган кишига юзта туя беришни ваъда қилди. У ҳазрати Осимнинг бош чаноғида шароб ичишга қасам ичди. Бундан ташқари, Расулуллоҳ юборган бир сарийяда Абдуллоҳ ибн Унайс Бану Лиҳёндан Холид ибн Суфённи ўлдиргани сабабли Бану Лиҳён Азал ва Қора қабилалари билан келишди. Макка атрофида яшайдиган бу икки қабила бир режа тузиб, элчилар тайёрладилар. Уларга: «Мусулмон бўлганингизни айтасизлар. „Биз закот берамиз, уни олиш ва бизга Исломни ўргатиш учун муаллимлар сўраймиз“, – дейсизлар. Келганларнинг бир қисмини ўлдириб, ўчимизни оламиз. Бир қисмини эса Маккага олиб бориб, қурайшликларга сотамиз», – дедилар.
Ҳижратнинг тўртинчи йили Сафар ойида бу икки қабиладан олти ёки етти кишилик бир ҳайъат Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб: «Биз мусулмон бўлдик, бизга Қуръони каримни ва динни ўргатадиган муаллимлар юборинг», – дейишди.
Бу пайтда севимли Пайғамбаримиз маккалик мушрикларнинг урушга тайёрланаётган-тайёрланмаётганини текшириш учун ўн кишидан иборат бир сарийя тайёрлаган эдилар. Азал ва Қора қабилаларидан ҳам шундай бир ҳайъат келиб, муаллим сўраганлари сабабли, вазиятни текшириш, ўрганиб хабар бериш учун бу ўн кишилик айғоқчи гуруҳни келганлар билан бирга юбордилар.
Бу сарийяда саҳобаи киромдан Марсад ибн Абу Марсад, Холид ибн Абу Букайр, Осим ибн Собит, Хубайб ибн Адий, Зайд ибн Дасинна, Абдуллоҳ ибн Ториқ, Муаттиб (Муғир) ибн Убайд ва исмлари номаълум яна уч саҳоба (розияллоҳу анҳум) бор эди.
Бу айғоқчи гуруҳ кундузи яшириниб, кечаси йўл юриб, бир саҳар пайтида Ражиъ сувининг бошига етиб келди. У ерда бир оз дам олиб, ажва деб аталадиган сифатли Мадина хурмосидан едилар. Сўнгра у ердан кетиб, яқиндаги бир тоққа чиқиб яшириндилар.
Ҳузайл қабиласидан қўй боқадиган бир аёл ҳам Ражиъ сувининг бошига келган эди. Хурмо данакларини кўриб, бу ерда Мадина хурмоси егилганини англади. «Бу ерга Мадинадан келганлар бўлибди!» – деб қичқириб, қабиласига хабар берди.
Шу пайт саҳобаи киромнинг бу ўн кишилик сарийяси ёнида бўлган Азал ва Қора қабилалари ҳайъатидан бири бир баҳона билан уларнинг ёнидан кетди. У дарҳол Бану Лиҳён олдига бориб, хабар берди.
Бу хабарни олган Бану Лиҳён ҳаракатга келди. Бу кичик сарийя устига юзтаси ўқчи бўлган икки юз кишилик бир куч юборди. Бу мушриклар тўдаси ҳазрати Осим ибн Собит ва унинг дўстларини тоғнинг чўққисида топиб, қуршаб олди. Шу орада ўн саҳобанинг аҳволини мушрикларга хабар қилган киши ҳам уларга қўшилди. Саҳобаи киром шу онда алданганларини тушундилар ва жанг қилишга қарор қилиб, қиличларини яланғочладилар. Буни сезган мушриклар уларни алдашга уриниб: «Агар ёнимизга тушсангиз, бирортангизни ҳам ўлдирмаймиз. Қатъий сўз берамиз. Валлоҳи, биз сизларни ўлдиришни истамаймиз. Аммо сизлар учун маккаликлардан фидя ундирмоқчимиз», – дедилар.
«Яраланганларидан кейин ҳам Аллоҳу таолонинг ва Унинг Пайғамбарининг даъватига шошилганлар учун, айниқса, улардан яхшилик қилиб, ёмонликдан сақланганлар учун жуда улуғ мукофот бордир» Оли Имрон: 172
Ражиъ воқеаси
Осим ибн Собит, Марсад ибн Абу Марсад ва Холид ибн Абу Букайр (розияллоҳу анҳум): «Биз мушрикларнинг сўзларини ва аҳдларини ҳеч қачон қабул қилмаймиз», – деб, уларнинг барча таклифларини рад этдилар. Ҳазрати Осим ибн Собит: «Мен мушрикларнинг ҳимоясини ҳеч қачон қабул қилмасликка қасам ичганман. Валлоҳи, уларнинг ҳимоясига ва сўзларига алданиб, пастга тушиб таслим бўлмайман», – деди. У қўлларини очиб: «Аллоҳим! Пайғамбарингни аҳволимиздан хабардор қил», – деб дуо қилди. Аллоҳу таоло ҳазрати Осимнинг дуосини қабул қилди ва Расулуллоҳни улардан хабардор қилди.
Ҳазрати Осим мушрикларга: «Биз ўлишдан қўрқмаймиз. Чунки биз динимизда басиратлимиз (ўлсак, шаҳид бўлиб жаннатга борамиз)», – деди. Мушрикларнинг бошлиғи: «Эй Осим! Ўзингни ҳам, дўстларингни ҳам ҳалок қилма, таслим бўл!» – деганда, Осим ибн Собит ўқ билан жавоб берди. Ўқ отаркан, у мана бу мисраларни ўқирди:
Мен кучлиман, ҳеч бир кам-кўстим йўқ.
Ёйимнинг йўғон кириши тортилгандир.
Ўлим ҳақдир, ҳаёт бўш ва ўткинчидир.
Тақдир қилинганларнинг ҳаммаси бошга келгувчидир.
Инсонлар эртами-кечми Аллоҳга қайтгувчидир.
Агар мен сизлар билан олишмасам,
онам (ғамдан) ақлини йўқотади.
Осимнинг ўқдонида еттита ўқ бор эди. Отган ҳар бир ўқи билан у бир мушрикни ўлдирди. Ўқлари тугагач, кўпларини найзаси билан илма-тешик қилди. Аммо найзаси ҳам синди. У дарҳол қиличини яланғочлаб, қинини синдириб отди. (Бу «ўлгунимча олишаман, таслим бўлмайман» деган маънони билдирарди.) Сўнгра шундай дуо қилди: «Эй Аллоҳим! Мен шу кунгача Сенинг динингни ҳимоя қилдим. Бу куннинг охирида менинг баданимни ҳимоя қилишингни, асрашингни Сендан тилайман». Ҳазрати Осим ибн Собит ва бошқа саҳобаларнинг «Аллоҳу акбар!» садолари тоғларни ларзага келтирарди. Икки юз кишига қарши ўн мужоҳид жонларини аямай олишар, уларга яқинлашганлар қилмишларининг жазосини тортардилар. Охири Осим (розияллоҳу анҳу) икки оёғидан яраланиб, ерга йиқилди. Кофирлар ундан жуда қўрққанлари учун, у йиқилгандан кейин ҳам ёнига яқин бора олмадилар ва узоқдан ўқ отиб, уни шаҳид қилдилар. Ўша куни у ердаги ўн саҳобадан еттитаси шаҳид бўлди, учтаси асир олинди.
Бану Лиҳён Сулофа бинт Саъдга сотиш учун Осим ибн Собитнинг муборак бошини кесиб олмоқчи бўлди. Аммо Аллоҳу таоло ҳазрати Осим ибн Собитнинг дуосини қабул қилгани учун у ерга бир тўда ари юборди. Улар булутдек Осим ибн Собитнинг устида турдилар. Мушриклар унинг ёнига яқинлаша олмадилар. Охири улар: «Қўйинглар, кеч кирганда арилар тарқалади, биз ҳам бошини кесиб олиб кетамиз», – дедилар.
Кечқурун Аллоҳу таоло қаттиқ ёмғир ёғдирди. Сойлардан сел оқди ва ҳазрати Осим ибн Собитнинг муборак жасадини номаълум бир жойга олиб кетди. Мушриклар қанча изласалар ҳам, топа олмадилар. Шунинг учун мушриклар ҳазрати Осим ибн Собитнинг ҳеч бир жойини кеса олмадилар.
«Эй Аллоҳим! Мен шу кунгача Сенинг динингни ҳимоя қилдим. Бу куннинг охирида менинг баданимни ҳимоя қилишингни, асрашингни Сендан тилайман!» Осим ибн Собит (розияллоҳу анҳу)
Ариларнинг ҳазрати Осимни ҳимоя қилгани ҳақида сўз кетганда, ҳазрати Умар шундай деди: «Аллоҳу таоло, албатта, мўмин бандасини ҳимоя қилади. Осим ибн Собит тириклигида мушриклардан қандай сақланган бўлса, Аллоҳу таоло ҳам вафотидан кейин унинг жасадини асраб, мушрикларга теккизмади». Шунинг учун Осим ибн Собит ёд этилганда, уни «арилар ҳимоя қилган киши» деб аташарди.1
Асир олинган уч саҳоба Хубайб ибн Адий, Зайд ибн Дасинна ва Абдуллоҳ ибн Ториқ (розияллоҳу анҳум) эди. Бану Лиҳён учовларини ҳам ёй киришлари билан боғладилар. Улар орасидан Абдуллоҳ ибн Ториқ маккалик мушриклар олдига олиб борилишга рози бўлмади. Бормаслик учун қаршилик кўрсатди. «Шаҳид қилинган дўстларим жаннат билан шарафландилар!» – деб ҳайқирди. У қўлларидаги боғични узди, аммо Бану Лиҳён тошбўрон қилиб, уни ҳам шаҳид қилдилар. Ҳазрати Хубайб ибн Адий ва Зайд ибн Дасинна: «Балки Расулуллоҳ берган айғоқчилик вазифасини бажаришга имкон топармиз», – деган фикр билан сабр қилдилар.
Бану Лиҳён иккисини ҳам Маккага олиб бордилар. Бадр ва Уҳуд жангларида яқинлари ўлдирилган мушриклар кин ва қасос ҳирси билан ёниб, фурсат қидирардилар. Ҳазрати Хубайбни мушриклардан Ҳужайр ибн Абу Иҳоб Тамимий Бадр жангида ўлдирилган биродарининг, ҳазрати Зайд ибн Дасиннани эса Сафвон ибн Умайя Бадр жангида ўлдирилган отаси Умайя ибн Халафнинг қасосини олиш учун сотиб олдилар. Мушрикларнинг нияти иккисини ҳам ўлдириш эди. Аммо уруш қилишни ман этилган деб санайдиган ойларда бўлганлари учун уларни қамоққа олиб, вақт ўтишини кутдилар. Уларни алоҳида-алоҳида жойларда қамаб қўйдилар. Икки саҳоба ҳам бу асирликда катта сабр, бардош ва олижаноблик кўрсатдилар.
Ҳазрати Хубайб ибн Адий қамалган уйда Мовия исмли озод қилинган бир жория бор эди (бу аёл кейинчалик мусулмон бўлган). У шундай ҳикоя қилган:
«Хубайб мен турган уйда бир ҳужрага қамалган эди. Мен ундан яхшироқ асирни кўрмаганман. Бир куни қарасам, қўлида обдастадек катта бир бош узум бор. Ундан ерди. Уни ҳар куни қўлида шундай бир бош узум билан кўришарди. Ўша мавсумда, устига-устак Маккада узум топиш асло мумкин эмас эди. Аллоҳу таоло унга ризқ берарди. Қамалган ҳужрасида намоз ўқир, Қуръони карим тиловат қиларди. У ўқиган Қуръони каримни тинглаган аёллар йиғлашар ва унга раҳмлари келарди. Баъзан: „Бирор истагинг борми?“ – деб сўраганимда, у: „Менга ширин сув бер, бутлар учун сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан келтирма, яна мени ўлдирадиган пайтларини олдиндан айт, бошқа ҳеч нарса истамайман“, – дерди. Уни ўлдирадиган кун белгиланганда, бориб унга айтдим. Буни билгач, у заррача ўзгармади, ғам-ташвишнинг ҳеч бир аломатини кўрсатмади.
Ўша кун яқинлашганда, у ўлимидан олдин баданини поклашни истаганини айтди ва бир устара сўради. Мен боламнинг қўлига бир устара бериб, уни юбордим. Бола унинг ёнига киргач, бирдан қўрқиб кетдим. „Вой! Бу одам болани устара билан сўйиб юборади-ку. У барибир ўлдириладиган одам“, – дедим. Югуриб бориб, болага қарадим. Хубайб мен юборган устарани боланинг қўлидан олиб, болани эркалаш учун тиззасига ўтқазиб олган экан. Мен бу ҳолни кўриб, жуда қўрқиб, дод сола бошладим. Вазиятни тушунгач, у шундай деди: „Бу болани ўлдиради, деб ўйлаяпсанми? Бизнинг динимизда бундай нарса йўқ. Ноҳақ жонга қасд қилиш бизнинг ҳолимизга ҳам, шаънимизга ҳам ярашмайди“».
Мушрикларнинг Хубайб ибн Адий ва Зайд ибн Дасиннани ўлдириш учун белгилаган куни келди. Ўша куни эрта тонгда улар асирларнинг занжирларини ечиб, уларни Макка ташқарисидаги Танъим деган жойга олиб бордилар. (Танъим Каъбадан 5–8 км узоқликда жойлашган. Ундаги тоғнинг номи ҳам Танъим тоғидир.) Макка аҳли ва мушрикларнинг улуғлари уларнинг қатл этилишини томоша қилиш учун йиғилган эди. Атрофда катта оломон бор эди.
Мушриклар асирларни қатл қиладиган жойда иккита дор қурган эдилар. Ҳазрати Хубайбни дорга кўтариб боғламоқчи бўлганларида, у: «Мени қўйиб юборинглар, икки ракат намоз ўқиб олай», – деди. Уни қўйиб юбордилар ва: «Ана, ўша ерда ўқи», – дедилар. Хубайб дарҳол намозга туриб, хушуъ билан икки ракат намоз ўқиди. Йиғилган мушриклар, аёллар, болалар ҳаяжон билан унга қараб турдилар. Намозини тугатгач, у: «Валлоҳи, агар мени ўлимдан қўрқиб намозни чўзяпти деб ўйламаганингизда, намозни узайтирардим ва кўпроқ ўқирдим», – деди. Қатл қилиниш олдидан икки ракат намозни биринчи бўлиб ўқиган ва бу ишнинг одат ва суннат бўлиб қолишига сабаб бўлган киши ҳазрати Хубайб ибн Адийдир. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг қатл қилинишидан олдин икки ракат намоз ўқиганини эшитганларида, бу ишини ўринли ва тўғри деб топдилар.2
Намозини ўқигач, ҳазрати Хубайбни дорга кўтариб боғладилар. Юзини қибладан Мадина томонга бурдилар. Сўнгра: «Қани, динингдан қайт! Сени озод қилайлик», – дедилар. У шундай жавоб берди: «Валлоҳи, қайтмайман! Бутун дунё меники бўлса ва менга берилса ҳам, Исломдан қайтмайман!»
Бу жавобни олган мушриклар: «Ҳозир сенинг ўрнингда Муҳаммад бўлишини, унинг ўлдирилишини истайсанми? „Ҳа“ десанг, қутуласан, уйингда хотиржам ўтирасан!» – дедилар. Хубайб: «Мен Муҳаммад алайҳиссаломнинг оёқларига бир тикан киришига ҳам асло рози эмасман!» – деди.
Мушриклар масхара қилиб, кулишиб: «Эй Хубайб! Ислом динидан қайт! Агар қайтмасанг, сени албатта ўлдирамиз!» – дедилар. Хубайб уларга: «Аллоҳу таоло йўлида эканман, мен учун ўлдирилишимнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ», – деб жавоб берди.
Шундан кейин Хубайб: «Аллоҳим! Мана шу ерда мен душман юзидан бошқа юз кўрмаяпман. Аллоҳим! Мендан Расулингга салом етказ. Бизга қилинган бу ишни Расулингга билдир!» – деб дуо қилди ва: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ», – деди. Хубайб бу дуони қилаётган пайтда севимли Пайғамбаримиз саҳобаи киром билан ўтирган эдилар. Зайд ибн Ҳориса шундай ҳикоя қилган: «Бир куни Расулуллоҳ саҳобалари билан ўтирганларида: „Ва алайҳиссалом“, – дедилар. Саҳобаи киром: „Ё Расулаллоҳ! Бу кимнинг саломига жавоб?“ – дейишди. У зот шундай дедилар: „Бу – биродаримиз Хубайбнинг саломига жавоб. Жаброил (алайҳиссалом) менга Хубайбнинг саломини етказди“».3
Хубайбнинг атрофида йиғилган Қурайш мушриклари: «Мана, оталарингизни ўлдирган одам – шу», – деб ёшларни найзалари билан унинг устига ташланишга ундадилар, улар ҳам унинг муборак баданини яралай бошладилар. Шу пайт Хубайбнинг юзи Каъба томонга бурилди. Мушриклар уни Мадина томонга бурдилар. Ҳазрати Хубайб: «Аллоҳим! Агар мен Сенинг ҳузурингда мақбул бир банда бўлсам, юзимни қиблага бур», – деб дуо қилди. Унинг юзи яна қиблага бурилди. Мушриклардан ҳеч бири унинг юзини Каъбадан бошқа томонга бура олмади. Шу аснода Хубайб дор устида, душманлар орасида ғариб бир ҳолда шаҳид қилинаётганини баён қилувчи бир шеър айтди. Мушриклар қўлларидаги найзаларни унинг баданига санчиб, қийнай бошлаганларида, у шундай деди: «Валлоҳи, мусулмон бўлиб ўлдирилар эканман, урилиб, қайси ёнбошим билан йиқилсам ҳам, ғам емайман! Буларнинг ҳаммаси Аллоҳу таоло йўлидадир».
«Мен Муҳаммад алайҳиссаломнинг оёқларига бир тикан киришига ҳам асло рози эмасман!» Хубайб ибн Адий (розияллоҳу анҳу)
Шундан кейин Хубайб мушрикларни шундай қарғади: «Аллоҳим! Қурайш мушрикларининг ҳаммасини ҳалок эт! Жамоаларини тарқат! Жонларини бирма-бир ол, уларни тирик қолдирма!» Бу қарғишни эшитган мушриклар жуда қўрқиб кетди, уларнинг бир қисми у ердан қочди. Қолганларнинг баъзилари кетма-кет унга найза санча бошладилар. Улардан бири найзани унинг кўксига санчди, найза орқасидан чиқди. Баданидан қон отилиб, дорда осилиб сўнгги нафасини бераётганда, Хубайб: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ», – деб шаҳид бўлди.4
Хубайб ибн Адийнинг (розияллоҳу анҳу) жасади қирқ кун дорда осиғлиқ қолди. Бадани чиримади, ҳид чиқармади. Ундан доимо янги қон оқиб турарди. Севимли Пайғамбаримиз унинг жасадини олиб келиш учун саҳобаи киромдан ҳазрати Зубайр ибн Аввом ва Миқдод ибн Асвадни юбордилар. Улар кечаси яширинча Маккага кирдилар. Хубайбни осилиб турган дордан тушириб, туяга юклаб, Мадина томон йўлга чиқдилар. Буни билиб қолган мушриклар катта оломон бўлиб уларнинг устига юрдилар. Икки саҳоба ҳам ўзларини ҳимоя қилиш учун жасадни ерга қўйдилар. Бир оздан сўнг улар жасадни қўйган жойларида ер ёрилиб, жасадни ичига олиб, ёпилганини кўрдилар ва Мадина йўлини тутдилар.
Ҳазрати Зайд ибн Дасиннани ҳам тикилган иккинчи дорга боғладилар. Уни динидан қайтаришга зўрладилар. Аммо мушриклар Зайднинг иймонини мустаҳкамлашдан бошқа ҳеч нарсага эриша олмадилар. Шундан кейин Зайдни ўқ ёмғирига тутдилар. Охири уни Сафвон ибн Умайянинг озод қилинган қули Нистос шаҳид қилди.
