УҲУД ЖАНГИ
Ҳижратнинг учинчи йили, Шаввол ойи… Маккалик мушриклар Бадр жангида учраган мағлубиятларидан сабоқ олмаганлари каби, унинг аламини ҳам сира унута олмасдилар. Қурайш бу жангда кўплаб улуғларидан айрилган эди. Бундан ташқари, Шом савдо йўлининг мусулмонлар назоратига ўтгани уларнинг ғазабини баттар қайнатарди.
Абу Суфён бошчилигидаги савдо карвони Маккага юз фоиз фойда билан қайтган эди. Сармояга шерик бўлганларнинг кўпчилиги Бадр жангида ўлгани учун карвоннинг фойдаси мушриклар қарор қабул қилиш учун йиғиладиган Дорун Надва деган бинода сақланаётган эди.
Бадрда оталари, биродарлари, эрлари, ўғилларидан айрилган Сафвон ибн Умайя, Икрима ибн Абу Жаҳл, Абдуллоҳ ибн Робиъа каби кишилар Абу Суфёнга мурожаат қилиб: «Мусулмонлар бизнинг улуғларимизни ўлдирди. Бизни хору паришон қилди. Энди улардан ўч олиш вақти келди. Карвон фойдасига бир қўшин тайёрлайлик. Мадинага бостириб бориб, ўчимизни олайлик!» – дедилар.
Абу Жаҳл, Утба, Шайба каби ашаддий кофирлар илгари ўлдирилгани учун мушрикларнинг бошида ҳали мусулмон бўлмаган Абу Суфён турарди. Шом савдосидан юз минг олтин қўлга киритилган эди. Унинг ярми сармоя, ярми фойда эди. Сармоя дарҳол эгаларига тарқатилди, фойда эса иккига бўлиниб, ярмига қурол олинди, қолган ярмига аскар тўпланди. Бундан ташқари, шоир ва хатибларга ҳам пул берилди. Халқни ғалаёнга келтириб, жангга ундаш учун хатиблар ва шоирлар шеърлар, марсиялар ўқир, аёллар эса доира ва ноғора чалиб, уларга жўр бўлардилар. Мусулмонларни Мадинадан қувиб чиқариш, севимли Пайғамбаримизни йўқ қилиш ва Исломни бутунлай тугатишни мақсад қилган мушриклар атрофдаги қабилаларни ҳам айланиб чиқиб, аскар тўпладилар.
Ниҳоят Маккада 3000 кишилик катта қўшин тайёрланди. Уларнинг 700 нафари совутли, 200 нафари отлиқ эди, бундан ташқари, 3000 туялари ҳам бор эди. Созандалар ва аёллар ҳам қатнашган бу катта қўшинга Абу Суфён қўмондонлик қиларди. Хотини Ҳинд аёлларнинг бошида туриб, мушрикларни жангга ундашда ҳаддан ошиб кетарди. Чунки у Бадр жангида отаси ва икки биродаридан айрилган эди. Бунинг аламини унута олмасди. Аёлларнинг жангга қатнашмаслигини истаганларга: «Бадр жангини эсланглар! Хотинларингизга, болаларингизга етиб олиш учун Бадрдан қочган эдингиз!… Бундан кейин қочмоқчи бўлганлар қаршисида бизни кўради!…» – деб, уларнинг оғзини ёпарди. Шу тариқа у қурайшликларни бор кучи билан жангга ундарди.1
Мушриклардан Жубайр ибн Мутъимнинг найза отишда ғоят моҳир Ваҳший исмли бир қули бор эди. У нишонга олганини хато қилмайдиган ўткир мерган эди. Ҳазрати Ҳамза Бадрда Ҳинднинг отаси Утбани, Жубайрнинг амакиси Туаймани ўлдиргани учун Ҳинд билан Жубайр ундан қасос олиш ўтида ёниб-куярдилар. Жубайр қули Ваҳшийга шундай деди:
«Агар Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан, ҳур қўйиб юбораман!» Ҳинд ҳам: «Уни ўлдирсанг, сенга жуда кўп олтин ва жавоҳирлар бераман!» – деб ваъда берди.2
«Уҳуд бизни севади, биз ҳам уни севамиз» Ҳадиси шариф
Барча тайёргарлигини тугатган Қурайш қўшини байроқларини очиб, бирини Талҳа ибн Абу Талҳага, бирини Аҳобишдан бир кишига, бирини эса Суфён ибн Увайфга берди.
Маккада тайёргарлик тугаган эди. Ҳазрати Аббос ишонган бир киши орқали Мадинага дарҳол мактуб юборди. Унда у мушриклар уч минг кишилик қўшин тузганини, уларнинг етти юзи совутли, икки юзи отлиқ эканини, уч минг туяси ва сон-саноқсиз қуроли борлигини хабар қилди. Аббос қўшин йўлга чиқай деб турганини ҳам билдириб, шунга яраша чора кўрилишини сўради.
Шундан кейин Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) вазиятни ўрганиш учун бир неча кишига вазифа топширдилар. Бу саҳобалар Макка томон йўлга тушишди. Йўлда мушрик қўшини келаётганини эшитиб, маълумот тўплашга киришишди. Ишларини қисқа вақтда битириб, тезлик билан Мадинага қайтишди. Кўрган ва билиб олган нарсалари келган мактубга тўла мос эди.
Оламлар сарвари дарҳол тайёргарликка киришдилар. Бундан ташқари, тўсатдан ҳужумга учрамаслик учун Мадина атрофига соқчилар қўйиб, чора кўрдилар. Саҳобаи киром қисқа вақтда йиғилиб, тайёргарлигини тугатди. Уйда қоладиганлар билан хайрлашиб, бир-бирлари билан ҳалоллашиб, пайғамбарлар султони атрофида тўпланишди.
Ўша куни жума эди. Пайғамбаримиз саҳобаларига жума намозини ўқитдилар. Хутбада Аллоҳу таолонинг динини ёйиш учун жиҳод қилишнинг, Аллоҳ йўлида жанг қилишнинг аҳамияти ҳақида тўхталдилар. Бу йўлда ўлганлар шаҳид бўлиб, жаннатга кириши ҳақида хушхабар бердилар. Душман қаршисида собит турганларга, қийинчиликларга кўкрак керганларга Аллоҳу таоло ёрдам беришини билдирдилар.
Расули акрам саҳобаи киром билан жангни қаерда олиб бориш кераклиги ҳақида маслаҳатлашмоқчи эканликларини айтиб, ўша кеча кўрган тушларини сўзлаб бердилар. У зот шундай дедилар: «Тушимда ўзимни мустаҳкам бир совут ичида кўрдим. Зулфиқор қиличимнинг тиғида бир кемтик очилганини, сўйилган бир сигирни, кейин эса бир қўчқор келтирилганини кўрдим». Саҳобаи киром: «Ё Расулаллоҳ! Бу тушни қандай таъбир қилдингиз?» – деб сўрашганда, у зот шундай дедилар: «Мустаҳкам совут кийиш – Мадинага, Мадинада қолишга ишорадир. Шу ерда қолинглар…
Қиличимнинг тиғида кемтик кўришим – бир зарарга учрашимга ишорадир. Сўйилган сигир – саҳобаларимдан баъзиларининг шаҳид бўлишига ишорадир. Унинг кетидан келтирилган қўчқорга келсак, қўчқор – бир ҳарбий қисмга ишорадир, уларни, иншоаллоҳ, Жаноби Ҳақ ҳалок қилади».
Бошқа бир ривоятда у зот шундай дедилар: «Тушимда қиличимни ерга урдим, унинг тиғи синди. Бу – Уҳуд куни саҳобаларимдан баъзиларининг шаҳид бўлишига ишорадир. Қиличимни яна ерга урдим, у аввалги бутун ҳолига қайтди. Бу эса Аллоҳу таоло томонидан бир фатҳ келишига, мўминларнинг бир ерга жамланишига ишорадир».
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига ваҳий орқали билдирилмаган ишларда саҳобалари билан маслаҳатлашар ва шунга қараб иш тутардилар. Душманни қаерда қаршилаш кераклиги ҳақида саҳобалардан баъзилари: «Мадинада қолиб, мудофаа жангини олиб борайлик», – дейишди. Бу таклиф Пайғамбаримизнинг хоҳишларига ҳам мос эди. Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Саъд ибн Муоз (розияллоҳу анҳум) каби саҳобаларнинг улуғлари ҳам Пайғамбаримиз каби фикрда эдилар. Аммо Бадр жангида қатнаша олмаган қаҳрамон ва ёш саҳобалар Бадр жангида қатнашган саҳобалар қозонган ажр ва савобни3, Бадр шаҳидлари эришган юксак даражаларни Пайғамбаримиздан эшитганларида, ўша жангда бўла олмаганларидан қаттиқ ўкинардилар. Шунинг учун улар душманни Мадина ташқарисида қаршилаб, юзма-юз жанг қилишни истардилар. Ҳазрати Ҳамза, Нуъмон ибн Молик, Саъд ибн Убода ана шулар жумласидан эди. Ҳазрати Хайсама изн сўраб, шундай деди: «Ё Расулаллоҳ! Қурайш мушриклари турли араб қабилаларидан аскар тўпладилар. Туяларига, отларига миниб, ерларимизга кириб келдилар. Бизни уйларимизда ва қалъаларимизда қамал қилиб, кейин қайтиб кетадилар. Ортимиздан жуда кўп гап тарқатадилар. Бу ҳол уларнинг жасоратини оширади, улар янги босқинлар уюштирадилар. Ҳозир уларнинг қаршисига чиқмасак, бошқа араб қабилалари ҳам бизга кўз тикадилар. Аллоҳу таоло бизга мушриклар устидан ғалаба ато этишидан умидворман.
Агар иккинчиси бўлса – у шаҳидликдир; Бадр мени ундан маҳрум қилди. Ҳолбуки, мен уни жуда қўмсаган эдим. Ўғлим Бадр жангига қатнашмоқчи эканимни эшитганда, мен билан қуръа ташлаган эди. У мендан бахтлироқ экан, шаҳидлик шарафига эришди.
Ё Расулаллоҳ! Шаҳидликни жуда қўмсадим. Кеча тушимда ўғлимни гўзал бир қиёфада кўрдим. У жаннат боғлари ва анҳорлари орасида юрар ва менга: „Жаннат аҳлига қўшилинг! Мен Аллоҳу таоло ваъда қилган ҳақиқатга эришдим!“ – дер эди.
Ё Расулаллоҳ! Валлоҳи, бугун тонгдан бошлаб жаннатда ўғлимга ҳамроҳ бўлишни янада кўпроқ орзу қила бошладим. Энди ёшим ҳам ўтиб қолди. Раббимга етишишдан бошқа муродим қолмади.
Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Шаҳид бўлиб, жаннатда ўғлимга ҳамроҳ бўлиш шарафига эришишим учун Аллоҳу таолога дуо қилинг!…» – деб ёлворди. Пайғамбаримиз унинг бу илтимосини ерда қолдирмадилар ва шаҳид бўлиши учун дуо қилдилар.
Кўпчилик шу фикрда эканини кўрган севимли Пайғамбаримиз душманни Мадина ташқарисида қаршилашга қарор қилдилар. Сўнгра шундай дедилар: «(Эй саҳобаларим!) Сабр қилиб, собит турсангиз, бу сафар ҳам Жаноби Ҳақ сизга Ўз ёрдамини ато этади. Бизнинг зиммамиздаги иш – азм ва ғайрат кўрсатишдир!»
Аср намозини ўқитган Коинот султони саодатли ва муборак уйларига бордилар. У зотнинг ортларидан ҳазрати Абу Бакр билан Умар изн сўраб киришди. Улар Расули акрамга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) салла ўраш ва совут кийишда ёрдам беришди. Пайғамбаримиз қиличларини белларига тақдилар, қалқонларини орқаларига осдилар.
Бу вақтда ташқарида саҳобаи киром йиғилиб, Пайғамбаримизни кутаётган эди. Мадинада қолиб, мудофаа жангини олиб боришни истаганлар бошқаларга: «Расулуллоҳ Мадинадан ташқарига чиқиш фикрида эмас эдилар. Буни сизларнинг гапингиз билан қабул қилдилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ амрни Аллоҳу таолодан оладилар. Бу ишни у зотга топширинглар. Нимани буюрсалар, шуни бажаринглар», – дейишди. Бошқалари ҳам қилган ишларидан пушаймон бўлишди ва: «Расули акрамга қарши чиққан бўлмайлик», – деб бу фикрларидан қайтишди. Севимли Пайғамбаримиз саодатли уйларидан чиққанларида, улар ҳузурларига бориб: «Жонларимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Қандай истасангиз, шундай қилинг. Мадинада қолишни истасангиз, қолайлик. Биз сизнинг амрингизга қарши чиқишдан Жаноби Ҳақдан паноҳ сўраймиз», – деб узр сўрашди.
«Саҳобаларимга тил тегизманглар! Уҳуд тоғича олтин садақа қилсангиз ҳам, уларнинг бир ҳовуч арпа садақасининг савобича бўлмайди!» Ҳадиси шариф
Ҳабиби акрам шундай дедилар: «Бирор пайғамбар кийган совутини, то Жаноби Аллоҳ у билан душмани ўртасида ҳукм чиқармагунча, жанг қилмай ечмайди. Сизга насиҳатим шуки, буюрганларимни бажарсангиз, Аллоҳу таолонинг исмини зикр қилиб, сабр қилиб, собит турсангиз, Аллоҳу таоло сизга ёрдам беради…»
Шу пайтда ҳазрати Амр ибн Жамуҳ уйида тўрт ўғлига: «Болаларим! Мени ҳам бу ғазотга олиб боринглар!» – дер, ўғиллари эса оталарини кўндиришга уриниб: «Отажон! Оёғингиз чўлоқ бўлгани учун Аллоҳу таоло сизни узрли деб билди. Расулуллоҳ ҳам сизни узрли деб билдилар. Жиҳодга чиқиш сизнинг зиммангизда эмас. Сизнинг ўрнингизга биз боряпмиз!» – дейишарди. Аммо ҳазрати Амр: «Сизлардек фарзандларга ҳайф! Бадр жангида ҳам шундай деб, мени жаннатни қозонишдан тўсган эдингиз. Бу сафардан ҳам маҳрум қилмоқчимисиз?…» – деди. Сўнгра у севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига бориб: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Ўғилларим баъзи узрларни рўкач қилиб, мени бу ғазотдан маҳрум қилмоқчилар. Валлоҳи, мен сиз билан бирга сафарга чиқиб, жаннатга кириш шарафига эришмоқчиман. Ё Расулаллоҳ! Менинг Аллоҳ йўлида жанг қилишимни ва шаҳид бўлиб, мана шу чўлоқ оёқларим билан жаннатда юришимни маъқул кўрмайсизми?» – деди. Фахри олам: «Ҳа, маъқул кўраман», – дедилар. Бундан жуда севинган ҳазрати Амр ибн Жамуҳ тайёргарлик кўриб, қўшинга қўшилди.4
Мадинада намоз ўқитиш учун Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қолдирилди.5
Расуллар султони учта байроқ боғладилар. Бирини Ҳубоб ибн Мунзирга, бирини Усайд ибн Ҳузайрга, учинчисини эса Мусъаб ибн Умайрга бердилар. Минг кишига яқин қўшинда икки отлиқ ва юзта совутли жангчи бор эди.6
Жума куни асрдан кейин севимли Пайғамбаримиз «Аллоҳу акбар!» такбирлари садоси остида, гўё байрамга кетаётгандек, Уҳуд томон йўлга чиқдилар. Олдинда совутларини кийган ҳазрати Саъд ибн Убода билан Саъд ибн Муоз, ўнгда муҳожирлар, чапда ансорлар борарди.
Йўлда улар яҳудийлардан иборат олти юз кишилик бир ҳарбий бўлинмага дуч келдилар. Булар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг иттифоқчилари бўлиб, Ислом қўшинига қўшилмоқчи эдилар. Пайғамбаримиз: «Улар мусулмон бўлганми?» – деб сўрадилар. «Йўқ, ё Расулаллоҳ», – деб жавоб беришди. Шунда у зот: «Бориб айтинглар, изларига қайтсинлар. Чунки биз мушрикларга қарши кофирлардан ёрдам сўрамаймиз», – дедилар. Набийи муҳтарам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадина билан Уҳуд оралиғидаги Шайхайн деган жойга келдилар. Бу ерда тунаш учун тўхтадилар. Қуёш ҳали ботмаган эди. Қўшин ичида душман билан жанг қилиб, шаҳидлик даражасига эришишни истаган ҳали ёш бола саҳобалар ҳам бор эди. Севимли Пайғамбаримиз бу ерда қўшинни кўздан кечирганларида, ўн еттига яқин бола борлигини кўрдилар.
Улар орасида Рофеъ ибн Хадиж баландроқ кўриниш учун оёқ учида турарди. Ҳазрати Зуҳайр: «Ё Расулаллоҳ! Рофеъ яхши ўқ отади», – дегач, уни қўшинга олдилар. Буни кўрган Самура ибн Жундуб: «Мен курашда Рофеъни йиқита оламан. Шунинг учун мен ҳам ғазотда бўлишни истайман», – деди. Пайғамбаримиз табассум қилиб, иккисини курашга туширдилар. Ҳазрати Самура Рофеъни йиқитгач, уни ҳам мужоҳидлар қаторига олдилар. Қолган болалар у ердагиларни ҳимоя қилиш учун Мадинага қайтарилди.7
Шом ва хуфтон намозларининг азонини Билол Ҳабаший ўзининг таъсирли овози билан айтди. Севимли Пайғамбаримиз намозни ўқитганларидан кейин Муҳаммад ибн Масламани эллик кишилик бир бўлинманинг бошига қўйиб, тонггача соқчиликда туришни буюрдилар. Саҳобаи киром дам олишга кетди. Ўша кеча Пайғамбаримизнинг бош томонларида соқчилик қилиш шарафи ҳазрати Заквонга насиб бўлди.
Шу орада душман қўшини Ислом қўшини Шайхайнда дам олиш учун тўхтаганини билиб, Икрима қўмондонлигидаги бир отлиқ бўлинмани айғоқчилик учун юборди. Ҳали мусулмон бўлмаган Икрима бўлинмаси билан Ҳарра деган жойгача Ислом қўшинига яқин келган бўлса-да, мужоҳидларнинг соқчиларидан қўрқиб, ортга чекинди. Тонг отгач, Оламлар сарвари саҳобаларини уйғотдилар. Улар Уҳуд тоғига келдилар. Бу ерда икки қўшин бир-бирини кўра оларди. Билол Ҳабаший руҳларни жўштирадиган, дилларни эритадиган таъсирли овози билан бомдод азонини айтди. Мужоҳидлар қуролларини ечмай, севимли Пайғамбаримизнинг ортларида намозларини ўқидилар, дуоларини қилдилар. Коинот султони устларидан иккинчи совутни, муборак бошларига эса дубулғани кийдилар.
Шу пайтда мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай: «Биз бу ерга ўзимизни ўлдиртиргани келдикми? Буни бошидаёқ нега тушунмадик?» – деб, 300 га яқин мунофиқ билан бирга Ислом қўшинини ташлаб, Мадинага қайтиб кетди.
Иймон келтирган, кўнгил бирлигини тутган, жонларини, бошларини шу йўлга тиккан, киприк қоқмай шаҳидлик мартабасига етишга интилганларнинг сони етти юзга яқин эди. Уларнинг ҳаммаси севимли Пайғамбаримизни қонларининг сўнгги томчисигача ҳимоя қилишга сўз бердилар.
Пайғамбарлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мужоҳидларни сафга тиздилар. Қўшинни орқаси Уҳуд тоғига, юзи Мадинага қараган ҳолда жойлаштирдилар.
«Бирор пайғамбар кийган совутини, то Жаноби Аллоҳ у билан душмани ўртасида ҳукм чиқармагунча, жанг қилмай ечмайди» Ҳадиси шариф
Уҳуд жанги
Ўнг қанотга Уккоша ибн Миҳсанни, чап қанотга Абу Салама ибн Абдуласадни қўмондон қилиб тайинладилар. Саъд ибн Абу Ваққос билан Абу Убайда ибн Жарроҳ олдинги сафда, ўқчи бўлинмаларнинг бошида жой олдилар. Совутли бўлинмаларнинг бошига Зубайр ибн Аввом, олдинги совутсиз бўлинмаларнинг бошига ҳазрати Ҳамза ўтди. Миқдод ибн Амрга орқадаги бўлинмалар бошида туриш вазифаси берилди.
Фақат Аллоҳ учун севар эдилар халқни, ҳам ёмон кўрар эдилар,
на нафс учун дўст бўлдилар, на душман – ул карам кони.
На қаҳқаҳ ила кулдилар, на бир нарсани сўкдилар ҳеч,
ширинсўз, хандон юзли эдилар ҳар он ул карам кони.
Ҳаё, ҳилм ила, лутфу ҳурмат ила зийнатланган эдилар,
келиб ёлворганни йиғлаган ҳолда қўймасдилар ул карам кони.
Ислом қўшинининг чап томонида Айнайн тепалиги бор эди. Бу тепаликда тор бир ўтиш жойи бор эди. Расули акрам бу ўтиш жойига Абдуллоҳ ибн Жубайр қўмондонлигида эллик ўқчи қўйдилар. Ўқчилар ўтиш жойида ўз ўринларини эгалладилар. Севимли Пайғамбаримиз уларнинг ёнига келиб, шундай қатъий амр бердилар:
«Бизни орқамиздан ҳимоя қилинглар. Жойингизда туринглар ва бу ердан асло жилманглар. Душманни енгганимизни кўрсангиз ҳам, сизга хабар бермагунимизча, одам юбормагунимизча, жойларингиздан ҳеч қачон кетманглар. Душман бизни ўлдирмоқчи эканини, ўлдираётганини кўрсангиз ҳам, келиб бизга ёрдам берманглар.
Бизни улардан ҳимоя қилишга уринманглар. Душман отлиқлари сизга томон йўналса, уларни ўққа тутинглар. Чунки отлиқлар отилаётган ўқларга қарши кела олмайди. Аллоҳим! Буларни уларга етказганимга Сени гувоҳ қиламан!» Бу амрларини бир неча марта такрорлагач, севимли Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Қушлар жасадларимизни талашиб еяётганини кўрсангиз ҳам, мен сизга одам юбормагунимча, жойингиздан асло жилманглар.8 Агар биз кофирларни қириб, оёқларимиз остида топтаганимизни кўрсангиз ҳам, мен сизга хабар юбормагунимча, жойингизни асло ташламанглар!…» Сўнгра у ердан кетиб, қўшиннинг бошига ўтдилар.
Байроқни Мусъаб ибн Умайрга бердилар. Ҳазрати Мусъаб қўлида байроқ билан Пайғамбаримизнинг олдиларида ўз жойини эгаллади.9 Шу пайтда янги уйланган ҳазрати Ҳанзала Мадинадан шошилиб Уҳудга келди ва мужоҳидлар сафига қўшилди.
Уҳудга уч кун олдин келган мушрик қўшинига Абу Суфён қўмондонлик қиларди. Улар Мадинани орқаларида қолдирадиган қилиб жойлашдилар. Ўнг қанотдаги отлиқларга Холид ибн Валид, чап қанотдаги отлиқларга эса Икрима қўмондонлик қилиши керак эди. Сафвон ибн Умайя ҳам отлиқ бўлинмалар бошида вазифа олгани ривоят қилинган. Мушриклар байроғини Талҳа ибн Абу Талҳа кўтариб борарди.
Икки қўшин ўртасидаги куч нисбати жуда тенгсиз эди. Қурайш қўшини сон, қурол ва аслаҳа жиҳатидан Ислом қўшинидан тўрт баробардан ҳам кўп эди.
Қурайш қўшинида шовқин-сурон тинмасди; қасос ҳирсидан кўзларини қон босган аёллар доира ва ноғора чалиб, қўшиқ айтиб, аскарларни жангга ундар, сиғинадиган бутларидан ёрдам сўрардилар.
Мужоҳидлар томонида эса дуолар қилинар, «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!…» деб такбирлар айтиларди. Ислом динининг ҳимояси ва ёйилиши учун Аллоҳу таолодан ёрдам сўраларди.
Севимли Пайғамбаримиз қаҳрамон саҳобаларини жиҳодга, Жаноби Ҳақ йўлида жанг қилишга ундар, бу йўлда қозонадиган савобларини айтиб, шундай дер эдилар: «Эй саҳобаларим! Сони оз кишиларга душман билан жанг қилиш оғир келади. Агар улар собитлик ва ғайрат кўрсатсалар, Аллоҳу таоло уларни фароғатга эриштиради. Чунки Аллоҳу таоло Ўзига итоат қилганлар биландир… Аллоҳу таоло сизга ваъда қилган мукофотни сўранглар…» Уҳуд жангига оид ояти карималарда ҳам шундай дейилган, маъноси: «(Эй мўминлар!) Сизга раҳм қилиниши учун Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига (буюрган нарсаларида) итоат қилинглар.
Раббингиздан мағфират сўрашга ва Аллоҳу таолодан қўрққанлар учун тайёрланган, кенглиги осмонлар ва ер баробари бўлган жаннатга шошилинглар (бунинг учун гўё мусобақа қилинглар). (Ул тақводорлар) фаровонликда ҳам, танқисликда ҳам молларини Аллоҳ йўлида сарфлайдилар. Ғазабларини ютишни биладилар ва одамларни кечирадилар. Аллоҳу таоло эҳсон (яхшилик) қилувчиларни севади».10
«Ана уларнинг мукофоти – Раббиларидан мағфират ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатлардир. Улар у ерда абадий қоладилар. Шундай қилганларнинг, Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига итоат қилганларнинг мукофоти нақадар гўзал!»11
«Агар биз кофирларни қириб, оёқларимиз остида топтаганимизни кўрсангиз ҳам, мен сизга хабар юбормагунимча, жойингизни асло ташламанглар!…» Ҳадиси шариф
Кўнгиллари иймонга тўла, кўзларидан жасорат учқунлари сачраётган, шаҳид бўлиш орзуси билан ёнаётган саҳобаи киром жойларида тура олмас, тезроқ душманга ташланиш учун амр кутарди. Бадр жангидагидек ҳазрати Али оқ, Зубайр ибн Аввом сариқ, Абу Дужона эса қизил саллаларини бошларига ўради. Ҳазрати Ҳамза ҳам туяқуш патидан қилинган туғини тақди. Икки қўшин бир-бирига анча яқинлашди. Энди ҳаяжон энг юқори нуқтасига етган эди.
Бир оздан сўнг, бир томонда Аллоҳу таолонинг динини ёйиш учун энг яқинлари билан жанг қилишдан ҳам сира иккиланмайдиган Ислом мужоҳидлари, иккинчи томонда ботил йўлларида қайсарлик қилаётган Ислом душманлари ўртасида катта майдон жанги бошланмоқчи эди.
Қўшинлар бир ўқ етадиган масофага яқинлашганларида, душман сафидан туясини олдинга сурган совутли бир мушрик мужоҳидлардан яккама-якка олишув учун рақиб талаб қилди. Ҳамма ундан чўчияпти деб ўйлаб, бу талабини уч марта такрорлади. Шунда Ислом қўшинидан узун бўйли, сариқ саллали бир қаҳрамон мужоҳид пиёда майдонга чиққани кўринди. Бу Пайғамбаримизнинг аммаваччалари Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) эди. Ислом қўшинидан «Аллоҳу акбар!…» садолари кўтарилар, ҳазрати Зубайрнинг ғолиб бўлиши учун дуо қилинарди. Зубайр ибн Аввом мушрикка яқинлашар-яқинлашмас, унинг туяси устига сакраб чиққани кўринди. Туя устида даҳшатли олишув бошланди. Шу пайт севимли Пайғамбаримизнинг: «Уни ерга йиқит!» – деганлари эшитилди. Ҳазрати Зубайр бу амрни олиши билан рақибини пастга итариб юборди. Кетидан ўзи ҳам сакраб тушиб, қиличини унинг бўйнига солди. Мушрикнинг дубулғали боши совутли танасидан ажралди. Пайғамбаримиз ҳазрати Зубайрга дуо қилдилар.
Сўнгра мушрикларнинг байроқдори Талҳа ибн Абу Талҳа майдонга отилиб чиқди ва: «Орангизда менинг қаршимга чиқадиган бирор киши борми?» – деб қичқирди. Унинг қаршисига Аллоҳу таолонинг шери ҳазрати Али чиқди. У бошдан-оёқ совутга бурканган мушрик байроқдорининг бошини бир зарба билан иягигача ёриб юборди. Буни кўрган севимли Пайғамбаримиз: «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» – деб такбир айтдилар. Бунга саҳобаи киром ҳам қўшилгач, такбир садолари еру кўкни ларзага келтирди.12
Мушрикларнинг байроғи ерга тушганини кўрган Талҳанинг биродари Усмон ибн Абу Талҳа майдонга югуриб чиқди. Байроқларини кўтариб, рақиб талаб қилди. Унинг қаршисига ҳазрати Ҳамза чиқди. У: «Ё Аллоҳ!» – деб Усмоннинг елкасига шундай қилич урдики, байроқ тутган қўли узилган мушрик ерга йиқилиб, жон берди.13
Бу гал мушрикларнинг байроғи яна ерга тушганини кўрган Абу Саъд ибн Абу Талҳа пиёда майдонга чиқди. У ҳам бошдан-оёқ совутли эди. Куфр байроғини ердан кўтарди-да, Ислом қўшинига ўгирилиб: «Мен – Қусамнинг отасиман. Менинг қаршимга ким чиқа олади?» – деб бақира бошлади. Пайғамбаримиз унинг қаршисига ҳам ҳазрати Алини чиқардилар. Ҳазрати Али бу мушрикни ҳам ўлдириб, байроқларини ерга қулатгач, мужоҳидлар сафидаги ўз жойини эгаллади.
Шундан кейин кўплаб мушриклар навбатма-навбат майдонга чиқиб, ерга тушган байроқларини кўтариб, мужоҳидлардан ўзларига қарши баҳодир чиқаришни талаб қилдилар. Аммо ҳар сафар Аллоҳу таолонинг изни билан қаҳрамон саҳобалар ғолиб чиқдилар. Ҳар бир байроқдор ўлдирилганда Ислом қўшинидан такбир садолари кўтарилар, душман сафларига эса катта ғам ва ноумидлик чўкарди. Ҳатто шовқин-сурони фалакка етган мушрик аёллари ҳам бир томондан ўз аскарларини: «Сизларга ҳайф!…» – деб ҳақоратлар, бир томондан: «Яна нимани кутиб турибсизлар?…» – деб жангга ундардилар.
Бу қиличнинг ҳақини ким адо этади?
Икки томон ҳам жойида тура олмаётган қизғин бир пайтда севимли Пайғамбаримиз қўлларида тутган қиличларини кўрсатдилар. Унинг устида шундай байт ёзилган эди:
Қўрқоқликда – шармандалик, олға юришда – шону шараф бор.
Инсон қўрқиш билан тақдирдан қутулмас.
Шунда у зотнинг: «Бу қилични мендан ким олади?» – деганлари эшитилди. Буни эшитган саҳобаи киромдан кўплари уни олиш учун бирданига қўлларини чўзишди. Пайғамбаримиз яна: «Унинг ҳақини адо этиш учун ким олади?» – деганларида, саҳобаи киром жим бўлиб, ортга чекинди. Қилични қизғин истаганлардан Зубайр ибн Аввом: «Мен оламан, ё Расулаллоҳ», – деди. Пайғамбаримиз қилични ҳазрати Зубайрга бермадилар. Абу Бакр, Умар, Алининг (розияллоҳу анҳум) илтимосларини ҳам Пайғамбаримиз қабул қилмадилар.
Абу Дужона: «Ё Расулаллоҳ! Бу қиличнинг ҳақи нима?» – деб сўради. Севимли Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Унинг ҳақи – эгилиб-букилгунча у билан душманга уришдир. Унинг ҳақи – у билан мусулмонни ўлдирмаслигинг, у билан кофирлар олдидан қочмаслигингдир. Аллоҳу таоло сенга ғалаба ёки шаҳидлик насиб қилгунча, у билан Аллоҳ йўлида жанг қилишингдир». Шунда Абу Дужона: «Ё Расулаллоҳ! Мен унинг ҳақини адо этиш учун оламан», – деди. Пайғамбаримиз қўлларидаги қилични унга топширдилар.14
Абу Дужона (розияллоҳу анҳу) ғоят жасур ва қаҳрамон бўлиш билан бирга, жанг майдонларида жуда зийраклик билан иш тутар, «Уруш – ҳийладир»15 деган ҳадиси шарифга тўла амал қиларди. Ҳазрати Абу Дужона қилични олгач, байтлар айтиб, жанг майдони томон савлат тўкиб, виқор ва ғурур билан қадам ташлаб кетди. Эгнида бир кўйлак ва бошида қизил салладан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
Ҳазрати Абу Дужонанинг бу юриши саҳобаи киром орасида унчалик яхши қабул қилинмади. Шунда Пайғамбаримиз: «Бу шундай юришки, бу ерлардан (жанг майдонларидан) ташқарида Аллоҳу таолонинг ғазабига сабаб бўлади», – деб, савлат тўкиб юришга фақат душман қаршисида рухсат берилганини билдирдилар.
Ортиқ кута олмаган Холид ибн Валид мушриклар сафидан ўз қўмондонлигидаги кучлар билан ҳужумга ўтди. Севимли Пайғамбаримиз ҳам жойларида тура олмаётган саҳобаи киромга ҳужум амрини бердилар. Бир онда жанг майдони «Аллоҳу акбар!» садоларига тўлди. Энг олдинда, совутсиз бўлинмаларнинг бошида ҳазрати Ҳамза қўлидаги қиличлари билан дуч келган ҳар бир кофирга қилич сола бошлади. Катта ҳирс билан келган Холид ибн Валиднинг кучлари дарҳол ортга улоқтирилди. Шундан кейин Холид ибн Валид тоғ ўтиш жойидан айланиб, орқадан зарба бериш учун кенг айланма йўл билан Айнайн тепалигига борди. Аммо ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жубайр ва унинг қўмондонлигидаги эллик йигит уларни шиддатли ўқ ёмғири билан ортга қайтардилар.
Энди жанг қизиб кетган эди. Икки томон ҳам бор кучи билан олишарди. Ҳар бир саҳоба камида тўрт мушрик билан олишиб, олға интиларди.
«Эй саҳобаларим! Сони оз кишиларга душман билан жанг қилиш оғир келади. Агар улар собитлик ва ғайрат кўрсатсалар, Аллоҳу таоло уларни фароғатга эриштиради» Ҳадиси шариф
Ҳазрати Ҳамза бир томондан: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» – деб ҳайқирар, бир томондан: «Мен – Аллоҳу таолонинг шериман!» – деб душманни қира-қира олға борарди. Сафвон ибн Умайя атрофидагиларга: «Ҳамза қаерда? Уни менга кўрсатинглар», – деб жанг майдонини кўздан кечирарди. Бирдан унинг кўзи икки қилич билан олишаётган бир кишига тушди ва: «Бу олишаётган ким?» – деб сўради. Атрофидагилар: «Сен излаган одам! Ҳамза!» – дейишди. Сафвон: «Мен шу кунгача ўз қавмини ўлдириш учун ташланаётган, унингдек ҳирсли ва довюрак бошқа бирор кишини кўрмаганман», – деди.
Жанг энг қизиган пайтда муҳожирлардан Зубайр ибн Аввом қилич ўзига берилмагани учун кўнгли ранжиб, ўз-ўзига: «Мен Расулуллоҳдан қилични сўрадим, аммо у зот уни Абу Дужонага бердилар. Ҳолбуки, мен у зотнинг аммалари Сафийянинг ўғлиман. Устига-устак қурайшликман. Аввал мен сўраган эдим-ку. Бориб кўрай-чи, Абу Дужона мендан ортиқ нима қилар экан?» – деди. Сўнгра у Абу Дужонани кузата бошлади. Ҳазрати Абу Дужона «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтар, мушриклардан кимга дуч келса, уни уриб ўлдирарди. Мушрикларнинг энг ашаддийларидан бири – йирик гавдали, ҳамма ёғи совут билан қопланган, фақат кўзларигина кўриниб турган бир киши Абу Дужонага рўпара келди. Аввал унинг ўзи ҳазрати Абу Дужонага ҳужум қилди. Абу Дужона унинг зарбасидан қалқони билан ҳимояланди. Мушрикнинг қиличи Абу Дужонанинг қалқонига ботиб қолди. У қиличига осилиб тортди, аммо чиқара олмади. Энди навбат Абу Дужонага келган эди. У бир қилич зарбаси билан рақибини ўлдирди.
Шундан сўнг Абу Дужона олдидан чиққан ҳар бир иймонсизни ағдариб, тоғ этагида доиралари билан мушрикларни қўзғатаётган аёллар ёнигача борди. Аммо қиличини кўтарган ҳолда Абу Суфённинг хотини Ҳиндни ўлдиришдан тийилди.16 Буни кўрган Зубайр ибн Аввом ўз-ўзига: «Қилич кимга берилиши кераклигини Аллоҳ ва Унинг Расули мендан яхшироқ билади», – деди. Сўнгра: «Валлоҳи, мен ундан яхшироқ олишадиган, қилич соладиган бирор кишини кўрмадим», – деб қўшимча қилди.
Миқдод ибн Асвад, Зубайр ибн Аввом, ҳазрати Али, ҳазрати Умар, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Мусъаб ибн Умайр – уларнинг ҳаммаси енгилмас бир қалъа эди. Пайғамбаримизнинг душманга жуда яқин туриб жанг қилаётганларини, қайта-қайта ҳужум қилаётганларини кўрган шонли саҳобалар жойларида тура олмасдилар. Расулуллоҳга бирор зарар етмасин деб, у зотнинг атрофларида тўпланишар, совутга бурканган душманга кўз очирмасдилар. Шу пайт ҳазрати Абдуллоҳ ибн Амрнинг шаҳид бўлгани кўринди. Бу Уҳуднинг биринчи шаҳиди эди. Унинг шаҳид бўлганини кўрган дўстлари шерга айланиб, Аллоҳу таолонинг розилиги учун душманнинг қоқ ўртасига ташландилар.
Жанг жуда қизиган бир пайтда мардлик тимсоли ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан ўқчиларнинг пири ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос учрашиб қолишди. Иккови ҳам турли жойларидан яраланган эди. Ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос шундай ҳикоя қилади: «Уҳудда жангнинг энг шиддатли пайтларидан бири эди. Бирдан Абдуллоҳ ибн Жаҳш ёнимга келди, қўлимдан ушлаб, мени бир қоянинг тагига тортди. Сўнгра менга: „Энди шу ерда сен дуо қил, мен «Омин» дейин. Кейин мен дуо қилай, сен эса «Омин» де!“ – деди. Мен: „Хўп“, – дедим. Мен шундай дуо қилдим: „Аллоҳим! Менга жуда кучли ва шафқатсиз душманларни рўпара қил. Улар билан аёвсиз олишай. Ҳаммасини ўлдирай. Ғозий бўлиб қайтай“. Менинг бу дуомга у бутун қалби билан: „Омин“, – деди.
Сўнгра у ўзи дуо қила бошлади: „Аллоҳим! Менга кучли душманларни рўпара қил, улар билан аёвсиз олишай. Жиҳоднинг ҳақини адо этай. Ҳаммасини ўлдирай. Охирида улардан бири мени шаҳид қилсин. Сўнгра лабларимни, бурнимни, қулоқларимни кессин. Мен қонга беланиб Сенинг ҳузурингга борай. Сен: «Абдуллоҳ! Лабларингни, бурнингни, қулоқларингни нима қилдинг?» – деб сўраганингда, мен: «Аллоҳим! Мен улар билан кўп хатоларга йўл қўйдим, уларни ўз ўрнида ишлата олмадим. Уларни ҳузурингга олиб келишга уялдим. Севимли Пайғамбарим қатнашган бир жангда чангу тупроққа беландим, шундай ҳолда келдим», – дейин“. Кўнглим бундай дуога „Омин“ дейишни истамасди. Аммо у шуни истагани ва мен олдиндан сўз берганим учун, истар-истамас: „Омин“, – дедим.
Сўнгра қиличларимизни яланғочлаб, жангни давом эттирдик. Иккаламиз ҳам олдимизга чиққанни ўлдирардик. У ғоят баҳодирларча ҳамла қилар ва душман сафларини тум-тарақай қилиб юборарди. Душманга қайта-қайта зарба берар, шаҳид бўлиш учун сўнмас бир орзу билан яна ташланарди. „Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!…“ – деб олишаётганида қиличи синиб қолди. Шу онда севимли Пайғамбаримиз унга бир хурмо шохини узатиб, жангни давом эттиришни буюрдилар. Бу шох мўъжиза бўлиб қиличга айланди ва у олдига чиққан билан олишишни давом эттирди. Кўплаб душманни ўлдирди. Жанг охирига яқин Абул Ҳакам исмли бир мушрикнинг отган ўқлари билан орзу қилган шаҳидлигига эришди. У шаҳид бўлгач, кофирлар унинг жасадига ёпирилиб, бурнини, лабларини ва қулоқларини кесдилар. Унинг ҳамма ёғи қонга беланди».
Мужоҳидлар сафида Қузмон исмли бир киши бор эди. У қиличининг қинини синдириб: «Ўлиш қочишдан кўра анча яхшидир!» – деди-да, яланғоч қилич билан мушриклар орасига шўнғиди. Қузмон кўп мардлик, қаҳрамонлик кўрсатди. Якка ўзи етти-саккизта кофирни ўлдирди. Охири яраланиб, ерга йиқилди. Саҳобаи киром унинг бу қаҳрамонлигидан ҳайратга тушиб, Пайғамбаримизга хабар беришганда, у зот: «У – жаҳаннамликдир», – дедилар. Ҳазрати Қатода ибн Нуъмон Қузмоннинг ёнига бориб: «Эй Қузмон! Шаҳидлик сенга муборак бўлсин!» – деганда, Қузмон: «Мен дин ғайрати учун эмас, қурайшликлар Мадинага келиб, хурмозоримни вайрон қилмасинлар деб урушдим!» – деди. Сўнгра у ўқ билан билак томирларини тешиб, ўз жонига қасд қилди. Шундай қилиб, Пайғамбаримизнинг: «У – жаҳаннамликдир!» – деган сўзларининг ҳикмати аён бўлди.
Жанг бошлангандан бери Оламлар сарвари севимли Пайғамбаримиздан бошлаб барча саҳобаи киром катта кураш олиб бордилар. Шиддатли ҳужумлар билан мушрик қўшинини ортга улоқтирдилар. Мушриклар тош ва ёғочдан ясаб, «Лот, Уззо, Ҳубал!» деб сиғинадиган бутларидан фойда ва ёрдам кутар эдилар. Мужоҳидларнинг бу қаҳрамонликлари қаршисида уларнинг тўдаси тарқалиб, қоча бошлади. Уларни жангга ундаш учун келган аёллар фарёд кўтариб, қочаётган аскарларга етиб олишга уринардилар.
Қурайш мушриклари жанг майдонини ташлаб, ўзлари билан келтирган молларини қолдириб, Макка томон қоча бошлаганларида, Ислом аскарлари севиниб, Аллоҳу таоло ўзларига ваъда қилган ғалабага эришганлари учун Унга ҳамд айтдилар. Сон ва куч жиҳатидан бир неча баробар устун бўлишларига қарамай, мушриклар мусулмонлар қаршисида хору паришон бўлган эдилар. Улар бир-бирини босиб-янчиб қочаётганларида, шонли саҳобалар уларни қувиб борар, етиб олганларини уриб ўлдирардилар. Ана шу тўс-тўполонда янги уйланган ҳазрати Ҳанзала ибн Абу Омир мушрик қўшинининг бош қўмондони Абу Суфёнга етиб олди; Абу Суфён оти билан қочишга уринаётган эди. Ҳанзала отнинг оёқларига қилич уриб, отни ерга чўктирди. Ерга йиқилган Абу Суфён бор кучи билан: «Эй қурайшликлар!… Етиб келинглар!… Мен – Абу Суфёнман! Ҳанзала мени қилич билан чопмоқчи!…» – деб фарёд қила бошлади. У билан бирга қочишга уринаётган мушриклар бу ҳолни кўрсалар ҳам, жон ҳолатида бўлиб, қўмондонларига эътибор бермадилар.
«Уруш – ҳийладир» Ҳадиси шариф
Аммо шу онда ҳазрати Ҳанзаланинг шундоқ орқасида турган мушрик Шаддод ибн Асвад найзасини Ҳанзаланинг орқасига санчди. Ҳазрати Ҳанзала «Аллоҳу акбар!» деб бир ҳамла қилмоқчи бўлса-да, ерга йиқилиб, шаҳид бўлди ва унинг муборак руҳи жаннатга учди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Мен фаришталар осмон билан ер ўртасида Ҳанзалани кумуш бир лаган ичида ёмғир суви билан юваётганларини кўрдим». Абу Усайдий шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳнинг бу сўзларини эшитгач, Ҳанзаланинг ёнига бордим. Унинг бошидан ёмғир суви томиб турарди. Қайтиб келиб, буни Расули акрамга хабар қилдим». Ҳазрати Ҳанзалани «Ғасилул малоика», яъни фаришталар ювган киши деб аташди.17
Айнайн ўтиш жойидаги ўқчиларнинг баъзилари мушрикларнинг қочаётганини кўриб, жанг тугади деб ўйлаб, жойларини ташлаб кетдилар. Уларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Жубайр ва ўн икки киши ўз жойларида қолдилар.18
Ҳазрати Алининг мардлиги
Шу пайтда ҳушёр кутиб турган, ҳар бир фурсатдан фойдаланишга уринаётган Қурайш ўқчи бўлинмасининг қўмондони Холид ибн Валид ўтиш жойидаги мужоҳидлар камайиб қолганини кўриб, қўл остидаги отлиқларни ҳаракатга келтирди.
Холид Икрима ибн Абу Жаҳл билан бирга бир зумда Айнайн ўтиш жойига етиб келди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жубайр ва унинг вафодор, содиқ дўстлари саф тортиб, ёйилиб турдилар. Ўқдонларидаги ўқлар тугагунча душманга ўқ ёғдирдилар. Сўнгра найзалари билан олишдилар, юзма-юз келганларида эса «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» деб, қиличлари билан кўп қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Иймонлилар билан иймонсизлар ўртасидаги нисбат жуда тенгсиз эди: бирга йигирма беш. Шонли саҳобаи киром Пайғамбарларининг амрини бажариш учун қонларининг сўнгги томчисигача олишдилар. Бирин-кетин шаҳидлик шарбатини ичиб, муборак вужудлари ерга қулади, руҳлари жаннатга учди (розияллоҳу анҳум).
Мушриклар кин-адоват билан ҳазрати Абдуллоҳнинг кийимларини ечиб, муборак баданини найзалар билан илма-тешик қилдилар. Қорнини ёриб, ичак-чавоғини ташқарига чиқардилар.
Холид ибн Валид билан Икрима ўтиш жойидаги мужоҳидларни шаҳид қилгач, Ислом қўшинига орқадан шиддат билан ҳужум қилдилар. Саҳобаи киром орқаларида бирдан пайдо бўлган душманни кўриб, йиғилиб олишга улгурмади. Чунки уларнинг кўплари ҳатто қуролларини ҳам қўйиб қўйган эди. Ҳамма нарса бирдан ўзгарди. Олдинда қочиб бораётган қурайшлик мушриклар Холид ибн Валиднинг орқадан ҳужумга ўтганини кўриб, ортга қайтдилар. Мужоҳидлар икки ўт орасида қолган эди. Душман олдидан ҳам, орқадан ҳам ҳужумга ўтиб, мужоҳидларни қисувга ола бошлади. Саҳобаларнинг бир-бирлари билан алоқаси узилди. Улар тарқалиб кетишга мажбур бўлдилар.19
Ҳазрати Али шундай ҳикоя қилди: «Орасида Икрима ибн Абу Жаҳл ҳам бўлган бир мушриклар тўдасининг ўртасига ташландим. Улар атрофимни ўраб олдилар, кўпини қиличдан ўтказдим. Бошқа бир тўданинг ичига кирдим, улардан ҳам кўпини сафдан чиқардим. Ажалим етмагани учун менга ҳеч нарса бўлмади. Бир маҳал Расулуллоҳни кўра олмай қолдим. Ўз-ўзимга: „Қасамки, у зот жанг майдонини ташлаб кетадиган зот эмаслар. Балки Аллоҳу таоло бизнинг номуносиб ишларимиз сабабли у зотни орамиздан олиб кетгандир! Энди мен учун олиша-олиша ўлишдан бошқа йўл қолмади“, – дедим-да, қиличимнинг қинини синдирдим. Мушриклар устига ҳужум қилиб, уларни тарқатиб юборганимда, Расулуллоҳнинг улар орасида қолганларини кўрдим. Шунда Аллоҳу таоло Расулуллоҳни фаришталари билан ҳимоя қилаётганини англадим».
Душман аскарлари Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ёнларигача яқинлашиб қолган эди. Вазият ғоят хатарли эди. Севимли Пайғамбаримиз худди салобатли бир тоғдек турар, собитлик кўрсатар, жойларидан жилмасдилар. У зот бир томондан душман билан олишар, бир томондан тарқалиб кетган саҳобаларини тўплашга уриниб, шундай дер эдилар: «Эй фалончи, мен томон кел! Эй фалончи, мен томон кел! Мен – Расулуллоҳман.
Менга қайтиб келганга жаннат бор!» Ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, Абдурраҳмон ибн Авф, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Али ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Аввом, Абу Дужона, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Абу Ваққос, Ҳубоб ибн Мунзир, Усайд ибн Ҳузайр, Саҳл ибн Ҳунайф, Осим ибн Собит, Ҳорис ибн Симма (розияллоҳу анҳум) бир онда севимли Пайғамбаримизнинг атрофларида ҳалқа бўлиб, у зотни ҳимоя қилиш учун тирик қалъа деворини ҳосил қилдилар.
Шу пайт ҳазрати Аббос ибн Убоданинг тарқалган саҳобаи киромни тўплаш учун ҳайқирган овози эшитилди: «Эй биродарларим! Бошимизга тушган бу мусибат – Пайғамбаримизнинг амрини бажармаганимизнинг оқибатидир. Тарқалманглар! Пайғамбаримизнинг атрофларига келинглар! Агар биз у зотни ҳимоя қилаётганлар ёнидан жой олмасак ва бизнинг сабабимиз билан Расулуллоҳга бирор зарар етса, Раббимиз ҳузурида айтадиган ҳеч бир узримиз қолмайди!» Ҳазрати Аббос ибн Убода Хорижа ибн Зайд ва Авс ибн Арқам билан бирга «Аллоҳу акбар!» деб, яланғоч қилич билан душман ичига шўнғиди. Улар Расулуллоҳ йўлида, у зотни ҳимоя қилиш учун қаҳрамонларча олишдилар. Хорижа ибн Зайд ўн тўққиз жойидан яраланган эди. Бошқаларининг жароҳатлари ҳам ундан кам эмасди. Учовлари ҳам жуда қўмсаган шаҳидлик мартабасига эришдилар.
Бу ғоят хатарли пайтда саҳобаи киром Пайғамбаримиз атрофида аста-секин тўплана бошлади. Мушриклар севимли Пайғамбаримизни ва у зотга баданларини қалқон қилган шонли саҳобаларини ҳалқа ичига олдилар. Ҳар томондан тўда-тўда бўлиб олға силжиб, ҳалқани торайтирардилар. Қурайшликлардан бир тўданинг олдинга отилганини кўрган Оламлар сарвари ёнларидаги, жонларини фидо қилишга тайёр турган саҳобаларига: «Мана бу тўдани ким қаршилайди?» – деганларида, ҳазрати Ваҳб ибн Қобуснинг: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Мен қаршилайман!» – деб олдинга отилгани кўринди. Аллоҳу таолонинг шарафли исмини тилидан қўймайдиган бу қаҳрамон яланғоч қилич билан мушриклар орасига кириб кетди. Пайғамбаримиз: «Сенга жаннат хушхабарини бераман», – дедилар. Унинг душман қаршисида кўрсатган собитлиги ва ғайратини кўриб: «Аллоҳим! Унга раҳмат айла! Унга раҳм қил!» – дедилар.
Мушрикларнинг ҳазрати Ваҳбни ўртага олиб, найзалар билан шаҳид қилганларини кўрган Саъд ибн Абу Ваққос унга ёрдам бериш учун олдинга ташланди, душманнинг ўртасига кириб, мисли кўрилмаган қаҳрамонликлар кўрсатди. Кўплаб кофирни сафдан чиқарди, қолганларини ортга улоқтириб, севимли Пайғамбарининг ёнига қайтиб келди. Расули акрам ҳазрати Ваҳб ҳақида: «Мен сендан розиман. Аллоҳу таоло ҳам рози бўлсин», – дедилар. Ҳабиби акрам бир мушриклар тўдаси мужоҳидлар ҳалқасини ёриб, ўзлари томон келаётганини кўриб, ҳазрати Алига: «Уларга ҳужум қил!» – дедилар. Ҳазрати Али ҳужум қилиб, Амр ибн Абдуллоҳни ўлдирди, қолганларини қочирди. Қиличи синганда, Пайғамбаримиз унга Зулфиқорни бердилар. Бошқа бир тўда келаётганда, Пайғамбаримиз: «Ё Али! Буларнинг ёмонлигини мендан даф қил», – дедилар. Жонини Расулуллоҳга фидо қилган Аллоҳу таолонинг шери дарҳол ҳужумга ўтди. Шайба ибн Моликни ўлдириб, қолганларини ортга қайтарди. Шу онда Жаброил алайҳиссалом келиб, Пайғамбаримизга: «Ё Расулаллоҳ! Бу – Алидан зоҳир бўлган фавқулодда бир жавонмардликдир», – деди. Расулуллоҳ: «У мендан, мен ҳам унданман», – дедилар.
«Мен фаришталар осмон билан ер ўртасида Ҳанзалани кумуш бир лаган ичида ёмғир суви билан юваётганларини кўрдим» Ҳадиси шариф
Жаброил алайҳиссалом ҳам: «Мен ҳам иккингиздандирман», – деди. Шу онда: «Алидек йигит, Зулфиқордек қилич йўқдир», – деган бир овоз эшитилди.
Севимли Пайғамбаримизга яқинлаша олмасликларини тушунган мушриклар ўқ уза бошладилар. Отилган ўқлар ё у зотнинг устларидан ўтиб кетар, ё олдиларига, ё ўнгларига, ё чапларига тушарди.
Душманни ортга улоқтириш учун жонларини аямай олишаётган саҳобаи киром бу ҳолни кўриши билан Оламлар сарвари атрофига тўпланиб, келаётган ўқларга муборак вужудларини қалқон қила бошладилар. Пайғамбаримиз саҳобаларига ўқ билан жавоб беришни буюрганларида, саҳобалар ҳам душманга ўқ уза бошладилар. Севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққосни ўз олдиларига ўтқаздилар. Ғоят моҳир мерган бўлган ҳазрати Саъд тезлик билан, кетма-кет душманга ўқ ёғдира бошлади. Ўқдонидан, яъни ўқ солинадиган халтадан ҳар бир ўқни чиқарганда, у: «Ё Раббим! Бу – Сенинг ўқинг. У билан душманни ур!» – дер, Пайғамбаримиз эса: «Аллоҳим! Саъднинг дуосини қабул қил! Аллоҳим! Саъднинг ўқини нишонга етказ!… Давом эт, Саъд! Давом эт! Ота-онам сенга фидо бўлсин!» – дер эдилар. Шу тариқа ҳар бир ўқ отилганда Пайғамбаримиз ўша дуоларини такрорлардилар.
Ҳазрати Саъднинг ўқлари тугагач, севимли Пайғамбаримиз унга ўз ўқларини бериб оттирдилар. Ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққоснинг ҳар бир ўқи ё бир душманга, ё у минган ҳайвонга тегарди.
Мушриклар ўқ отганларида ҳазрати Абу Талҳа севимли Пайғамбаримизнинг олдиларини тўсиб, келаётган ҳар бир ўққа ўз танаси ва қалқони билан тўсиқ бўлар, орада душманни саросимага соладиган наъралар тортарди. Пайғамбаримиз: «Қўшин ичида Абу Талҳанинг овози юз кишидан яхшироқдир», – дедилар. Абу Талҳа фурсат топди дегунча мушрикларга ўқ отишдан тўхтамас, кучли ва жуда тез отар, отган ўқи бекорга кетмасди. Расули акрам унинг отган ўқларига қизиқиб, муборак бошларини кўтарганларида, Абу Талҳа Расулуллоҳга ўқ тегиб кетишидан қўрқиб, шундай дер эди: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Муборак бошингизни кўтарманг, сизга душман ўқи тегиб, зарар бермасин! Баданим муборак баданингизга қалқон ва сизга фидодир! Мени бўғизламагунларича сизга ета олмайдилар! Мен ўлмагунимча сизга ҳеч нарса бўлмайди!…» Шу тариқа у севимли Пайғамбаримизни ўз жонидан устун қўярди.
Уҳуд майдонининг ҳар томонида шафқатсиз, даҳшатли олишув бор шиддати билан давом этар, баъзилари отлиқ, баъзилари пиёда ҳолда иймон билан куфр курашини олиб борардилар. Саҳобаи киром ҳали тўплана олмаган эди. Пайғамбаримизнинг атрофларида бор-йўғи ўттизга яқин саҳоба парвонадек айланарди. Улар келаётган ўқларга, найзаларга, қилич зарбаларига ўз баданларини қалқон қилардилар. Уларнинг ягона орзуси – Пайғамбаримизнинг амрини бажариш ва у зотга етиши мумкин бўлган ҳар қандай зарарни узоқлаштириш эди. Йигитларнинг сардори ҳазрати Ҳамза ўша тўс-тўполонда Пайғамбаримиздан ажралиб қолган эди. У бир оломоннинг ўртасида икки қўлида икки қилич билан олишар, «Аллоҳу акбар!…» садолари билан душман қалбига қўрқув соларди. Шу пайтгача у якка ўзи роппа-роса ўттиз бир мушрикни ўлдирган, кўпларини эса қўлидан ёки оёғидан жудо қилган эди. Ўртасига тушиб қолган мушриклар тўдасини тарқатаётган бир пайтда Сибоъ ибн Умму Анмор: «Менга бас келадиган бирор йигит борми?» – деб ҳазрати Ҳамзани майдонга чақирди. Ҳазрати Ҳамза: «Ёнимга кел, эй хатна қилувчи хотиннинг ўғли! Демак, сен Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши майдонга чиқяпсан, шундайми?» – деди-да, унга кўз очирмай, оёқларидан ушлаб, ерга ётқизди.20 Ҳазрати Ҳамза унинг устига чўкиб, бошини танасидан жудо қилди. Сўнгра у қаршидаги қоя ортида ҳали мусулмон бўлмаган Ваҳшийнинг қўлида найза билан ўзини нишонга олаётганини кўрди. Дарҳол унинг устига юрди, аммо олдидаги сел ўйиб кетган чуқурга келганда, оёғи тойиб, чалқанча йиқилди. Шу онда қорни томондан совути очилиб қолди. Фурсатни қўлдан бермаган Ваҳший найзасини улоқтирди!… Найза учиб келиб, ҳазрати Ҳамзанинг муборак баданига санчилди ва нариги томонидан чиқди. Қаҳрамонларнинг улуғи: «Аллоҳим!» – деб ўша ерга чўкди. У шаҳид бўлди, қўмсаган мақомига етишди. Аллоҳу таолонинг йўлида, севимли Пайғамбари учун жонини фидо қилди (розияллоҳу анҳу).
«Ё Саъд! Ота-онам сенга фидо бўлсин! Ё Раббим! Унинг ўқларини нишонига етказ ва дуоларини қабул қил!» Ҳадиси шариф
Шу пайт душман сафларида кимдир: «Эй Қурайш жамоаси! Қариндошлик ҳақларига риоя қилмаган, қавмингизни бўлиб юборган Муҳаммад билан олишишдан тўхтаманглар. Агар Муҳаммад қутулса, мен қутулмай!…» – деб мушрикларни Коинот сарварига (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳужум қилишга ундарди. Бу овоз Осим ибн Абу Авфнинг овози эди. Ҳазрати Абу Дужона бу овозни эшитди. У олиша-олиша Осим ибн Абу Авфни топди ва дарҳол ўлдирди. Аммо унинг орқасидаги мушрик Маъбад бор кучи билан ҳазрати Абу Дужонага қилич силтади. Аллоҳу таолонинг бир эҳсони бўлиб, тўсатдан ва жуда тез бир ҳаракат билан ерга чўккан Абу Дужона ўлдирувчи зарбадан қутулиб қолди. У дарҳол туриб, Маъбадга қилич уриб, уни ўлдирди.
Қурайш мушрикларининг нишони Оламлар сарвари эдилар. У зотга яқинлашиш учун бор кучларини сарфлардилар. Аммо у зотнинг атрофларида парвонадек айланаётган, у зотга бирор зарар етишидан қўрқиб, жонларини фидо қилишдан заррача ҳам тортинмайдиган шонли, шарафли саҳобаларини сира ёриб ўта олмасдилар. Бу ўттиз қаҳрамон йигит Расулуллоҳнинг олдиларида шундай дейишди: «Ё Расулаллоҳ! Ёнингиздан ҳеч ажралмаслик учун юзларимиз муборак юзингиз олдида тўсиқ ва қалқон, баданларимиз муборак баданингизга фидо; фақат сиз саломат бўлинг!»
Мушриклар тўда-тўда бўлиб ҳужум қилардилар. Фахри олам бир тўдани кўрсатиб, ёнларидаги, баданларини у зотга қалқон қилган қаҳрамон саҳобаларига: «Аллоҳу таоло йўлида ким баданини биз учун фидо қилади?» – деганларида, мадиналик беш саҳоба олдинга отилди. Бу қаҳрамон парвоналар Расулуллоҳнинг муборак кўзлари олдида такбир айта-айта, айлана-айлана олишдилар. Охири уларнинг тўрттаси ўша ернинг ўзида шаҳид бўлди. Бешинчиси ўн тўрт жойидан яраланиб, ерга йиқилганда, Оламлар сарвари: «Уни менинг ёнимга келтиринглар», – дедилар. Унинг баданининг ҳамма жойидан қон оқарди. Севимли Пайғамбаримиз ўтириб, муборак оёқларини унинг бошига ёстиқ қилдилар. Шу ҳолда шаҳид бўлиш шарафига эришган бу бахтли саҳоба ҳазрати Умора ибн Язид эди.
Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг қаҳрамонлиги
Мушриклар жуда яқинлашиб қолган бир пайтда Пайғамбаримиз: «Буларни ким қаршилайди, ким тўхтатади?» – дедилар. Ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ: «Мен! Ё Расулаллоҳ!» – деб олдинга ташланмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз: «Сендек яна ким бор?» – дедилар. Мадиналик саҳобалардан бири: «Ё Расулаллоҳ! Мен!» – деб изн сўради. Севимли Пайғамбаримиз: «Қани, сен қаршила», – деганларида, у олдинга отилиб, мушриклар устига ташланди.
У тенгсиз қаҳрамонликлар кўрсатди. Бир неча иймонсизни ўлдиргач, шаҳидлик шарбатини ичди.21 Расули акрам яна: «Буларга ким қарши туради?» – дедилар. Ҳаммадан олдин яна ҳазрати Талҳа чиқди. Пайғамбаримиз: «Сендек яна ким бор?» – деб сўраганларида, ансорлардан бир муборак киши: «Мен қаршилайман, ё Расулаллоҳ», – деди. Пайғамбаримиз: «Қани, уларни сен қаршила», – дедилар. У ҳам мушриклар билан олиша-олиша шаҳид бўлди. Шу тариқа ўша пайтда Пайғамбаримизнинг ёнларида бўлган барча саҳобалар олиша-олиша шаҳидликка эришдилар.
Энди Коинот султонининг ёнларида ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳдан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Ҳазрати Талҳа Расулуллоҳга бирор зарар етишидан хавотирланиб, тўрт томонга югурар, кофирлар билан аёвсиз олишарди. Унинг шунчалик тез қилич силташи, бир онда Расулуллоҳнинг ҳар томонидаги душманга жавоб қайтариши, ўқ, найза ва қилич зарбаларига ўз баданини қалқон қилиши мисли кўрилмаган бир ҳодиса эди. Ҳазрати Талҳа парвонадек айланар, ўзига тегаётган қиличларга сира парво қилмасди. Унинг орзуси – Коинот султонини ҳимоя қилиш, бу йўлда бошқа биродарлари каби шаҳид бўлиш эди. Баданида яраланмаган жой қолмаган, кийимида қондан бошқа ҳеч нарса кўринмас эди. Шунга қарамай, у тўрт томонга бирдан улгурарди. Шу пайт Расули акрамнинг ёнларига ҳазрати Абу Бакр билан ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос етиб келишди.
Шу орада йигитларнинг сарвари ҳазрати Талҳа қон йўқотганидан иссиқ тупроққа йиқилиб, ҳушидан кетди. Унинг ҳамма жойи қилич, найза ва ўқ зарбаларидан илма-тешик эди. Унинг олтмиш олтита катта ва санаб бўлмайдиган даражада кўп майда яралари бор эди. Севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Абу Бакрга дарҳол ҳазрати Талҳага ёрдамга шошилишни буюрдилар. Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати Талҳа ҳушига келсин деб, унинг муборак юзига сув сепди. Ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳушига келар-келмас: «Ё Абу Бакр! Расулуллоҳ соғ-саломатмилар?» – деб, муҳаббат ва садоқатнинг энг гўзалини кўрсатди. Расули акрамни севиш, жонини у зотнинг муборак баданларига фидо қилиш фақат шундай бўлади. Ҳазрати Абу Бакр: «Расулуллоҳ соғлар. Мени у зот юбордилар», – деганда, Талҳа енгил нафас олиб: «Аллоҳу таолога чексиз шукрлар бўлсин. У зот соғ бўлсалар, ҳар қандай мусибат ҳеч нарсадир», – деди. Шу пайт яна бир неча саҳоба етиб келган эди.
Оламлар сарвари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) ҳазрати Талҳанинг ёнига ташриф буюрдилар. Ярадор мужоҳид Расулуллоҳни соғ-саломат кўриб, севинчдан йиғлаб юборди. Пайғамбаримиз унинг баданини силагач, қўлларини очиб: «Аллоҳим! Унга шифо бер, куч-қувват ато эт», – деб дуо қилдилар. Расули акрамнинг бир мўъжизаси бўлиб, ҳазрати Талҳа соппа-соғ ҳолда оёққа турди ва яна душман билан жанг қила бошлади. Севимли Пайғамбаримиз у ҳақда шундай дедилар: «Уҳуд куни ер юзида ўнгимда Жаброилдан, чапимда эса Талҳа ибн Убайдуллоҳдан бошқа менга яқин ҳеч ким йўқлигини кўрдим».22 «Ер юзида юрган жаннатлик бир кишини кўришни истаган Талҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин».
«Талҳа билан Зубайр – жаннатда менинг қўшниларимдир» Ҳадиси шариф
Бутун жанг майдонида тўқнашув бор шиддати билан давом этарди. Пайғамбаримизнинг атрофларида Абу Дужона, байроқдор Мусъаб ибн Умайр, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Пайғамбаримизни ҳимоя қилиш учун орқа сафлардан югуриб етиб келган Насиба хоним ва бир неча саҳоба бор эди. Улар Расулуллоҳ билан бирга мушрикларга қарши олишардилар. Бошдан-оёқ қуролланган, совут ва дубулға кийган ашаддий мушрик Абдуллоҳ ибн Ҳунайд севимли Пайғамбаримизни кўриб, отини ниқтаб чоптирди. У: «Мен – Зуҳайрнинг ўғлиман. Менга Муҳаммадни кўрсатинглар. Ё мен уни ўлдираман, ё унинг ёнида ўламан!» – деб бақирарди. У отини Пайғамбаримиз томон ҳайдаганда, ҳазрати Абу Дужона унинг йўлини тўсиб, шундай деди: «Қани, бу ёққа кел! Мен – ўз баданим билан Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак баданларини ҳимоя қилаётган кишиман. Мени топтамагунингча, у зотга ета олмайсан!» Отнинг оёқларига қилич уриб, Абдуллоҳ ибн Ҳунайдни ерга йиқитди-да, қиличини кўтариб: «Ма, бу ҳам Харашанинг ўғлидан!» – деб, бир зарба билан ерга ётқизди. Бу воқеани кузатиб турган Оламлар сарвари: «Аллоҳим! Харашанинг ўғлидан (Абу Дужонадан) мен қандай рози бўлсам, Сен ҳам ундан шундай рози бўл!» – деб дуо қилдилар.
Мушриклардан ғоят ўткир мерган, отган ҳар бир ўқини нишонга теккизадиган ўқчи Молик ибн Зуҳайр ҳамма ердан Пайғамбаримизни излар, фурсат топиши билан у зотга ўқ теккизмоқчи бўларди. У Расулуллоҳга анча яқин келди-да, ёйини тортиб, севимли Пайғамбаримизнинг муборак бошларини нишонга олиб, ўқини отди. Кўз очиб юмгунча ҳам вақт йўқ эди. Ҳазрати Талҳа дарҳол кафтини очиб, ўқнинг қаршисига тутди. Ўқ ҳазрати Талҳанинг кафтига санчилиб, қўлини парча-парча қилди. Бармоқларининг барча пайлари узилди, қўлининг суяклари синди. Бўлиб ўтган воқеани Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам кўриб, жуда хафа бўлдилар ва шундай дедилар: «Агар (мени ҳимоя қилиш учун қўлингни ўққа тутаётганингда) „Бисмиллаҳир роҳманир роҳим“ деганингда, одамлар сенга қараб турганларида, фаришталар сени осмонларга кўтариб кетган бўлардилар».23
Макка мушрикларидан Абдуллоҳ ибн Қамиъа, Убай ибн Халаф, Утба ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Шиҳоб Зуҳрий исмли тўрт мушрик Расули акрамнинг ҳаётларига қасд қилиш учун келишиб, қасам ичган эдилар. Ана шу танг пайтда Расулуллоҳ ёнларидаги бир неча саҳоба билан душманга қарши аёвсиз курашардилар. Пайғамбаримизнинг олдиларида байроқдор ҳазрати Мусъаб ибн Умайр бор эди. Ҳазрати Мусъаб кийган совути сабабли севимли Пайғамбаримизга жуда ўхшарди. У ҳам ўнг қўлида Ислом байроғини тутган ҳолда мушриклар билан даҳшатли курашга киришган эди. Шу пайт совутга бурканган Ибн Қамиъа от устида у ерга яқинлашди. У: «Менга Муҳаммадни кўрсатинглар! У қутулса, мен қутулмай!» – деб, овози борича бақириб, отини Пайғамбаримиз томон ниқтаб ҳайдади. Ҳазрати Мусъаб билан Насиба хоним унга қарши туриб, баданларини Пайғамбаримизга қалқон қилиб олиша бошладилар. Бу кофирга қанча қилич урсалар ҳам, совути сабабли таъсир қилмади. Ибн Қамиъа Насиба хонимга қилич уриб, елкасини ёриб юборди. Сўнгра ҳазрати Мусъабнинг байроқ тутган ўнг қўлига қилич урди. Ўнг қўли кесилган Мусъаб ибн Умайр ўз жонидан ҳам азиз билган муборак Ислом байроғини ерга туширмай, чап қўлига олди.
Шу пайт у маъноси шундай бўлган ояти каримани ўқир эди: «Муҳаммад алайҳиссалом – расулдир. Ундан олдин ҳам расуллар келиб ўтгандир».24 Бу гал Ибн Қамиъа ҳазрати Мусъабнинг чап қўлига қилич урди. Чап қўли ҳам кесилган шонли байроқдор Ислом байроғини ҳамон ерга туширмади. Қаҳрамон саҳоба байроқни билаклари билан тутиб, кўксига босди ва уни ҳилпиратишда давом этди. Шундан кейин Ибн Қамиъа шонли саҳобанинг баданига найзасини санчди. У ҳам бошқа дўстлари каби шаҳид бўлиб, охиратга риҳлат қилди.
Ҳазрати Мусъаб ерга йиқилганда, шонли Ислом байроғи ерга туширилмади: уни дарҳол Мусъабнинг қиёфасига кирган бир фаришта илиб олди. Севимли Пайғамбаримиз: «Олға, ё Мусъаб! Олға!» – деганларида, байроқни тутган фаришта: «Мен Мусъаб эмасман», – деди. Шунда Коинот султони унинг фаришта эканини англаб, байроқни ҳазрати Алига бердилар.25
Ибн Қамиъа эса ҳазрати Мусъабни Пайғамбаримиз деб ўйлагани учун, шошилиб мушриклар орасига борди ва: «Муҳаммадни ўлдирдим!» – деб бақира бошлади. Буни эшитган мушриклар мақсадларига етганликларининг завқидан янада қутуриб кетдилар. Воқеанинг аслини била олмаган саҳобаи киромнинг эса қўл-оёғи ишламай қолди. Атрофда мотам ҳавоси эсарди. Ҳатто ҳазрати Умарнинг ҳам қўллари шалвираб, у дўстлари билан турган жойида ўтириб қолган эди. Анас ибн Назр уларни шу ҳолда кўриб: «Нега ўтирибсизлар?» – деб сўради.
Улар: «Расулуллоҳ шаҳид қилинибдилар!…» – деб жавоб беришди. Ҳазрати Анас шундай деди: «Агар Расулуллоҳ шаҳид қилинган бўлсалар, у зотнинг Рабби (Аллоҳу таоло) боқийдир. Расулуллоҳдан кейин биз тирик қолиб нима қиламиз! Қани, туринглар! Пайғамбаримиз қайси мақсад учун олишиб, муборак жонларини фидо қилган бўлсалар, биз ҳам ўша мақсад учун жонимизни фидо қилайлик». Анас қиличининг қинини синдирди26 ва «Аллоҳу акбар!…» садолари билан яланғоч қилич билан душманнинг ўртасига шўнғиди. Кофирлардан кўпларини қириб, шаҳид бўлди. Унинг фақат юзида етмишта яра бор эди. Баданида санаб бўлмайдиган даражада кўп яра бўлгани учун уни синглисидан бошқа ҳеч ким таний олмади.
Саҳобаи киромнинг кўплари тарқалиб кетган, бир қисми эса шаҳидликка эришган эди. Уларнинг бундай тарқоқлигидан фойдаланган мушриклар Расули акрамнинг атрофларига тўпландилар. Тош билан, қилич билан икки жаҳон султонини шаҳид қилишга уриндилар. Устларида иккита совут бўлгани учун зарбалар таъсир қилмади. Утба ибн Абу Ваққоснинг отган тошлари севимли Пайғамбаримизнинг муборак юзларига тегиб, пастки лабларини яралади. Пастки жағларидаги муборак ўнг рабоъия, яъни курак тишлари синди. Шу пайт Ибн Қамиъа деган мушрик ҳам келиб, Оламлар сарварининг муборак бошларига қилич урди. Севимли Пайғамбаримизнинг дубулғалари ёрилиб, унинг икки ҳалқаси муборак чаккаларига ботди.
Ибн Қамиъанинг яна бир қилич зарбаси билан у зот муборак елкаларидан яраландилар ва мусулмонларни йиқитиш учун Абу Омир қазиган чуқур ўрага ёнбошлари билан йиқилдилар. Севимли Пайғамбаримиз хоин Ибн Қамиъа ҳақида: «Аллоҳу таоло сени хору зор ва паришон қилсин!» – деб дуо қилдилар. Ибн Қамиъа ғоят севиниб: «Муҳаммадни ўлдирдим! Муҳаммадни ўлдирдим!…» – деб бақира-бақира Абу Суфённинг ёнига кетди. Мушриклар мақсадларига етган эдилар! Энди улар Пайғамбаримизга парво қилмай қўйган эдилар. Пайғамбаримиз бўлган ўра атрофидан чекиниб, саҳобаи киром билан олиша бошладилар.27
«Ер юзида юрган жаннатлик бир кишини кўришни истаган Талҳа ибн Убайдуллоҳга қарасин» Ҳадиси шариф
Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўрага йиқилганларида, муборак ёноқларидан қон оқаётган эди. Муборак қўлларини юзларига суртганларида, қўллари ва соқоли шарифларининг қонга бўялганини кўрдилар. Ундан бир томчи ҳам ерга тушмасдан Жаброил алайҳиссалом етиб келиб, ўша муборак қонни илиб олди ва шундай деди: «Ё Ҳабибаллоҳ! Аллоҳу таолонинг ҳаққи учун, агар бу қондан бир томчи ерга тушса, то қиёматгача ерда ўт унмас эди». Фахри олам: «Агар мендан бир томчи қон ерга тушса, осмондан азоб нозил бўлади. Ё Раббим! Қавмимни кечир! Чунки улар билмайдилар», – деб, ўзларини ўлдиришга қасд қилган, муборак баданларига қилич урган, муборак тишларини синдирган ва муборак юзларини қонга бўяган кимсаларнинг ҳидоятга (тўғри йўлга) келишлари учун дуо қилардилар.
Шу пайт ҳазрати Каъб ибн Молик: «Эй мусулмонлар! Хушхабар! Мана, Расулуллоҳ шу ерда!…» – деб баланд овоз билан ҳайқирарди. Бу овозни эшитган шонли саҳобалар гўё қайта ҳаёт топгандек севиниб, у ерга югуриб келдилар. Ҳазрати Али билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ дарҳол етиб келиб, у зотни ўрадан чиқардилар. Ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ севимли Пайғамбаримизнинг муборак чаккаларига ботган дубулға ҳалқаларини тишлари билан тортиб чиқарди. Бу темир парчаларини чиқараётганда унинг ўзининг иккита олд тиши ҳам суғурилиб чиқди. Саҳобаи киромдан ҳазрати Молик ибн Синон Расулуллоҳнинг муборак юзларидан сизиб чиқаётган қонни сўриб олди. Шунда Пайғамбаримиз: «Қони менинг қонимга қўшилган кишига жаҳаннам ўти тегмайди», – дедилар.
Мушриклар яна устларига кела бошладилар. Саҳобаи киром Пайғамбаримизга қайта етишганларининг севинчи билан бир онда Расулуллоҳнинг атрофларида ҳалқа бўлиб, бирорта мушрикни яқин йўлатмадилар. Мушриклар Пайғамбаримизга энди ҳеч нарса қила олмасликларини тушуниб, тоғ чўққисига чиқа бошладилар. Икки жаҳон султони ёнларидаги ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққосга: «Уларни ортга қайтар», – дедилар. Ҳазрати Саъд: «Ё Расулаллоҳ! Менда бор-йўғи битта ўқим бор. У билан уларни қандай қайтарай?» – деб сўраганда, Расули акрам ўша амрни яна такрорладилар. Шундан кейин ўқчиларнинг пири ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос қўлини ўқдонига солиб, ўқини отди. Нишонга теккан ўқ бир мушрикни йиқитди. Қўлини яна ўқдонига узатганда, унда яна бир ўқ борлигини кўрди. Диққат билан қараса, бу бояги отган ўқи эди. Яна бир мушрик ўлди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Бу – севимли Пайғамбаримизнинг бир мўъжизаси эди: ҳазрати Саъд ҳар сафар ўқдонида аввал отган ўқини топарди. Одамлари кетма-кет ўлдирилаётганини кўрган қурайшликлар тоққа чиқишдан воз кечдилар. Пастга тушиб, ортга чекиндилар.
Улар орасидан Убай ибн Халаф отини Пайғамбаримиз томон ҳайдаб: «Пайғамбарман, деб даъво қилаётган ўша одам қани? Қаршимга чиқсин-да, мен билан олишсин!» – деб бақира бошлади. Саҳобаи киром унга қарши чиқмоқчи бўлишса ҳам, севимли Пайғамбаримиз рухсат бермадилар. Ҳазрати Ҳорис ибн Симманинг найзасини олиб, ўзлари олдинга чиқдилар. Пасткаш Убай отини ниқтаб: «Эй Муҳаммад! Сен қутулсанг, мен қутулмай!» – деб яқинлашди. У бошдан-оёқ совутга бурканган эди. Оламлар сарвари қўлларидаги найзани Убайнинг бўйнига улоқтирдилар. Найза учиб бориб, дубулғаси билан совутининг ёқаси орасидан унинг бўйнига санчилди. Убай ҳўкиздек бўкириб, отидан ерга юмалаб тушди. Қовурға суяклари синди. Мушриклар уни кўтариб олиб кетдилар. Йўлда у: «Муҳаммад мени ўлдирди!…» – деб бақира-бақира жон берди. Расулуллоҳ ёнларидаги саҳобалари билан Уҳуд қоятошлари томон кўтарила бошладилар. Қоялар ёнига борганларида, юқорига чиқмоқчи бўлдилар. Аммо ғоят чарчаганлари, устма-уст иккита совут кийганлари ва муборак баданларига етмишдан ортиқ қилич урилгани учун бунга мадорлари етмади. Шунда ҳазрати Талҳа Пайғамбаримизни орқасига олиб, қоялар устига чиқарди. Севимли Пайғамбаримиз: «Талҳа Расулуллоҳга ёрдам берганда, унга жаннат вожиб бўлди», – дедилар. Ҳеч мадорлари қолмагани учун пешин намозини ўтириб адо этдилар.
Тоғ этакларида саҳобаларнинг ҳар бири бир шерга айланиб, мушриклар устига ташланарди. Улар Пайғамбаримизга қилич урганларга дунёни зиндон қилишган эди. Бир маҳал Ҳотиб ибн Балтаъа севимли Пайғамбаримизнинг ёнларига келиб: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Сизга буни ким қилди?» – деб сўради. Пайғамбаримиз шундай дедилар:
«Утба ибн Абу Ваққос менга тош отиб, юзимга урди ва рабоъия тишимни синдирди». Шундан кейин ҳазрати Ҳотиб: «Ё Расулаллоҳ! У қайси томонга кетди?» – деб яна сўради. Пайғамбаримиз унинг кетган томонини ишора билан кўрсатдилар. Ҳазрати Ҳотиб дарҳол ўша томонга югурди. Излай-излай Утбани топди. Уни отидан йиқитиб, бир зарба билан бошини кесди-да, уни Расулуллоҳнинг ҳузурларига келтириб, хушхабар берди. Пайғамбаримиз: «Аллоҳу таоло сендан рози бўлсин. Аллоҳу таоло сендан рози бўлсин», – деб унга дуо қилдилар. Йиғилиб, қайта ҳужумга ўтган саҳобаи киром қаршисида мушриклар бардош бера олмадилар. Ўттизга яқин кишисини йўқотиб, жанг майдонини ташладилар ва Макка томон йўлга тушдилар. Пайғамбаримизнинг шаҳид бўлганлари ҳақидаги миш-миш Мадинага етиб борган эди. Ҳазрати Фотима, ҳазрати Оиша, Умму Сулайм, Умму Айман, Ҳамна бинт Жаҳш, Куайба каби аёллар Уҳудга югуриб келдилар. Ҳазрати Фотима оталари Пайғамбаримизни ярадор ҳолда кўриб, йиғлади. Расулуллоҳ уни юпатдилар. Ҳазрати Али қалқони билан сув келтирди. Фотима онамиз ўша сув билан Пайғамбаримизнинг муборак юзларини ювди, қонларини ювиб кетказди. Аммо юзларининг қони тўхтамасди. Ҳазрати Фотима бир парча бўйрани куйдириб, кулини ярага босганда, қон тўхтади.28
Сўнгра улар жанг майдонига тушдилар. Аввал ярадорларни топиб, яраларини боғладилар. Мушриклар баъзи шаҳидларни таниб бўлмайдиган ҳолга келтирган эдилар.
Уларнинг қулоқларини, бурунларини ва бошқа аъзоларини кесиб, қоринларини ёриб ташлаган эдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жаҳш ҳам улар орасида эди. Бу ҳолни кўрган севимли Пайғамбаримиз ва саҳобалари қаттиқ қайғурдилар. У зотнинг энг сара саҳобалари шаҳидлик шарбатини ичиб, Уҳуд тупроғини қонлари билан суғориб, жаннатга учган эдилар. Аммо шаҳидларга қилинган бу муомалага чидаб бўлмасди. Пайғамбаримиз билан бирга барча саҳобаларнинг ҳам ичлари ғамдан эзиларди. Бу манзара қаршисида Оламлар сарвари йиғладилар. Муборак кўзларидан ёш оқиб турган ҳолда шундай дедилар: «Мен қиёмат куни бу шаҳидларнинг Аллоҳу таоло йўлида жонларини фидо қилганларига гувоҳлик бераман. Уларни қонлари билан дафн қилинглар. Валлоҳи, қиёмат куни улар маҳшарга29 яраларидан қон оқиб келадилар. Қонларининг ранги – қон ранги, ҳиди эса мушк ҳиди бўлади».
Сўнгра севимли Пайғамбаримиз: «Ҳамзани кўрмаяпман. Унинг ҳоли не бўлди?» – дедилар. Ҳазрати Али излаб, уни топди. Пайғамбаримиз у ерга бориб, ақлга сиғмайдиган бир манзарага дуч келганларида, чидай олмадилар. Ҳазрати Ҳамзанинг қулоқлари, бурни ва бошқа аъзолари кесилган, юзи таниб бўлмас ҳолга келтирилган, қорни ёрилиб, жигари чиқарилган эди. Пайғамбаримиз муборак кўзларидан ёш оқиб турган ҳолда ҳазрати Ҳамзага хитоб қилиб, шундай дедилар: «Эй Ҳамза! Ҳеч қачон, ҳеч ким сенингдек мусибатга учрамаган ва учрамайди. Эй Расулуллоҳнинг амакиси! Эй Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг шери Ҳамза! Эй яхшиликлар қилган Ҳамза! Эй Расулуллоҳнинг ҳимоячиси бўлган Ҳамза! Аллоҳу таоло сенга раҳмат қилсин!…»
«Талҳа Расулуллоҳга ёрдам берганда, унга жаннат вожиб бўлди» Ҳадиси шариф
Шу пайт рўпарадан шошилиб, ташвиш ичида келаётган бир аёл кўринди. Бу севимли Пайғамбаримизнинг аммалари ҳазрати Сафийя онамиз эди. У ҳам бошқа аёллар каби Расулуллоҳнинг шаҳид бўлганлари ҳақидаги миш-мишни эшитиб, ҳамма нарсани унутиб, югура-югура Уҳудга келган эди. Расули акрам аммаларини кўриб, у шаҳидларнинг ҳолини кўришга чидай олмайди, деган фикрда унинг ўғли ҳазрати Зубайр ибн Аввомга: «Онангни ортга қайтар, биродарининг жасадини кўрмасин», – дедилар. Ҳазрати Зубайр югуриб онасининг ёнига борди. Муборак хоним ҳаяжон билан: «Ўғлим! Расулуллоҳдан хабар бер!…» – деди. Уларнинг ёнига ҳазрати Али ҳам келган эди. У: «Алҳамдулиллаҳ30, Расулуллоҳ соғ-омонлар», – деганда, Сафийянинг кўнгли таскин топди, аммо у: «У зотни менга кўрсатинглар», – дейишдан ўзини тия олмади. Ҳазрати Али Оламлар сарварини ишора билан кўрсатди. Ҳазрати Сафийя онамиз икки жаҳон қуёшини соғ-омон кўриб, жуда севинди ва Аллоҳу таолога ҳамд айтди. Бу гал у биродари ҳазрати Ҳамзанинг ҳолини кўриш учун олдинга юрмоқчи бўлди. Ўғли Зубайр: «Онажон! Расулуллоҳ ортга қайтишингизни буюряптилар», – деганда, ҳазрати Сафийя шундай деди: «Агар унга қилинганни менга кўрсатмаслик учун ортга қайтишим керак бўлса, мен аллақачон биродаримнинг жасади тилка-пора қилинганини билиб олдим. У бу ҳолга Аллоҳу таоло йўлида учради. Биз бу йўлда бундан баттарига ҳам розимиз. Унинг савобини Аллоҳу таолодан кутамиз. Иншоаллоҳ, сабр қилиб, бардош берамиз». Ҳазрати Зубайр ибн Аввом келиб, буни айтганда, Пайғамбаримиз: «Ундай бўлса, қўйиб юбор, кўрсин», – дедилар.
Ҳазрати Сафийя ҳазрати Ҳамзанинг жасади ёнига ўтирди ва овоз чиқармай йиғлади. Ҳазрати Сафийя келаётганда ёнида иккита хирқа олиб келган эди. Уларни чиқариб: «Буларни биродарим Ҳамза учун олиб келдим, уни шуларга ўранглар», – деди. «Саййидуш шуҳадо», яъни шаҳидларнинг сарвари бўлган ҳазрати Ҳамзани ўша хирқалардан бири билан кафанладилар.31 Ҳабибуллоҳ байроқдор Мусъаб ибн Умайрнинг бош томонига келдилар. Ҳазрати Мусъабнинг қўллари кесилган, кўп жойидан яраланган эди. Атрофи қон кўлига ўхшарди. Пайғамбаримиз бу ерда ҳам жуда қайғурдилар ва бу азиз шаҳидларга хитоб қилиб, Аҳзоб сурасининг 23-оятини ўқидилар, маъноси: «Мўминлар орасида Аллоҳу таолога берган сўзларида садоқат кўрсатган шундай эр кишилар бордир. Улардан баъзилари шаҳид бўлгунча жанг қилиш ҳақидаги сўзини бажарди (шаҳид бўлди). Баъзилари эса шаҳид бўлишни кутмоқда. Улар берган сўзларини асло ўзгартирмадилар». Сўнгра Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Аллоҳу таолонинг Расули ҳам гувоҳдирки, сизлар қиёмат куни Аллоҳу таолонинг ҳузурида шаҳид бўлиб тириласизлар».
Сўнгра ёнларидагиларга ўгирилиб, шундай дедилар: «Уларни зиёрат қилинглар. Уларга салом беринглар. Аллоҳу таолога қасам ичаманки, ким уларга бу дунёда салом берса, қиёматда бу азиз шаҳидлар унинг саломига алик оладилар».
Ҳазрати Мусъаб ибн Умайрга кафанлик учун ҳеч нарса топа олмадилар. Ўзининг чопони муборак баданини тўлиқ ёпмасди. Бош томонини ёпсалар, оёқлари, оёқ томонини ёпсалар, боши очиқ қоларди. Ҳабиби акрам: «Бош томонини чопон билан, оёқларини эса изхир ўти билан ёпинглар», – дедилар.32
Умрини Исломга хизмат билан ўтказган ва шу йўлда шаҳидлик мартабасига эришган бу бахтли саҳоба дунёдан ярим кафан билан кетди.33
Бошқа шаҳидларнинг жаноза намозлари ўқилиб, улар қонли кийимлари билан иккитадан-учтадан бир қабрга қўйилиб, дафн этилдилар (розияллоҳу анҳум). Уҳуд жангида етмиш киши шаҳид бўлди. Уларнинг олтмиш тўрттаси ансорлардан, олтитаси муҳожирлардан эди.
Саҳобаи киромдан кўпларининг яқинлари шаҳид бўлган эди. Шунинг учун уларнинг кўнгиллари яраланган эди. Қолганларни юпатиш учун Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Валлоҳи, саҳобаларим билан бирга мен ҳам шаҳид бўлиб, Уҳуд тоғининг бағрида тунашни нақадар истардим. Биродарларингиз шаҳид бўлганларида Аллоҳу таоло уларнинг руҳларини яшил қушларнинг жиғилдонларига жойлади.
Улар жаннат анҳорларига келиб, сувларидан ичадилар. Меваларидан ейдилар. Жаннатнинг тўрт томонини томоша қиладилар. Гулзорларида учадилар. Сўнгра Арши аъло остига осилган олтин қандиллар ичига кириб, тунайдилар. Бундай таом ва шаробларнинг ширинлигини, гўзаллигини кўрганларида улар: „Кошки Аллоҳу таоло бизга нималар ато этганини биродарларимиз билсалар-у, жиҳоддан тортинмасалар, жанг қилишдан қўрқиб, душмандан юз ўгирмасалар“, – дейдилар. Аллоҳу таоло эса: „Мен сизнинг аҳволингизни уларга билдираман“, – деди». (Ва Жаноби Ҳақ ояти карима нозил қилиб, шундай марҳамат қилди, маъноси:) «Аллоҳу таоло йўлида шаҳид бўлганларни асло ўликлар деб ўйламанглар! Балки улар тирикдирлар, Раббилари ҳузурида ризқлантирилмоқдалар. Улар Аллоҳу таоло ўзларига ато этган нарса (шаҳидлик мартабаси) билан шодлик ичидадирлар. Ортларидан ҳали уларга қўшила олмаганлар (шаҳид бўлиб) ҳақида: „Уларга ҳеч бир хавф йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар“, – деб хушхабар беришни истайдилар. Улар Аллоҳу таолодан келган неъмат ва фазл сабабли, Аллоҳу таоло мўминларнинг мукофотини зое қилмаслиги хушхабари билан шодланадилар».34 «Аллоҳу таоло уларга кўриниб: „Эй бандаларим! Кўнглингиз нимани тусаса, айтинглар, сизга уни зиёдаси билан тотдирай“, – дейди. Улар: „Эй Раббимиз! Сен бизга ато этган неъматлардан афзалроқ бир неъмат йўқки, уни сўрасак. Биз жаннатда истаган нарсаларимиздан еб юрибмиз. Аммо агар сўрасак, руҳларимиз баданларимизга қайтарилиб, дунёга қайтишимизни ва Сенинг йўлингда олишиб, яна ўлдирилишимизни сўраймиз“, – дейдилар».
Энди бу ерда қиладиган иш қолмаган эди. Улар йиғилиб, йўлга ҳозирландилар. Улар жиҳоди фи сабилиллаҳ, яъни Аллоҳу таолонинг динини ёйиш учун келган Уҳудда тарихда тенги йўқ бир ғазот бўлиб ўтган эди. Бу ерда саҳобаи киромнинг кўз кўрмаган, хаёлга сиғмайдиган кўплаб қаҳрамонликларига гувоҳ бўлинган, кофирларга яна бир сабоқ берилган эди.
«Эй Ҳамза! Ҳеч қачон, ҳеч ким сенингдек мусибатга учрамаган ва учрамайди. Эй Расулуллоҳнинг амакиси! Эй Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг шери Ҳамза! Эй яхшиликлар қилган Ҳамза! Эй Расулуллоҳнинг ҳимоячиси бўлган Ҳамза! Аллоҳу таоло сенга раҳмат қилсин!…» Ҳадиси шариф
Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак саҳобалари билан нурли Мадина томон йўлга чиқдилар. Ҳарра деган жойга келганларида, саҳобаларини сафга тиздилар, муборак қўлларини кўтариб, Аллоҳу таоло даргоҳига ёлвориб, шундай дуо қила бошладилар: «Аллоҳим! Ҳамду сано энг кўп Сенгадир. Аллоҳим! Сен залолатда қолдирганингни ҳидоятга эриштирадиган, ҳидоятга эриштирганингни эса адаштирадиган йўқдир… Аллоҳим! Бизга иймонни севимли қил. Қалбларимизни иймон билан безагин. Бизга куфрни, исённи ва ҳаддан ошишни ёмон кўрсат. Бизни динимиз ва дунёмизга зарарли нарсаларни биладиганлардан, тўғри йўлга эришганлардан қил. Аллоҳим! Бизни мусулмон бўлиб яшат ва мусулмон бўлиб ўлдир. Бизни солиҳлар ва яхшилар жамоасига қўш. Чунки улар на шараф ва номусини йўқотганлардан, на динидан қайтганлардандир. Аллоҳим! Сенинг Расулингни ёлғончига чиқарган, Сенинг йўлингдан юз ўгирган, Пайғамбаринг билан жанг қилган кофирларнинг жазосини бер! Уларга ҳақ ва ҳақиқат бўлган азобингни нозил қил!… Омин!»
Саҳобаи киром ҳам: «Омин! Омин!» – деб бу дуога қўшилдилар. Севимли Пайғамбаримиз саҳобалари билан Мадинага яқинлашиб қолган эдилар. Мадинада қолган аёллар, болалар йўлларга чиқиб, ташвиш ва ғам билан келаётган қўшин ичида Коинот сарварини кўришга уринардилар. У зотнинг жаҳонни ёритадиган нурли юзларини кўрганларида Аллоҳу таолога ҳамд айтдилар. Сўнгра кўзлар қўшинга тикилар, оталар, эрлар, ўғиллар, тоғалар ва амакилар изланарди. Кўра олмасалар… кўз ёшларини тия олмасдилар. Саҳобаларининг бу ғамгин ҳолини кўрган марҳамат денгизи Расули акрам ҳам жуда қайғурар, муборак кўзларидан ёш тўкардилар.
Бир маҳал ҳазрати Саъд ибн Муознинг онаси Кабша хонимнинг Пайғамбаримизга яқинлашаётгани кўринди. Уҳудда унинг ўғли Амр шаҳид бўлган эди. Саодатли ҳузурга келганда, у шундай деди: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Алҳамдулиллаҳ, мен сизни соғ-омон кўрдим. Сиз саломат бўлсангиз, барча мусибатлар мен учун арзимас нарсадир!» Жигарбанди – ўғлини сўрамади. Севимли Пайғамбаримиз унга ўғли Амр учун таъзия билдиргач, шундай дедилар: «Эй Саъднинг онаси! Сенга ва унинг аҳли оиласига хушхабар бўлсинки, улардан шаҳид бўлганларнинг ҳаммаси жаннатда жамландилар ва бир-бирларига ҳамроҳ бўлдилар. Улар ўз аҳли оилаларига ҳам шафоат қиладилар».
Кабша хоним: «Аллоҳу таолодан келган ҳар нарсага розимиз, ё Расулаллоҳ! Бу хушхабарлардан кейин энди улар учун ким йиғлайди! Сиз ортда қолганлар учун дуо қилинг», – деди. Оламлар сарвари шундай дуо қилдилар: «Аллоҳим! Уларнинг қалбларидаги ғамни кетказ! Ортда қолганларини ҳам ортда қолганларнинг энг яхшиси қил!»
Пайғамбаримиз нафс истакларига қарши курашни назарда тутиб, саҳобаларига шундай дедилар: «(Эй саҳобаларим! Энди) кичик жиҳоддан қайтдик, катта жиҳодни бошлаймиз».35 Сўнгра ҳаммага уйларида дам олишни, ярадорларга яраларини даволашни тавсия қилдилар. Ўзлари ҳам ярадор эдилар. Тўғри саодатли уйларига бордилар.
Ҳамроул Асад ғазоти
Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага қайтганларида, мушрикларнинг ҳар он ортга қайтиб, Мадинага бостириб келиш эҳтимоли бўлгани учун чора кўрдилар.
Уҳуд жангидан кейинги душанба куни у зот ўзлари ярадор бўлсалар ҳам, мусулмонлар кечаги жангдан заифлашмаганини кўрсатиш ва душманни қўрқитиб, уларнинг Мадинага қайтиб келишининг олдини олиш учун Билол Ҳабашийга шундай дедилар: «„Расулуллоҳ сизларга душманни таъқиб қилишни буюрмоқдалар! Кеча Уҳудда биз билан бирга жанг қилмаганлар келмасин, фақат жангда қатнашганлар келсин!“ – деб айт». Билол бу амрни саҳобаларга етказганда, уларнинг кўплари ярадор бўлсалар ҳам, дарҳол тайёрландилар. Ҳатто оғир ярадор бўлган Абдуллоҳ ва Рофеъ исмли ака-укалар Расули акрамнинг бу даъватини эшитишлари билан, барча оғриқ ва азобларига қарамай: «Расулуллоҳ билан ғазотга чиқиш фурсатини қўлдан бой берармидик?!» – деб мужоҳидлар сафига югурдилар.
Севимли Пайғамбаримиз шонли саҳобалари билан мушрикларни таъқиб қила бошладилар. Равҳо деган жойда мушриклар тўпланиб, Мадинага бостириб бориш ва мусулмонларни йўқ қилиш ҳақида қарорга келганларини билдилар. Бу чора ҳам Пайғамбаримизнинг бир мўъжизаси экани аён бўлди.
Расули акрамнинг ўзлари устига келаётганларини эшитган мушриклар қўрқиб, турган жойларини ташлаб, Маккага қайтдилар.36
Пайғамбаримиз уларни Ҳамроул Асад деган жойгача таъқиб қилдилар. Мушриклардан икки киши қўлга олинди. Мусулмонлар у ерда уч кун қолдилар, сўнг Мадинага қайтдилар.
Аллоҳу таоло Ҳамроул Асадга борган бу шарафли саҳобаларни ояти каримасида шундай мақтади, маъноси: «Яраланганларидан кейин ҳам Аллоҳу таолонинг ва Унинг Пайғамбарининг даъватига шошилганлар учун, айниқса, улардан яхшилик қилиб, ёмонликдан сақланганлар учун жуда улуғ мукофот бордир».37
Уҳудда севимли Пайғамбаримизни ўлдиришга қасам ичганлардан Ибн Қамиъа Маккага қайтгач, бир куни қўйларига қараш учун тоққа чиқди. Тоғнинг чўққисида қўйларини топди. Улар орасидан бир қўчқор тез югуриб келиб, Ибн Қамиъани суза бошлади. Сузиб-сузиб, уни парча-парча қилиб ўлдирди.
Абдуллоҳ ибн Шиҳоб Зуҳрийни ҳам Маккага кетаётганда оқ холли бир илон чақиб ўлдирди.
Пайғамбаримизга қасд қилганларнинг ҳаммаси бир йил ичида жазоларини тортиб ўлдилар.
«Эй саҳобаларим! Энди кичик жиҳоддан қайтдик, катта жиҳодни бошлаймиз» Ҳадиси шариф
Дўсти агар илон заҳрин ичса – бўлгай оби ҳаёт унга,
душмани сув ичса, албат, айланур илон заҳрига сув.
Ҳар томчисида минг раҳмат денгизи мавж урар,
таҳорат учун қўл узатиб, гул юзига олганда сув.
«Оёғи тупроғига етай» деб, асрлар бўйи тинмай
бошини тошдан тошга уриб, сарсон кезар сув.
Даргоҳи тупроғига зарра-зарра нур сочмоқ истаб,
ул даргоҳдан қайтмас, пора-пора бўлса ҳам, сув.
Гуноҳкорлар билур: наътингиз зикрини вирд этмоқ – даво,
худди хуморни ёзмоқ учун
майхўр ичгани каби сув.
Ё Ҳабибаллоҳ, ё Хайрал башар, мен сизга муштоқман,
ташналикдан ёнган лаблар тилагани каби сув.
Сиз ул карам денгизисизки, Меърож кечаси
файзингиз шабнамини собиту сайёраларга етказгандир сув.
