Севимли Пайғамбарим

БАДР ЖАНГИ

Бу ғазот Иккинчи Бадр, Бадрул Қитол ва Бадрул Кубро деб ҳам аталади. Сарийяларда саҳобаи киромнинг муваффақият қозониши кофирларни қўрқита бошлади. Энди уларнинг карвонлари катта-катта гуруҳлар бўлиб, ёнларида аскарлар билан сафарга чиқар эди. Ҳижратнинг иккинчи йилида маккалик мушриклар ҳар бир оиладан сармоя йиғиб, минг туялик бир карвонни Шомга юбордилар. Карвоннинг бошида Макканинг кўзга кўринган кишиларидан Абу Суфён бор эди, у ҳали мусулмон бўлмаган эди.1 Карвонни қўриқлаш учун қирқтача соқчи ҳам тайинланган эди… Моллар сотилгач, тушган пулнинг ҳаммасига қурол сотиб олмоқчи эдилар, бу қуроллар эса мусулмонларга қарши жангда ишлатилиши керак эди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мушрикларнинг катта бир карвонни савдо учун Шомга юборганидан хабар топгач, уларнинг ҳолатини билиб келиш учун муҳожирлардан бир неча кишига вазифа топширдилар. Улар Зул Ушайра деган жойга етиб боришганда, карвон ўтиб кетганини билиб, Мадинага қайтдилар. Агар куфр аҳлининг қуроли ва моли қўлидан олинса, улар Ислом аҳлига зарар етказа олмас, қаршиликлари синар эди. Шу сабабли Расулуллоҳ вазиятни баҳолаб, дарҳол жанг тайёргарлигини бошладилар.

Ўринларига намоз ўқитиб туриш учун Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни қолдирдилар.2 Ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ билан Саъид ибн Зайдни эса карвоннинг қайтишини билиб келиш учун кузатувчи сифатида юбордилар.3 Ҳазрати Усмонга эса завжаси оғир бетоб бўлгани учун Мадинада қолишни буюрдилар. Сўнгра яна тўрт кишига вазифа бердилар. Шундай қилиб, вазифа олганлар саккиз киши бўлди.

Фурсатни қўлдан бой бериб бўлмас эди. Пайғамбаримиз дарҳол тайёргарлик кўриб, ёнларига муҳожирлар ва ансорлардан уч юз беш саҳобани олиб, Рамазони шарифнинг ўн иккинчи куни Бадр томон йўлга чиқдилар. Вазифа олганлар билан бирга уларнинг сони 313 кишига етар эди.4 Улардан олтмиш тўрттаси муҳожирлардан эди.

Бадр – Макка, Мадина ва Сурияга борадиган йўллар туташган бир жой эди.

Бу сафарга чиқиш учун эндигина ўсиб-улғайган ёшлар, ҳатто аёллар ҳам Пайғамбаримизга ёлворар эдилар. Умму Варақа Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Рухсат берсангиз, сиз билан боришни истайман. Яраланганларнинг яраларини боғлайман, беморларнинг хизматини қиламан. Балки Аллоҳу таоло менга ҳам шаҳидликни насиб этар!» – деганида, Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сен уйингда ўтир, Қуръони карим ўқи. Шубҳасиз, Аллоҳу таоло сенга шаҳидликни насиб этади», – дедилар.

«Сен (Умму Варақа) уйингда ўтир, Қуръони карим ўқи. Шубҳасиз, Аллоҳу таоло сенга шаҳидликни насиб этади» Ҳадиси шариф

Бадр жангининг йўналиши

Саъд ибн Абу Ваққос шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳ биз билан ғазотга боришни истаган болаларни орқага қайтармоқчи бўлганларида, укам Умайрнинг бир четга яшириниб, кўзга кўринмасликка ҳаракат қилаётганини кўрдим. У пайтда у ўн олти ёшда эди. „Сенга нима бўлди, нега бундай яшириняпсан?“ – дедим. „Расулуллоҳ мени ҳам ёш санаб, орқага қайтариб юборишларидан қўрқяпман! Ҳолбуки, мен ғазотда қатнашиб, Аллоҳу таолонинг менга шаҳидлик насиб этишини истайман“, – деди. Шу пайт уни Расулуллоҳга билдиришди, у зот укамга: „Сен орқага қайт“, – дедилар. Шунда укам Умайр йиғлай бошлади. Марҳамат денгизи Ҳабиби акрам унинг кўз ёшларига чидай олмай, рухсат бердилар. Ҳолбуки, укамнинг қиличини ўзи тақа олмагани учун белига мен боғлаб қўйган эдим».5 Оламлар сарвари бўлган севимли Пайғамбаримизнинг байроқларини Мусъаб ибн Умайр, Саъд ибн Муоз ва ҳазрати Али кўтариб бордилар.6 Саҳобаи киромнинг ёнида фақат учта от ва етмишта туя бор эди. Отлардан бири Миқдодники, бири Зубайрники, бири эса Марсад ибн Абу Марсадники эди. Бир туяга икки ёки уч киши навбатма-навбат минар эди. Расулуллоҳ ҳазрати Али, Абу Лубоба ва Марсад ибн Абу Марсад билан навбатма-навбат минар эдилар. Лекин уларнинг ҳаммаси Расул алайҳиссалом пиёда юрмасдан, доимо туя устида кетишлари учун: «Жонларимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Сиз туядан тушманг. Улуғ зотингиз ўрнига биз пиёда юрамиз», – деб ёлворишар эди. Лекин Коинот султони ўзларини улардан фарқли кўрмай: «Сизлар пиёда юришда мендан кучлироқ бўлмаганингиз каби, мен ҳам ажр ва мукофот борасида сизлардан беҳожат ва беэҳтиёж эмасман», – дедилар. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг улуғ саҳобалари саҳрода куйдирувчи жазирама остида юриб борар эдилар. Устига-устак, рўзадор эдилар. Саҳобаи киром Исломни ёйиш учун жуда кўп машаққатларга чидаб, Пайғамбаримизнинг ортларидан ишқ ва шавқ билан борар эдилар. Чунки бунинг охирида Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг ризолиги, улар жуда-жуда орзу қилган шаҳидлик ва жаннат бор эди… Севимли Пайғамбаримиз саҳобаларининг ҳолларига қараб: «Аллоҳим! Улар пиёдадирлар, Сен уларга улов бергин! Аллоҳим! Улар яланғоч-юпундирлар, Сен уларни кийинтиргин! Аллоҳим! Улар очдирлар, уларни тўйдиргин! Улар фақирдирлар, Ўз фазлу караминг билан уларни бой қилгин!» – деб дуо қилдилар.

Пайғамбаримиз ва у зотнинг муборак қўшинлари бу қаттиқ жазирамада Бадр томон илгарилаб бораётганда, мушрикларнинг Шомдан келаётган карвони ҳам Бадрга яқинлашиб қолган эди. Пайғамбаримиз карвондан хабар олиш учун икки саҳобани юборган эдилар. Улар карвон бир-икки кун ичида Бадрга етиб келиши мумкинлигини билиб, тезда орқага қайтишди. Карвондагилар уларнинг хабар олган қишлоғига келишганда, қишлоқ аҳлидан: «Мусулмонларнинг айғоқчиларидан хабарингиз борми?» – деб сўрашди. Улар: «Билмаймиз. Лекин икки киши келиб, мана шу ерда бир оз ўтирди, сўнг туриб кетди», – дейишди.

Абу Суфён кўрсатилган жойга бориб текширганда, ердаги туя тезагини эзиб, ичида ем данакларини кўрди ва: «Бу – Мадинанинг еми. Назаримда, ўша икки киши Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) айғоқчилари», – деди. Мусулмонлар жуда яқин жойда эканини тахмин қилиб, Абу Суфён қаттиқ қўрқувга тушди. Карвоннинг тақдиридан хавотирланиб, кечаю кундуз йўл юриб, вақт йўқотмай Қизил денгиз соҳили бўйлаб Маккага тезда етиб олишга қарор қилди. Бундан ташқари, Дамдам ибн Амр Ғифорий исмли бир кишини вазиятни билдириш учун Маккага чопар қилиб юборди.7

«Аллоҳим! Улар (саҳобаларим) пиёдадирлар, Сен уларга улов бергин! Аллоҳим! Улар яланғоч-юпундирлар, Сен уларни кийинтиргин! Аллоҳим! Улар очдирлар, уларни тўйдиргин! Улар фақирдирлар, Ўз фазлу караминг билан уларни бой қилгин!» Ҳадиси шариф

Бу одам Маккага келгач, кўйлагининг олдини ҳам, орқасини ҳам йиртди. Туясининг палонини тескари ўгириб қўйди. Ғалати бир қиёфада: «Дод-о-од! Дод!… Эй қурайшликлар! Етиб келинглар!… Карвонингизга, Абу Суфённинг ёнидаги молларингизга Муҳаммад ва унинг саҳобалари ҳужум қилишди. Агар улгурсангизлар, карвонингизни қутқариб қолишингиз мумкин!…» – деб дод-фарёд кўтариб, бақира бошлади.

Буни эшитган маккаликлар дарҳол тўпланиб, тайёргарлик кўрдилар. Етти юз туялик, юз отлиқ ва бир юз эллик пиёда аскар тўпладилар. Абу Лаҳабга: «Қани, сен ҳам қўшил!» – дейишганда, у қўрққанидан касаллигини баҳона қилди. Ўрнига Ос ибн Ҳишомни бадал қилиб юборди. Умайя ибн Халаф исмли мушрик эса урушга тайёрланишда жуда сусткашлик қилар эди. Чунки у Пайғамбаримизнинг: «Менинг саҳобаларим Умайяни ўлдиради», – деганларини эшитган эди. У зотнинг ҳеч қачон ростликдан айрилмаганларини билгани учун Умайя қўрқар эди. Шу сабабли Абу Жаҳлнинг қистовларига қарши ўзининг кексалигини ва жуда семизлигини рўкач қилди. Лекин Абу Жаҳл уни қўрқоқликда айблагач, боришга мажбур бўлди.

Мушрик қўшини мингга яқин кишидан иборат эди. Ҳаммалари темир совут кийган эди. Ёнларида овози ёқимли аёллар бор эди. Чолғу асбобларини ва ичкиликни олишни ҳам унутмаган эдилар. Бундай кучли қўшин билан уч юз кишини эмас, ҳатто минг кишилик қўшинни ҳам бир зумда енгамиз, деб ўйлар эдилар. Йўлга чиқмасданоқ кимларни ўлдиришларини, қандай ўлжа олишларини ҳисоблаб қўйганлар ҳам бор эди. Лекин ҳаммасининг энг катта мақсади Исломни йўқ қилиш эди. Бу ҳаддан ошган мушрик тўдаси аёллар чалган доиралар ва улар айтган қўшиқлар садоси остида йўлга чиқди.

Шу орада Абу Суфён Бадрдан анча узоқлашиб, Макка томон бир талай йўл босиб қўйган эди. Хавф ўтганига ишонч ҳосил қилгач, Қайс ибн Имруул Қайс исмли одамини қурайшликларга юбориб: «Эй Қурайш жамоаси! Сизлар карвонингизни, одамларингизни ва молларингизни ҳимоя қилиш учун Маккадан йўлга чиққан эдингизлар. Биз хавфдан қутулдик. Энди орқага қайтинглар!…» – деб айттирди. Бундан ташқари: «Мусулмонлар билан жанг қилиш учун Мадинага боришдан сақланинглар!» – деб маслаҳат берди.

Қайс бу хабарни мушрик қўшинига етказганда, Абу Жаҳл шундай деди: «Қасам ичаманки, Бадрга бориб, уч кеча-кундуз базм қиламиз, туялар сўйиб, шароб ичамиз. Атрофдаги қабилалар бизни томоша қилиб, ҳолимизга ҳавас қиладилар ва ҳеч кимдан қўрқмаслигимизни кўрадилар. Бундан кейин ҳайбатимиздан ҳеч ким бизга ҳужум қилишга журъат эта олмайди. Эй енгилмас Қурайш қўшини! Олға!…» Қайс Абу Жаҳлнинг гап уқадиган аҳволда эмаслигини кўриб, орқага қайтди ва вазиятни Абу Суфёнга билдирди. Узоқни кўра биладиган, эҳтиёткор киши бўлган Абу Суфён: «Эвоҳ! Қурайш ҳароб бўлди!… Бу – Амр ибн Ҳишомнинг (Абу Жаҳлнинг) режаси. У бу ишни, шубҳасиз, одамларга бош бўлиш ҳаваси билан қилди. Ҳолбуки, бундай ҳаддан ошиш ҳамиша катта нуқсон ва шумликдир. Агар мусулмонлар уларга дуч келсалар, Қурайшнинг ҳолига вой!…» – дейишдан ўзини тия олмади.

Абу Суфён карвонни тезда Маккага етказиб, қўшинга етиб олди. Шу пайт Сарвари коинот (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалари билан Бадрга яқинлашиб бораётган эдилар. Бир пайт у зот мадиналик мушриклардан Хубайб ибн Ясоф билан Қайс ибн Муҳаррисни Ислом қўшини орасида кўриб қолдилар. Хубайбнинг бошида темир дубулға бўлса ҳам, уни танидилар ва ҳазрати Саъд ибн Муозга: «Бу Хубайб эмасми?» – дедилар. У: «Ҳа, ё Расулаллоҳ!» – деди. Хубайб жанг санъатини биладиган, ботир бир паҳлавон эди. У Қайс билан бирга Расулуллоҳнинг ҳузури шарифларига келди. Пайғамбаримиз уларга: «Сизлар биз билан нега келяпсизлар?» – дедилар. Улар: «Сиз бизнинг жиянимиз ва қўшнимизсиз. Биз ҳам қавмимиз билан бирга ўлжа тўплаш учун келяпмиз!» – дейишди. Пайғамбаримиз Хубайбдан: «Сен Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймон келтирдингми?» – деб сўраганларида, у: «Йўқ», – деди. Расул алайҳиссалом: «Ундай бўлса, орқага қайт! Бизнинг динимизда бўлмаган киши биз билан бирга бўла олмайди!» – дедилар. Хубайб: «Менинг йигитлигимни, қаҳрамонлигимни ва душман бағрида яралар очадиган паҳлавон эканимни ҳамма билади. Ўлжа учун сизнинг ёнингизда душманингизга қарши жанг қиламан», – деди. Пайғамбаримиз унинг ёрдамини қабул қилмадилар.

Бир оз юрилгач, Хубайб истагини такрорлади, лекин Пайғамбаримиз у мусулмон бўлмагунча истаги қабул қилинмаслигини билдирдилар. Равҳо деган жойга етганларида, Хубайб Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таолонинг оламларнинг Рабби эканига ва сизнинг пайғамбарлигингизга ишондим, иймон келтирдим», – деди. Шунда Сарвари коинот жуда хурсанд бўлдилар. Қайс ҳам Мадинага қайтгач, иймон билан шарафланди (розияллоҳу анҳу).

Ислом қўшини Сафро водийсига келганда, маккаликлар қўшин тузиб, карвонларини қутқариш учун Бадр томон йўлга чиққанлари ҳақида хабар олди. Пайғамбаримиз саҳобаларини тўплаб, бу вазиятни улар билан маслаҳатлашдилар. Чунки мадиналик мусулмонлар Ақабада Расулуллоҳга байъат қилганларида: «Ё Расулаллоҳ! Сиз бизнинг шаҳримизга келинг. У ерда сизни, жонимиз эвазига бўлса ҳам, душманингиздан ҳимоя қиламиз ва сизга эргашамиз», – деб сўз берган эдилар. Ҳолбуки, энди улар Мадинадан ташқарига чиққан эдилар. Қаршиларида эса сон, қурол ва мол жиҳатидан улардан бир неча баробар кўп бўлган катта бир душман қўшини турар эди.

Расулуллоҳ саҳобаларидан фикрларини сўраганларида, муҳожирлардан Абу Бакр Сиддиқ ва Умарул Форуқ алоҳида-алоҳида ўринларидан туриб, душман қўшини билан жанг қилиш лозимлигини билдиришди. Яна муҳожирлардан Миқдод ибн Асвад ўрнидан туриб, шундай деди: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таолонинг амри нима бўлса, шуни бажо келтиринг. Унинг фармони билан юринг. Биз ҳар лаҳза сиз билан биргамиз, бир лаҳза ҳам ёнингиздан айрилмаймиз. Биз Бани Исроил Мусо алайҳиссаломга: „Эй Мусо! Жабборлар, золимлар қавми у ерда экан, биз у ерга бормаймиз ва у юртга ҳеч қачон кирмаймиз. Сен Раббинг билан бирга бориб, иккалангиз улар билан урушинглар, жанг қилинглар. Биз шу ерда ўтириб қоламиз…“8 – деганлари каби сўз айтмаймиз. Жонимизни ва бошимизни Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг йўлида фидо қиламиз. Сизни ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, денгиз ортидаги Ҳабашистонга юборсангиз ҳам, борамиз. Сизга ҳеч қачон зиғирча ҳам қарши чиқмаймиз. Ҳар бир истагингизни бажаришга тайёрмиз. Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ!…»

«Бизнинг динимизда бўлмаган киши биз билан бирга бўла олмайди!» Ҳадиси шариф

Бадр жанги

Миқдоднинг бу сўзлари севимли Пайғамбаримизни жуда хурсанд қилди, у зот унга хайрли дуолар қилдилар.9

Бу ерда мадиналик мусулмонларнинг фикри жуда муҳим эди. Чунки улар ҳам сон жиҳатидан кўпчилик эди, ҳам Расулуллоҳни Мадинада ҳимоя қилишга сўз берган эдилар. Мадинадан ташқарида жанг қилишга эса ваъдалари йўқ эди. Бу фикр англашилгач, ансорлардан Саъд ибн Муоз ўрнидан туриб: «Ё Расулаллоҳ! Агар изн берсангиз, ансорлар номидан гапирсам», – деди. Изн берилгач, у шундай деди: «Ё Расулаллоҳ! Биз сизга иймон келтирдик, пайғамбарлигингизни тасдиқладик. Нимаики келтирган бўлсангиз, ҳақдир, тўғридир. Бу борада сизни тинглаш ва сизга итоат этиш учун сизга қатъий сўз бериб, қасам ичдик. Биз у сўзимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз, қаерга ташриф буюрсангиз, амрингиздамиз. Амрингизни бош устига қўямиз. Жонимизни ва бошимизни йўлингизда фидо қиламиз. Сизни ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, денгизга шўнғисангиз, ортингиздан биз ҳам шўнғиймиз. Ҳеч биримиз бундан бир қадам ҳам орқада қолмаймиз. Хотири шарифингизда нима бўлса, амр қилинг, бажарамиз. Молимиз ҳам жонимиз билан бирга сизга фидо бўлсин. Душмандан ҳеч қачон юз ўгирмаймиз. Жангда сабрлимиз. Умидимиз – сизни хурсанд қилиб, ризолигингизга эришишдир. Аллоҳу таолонинг раҳмати сизга бўлсин…» Бу сўзларни тинглаган саҳобаи киром қаттиқ ҳаяжонга тушди. Ҳаммалари бу сўзларга жон-дилдан қўшилишларини билдиришди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жуда мамнун бўлдилар, ҳазрати Саъдга ва саҳобаларига дуо қилдилар. Энди барча иккиланишлар барҳам топган эди. Душман қанчалик кўп, қанчалик кучли бўлмасин, шонли саҳобалар севимли Пайғамбаримизнинг ортларидан киприк қоқмай шаҳидлик сари юриб, Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг ризолигини қозонар эдилар. Бошларида Коинот сарвари бор экан, борилмайдиган жой йўқ эди… Фахри олам саҳобаларининг ўзларига бўлган садоқати ва ҳаяжонини кўриб, уларга: «Қани, юринглар! Аллоҳу таолонинг лутфи билан шод бўлинглар. Валлоҳи, мен ҳозир гўё Қурайш қавмининг жанг майдонида урилиб йиқиладиган жойларига қараб, уларни кўриб турибман!» – деб хушхабар бердилар. Бу хушхабардан кейин саҳобаи киром ишқ билан Расулуллоҳнинг ортларидан юрдилар.

Фаришталарнинг ёрдамга келиши

Бадр атрофига етиб келганларида жума кечаси эди. Севимли Пайғамбаримиз саҳобаларига: «Мана шу кичик тепалик ёнидаги қудуқ бошидан бир қанча маълумотлар олишингиз мумкин, деб умид қиламан», – дедилар. У ерга Аллоҳу таолонинг шери ҳазрати Али, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом ва бошқа баъзи саҳобаларини юбордилар. Ҳазрати Али ва унинг шериклари дарҳол қудуқ бошига бордилар. У ерда қурайшликларнинг туякашларини ва сувчиларини кўрдилар. Улар мусулмонларни кўриши биланоқ қочиб қолишди. Лекин улардан иккитаси қўлга олинди. Уларнинг бири Бану Ҳажжожнинг қули Ашлам, иккинчиси эса Бану Ос ибн Саъиднинг қули Ариз Абу Ясор эди.

Уларни Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келтиришганда, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) улардан: «Қурайш қаерда?» – деб сўрадилар. Улар: «Мана шу кўриниб турган қум тепалигининг ортига тушишди», – деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз: «Қурайш неча киши?» – дедилар. «Билмаймиз», – дейишди. «Кунига нечта туя сўйишяпти?» деган саволга: «Бир кун тўққизта, бир кун ўнта», – деб жавоб беришгач, Пайғамбаримиз: «Улар мингдан оз, тўққиз юздан кўпдирлар», – дедилар. Яна: «Қурайшнинг аслзодаларидан кимлар бор?» – деб сўрадилар. Улар: «Утба, Шайба, Ҳорис ибн Амр, Абул Бахтарий, Ҳаким ибн Ҳизом, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф…» – дейишгач, Расулуллоҳ саҳобаларига ўгирилиб: «Макка аҳли сизларга жигарбандларини фидо қилди», – дедилар. Сўнгра у икки кишидан: «Келаётганингизда Қурайшдан орқага қайтганлар бўлдими?» – деб сўраганларида, улар: «Ҳа. Бану Зуҳрадан Ахнас ибн Абу Шариқ орқага қайтди», – деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз: «У ўзи тўғри йўлда бўлмаса-да, охиратни, Аллоҳу таолони ва китобни билмаса-да, Бану Зуҳрага тўғри йўлни кўрсатибди… Улардан бошқа қайтганлар бўлдими?» – деб сўраганларида: «Бану Адий ибн Каъб қайтди», – деган жавобни олдилар.10

«Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таолонинг амри нима бўлса, шуни бажо келтиринг. Унинг фармони билан юринг. Биз ҳар лаҳза сиз билан биргамиз, бир лаҳза ҳам ёнингиздан айрилмаймиз» Миқдод ибн Асвад (розияллоҳу анҳу)

Пайғамбаримиз ҳазрати Умарни сўнгги бор огоҳлантириш учун қурайшликлар ҳузурига сулҳ таклифи билан юбордилар. Умар ибн Хаттоб уларга шундай деди: «Эй ўжар қавм! Расул алайҳиссалом шундай демоқдалар: „Ҳамма бу ишдан воз кечсин. Саломат орқасига қайтсин. Чунки сизлардан бошқалар билан жанг қилиш мен учун сизлар билан жанг қилишдан афзалроқдир!…“»

Бу таклиф олдида Қурайш мушрикларидан Ҳаким ибн Ҳизом олдинга чиқиб: «Эй Қурайш жамоаси! Муҳаммад сизларга жуда инсоф билан муомала қилди. Унинг истагини дарҳол қабул қилинглар. Агар айтганини қилмасангизлар, қасамки, бундан кейин сизларга ҳеч инсоф қилмайди!…» – деди. Абу Жаҳл Ҳакимнинг бу сўзидан ғазабланиб: «Буни ҳеч қачон қабул қилмаймиз ва мусулмонлардан интиқом олмагунча орқага қайтмаймиз. Токи бундан кейин ҳеч ким карвонимизга тажовуз қила олмасин», – деди ва сулҳ йўлларини бекитди. Ҳазрати Умар орқага қайтди.

Ўша кечаси Пайғамбаримиз ва у зотнинг шонли саҳобалари Бадрга мушриклардан олдин келиб, қудуқларга яқин бир жойга тушдилар. Пайғамбаримиз саҳобалари билан маслаҳатлашиб, қароргоҳни қаерда қуриш кераклиги ҳақида уларнинг фикрини сўрадилар. Улар орасидан ҳали ўттиз уч ёшда бўлган Ҳубоб ибн Мунзир ўрнидан туриб, сўз сўради. Изн берилгач: «Ё Расулаллоҳ! Бу жой Аллоҳу таоло сизга қароргоҳ қуришни буюрган ва албатта шу ерда қолиш лозим бўлган жойми? Ёки шахсий бир фикр натижасида, жанг тадбири сифатида танландими?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Йўқ! Бу жой жанг тадбири тақозоси билан танланди», – дедилар.

Шунда ҳазрати Ҳубоб шундай деди: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ!

Биз жангчи кишилармиз. Бу ерларни ҳам яхши биламиз. Анави қурайшликлар тушадиган жой яқинидаги қудуқда ширин ва мўл сув бор. Изн берсангиз, ўша ерга тушайлик. Атрофдаги ҳамма қудуқларни кўмиб ташлайлик. Сўнгра бир ҳовуз қуриб, ичини сувга тўлдирайлик. Душман билан жанг қилаётганда, чанқаганимизда ҳовузимиздан келиб сув ичамиз. Душман эса сув топа олмай, ҳолдан тояди».11 Шу пайт Жаброил алайҳиссалом бу фикр тўғри эканини билдирган ваҳийни келтирди. Пайғамбаримиз: «Эй Ҳубоб! Тўғри фикр – сен кўрсатганидир», – деб, ўринларидан турдилар. Ҳаммалари биргаликда кўрсатилган қудуқ бошига келдилар. Ширин сувли қудуқдан бошқа барча қудуқларни кўмиб, катта бир ҳовуз қурдилар. Ичини сувга тўлдириб, сув ичиш учун идишлар қўйдилар.

Шу пайт ҳазрати Саъд ибн Муоз Пайғамбаримизнинг ҳузури шарифларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Сиз ичида ўтирадиган, хурмо шохларидан бир соябон қуриб берайликми?» – деб таклиф қилди. Фахри олам Саъднинг бу фикридан мамнун бўлиб, унга дуо қилдилар. Дарҳол соябон қурилди. Пайғамбарлар султони шарафли саҳобалари билан жанг майдонини айланиб, кўздан кечирдилар. Вақти-вақти билан тўхтаб, муборак қўллари билан қурайшлик мушрикларнинг ўлдириладиган жойларини бирма-бир кўрсатиб: «Иншоаллоҳ, эртага тонгда фалончининг урилиб йиқиладиган жойи мана шу ер! Иншоаллоҳ, эртага тонгда фалончининг урилиб йиқиладиган жойи мана шу ер! Мана шу ер! Шу ер!…» – дедилар.

Кейинчалик ҳазрати Умар бу ҳақда шундай хабар берди: «Уларнинг ҳар бири Расули акрам муборак қўлларини қўйган жойнинг айнан устида урилиб ўлдирилганини кўрдим. Бирортаси на бир оз олдинда, на орқада эди».

Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаи киромни уч гуруҳга бўлдилар. Муҳожирларнинг байроғини Мусъаб ибн Умайрга, авсликларникини Саъд ибн Муозга, хазражликларникини эса Ҳубоб ибн Мунзирга бердилар. Ҳар бир гуруҳ ўз байроғи остида тўпланди.12 Пайғамбаримиз қўшинни сафга тизиб, тартибга солдилар.

Қўшинни тартибга солаётганларида, сафдан олдинга чиқиб турган Савод ибн Ғазиянинг кўксига муборак қўлларидаги таёқча билан тегиб: «Тўғрилан, ё Савод!» – дедилар. Савод: «Ё Расулаллоҳ! Қўлингиздаги таёқча жонимни оғритди. Сизни ҳақ дин, Китоб ва адолат билан юборган Аллоҳу таоло ҳаққи, мен ҳам сизга таёқча билан шундай тегмоқчиман», – деди. Унинг бу сўзидан бутун саҳобаи киром ҳайрон қолди. Коинот сарваридан қасос талаб қилиш мумкинми эди? Бундай иш қилиниши мумкинми эди? Расулуллоҳ эса муборак кўйлакларининг олдини очиб: «Қани, қасос ол, ҳаққингни ол», – дедилар. Шунда ҳазрати Савод катта қувонч ва муҳаббат билан Ҳабиби акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак кўксини ўпди.

Ҳамма қасос кутиб турганда, кўрган манзараларидан ҳайратга тушган биродарлари Саводга ҳавас қилишди. Севимли Пайғамбаримиз: «Нега бундай қилдинг?» – деб сўраганларида, Савод: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Бугун Аллоҳу таолонинг амри билан ажалим етганини кўриб турибман ва улуғ зотингиздан айрилишдан қўрқаман. Шу сабабли орамиздаги бу сўнгги дақиқаларда лабларим муборак вужудингизга тегишини истадим. Буни қиёмат куни менга шафоат қилишингизга, шу тариқа азобдан қутулишимга восита қилмоқчи бўлдим», – деди. Унинг бу муҳаббатидан Пайғамбаримиз ҳам жуда таъсирландилар ва ҳазрати Саводга дуо қилдилар.

Муборак Ислом қўшинининг ўнг қанотига қаҳрамон мужоҳид Зубайр ибн Аввом, чап қанотига эса Миқдод ибн Асвад қўмондонлик қилиши керак эди.13

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шарафли саҳобалари билан жангни қандай бошлаш ҳақида маслаҳатлашмоқчи бўлиб: «Қандай жанг қиласизлар?» – деб сўрадилар. Осим ибн Собит қўлида ёйи ва ўқи билан ўрнидан туриб, ўз фикрини билдирди: «Ё Расулаллоҳ! Қурайшликлар бизга юз метрча яқинлашганда, уларни ўққа тутайлик. Сўнгра қўл билан тош отиш масофасига келганларида, тош отайлик. Найза етадиган даражада яқинлашганларида, найзаларимиз синмагунча улар билан олишайлик. Сўнгра қиличларимизни яланғочлаб, жанг қилайлик!» Бу тактика Пайғамбаримизга маъқул бўлди. У зот саҳобаларига қуйидаги кўрсатмаларни бердилар: «Сафларингизни ташлаб кетманглар. Қимирламай жойларингизда собит туринглар. Мен амр бермагунимча жангни бошламанглар. Ўқларингизни душман сизларга яқинлашмасидан олдин ишлатиб, исроф қилманглар. Душман қалқонини очганда, ўқингизни отинглар. Душман анча яқин келганда, қўлингиз билан тош отинглар. Янада яқинлашганда, найзаларингизни ишлатинглар. Душман билан кўкрак-кўкракка келганда эса қиличларингиз билан жанг қилинглар…»

«Иншоаллоҳ, эртага тонгда фалончининг урилиб йиқиладиган жойи мана шу ер! Иншоаллоҳ, эртага тонгда фалончининг урилиб йиқиладиган жойи мана шу ер! Мана шу ер! Шу ер!…» Ҳадиси шариф

Сўнгра соқчилар қўйилиб, саҳобаи киромга дам берилди. Аллоҳу таолонинг ҳикмати билан улар шундай чуқур уйқуга кетдиларки, ҳатто кўз қовоқларини кўтара олмайдиган ҳолда эдилар. Пайғамбаримиз хурмо шохларидан қурилган соябонга кирганларида, ҳазрати Абу Бакр, сўнгра Саъд ибн Муоз қиличларини яланғочлаб, соябон эшиги олдида соқчилик қилди. Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак қўлларини кўтариб, катта ғам-ғусса ичида: «Ё Раббим! Агар Сен мана шу бир ҳовуч жамоатни ҳалок қилсанг, энди ер юзида Сенга ҳеч ибодат қилинмайди…» – деб Аллоҳу таолога ёлвора бошладилар. Бу ҳазин дуо тонггача давом этди.

Муборак Ислом қўшини қароргоҳ қурган жой қумлоқ эди. Шу сабабли юриш қийин, оёқлар қумга ботар эди. Аллоҳу таолонинг эҳсони ва Расулуллоҳ дуоларининг баракаси билан ўша кечаси тобора кучайиб борадиган ёмғир ёға бошлади, сойлардан тошиб кетадиган даражада сел оқди. Сув идишлари тўлдирилди, ер эса оёқлар ботмайдиган даражада қотди.

Мушриклар эса лой ва сел ичида қолдилар.

Тонг отгач, Расулуллоҳ саҳобаларини намозга турғиздилар.

Бомдод намозини ўқитгач, душман билан жиҳод қилишнинг ва шаҳидликнинг фазилати ҳақида гапириб, уларни жангга руҳлантирдилар. Шундай дедилар: «Албатта, Аллоҳу таоло ҳақ ва тўғри бўлган нарсани буюради. Ҳеч кимнинг Аллоҳу таолонинг ризоси учун қилинмаган амалини қабул қилмайди… Бу ерларда Раббимизнинг амрини бажаришга ҳаракат қилинглар – У бунинг учун сизларга раҳмати ва мағфиратини ваъда қилган – ва имтиҳондан муваффақиятли ўтинглар! Чунки Унинг ваъдаси ҳақ, сўзи рост, жазоси эса шиддатлидир. Мен ҳам, сизлар ҳам Ҳайй ва Қаййум бўлган Аллоҳу таолога боғлиқмиз. Унга сиғиндик, Унга маҳкам ёпишдик, Унга таяндик. Энг сўнгги қайтишимиз ҳам Унгадир. Аллоҳу таоло мени ва барча мусулмонларни мағфират қилсин!…»

Рамазони шарифнинг ўн еттинчи куни жума кунининг қуёши чиқди. Бир оздан кейин тарихнинг энг шафқатсиз, кучлари энг нотенг, энг муҳим, энг катта жанги бошланар эди…

Бир томонда Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва жонларини фидо қилишдан зарра қадар ҳам тап тортмайдиган бир ҳовуч шарафли саҳобалари; иккинчи томонда эса Исломни бир қошиқ сувда бўғиш, Аллоҳу таолонинг ҳабиби бўлиш шарафига эришган бир пайғамбарни йўқ қилиш учун тўпланган ҳаддан ошган, ҳовлиққан кофирлар тўдаси турар эди. Афсуски, улар орасида Расули акрамнинг қариндошлари ҳам бор эди. Улар ҳам севимли жиянлари билан жанг қилиш учун Бадрга келган эдилар.

Пайғамбаримиз қўшинларининг тартибини яна бир бор кўздан кечириб, берган кўрсатмаларини такрорладилар. Шу пайт қурайш мушриклари қароргоҳларидан чиқиб, Бадр водийси томон оқиб кела бошладилар. Кўпчилигининг усти совутлар билан қопланган эди. Катта ғурур ва кибр ичида Ислом қўшинига ҳужумга ўтдилар. Расулуллоҳ мушрикларнинг бу ҳолини кўргач, ҳазрати Абу Бакр билан чодирга кириб, муборак қўлларини кўтариб, Жаноби Ҳаққа ёлвора бошладилар: «Ё Раббим! Мана, қурайш мушриклари бутун ғурур ва кибрлари билан келмоқда!… Сенга қарши чиқмоқдалар, Пайғамбарингни ёлғончига чиқармоқдалар. Эй Аллоҳим! Менга қилган ёрдам ва зафар ваъдангни бажо келтиришингни Сендан сўрайман!… Аллоҳим! Агар мана шу бир ҳовуч мусулмоннинг ҳалокатини истасанг, бундан кейин Сенга ибодат қиладиган киши қолмайди!…»

У зот шу тарзда тинимсиз, такрор-такрор ёрдам сўраб, Аллоҳу таолога ёлворар эдилар. Пайғамбаримизнинг бу ниҳоятда ҳазин, ичларни пора-пора қиладиган илтижолари шу қадар давом этдики, у зот ўзларини унутиб, ридолари муборак елкаларидан тушиб кетди. Бу ўтли илтижога чидай олмаган ҳазрати Абу Бакр муборак ридони катта ҳурмат билан ердан кўтариб, Пайғамбаримизнинг муборак елкаларига қўяркан, у зотга шундай тасалли берди: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Шунча ёлворганингиз етади!… Раббингизга дуода ниҳоятда илтижо қилдингиз! Албатта, Аллоҳу таоло сизга ваъда қилган зафарни яқинда беради». Шу онда Оламлар сарвари қуйидаги ояти карималарни ўқиб, чодирдан чиқдилар. Уларда шундай дейилади, маъноси: «Бу жамоат (Бадрдагилар) яқинда албатта енгилиб, ортларига ўгирилиб қочадилар. Тўғрироғи, уларнинг асл азоб вақти қиёматдадир. У вақтнинг азоби янада даҳшатлироқ, янада аччиқроқдир».14

Севимли Пайғамбаримиз қўшинларининг олдига келдилар. Шонли саҳобаларига қуйидаги ояти карималарни ўқидилар: «Эй иймон келтирганлар! Бир душман жамоатига рўбарў келганингизда, собит туринглар ва нажот топишингиз учун Аллоҳу таолони кўп зикр қилинглар… Шундай қилиб, шояд фалоҳга эришсангизлар. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар. Ўзаро низолашманглар, акс ҳолда муваффақиятсизликка учрайсизлар ва қўлингиздаги шавкатингиз (куч-қувватингиз) кетади. Сабр қилинглар. Чунки Аллоҳу таоло сабр қилувчилар билан биргадир».15

Бу – бутун қўшин биргаликда душманга қарши олиб борадиган илк жанг эди. Жанг бошланай деб турар эди. Ҳаяжон энг юқори чўққисига етган эди. Расули акрам «Аллоҳу таолони кўп зикр қилинглар…» маъносидаги ояти каримани ўқиганларидан кейин бутун саҳобаи киром биргаликда «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» деб такбир айта бошладилар ва зафар ато этишини сўраб Жаноби Ҳаққа ёлвордилар. Энди улар Пайғамбаримизнинг бир ишораларини кутиб турар эдилар. У замон одатларига кўра, икки қўшин тўқнашишидан олдин ҳар икки томондан баҳодирлар майдонга чиқиб, яккама-якка олишар эдилар. Бу олишувда ҳар икки томоннинг жанговар ғазаби ва иштиёқи ортар, жангга қизишиб кетар эди. Мушриклардан Омир ибн Ҳазрамий бу қоидага бўйсунмай, уни оёқ ости қилиб, Ислом қўшинига ўқ отди. Ўқ муҳожирлардан Миҳжаъга тегди, у шаҳид бўлди ва унинг муборак руҳи жаннатга кўтарилди. Пайғамбарлар сарвари бу илк шаҳид ҳақида: «Миҳжаъ – шаҳидларнинг сарваридир», – деб хушхабар бердилар. Саҳобаи киром жойларида тура олмайдиган ҳолга келган эдилар. Лекин Пайғамбаримиздан амр келмагунча кичкина бир ҳаракат ҳам қила олмас эдилар.

«Ё Раббим! Мана, қурайш мушриклари бутун ғурур ва кибрлари билан келмоқда!… Сенга қарши чиқмоқдалар, Пайғамбарингни ёлғончига чиқармоқдалар. Эй Аллоҳим! Менга қилган ёрдам ва зафар ваъдангни бажо келтиришингни Сендан сўрайман!…» Ҳадиси шариф

Ҳар бирининг ичи вулқондек қайнай бошлади!…

Шу пайт мушрик қўшинидан уч кишининг олдинга отилгани кўринди. Улар Бану Робиъадан бўлган Исломнинг ашаддий душманлари – Утба, унинг биродари Шайба ва ўғли Валид эди. Улар мужоҳидларга қараб: «Орангизда биз билан олиша оладиган киши борми?» – деб бақиришди. Саҳобаи киромдан энг аввал ҳазрати Абу Ҳузайфа отаси Утбага қарши жанг қилиш учун олдинга чиққанда, Оламлар султони унга: «Сен тўхта!» – дедилар. Шунда мадиналик мужоҳидлардан Афро хонимнинг ўғиллари – Муоз ва Муаввиз ҳамда Абдуллоҳ ибн Равоҳа олдинга чиқишди. Улар Утба, Шайба ва Валиднинг рўпарасига келишди. Қўлларида қилич, шай турар эдилар.

Мушриклар: «Сизлар кимсизлар?» – деб, ўзларини танитишларини талаб қилишди. Улар: «Биз мадиналик мусулмонлармиз», – дейишгач, мушриклар: «Бизнинг сизлар билан ишимиз йўқ! Бизга Бану Абдулмутталиб керак. Биз улар билан олишмоқчимиз», – дейишди ва Ислом қўшинига ўгирилиб: «Ё Муҳаммад! Рўпарамизга ўз қавмимиздан бизга тенг бўлганларни чиқар!» – деб бақиришди.

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) майдондаги бу уч ботир саҳобаларига дуо қилганларидан кейин, уларга жойларига қайтишни буюрдилар. Сўнгра саҳобалари орасига кўз югуртириб: «Эй Бану Ҳошим! Туринглар! Аллоҳу таолонинг нурини ботил динлари билан ўчириш учун келганларга қарши Ҳақ йўлида жанг қилинглар, зотан Аллоҳу таоло Пайғамбарингизни ҳам шунинг учун юборган. Тур, ё Убайда! Тур, ё Ҳамза! Тур, ё Али!» – дедилар.

Аллоҳу таолонинг шерлари – ҳазрати Ҳамза, ҳазрати Али ва ҳазрати Убайда дубулғаларини кийиб, майдонга юрдилар. Уларнинг рўпарасига келишганда, мушриклар: «Сизлар кимсизлар? Агар бизга тенг бўлсангизлар, сизлар билан олишамиз», – дейишди. Улар: «Мен Ҳамзаман! Мен Алиман! Мен Убайдаман!» – деб жавоб беришгач, мушриклар: «Сизлар ҳам биз каби шарафли кишиларсиз. Сизлар билан олишишга розимиз», – дейишди. Қаҳрамон Ислом мужоҳидлари мушрикларни аввал иймонга даъват қилдилар, лекин улар қабул қилмади. Шундан сўнг учаласи бирданига қиличларини яланғочлаб, мушрикларга ташландилар. Ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Али кофир Утба билан Валидни бир ҳамлада ўлдирдилар. Ҳазрати Убайда Шайбани ярадор қилди. Шайба ҳам Убайдани ярадор қилди. Ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Али Убайданинг ёрдамига етиб келиб, Шайбани ўша ернинг ўзида ўлдирдилар. Ҳазрати Убайдани қучоқлаб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб келдилар.16 Ҳазрати Убайда ибн Ҳориснинг муборак тўпиғидан қон ва илик оқар эди. У бу ҳолига ҳеч эътибор бермай: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Мен шу ҳолимда ўлсам, шаҳид бўлмайманми?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Ҳа, сен шаҳидсан», – деб, унинг жаннатий эканлиги ҳақида хушхабар бердилар. (Ҳазрати Убайда (розияллоҳу анҳу) жангдан қайтишда Сафро деган жойда вафот этди.) Бу олишувда уч муҳим одамидан айрилган мушриклар саросимага тушиб қолди. Шунга қарамай, Абу Жаҳл қўшинининг руҳини кўтариш учун: «Утбанинг, Шайбанинг, Валиднинг ўлганига қараманглар, улар жангда шошилиб, беҳуда ўлдилар! Қасамки, мусулмонларни тутиб, арқонларга боғламагунимизча орқага қайтмаймиз!…» – деб тасалли беришга уринар эди. Қаҳрамон саҳобаи киром эса бу мушрик тўдасини қиличлари билан тезроқ жазолаш учун сабрсизланар эди. Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак тилларидан туширмаган мана бу дуони такрорлар эдилар: «Аллоҳим! Менга қилган ваъдангни бажо келтир!… Аллоҳим! Мана шу бир ҳовуч Ислом жамоатини ҳалок қилсанг, энди ер юзида Сенга ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди!…»

Шу пайт мушрик сафларидан ҳазрати Абу Бакрнинг ўғли Абдурраҳмон майдонга чиқиб, олишиш учун рақиб сўради. У Қурайшнинг энг жасур ва мерган камончиларидан бири бўлиб, ҳали мусулмон бўлмаган эди. Июль ойининг бу пешин жазирамасида мужоҳидлар сафларидан ҳам бир кишининг дарҳол қиличига қўл узатиб, олдинга юргани кўринди. Бу киши биринчи бўлиб мусулмон бўлиш ва сиддиқлик мақоми билан шарафланган, пайғамбарлардан кейин инсонларнинг энг афзали, қаҳрамон ҳазрати Абу Бакр эди… У ўғлига қарши жанг қилиш учун олдинга отилган эди. Лекин Оламлар сарвари унга: «Ё Абу Бакр! Билмайсанми, сен мен учун кўрар кўзим, эшитар қулоғим ўрнидасан! Ёнимдан кетма! Баданимга ва қалбимга келган ҳар бир машаққат сенинг муборак юзингни кўриш билан енгиллашади. Сен билан қалбим қувват топади», – дедилар.

Шу тариқа уни жанг қилишдан қайтардилар. Абу Бакр Сиддиқ ўғлига: «Эй ярамас! Менга бўлган алоқанг қаёқда қолди?» – дейишдан ўзини тия олмади.

Сўнгра пайғамбарлар султони Ҳабиби акрамнинг ерга эгилиб, бир ҳовуч қум олганлари кўринди. Бу қумни душман устига сочиб: «Юзлари қора бўлсин!… Аллоҳим! Қалбларига қўрқув сол, оёқларига титроқ бер!» – дедилар ва саҳобаларига ўгирилиб: «Ҳужумга!… Ташланинглар!» – деб амр бердилар. Бир ишорани кутиб турган шонли саҳобалар олдиндан берилган кўрсатмага кўра ҳаракатга келдилар. «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» садолари орасида ўқлар визиллай, тошлар нишонга тега, найзалар совутларга урила бошлади… Аллоҳу таолонинг шерлари: ҳазрати Ҳамза икки қўлига олган икки қилич билан жанг қилар; ҳазрати Али, ҳазрати Умар, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Дужона17 ва Абдуллоҳ ибн Жаҳш мушрик сафларининг бир четидан кириб, иккинчи четидан чиқар, кофирларни саросимага солар эдилар. Ҳар бири ўтиб бўлмас бир қалъага айланган эди. «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» садолари оламни тутар, Аллоҳу таоло шонининг улуғлиги кофирларнинг бошига гурзидек тушар эди. Пайғамбаримиз: «Ё Ҳайй! Ё Қаййум! Ё Ҳайй! Ё Қаййум!» – деб Аллоҳу таолога ёлворар эдилар. Ҳазрати Али шундай деган: «Бадрда ҳаммамизнинг энг жасури, энг қаҳрамони Расул алайҳиссалом эдилар. Мушрик сафларига энг яқин турган ҳам у зот эдилар. Қийин аҳволга тушганимизда у зотдан паноҳ топар эдик».

Мушриклар ўз бошлиқлари Абу Жаҳлни ўрталарига олдилар. Улардан бирини Абу Жаҳлдек кийинтириб, унга ўхшатдилар. Бу бахтиқаронинг исми Абдуллоҳ ибн Мунзир эди. Ҳазрати Али Абдуллоҳга ташланиб, Абу Жаҳлнинг кўз олдида унинг бошини кесди. Сўнгра Абу Қайсни шундай кийинтирдилар. Уни ҳам ҳазрати Ҳамза ўлдирди.

Ҳазрати Али бир мушрик билан олишар эди. Мушрик қиличини ҳазрати Алига сермаган, қилич қалқонга санчилиб қолган эди. Ҳазрати Али Зулфиқорини мушрикнинг совутли танасига сермаб, уни совути билан бирга елкасидан кўксигача кесаётган пайтда, бошининг устида бир қиличнинг ялтираганини кўрди. Дарҳол бошини эгди. Қилични ялтиратган киши: «Ол! Бу ҳам Ҳамза ибн Абдулмутталибдан!» – дер экан, мушрикнинг боши дубулғаси билан бирга ерга юмалади. Ҳазрати Али ўгирилиб қараганда, амакиси ҳазрати Ҳамзанинг икки қилич билан жанг қилаётганини кўрди. Пайғамбаримиз саҳобаларининг шундай мардона жанг қилаётганларини кўрган сари: «Улар – Аллоҳу таолонинг ер юзидаги шерларидир», – деб, уларни мақтар эдилар.

«Аллоҳим! Менга қилган ваъдангни бажо келтир!… Аллоҳим! Мана шу бир ҳовуч Ислом жамоатини ҳалок қилсанг, энди ер юзида Сенга ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди!…» Ҳадиси шариф

Бир пайт Пайғамбаримизнинг ёнларида жанг қилаётган ҳазрати Уккошанинг қиличи синди. Буни кўрган севимли Пайғамбаримиз ерда кўрган бир таёқни олиб, унга узатдилар ва: «Ё Уккоша! Шу билан ур!…» – дедилар. Уккоша таёқни олиши биланоқ, таёқ Пайғамбаримизнинг мўъжизаси билан узун, ялтироқ, тиғининг орқаси пишиқ ва ўткир бир қиличга айланди. У жанг охиригача шу қилич билан кўп мушрикни ўлдирди.

Оламлар сарвари Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир томондан жанг қилар, бир томондан эса саҳобаларини ҳаяжонга солган мана бу муборак ҳадиси шарифларини айтар эдилар: «Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, бугун Жаноби Ҳақнинг ризосини умид қилиб, сабр ва сабот билан жанг қилганларни, орқаларига ўгирилмай олға бораётиб ўлдирилганларни Ҳақ таоло албатта Ўз жаннатига киритади». Бу муборак сўзни эшитган Умайр ибн Ҳумом: «Қандай яхши! Қандай яхши! Демак, жаннатга киришим учун шаҳид бўлишимдан бошқа ҳеч нарса керак эмас экан-да!» – деб, ҳужумларини янада тезлаштирди. Бир томондан душман билан олишар, бир томондан эса: «Аллоҳу таоло ҳузурига моддий озуқалар билан эмас, балки фақат Ҳақ таолодан қўрқиш, охират амали, жиҳодда сабр ва сабот кўрсатиш билан борилади. Булардан бошқа барча озуқалар, шубҳасиз, тугайди, адо бўлади!…» – дер эди. Шу тариқа у шаҳид бўлгунча жанг қилди.

Жанг жуда қизиб кетган эди!… Бир саҳоба устига камида уч мушрик бирданига ташланар эди. Уларнинг ҳар бирига алоҳида қилич етказишга уринган шонли саҳобаи киромни ҳеч нарса қўрқита олмас эди. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!…» деган сари улар қайтадан куч олар, такрор-такрор ҳужум қилишдан чарчамас эдилар. Бир пайт мушрикларнинг ҳужуми кучайди, саҳобаи киром қийин аҳволга тушиб қолди. Шу пайт Расулуллоҳ ҳазрати Абу Бакр билан хурмо шохларидан қурилган чодирларига кирдилар. Пайғамбаримиз яна Аллоҳу таолога муножот қила бошладилар: «Ё Раббим! Менга ваъда қилган ёрдамингни лутф эт!…» – деб ёлворар эдилар. Шу онда ваҳий келди. Унда шундай дейилди, маъноси: «Ўшанда сизлар Раббингиздан ёрдам ва зафар сўраётган эдингизлар, У эса сизларга: „Албатта, Мен сизларга кетма-кет келадиган минг фаришта билан ёрдамга етиб бораман“, – деб, бу истагингизга жавоб берди ва дуоингизни қабул қилди».18 Пайғамбаримиз дарҳол ўринларидан туриб: «Хушхабар, ё Абу Бакр! Сенга Аллоҳу таолонинг ёрдами етиб келди! Мана бу – Жаброил. Қум тепалари устида отининг жиловини тутиб, қуролланиб, амр кутиб турибди», – дедилар. Анфол сурасида билдирилганидек, Жаноби Ҳақ фаришталарга шундай марҳамат қилган эди, маъноси: «Ўшанда Раббингиз фаришталарга: „Мен сизлар билан биргаман (мусулмонларга нусрат ва ёрдам беришда). Қани, мўминларни (нусрат хушхабари билан) қўллаб-қувватланглар, уларга куч-қувват беринглар. Мен ҳозир кофирларнинг кўнгилларига даҳшат ва қўрқув соламан. Уларнинг бўйинлари устидан уринглар, қўл ва оёқ бармоқларининг бўғинларини, туташган жойларини синдиринглар“, – деб ваҳий қилди. Чунки улар Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига қарши чиқдилар. Ким Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига қарши чиқса (Унинг азобига дучор бўлади), Аллоҳу таолонинг жазоси жуда қаттиқдир!»19

Бу амрдан кейин Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳимуссалом ёнларига мингтадан фаришта олиб, тартиб билан севимли Пайғамбаримизнинг ёнларида, ўнг томонларида ва чап томонларида жой олдилар.20

Жаброил алайҳиссалом бошига сариқ салла ўраган эди. Бошқа фаришталарнинг бошларида эса оқ саллалар бор эди. Саллаларининг учларини орқаларига туширган, оқ отларга минган эдилар. Сарвари олам саҳобаларига: «Фаришталарнинг белгилари ва нишонлари бор. Сизлар ҳам ўзингизга белги ва нишон қилинглар!» – дедилар.

Зубайр ибн Аввом бошига сариқ, Абу Дужона эса қизил матони салла қилиб ўради. Ҳазрати Али оқ туғ, ҳазрати Ҳамза эса кўксига туяқуш патини тақди. Фаришталар жангга киргач, вазият бир зумда ўзгарди. Саҳобаи киром рўпарасидаги кофирга ҳали қилич сермамасданоқ, унинг боши танасидан ажралиб ерга тушар эди. Пайғамбаримизнинг ўнгларида ва чапларида, олдиларида ва орқаларида нотаниш кишиларнинг мушриклар билан жанг қилаётгани кўринар эди.

Ҳазрати Саҳл шундай ҳикоя қилди: «Бадр жангида ҳар биримиз бир мушрикнинг бошига қилич сермаганимизда, қилич ҳали нишонга етмасданоқ, унинг калласи танасидан ажралиб, ерга юмалаганини кўрар эдик!…»

Абу Жаҳлнинг ўлдирилиши

Мушрикларнинг байроқдори Абу Азиз ибн Умайр асир олинди. Уларнинг қўмондони Абу Жаҳл эса қурайшликларга журъат бериш учун тинмай шеърлар ўқиб, аскарларининг руҳини кўтаришга уринар эди. Ёш бир йигитдек ҳужум қилар, «Онам мени мана шу кунлар учун туққан!…» – деб мақтанар, ёшларни руҳлантирар эди. Мушриклардан Убайда ибн Саъид бошдан-оёқ совут кийиб олган эди. Унинг фақат кўзлари кўриниб турар эди. От устида гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга бурилиб: «Мен – Абу Зотул Кариш! Мен – Абу Зотул Кариш!», яъни «мен катта қоринлиман, қорин отасиман», деб ўзича рақиб чақирар эди. Қаҳрамон мужоҳид ҳазрати Зубайр ибн Аввом унинг ёнига яқинлашиб, найзасини айнан кўзига мўлжаллади ва: «Аллоҳу акбар!» – деб отди. Нишонга теккан найза уни отидан ерга қулатди. Ҳазрати Зубайр югуриб ёнига борганда, Убайда ўлган эди. Оёғини унинг юзига тираб, бор кучи билан тортганда ҳам найза зўрға чиқди, қийшайиб қолган эди. Ҳазрати Зубайрнинг Бадр жангида кўрсатган қаҳрамонлиги жуда катта эди. Унинг баданида яраланмаган жой қолмаган эди. Ўғли Урва буни шундай ҳикоя қилган эди: «Отам учта оғир қилич зарбасини олган эди. Улардан бири бўйнида эди. Яра шундай чуқур из қолдирган эдики, ичига бармоғимни тиқа олар эдим». Абдурраҳмон ибн Авф ҳам қурайшликлар билан аёвсиз жанг қилар, олган яраларидан оққан қонларга парво қилмай, олдига келганни қулатар эди. Ҳазрати Абдурраҳмон ўзи гувоҳ бўлган бир воқеани шундай ҳикоя қилди: «Бир пайт олдимда ҳеч ким қолмади. Ўнг-чапимга қараганимда, ансорлардан икки йигит кўзимга ташланди. Уларнинг кучлироғи ва зарбаси қаттиқроғи билан бирга бўлишни истадим. Бу икки йигитдан бири мени кўз қири билан бир кузатди-да, менга ўгирилиб: „Эй амаки! Абу Жаҳлни танийсизми?“ – деб сўради. Мен: „Ҳа, танийман“, – дедим. „Эй жиян, Абу Жаҳлни нима қиласан?“ – деб сўраганимда, у: „Менга айтишларича, у Расулуллоҳни сўкар экан. Аллоҳу таолога қасамки, агар уни бир кўрсам, ўлдирмагунимча ёки ўзим ўлмагунимча ҳеч қачон ундан ажралмайман“, – деди. Бир йигитнинг ҳаяжон билан айтган бу қатъий ва дадил сўзидан, рости, ҳайрон қолдим.

«Ё Абу Бакр! Билмайсанми, сен мен учун кўрар кўзим, эшитар қулоғим ўрнидасан! Ёнимдан кетма! Баданимга ва қалбимга келган ҳар бир машаққат сенинг муборак юзингни кўриш билан енгиллашади. Сен билан қалбим қувват топади» Ҳадиси шариф

Бу икки йигитнинг иккинчиси ҳам мени кўздан кечириб, шеригининг айтганини айтди. Шу пайт мен Абу Жаҳлни кўриб қолдим! У Қурайш аскарлари орасида тинмай у ёқдан-бу ёққа айланиб юрар эди. Мен: „Эй йигитлар! Анави у ёқ-бу ёққа шошиб юрган одам – Абу Жаҳл“, – дейишим биланоқ, улар дарҳол қиличларига ёпишдилар ва Абу Жаҳлнинг ёнига яқинлашдилар.

Улар олиша бошладилар. Бу йигитлар Афро хонимнинг фарзандлари – Муоз ва Муаввиз исмли биродарлар эди». Шу пайт саҳобаи киромнинг қаҳрамонларидан Муоз ибн Амр Абу Жаҳлнинг ёнига яқин бориш фурсатини топди. У узун думли бир от устида турган Абу Жаҳлга ташланиб, бор кучи билан оёғига қилич урди. Абу Жаҳлнинг оёғи ерга узилиб тушди. Шу пайт отасининг ёрдамига етиб келган, ҳали мусулмон бўлмаган Икрима ҳазрати Муоз ибн Амр билан олиша бошлади.

Шу онда Муоз ва Муаввиз биродарлар лочиндек олдинга отилдилар. Олдиларига келганни қулатиб, Абу Жаҳлга етиб бордилар. Уни ўлди деб ўйлагунларича қиличлари билан чопдилар.

Ҳазрати Муоз ибн Амр эса Икрима билан олишувда қўлидан ва билагидан ярадор бўлган эди. Унинг муборак қўли билагидан кесилиб, терида осилиб қолган эди. Жангга шўнғиб кетган Муоз ибн Амрнинг қўли билан овора бўлишга, уни даволаш учун боғлашга вақти йўқ эди. Кесилган қўли терида осилиб турганда ҳам у қаҳрамонларча жанг қилар эди.

Аллоҳу акбар!… Бу қандай кучли иймон!… Бу қандай кўрилмаган манзара эди!… Ҳазрати Муоз бир муддат шундай олишгач, ҳаракат қилиш имконияти камайганини кўрди. Бунга кесилган қўли сабаб эди. У дарҳол қўлини оёғи остига босиб, узиб ташлади…21

Исломнинг ашаддий душманларидан Навфал ибн Хувайлид Қурайшнинг энг кўзга кўринган паҳлавонларидан эди. У тинмай бақирар, мушрик тўдасини ҳаяжонга ва ғалаёнга келтиришга уринар эди. Унинг бу ҳолини кўриб, Пайғамбаримиз: «Аллоҳим! Навфал ибн Хувайлидга қарши менга ёрдамчи бўл. Унинг ҳаққидан келгин», – деб дуо қилган эдилар. Аллоҳу таолонинг шери ҳазрати Али мушрик Навфални кўриши биланоқ дарҳол унга ташланди. Қиличини шундай қаттиқ туширдики, оёқлари совут билан қопланган бўлса ҳам, иккаласи бирданига кесилди. Сўнгра қиличини бўйнига уриб, бошини танасидан жудо қилди.22

Билол Ҳабашийни қизиб турган қумга ётқизиб, кўксига катта-катта харсанглар қўйган Умайя ибн Халаф мушрикларнинг энг ашаддийларидан эди. Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) озор бериш учун ҳар бир фурсатдан фойдаланган бу катта Ислом душмани Бадр водийсида ҳам мушрикларни тўплашга, Исломнинг нурини ўчиришга уринар эди. Унинг бу ҳолини кўрган ҳазрати Билол яланғоч қилич билан унга яқинлашиб, рўпарасида тик турди ва: «Эй куфрнинг боши Умайя ибн Халаф!… Сен омон қолсанг, менга омонлик бўлмасин!» – деб ҳужум қилди. Бир томондан: «Эй ансорий биродарлар! Етиб келинглар, куфрнинг боши шу ерда!» – дейиши биланоқ, саҳобаи киром Умайянинг атрофини ўраб олиб, уни дарҳол ўлдирдилар.23

Мушрик қўшинида энди бошлиқ қолмаган эди. Ҳар бири нима қилишини билмай, дуч келган томонга қочишга уринар эди. Куфрнинг қалъаси қулаган эди. Шонли саҳобалар таъқибни давом эттирдилар. Мушриклардан бир қисми асир олинди. Севимли Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос ҳам асирлар орасида эди.24

Зафар иймон келтирганларники бўлди

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шонли саҳобаларидан: «Навфал ибн Хувайлид ҳақида бирор нарса биладиган киши борми?» – деб сўрадилар. Ҳазрати Али олдинга чиқиб: «Ё Расулаллоҳ! Уни мен ўлдирдим», – деди. Бу хабардан жуда хурсанд бўлган севимли Пайғамбаримиз: «Аллоҳу акбар!» – деб такбир айтдилар ва: «Аллоҳу таоло у ҳақдаги дуомни қабул қилди», – дедилар.

Умайя ибн Халафнинг ўлдирилганини айтишганда ҳам жуда хурсанд бўлдилар ва: «Алҳамдулиллаҳ! Аллоҳу таолога шукрлар бўлсин. Раббим бандасини тасдиқлади, динини ғолиб қилди», – дедилар.

Расули акрам Абу Жаҳл ҳақида: «Абу Жаҳл нима қилди экан, унга нима бўлди экан, ким бориб бир қараб келади?» – деб, ўликлар орасидан уни қидиришни буюрдилар. Излашди, лекин топа олишмади. Пайғамбаримиз: «Қидиринглар, у ҳақда менинг сўзим бор. Агар уни таний олмасангизлар, тиззасидаги яра изига қаранглар. Бир куни мен билан у Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг зиёфатида эдик. Иккимиз ҳам ёш эдик. Мен ундан бир оз каттароқ эдим. Тиқилинчда уни итариб юбордим. У тиззалари устига йиқилди. Тиззаларидан бири яраланди ва бу яранинг изи тиззасидан кетмади», – дедилар.

Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Масъуд Абу Жаҳлни излаб кетди. Уни ярадор ҳолда топиб, таниди. «Абу Жаҳл сенмисан?» – деди. Унинг бўйнига оёғини босди. Соқолидан тутиб тортди ва: «Эй Аллоҳу таолонинг душмани! Ниҳоят, Аллоҳу таоло сени хор ва ҳақир қилдими?» – деди. Абу Жаҳл: «Нега мени хор ва ҳақир қилар экан! Эй қўй чўпони! Аллоҳ сени хор ва ҳақир қилсин. Сен чиқиш жуда қийин бўлган бир жойга чиқиб олибсан! Сен менга айт-чи, бугун зафар ва ғалаба қайси томонда?» – деди. Ҳазрати Ибн Масъуд: «Зафар Аллоҳ ва Унинг Расули томонида», – деди. Абу Жаҳлнинг дубулғасини бошидан ечаётиб: «Эй Абу Жаҳл! Сени ўлдираман», – деди. Абу Жаҳл: «Сен қавмингнинг улуғини ўлдирганларнинг биринчиси эмассан. Лекин, тўғриси, сенинг мени ўлдиришинг менга жуда оғир ботади. Ҳеч бўлмаса, бўйнимни кўксимга яқин жойдан кес, бошим ҳайбатли кўринсин!» – деб, куфри, ғурури ва кибри қай даражага етганини кўрсатди.

Ибн Масъуд Абу Жаҳлнинг бошини ўз қиличи билан кеса олмагач, Абу Жаҳлнинг қиличи билан кесди. Сўнгра унинг қуролини, совутини, дубулғасини ва бошини олиб келиб, Пайғамбаримизнинг олдиларига қўйди ва: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Бу – Аллоҳу таолонинг душмани Абу Жаҳлнинг боши», – деди. Севимли Пайғамбаримиз: «У шундай Аллоҳки, Ундан бошқа илоҳ йўқдир», – дедилар. Сўнгра туриб, саҳобалари билан бирга Абу Жаҳлнинг ўлиги ёнига бордилар. У ерда шундай дедилар: «Сени хор ва ҳақир қилган Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин.

Эй Аллоҳнинг душмани! Сен бу умматнинг фиръавни эдинг». Сўнгра: «Ё Раббим! Менга берган ваъдангни бажо келтирдинг», – деб Аллоҳу таолога шукр қилдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ярадор саҳобаи киромнинг яраларини боғлатдилар. Шаҳид бўлганларни аниқлатдилар. Муҳожирлардан олти, ансорлардан саккиз киши – жами ўн тўрт шаҳид берилган эди. Уларнинг ҳаммасининг муборак руҳлари жаннатга учиб кетаётганда, Исломнинг нурини ўчиришга уринган мушриклардан етмиш киши ўлдирилди ва етмиш киши асир олинди. Расулуллоҳ зафар хушхабарини етказиш учун Мадинага Абдуллоҳ ибн Равоҳа билан Зайд ибн Ҳорисани юбордилар. Пайғамбаримиз шаҳидларнинг жаноза25 намозини ўқиб, уларни қабрларига дафн эттирдилар. Мушрикларнинг жасадларидан йигирма тўрттасини ташландиқ бир қудуққа, қолганларини эса чуқурларга тўплаб ташлаб, устларини кўмдилар. Оламлар сарвари шарафли саҳобалари билан қудуқ бошига келиб: «Эй қудуққа ташланганлар!» – дедилар. Сўнгра ўлдирилган мушрикларнинг исмларини оталарининг исмлари билан бирга санаб: «Эй Утба ибн Робиъа! Эй Умайя ибн Халаф! Эй Абу Жаҳл ибн Ҳишом!… Сизлар Пайғамбарингизга нисбатан қандай ёмон қавм эдингиз! Сизлар мени ёлғончига чиқардингиз, бошқалар эса мени тасдиқлаб, рост дедилар. Сизлар мени шаҳримдан, юртимдан чиқардингиз, бошқалар эса менга эшикларини очиб, бағрларига босдилар. Сизлар мен билан урушдингиз, бошқалар эса менга ёрдам бердилар. Раббим ваъда қилган нарсага етдингизми? Мен Раббим ваъда қилган зафарга етдим», – дедилар.

«(Эй саҳобаларим!) Фаришталарнинг белгилари ва нишонлари бор. Сизлар ҳам ўзингизга белги ва нишон қилинглар!» Ҳадиси шариф

Ҳазрати Умар: «Ё Расулаллоҳ! Ўлаксага айланган кимсаларга гапиряпсизми?» – деб сўради. Шунда Расули акрам: «Мени ҳақ пайғамбар қилиб юборган Раббим ҳаққи айтаманки, сизлар мени улардан кўра яхшироқ эшитмайсизлар. Лекин улар жавоб бера олмайдилар», – дедилар.

Жанг майдонидан жонларини қутқариш учун шошиб қочган мушриклар олиб келган нарсаларидан ҳеч бирини олиб кета олмадилар. Ҳаммаси мусулмонлар қўлига ўтди. Пайғамбаримиз ғанимат молларини Бадр жангида қатнашган ва вазифа олган барча саҳобаларига тақсимлаб бердилар. Бадрда яна уч кеча қолиб, ўн тўққиз кундан кейин Мадинага қайтдилар. Шу орада хушхабарчи қилиб юборилган Абдуллоҳ ибн Равоҳа билан Зайд ибн Ҳориса Мадинага яқинлашиб қолган эди. Якшанба куни чошгоҳ пайтида Ақиқ деган жойга етгач, улар ажралишди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа бир томондан, Зайд ибн Ҳориса эса бошқа томондан Мадинага кирди. Уйма-уй юриб, зафар хабарини беришар эди. Расулуллоҳнинг шоири Абдуллоҳ ибн Равоҳа баланд овоз билан шундай шеър ўқиб, зафар хушхабарини етказар эди:

Эй ансор жамоати! Сизларга хушхабарим бор:
Аллоҳнинг Пайғамбари соғу саломат, бехатар.
Мушриклар ўлдирилди, асирга ҳам олинди,
Асирлар орасида кўп машҳур кишилар бор.
Робиъа ва Ҳажжожнинг ўғиллари батамом,
Бадрда ўлдирилди Абу Жаҳл Амр ибн Ҳишом.

Ҳазрати Осим ибн Адий: «Эй Ибн Равоҳа! Айтганинг ростми?» – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Равоҳа: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, рост! Иншоаллоҳ, эртага Расулуллоҳ ҳам қўллари боғланган асирлар билан бирга келадилар!» – деди.

Ҳазрати Руқайянинг вафоти

Ўша куни севимли Пайғамбаримизнинг қизлари ҳазрати Руқайя (розияллоҳу анҳо) вафот этган эди. Унинг эри ҳазрати Усмон жаноза намозини ўқитган эди. Бу қайғу устига келган зафар хабари уларнинг кўнглини бир оз ёзди.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалари билан бирга ўзларига Бадр зафарини ато этган Аллоҳу таолога ҳамд айтиб, шукр саждасини қилганларидан кейин асирлар билан бирга Мадинаи мунаввара томон йўлга чиқдилар.

Олдинроқ хушхабар етказган Абдуллоҳ ибн Равоҳа билан Зайд ибн Ҳориса Бадр жангида бўлиб ўтган воқеаларни ва кимлар шаҳид бўлганини айтиб берган эди. Мадинада қолган болалар, аёллар, вазифа олганлар зафардан жуда хурсанд бўлган эдилар. Улар Пайғамбаримизни кутиб олишга чиқдилар. Шаҳид бўлганлар орасида Ҳориса ибн Суроқа ҳам бор эди. Ҳазрати Ҳорисанинг онаси Рубайиъ ўғлининг ҳовуздан сув ичаётганда душман ўқи тегиб шаҳид бўлганини билган эди. Рубайиъ онамиз бу хабарни эшитганида: «Расул алайҳиссалом келмагунларича ўғлим учун йиғламайман. Саодат билан Мадинага ташриф буюрганларида, у зотдан сўрайман. Агар ўғлим жаннатда бўлса, ҳеч йиғламайман. Агар жаҳаннамда бўлса, кўзларимдан ёш ўрнига қон тўкаман», – деган эди.

Севимли Пайғамбаримиз муборак саҳобаи киром билан Мадинага ташриф буюрганларида, Рубайиъ у зотнинг ҳузурларига бориб: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Ўғлим Ҳорисага бўлган муҳаббатимни биласиз. У шаҳид бўлиб, жаннатга кирдимикан? Агар шундай бўлса, сабр қилай. Агар ундай бўлмаса, кўзимдан қонли ёшлар тўкай», – деди. Ҳабиби акрам унга: «Эй Умму Ҳориса! Сенинг ўғлинг битта эмас, бир нечта жаннатдадир. Унинг жойи – Фирдавс», – деб хушхабар бердилар. Шундан кейин Рубайиъ: «Энди ўғлим учун йиғламайман», – деди. Коинот султони бир идишда сув сўрадилар. Марҳамат қилиб, муборак қўлларини сувга солиб, чиқардилар. Бу сувни ҳазрати Ҳорисанинг онасига ва қиз туғишганига ичирдилар. Шунингдек, бу сувни уларнинг бошларига ва юзларига суртдилар. Ўша кундан кейин Рубайиъ ва қизининг юзлари жуда нурли эди. Умрлари ҳам жуда узоқ бўлди. Хожаи коинот (алайҳи афзалус салавот) Мадинага келтирилган етмиш асирни саҳобалари орасида тақсимлаб, уларга яхши муомала қилишни буюрдилар. Асирларнинг тақдири ҳақида Аллоҳу таолодан ҳали ваҳий келмаган эди. Расулуллоҳ саҳобалари билан маслаҳатлашгандан кейин асирларни фидя эвазига озод қилиш қарорига келдилар.

Ҳар бир асирнинг мол-мулкига қараб фидя миқдори белгиланди. Пули бўлмаганлардан ўқиш-ёзишни биладиганлари Мадинада ўқиш-ёзишни билмайдиган ўн кишига ўқиш ва ёзишни ўргатиши, шундан кейингина Маккага кетиши мумкин эди. Пайғамбаримиз асирлар орасида бўлган амакилари Аббосга: «Эй Аббос! Ўзингиз учун, жиянингиз Уқайл (Ақил) ибн Абу Толиб ва Навфал ибн Ҳорис учун фидя тўланг. Чунки сиз бойсиз», – дедилар. Ҳазрати Аббос: «Ё Расулаллоҳ! Мен мусулмонман. Қурайшликлар мени мажбурлаб Бадрга олиб келишди», – деди. Расулуллоҳ: «Сизнинг мусулмонлигингизни Аллоҳу таоло билади. Агар рост гапираётган бўлсангиз, Аллоҳу таоло сизга, албатта, унинг ажрини беради. Лекин сиз зоҳиран бизга қаршисиз. Шунинг учун фидянгизни тўлашингиз лозим», – дедилар. Аббос: «Ё Расулаллоҳ! Мендан ғанимат қилиб олганингиз 800 дирҳамдан бошқа бойлигим йўқ», – деганида, Пайғамбаримиз: «Ё Аббос! Ҳалиги тиллалар ҳақида нега айтмаяпсиз?» – дедилар. У: «Қайси тиллалар?» – деди. Севимли Пайғамбаримиз: «Маккадан чиқадиган кунингиз аёлингиз – Ҳориснинг қизи Уммул Фазлга берган тиллаларингиз! Уларни бераётганингизда ёнингизда сизлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Сиз Уммул Фазлга: „Бу сафарда бошимга нима тушишини билмайман. Агар бирор фалокатга учраб қайта олмасам, мана бунчаси – сеники, бунчаси – Фазл учун, бунчаси – Абдуллоҳ учун, бунчаси – Убайдуллоҳ учун, бунчаси – Қусам учун“, – деган эдингиз», – деганларида, ҳазрати Аббос ҳайрон қолди ва: «Қасамки, мен бу тиллаларни аёлимга бераётганимда ёнимизда ҳеч ким йўқ эди. Буни қаердан биласиз?» – деди. Пайғамбаримиз: «Аллоҳу таоло хабар берди», – деганларида, Аббос: «Сизнинг Аллоҳу таолонинг расули эканингизга ва рост сўзлаётганингизга гувоҳлик бераман», – деб, калимаи шаҳодат келтирди.26 Ҳазрати Аббос мусулмон бўлгач, Пайғамбаримиз унга Маккада вазифа топширдилар: у ердаги мусулмонларни ҳимоя қилишни, Исломга душман бўлганлар ҳақидаги хабарларни юбориб туришни буюрдилар.

«Мени ҳақ пайғамбар қилиб юборган Раббим ҳаққи айтаманки, сизлар мени улардан (мушрикларнинг ўлаксаларидан) кўра яхшироқ эшитмайсизлар. Лекин улар жавоб бера олмайдилар» Ҳадиси шариф

Бадр жангида енгилган қурайшликларга хабар юборилиб, асирларини фидя эвазига олиб кетишлари мумкинлиги билдирилди. Лекин ҳижратдан олдин Пайғамбарлар сарварига жуда кўп озор ва қийноқлар етказган Назр ибн Ҳориснинг боши кесилди. Шунингдек, Расул алайҳиссалом Каъбада намоз ўқиётганларида муборак орқаларига туянинг ичак-чавоғини қўйиш бадбахтлигини қилган пасткаш Уқба ибн Абу Муайт ўлдирилди. Бу ашаддий Ислом душманининг боши танасидан ажралгач, Расулуллоҳ Аллоҳу таолога ҳамд айтдилар. Унинг ёнига бориб: «Валлоҳи, Аллоҳу таолони, Унинг расулини ва Қуръони каримни инкор қилган, пайғамбарини қийноқдан қийноққа солган сендек ёмон кимсани билмайман», – дедилар.

Асирлар эгалари томонидан фидя эвазига олиб кетилгунча саҳобаи киром (алайҳимур ризвон) ҳузурида қолдилар. Саҳобаларнинг ҳаммаси асирларга жуда яхши муомала қилиб, уларни ўз таомларига шерик қилдилар.

Мусъаб ибн Умайрнинг биродари Абу Азиз ҳам асирлар орасида эди. У шундай ҳикоя қилди: «Мен ҳам мадиналик бир мусулмоннинг уйида асир эдим. Улар менга жуда яхши муомала қилар, эрталаб ва кечқурун ейдиган нонларини менга берар, ўзлари эса фақат хурмо ейишга мажбур бўлар эдилар. Улардан бирининг қўлига бир бурда нон тушса, тўғри менга олиб келиб берар эди. Уялганимдан нонни олиб келган кишига қайтариб берар эдим. Лекин у нонни яна менга қайтарар эди».

Асирлардан Язид исмли бир қурайшлик ҳам шундай ҳикоя қилди: «Мусулмонлар Бадрдан Мадинага келишаётганда, бизни – асирларни уловларга миндирдилар, ўзлари эса пиёда юрдилар».

Асирлар орасида Хадичанинг (розияллоҳу анҳо) жияни, Пайғамбаримизнинг куёвлари Абул Ос ибн Робиъ ҳам бор эди. Абул Ос Макканинг савдогарларидан бўлиб, жуда кўп моли бор эди. Омонатдорлиги ва диёнати билан машҳур эди. Маккадан асирларнинг фидяси юборилаётганда, ҳазрати Зайнаб фидяни тўлдириш учун онаси тўйида ҳадя қилган маржонни ҳам юборган эди. Фидялар келгач, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) маржонни танидилар ва: «Эй саҳобаларим, агар маъқул кўрсангизлар, қизим Зайнабнинг асирини фидяси билан унга қайтаринглар», – дедилар. Саҳобалар рози бўлишди. Зайнабни Мадинага юбориш шарти билан Абул Осга моли билан Маккага кетишга изн берилди. Абул Ос Зайнабни ва унинг ёнидагиларни биродари Кинона билан бирга йўлга кузатди. Буни эшитган мушриклар ғазабланиб, одамларидан бир нечтасини уларнинг ортидан юбордилар. Улар Зу Тувода етиб олдилар. Ҳаббор ибн Асвад найзасини отганда, туя ҳуркиб, ҳазрати Зайнабни устидан ерга улоқтириб юборди. Кинона ўқларини олдига тўкиб, ким Зайнабга қасд қилса, уни ўқ билан ҳалок қиламан, деди. У Зайнабни Маккадан олиб чиқиб, манзилга етказди. Ҳазрати Зайнаб олган жароҳатларидан бетоб бўлиб қолди. У ҳомиладор эди, Мадинага етгач, боласини туширди. Расул алайҳиссалом буни эшитиб, жуда хафа бўлдилар.

Мушрикларнинг Бадрда енгилиб, аянчли аҳволда жанг майдонидан қочишлари Маккада катта саросима уйғотди. Улар ҳеч кутмаган, ҳатто хаёлларига ҳам келтирмаган натижа юзага чиққан эди. Хабарни биринчи олиб келган кишининг сўзларига Абу Лаҳаб ва бошқа мушриклар ишонмадилар. Жанг майдонидан қочган Абу Суфён Маккага келганда, уни дарҳол ёнларига чақирдилар. Абу Лаҳаб ундан: «Эй жиян! Қани, айтиб бер-чи, қандай бўлди?» – деб сўради. Абу Суфён у ерда бир жойга ўтирди. Кўп кишилар оёқда туриб тинглар эди. Абу Суфён шундай ҳикоя қилди:

«Сўрама, мусулмонлар билан тўқнашганимизда, гўё қўл-оёғимиз боғланган эди. Улар истаганларича иш тутдилар: бир қисмимизни ўлдирдилар, бир қисмимизни асир олдилар. Қасамки, мен бизникилардан ҳеч кимни айбламайман, маломат қилмайман. Чунки ўшанда ер билан осмон орасида кўк отлар устида оқ либосларга бурканган кишиларга дуч келдик. Уларга на бирор нарса бардош бера олар, на бирор киши қаршилик кўрсата олар эди!»

У ерда Аббоснинг қули ҳазрати Абу Рофеъ ҳам бор эди. У Исломнинг илк даврларида мусулмон бўлган бўлса-да, мушрикларнинг ёвузлигидан қўрққани учун мусулмонлигини ошкор қилмаган эди. Уларни жимгина тинглаб ўтирган Абу Рофеъ қувончидан ҳамма нарсани унутиб: «Валлоҳи, улар фаришталардир!» – деб юборди.

Абу Лаҳаб унга қаттиқ шапалоқ урди ва кўтариб ерга урди. Сўнгра уни роса калтаклади. Шунда у ерда бўлган ҳазрати Аббоснинг аёли Уммул Фазл чидай олмади. Чунки у ҳам илгари мусулмон бўлган эди. Уммул Фазл хонадаги устунлардан бирини олиб: «Ҳеч кими йўқ деб, уни ожиз санадингми?» – деб, Абу Лаҳабга қаттиқ урди. Абу Лаҳабнинг боши ёрилди. У қонга беланиб, хор, ҳақир ва таҳқирланган ҳолда бурилиб кетди. Етти кундан кейин Аллоҳу таоло унга «қора қизил» деб аталадиган бир касаллик берди. У шу касалликдан ўлди. Ўғиллари уни икки ёки уч кеча дафн қилмай қолдирдилар. Ниҳоят, жасад ҳидлана бошлади. Ҳамма Абу Лаҳабга теккан касалликдан худди тоундан қочгандек қочар ва ижирғанар эди. Шундан кейин қурайшликлардан бири Абу Лаҳабнинг ўғилларига: «Ҳолингизга вой, уялмайсизларми? Отангизни ҳидлангунча уйда қолдирдингиз. Ҳеч бўлмаса, уни бирор жойга кўмиб, кўздан йўқотинглар», – деди. Ўғиллари у кишига: «Биз ундаги касалликдан қўрқамиз!» – деб жавоб бердилар. Бу сафар у одам уларга: «Сизлар боринглар, мен ҳам келаман, сизларга ёрдам бераман», – деди. Сўнгра учовлон бир жойга тўпландилар. Жасадни кўтариб, чекка бир жойга ташлаб келдилар. Кўринмай қолгунча устига тош отдилар. Абу Лаҳаб шу тариқа абадий азоб ва оловлар ичида қоладиган юртига – қоронғи ва жаҳаннам чуқури бўлган қабрига кирди.

Бадрда асир олинган қурайшликлар орасида Валид ибн Валид ҳам бор эди. Уни Абдуллоҳ ибн Жаҳш асир олган эди. Валиднинг биродарлари Ҳишом ва ҳали мусулмон бўлмаган Холид ибн Валид Мадинага келдилар. Абдуллоҳ ибн Жаҳш фидяи нажот, яъни қутулиш пули берилмагунча уни қўйиб юборишни истамади. Биродарларидан Холид рози бўлса ҳам, отаси бир, онаси бошқа бўлган биродари Ҳишом қабул қилмади. Расулуллоҳ уларнинг отасидан қолган қурол ва анжомлар берилишини таклиф қилдилар. Бунга Ҳишом рози бўлса ҳам, Холид қабул қилмади. Лекин охири оталарининг юз динор қийматидаги қиличи, совути ва дубулғаси эвазига келишдилар. Валидни асирликдан қутқариб, Макка томон йўлга чиқдилар. Лекин Валид Макка йўлида, Мадинадан тўрт мил узоқликдаги Зулҳулайфада улардан ажралиб, Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келди, иймон келтириб, саҳобаи киромдан бўлди. Мусулмон бўлганидан бир муддат кейин Маккага, биродарларининг ёнига борди. Шунда Холид ибн Валид: «Модомики мусулмон бўлмоқчи экансан, фидя тўланмасдан олдин бўлсанг бўлмасмиди? Отамиздан қолган ёдгорликни қўлимиздан чиқардинг. Нега бундай қилдинг?» – деб сўраганда, Валид: «Қурайшликларнинг: „Асирликка чидай олмай, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашди“, – дейишларидан қўрқдим», – деб жавоб берди.

«Эй Аббос! Сизнинг мусулмонлигингизни Аллоҳу таоло билади. Агар рост гапираётган бўлсангиз, Аллоҳу таоло сизга, албатта, унинг ажрини беради. Лекин сиз зоҳиран бизга қаршисиз. Шунинг учун фидянгизни тўлашингиз лозим» Ҳадиси шариф

Бу жавобдан биродарлари қаттиқ ғазабландилар ва уни Бану Махзумдан бўлган баъзи мусулмонлар – Айёш ибн Абу Робиъа ва Салама ибн Ҳишом (розияллоҳу анҳумо) ёнига ҳибсга солдилар. Валид ибн Валид (розияллоҳу анҳу) иймон келтиргани учун йиллар давомида зиндонда ётди. Исломнинг ашаддий душманларидан бўлган амакиси Ҳишомдан ва мушрик қариндошларидан кўп зулм ва қийноқ кўрди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мушрикларнинг зулмига учраган Айёш ибн Абу Робиъа, Салама ибн Ҳишом ва Валид учун шундай дуо қилдилар: «Илоҳим! Валид ибн Валидни, Салама ибн Ҳишомни, Айёш ибн Робиъани ва (кофирлар қўлида қийналиб) заиф (ва ожиз) кўринган бошқа мўминларни қутқар. Илоҳим, Музарни (Қурайшни) янада қаттиқроқ (жуда ёмон) эз. Бу йилларни (уларга) Юсуфнинг йилларига ўхшат».

Расулуллоҳ дуоларининг баракаси билан ҳазрати Валид бир фурсат топиб, боғлаб қўйилган жойидан қочди. Мадинаи мунавварага келиб, севимли Пайғамбаримизга етишди. Ҳабибуллоҳ Айёш ибн Робиъа билан Салама ибн Ҳишомнинг аҳволини сўраганларида, Валид уларнинг оёқлари бир-бирига боғланганини, қаттиқ азоб ва қийноқлар остида тўлғанаётганларини хабар берди.

Коинот султони уларнинг ҳолига жуда хафа бўлиб, уларни қутқариш чораларини изладилар. Уларни ким қутқара олишини сўраганларида, йиллар давомида қийноқ остида қолганига қарамай, Валид катта жасорат ва ишқ билан: «Ё Расулаллоҳ! Уларни мен қутқараман, сизга олиб келаман», – деб жавоб берди. Яна Маккага бориб, уларга овқат олиб борадиган бир аёлни кузатиб, қийноқ кўраётган мусулмонларнинг жойини билиб олди. Иккаласи ҳам томсиз бир бинода ҳибсда эди. Валид кечаси ўлимни бўйнига олиб, катта жасорат билан девордан тушиб, шерикларининг ёнига борди. Иймон келтиришдан бошқа ҳеч қандай айби бўлмаган бу икки мазлумни мушриклар бир тошга боғлаб, Арабистон саҳросининг куйдирувчи жазирамасида турли зулмларга дучор қилар эдилар. Валид бу муборак биродарларини қутқариб, туясига миндирди. Ўзи эса пиёда, ялангоёқ Мадинаи мунавварага, жуда яхши кўрган Расулуллоҳнинг ёнларига тезроқ етиб бориш учун йўлга чиқди. Уни саҳронинг куйдирувчи жазирамаси эмас, Оламлар сарварига етишиш ишқи куйдирар эди.

У Мадинага оч, сувсиз, ялангоёқ ҳолда уч кунда етиб келди. Бармоқлари тошлардан тилка-пора бўлиб кетган эди. Валид ибн Валид қонга беланган ҳолда жуда яхши кўрган Ҳабибуллоҳга етишди.

Бадр зафари мусулмонларни катта қувончга ғарқ қилди. Мушриклар эса катта қайғу ва ноумидликка тушиб қолган эдилар. Ҳабашистон подшоҳи Нажоший ҳам Расулуллоҳнинг зафар қозонганларини эшитгач, дарҳол ўз юртидаги саҳобаи киромнинг ёнига бориб: «Расулини Бадрда ғолиб қилиб, зафар ато этган Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин», – деб хушхабар берди.

Бадр жангидан кейинги воқеалар

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада ҳам яҳудийлар билан, ҳам Абдуллоҳ ибн Убай каби мусулмон бўлиб кўринган мунофиқлар билан, ҳам мушриклар билан курашар эдилар. Бундан ташқари, Мадинадан ташқаридаги мушрик қабилаларни Исломга даъват қилар, уларнинг мусулмон бўлиш шарафига эришишлари учун ҳаракат қилар эдилар. Қарқара, Бану Қайнуқоъ, Савиқ, Ғатафон, Баҳрон… каби ғазотларнинг ҳаммаси Бадр жангидан кейин бўлди.

Ҳижратнинг иккинчи йилида юз берган баъзи воқеалар

Бу йили закотнинг фарз қилиниши, фитр садақасининг берилиши, ҳайит намозларининг ўқилиши ва қурбонлик сўйиш ҳақида амр келди. Расулуллоҳ қизлари Умму Кулсумни ҳазрати Усмонга никоҳлаб бердилар. Пайғамбаримиз ҳазрати Умарнинг қизи Ҳафсани ва Зайнаб бинт Хузаймани (розияллоҳу анҳумо) ўз никоҳларига олдилар. Ҳазрати Алининг ўғли ҳазрати Ҳасан дунёга келди.

Ҳазрати Оиша билан никоҳлари

Пайғамбаримиз ҳазрати Оиша билан Маккада эканликларидаёқ унаштирилган эдилар, лекин ҳали тўйлари бўлмаган эди. Бир куни ҳазрати Абу Бакр Сарвари оламга: «Ё Расулаллоҳ! Аҳлингиз билан бирга бўлишингизга нима монелик қилмоқда?» – деб сўради. Расулуллоҳ: «Маҳр», – дедилар. Шунда ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳга маҳр пулини юборди.27

Шундан сўнг ҳазрати Оиша онамизнинг тўйи бўлди. У пайтда Пайғамбаримиз эллик беш ёшда эдилар.28 Ҳазрати Оиша онамиз жуда зийрак ва қобилиятли бўлиб, воқеаларни дарҳол шеър қилиб айта олар эди. Ўрганган ва ёд олган нарсасини асло унутмас эди. Жуда ақлли, зийрак, олима, адиба, иффатли ва солиҳа эди. Хотираси жуда кучли бўлгани учун саҳобаи киром кўп нарсаларни ундан сўраб ўрганар эди. У ояти карима билан мақталди.

Қарқаратул Кудр ғазоти

Бану Сулайм ва Ғатафондан бир тўданинг Қарқарада тўпланганлиги ҳақида хабар келди. Шунда Пайғамбаримиз муҳожирлар ва ансорлардан икки юз киши билан Мадинадан йўлга чиқдилар. Мадинада ўринбосар қилиб ҳазрати Ибн Умму Мактум қолдирилган эди. Оқ байроқни ҳазрати Али кўтариб борди. У жойга етиб бордилар, лекин ҳеч кимни топа олмадилар: Ислом қўшинининг келаётганини эшитган мушриклар у ерни ташлаб кетган эдилар. Водийда илгарилаб бораётганларида бир туякашга дуч келдилар. Ундан Бану Сулайм ва ғатафонликларнинг қаердалигини сўрадилар. Туякаш: «Улар мени ҳайвонларига қараш учун беш кунга ёллаган эдилар. Ҳозир қаердалигини билмайман», – деди. Беш юз туя ғанимат сифатида қўлга олинди. Чўпон Ясор ҳам асир олинди. Қарқаратул Кудр водийсида уч кеча тунаганларидан кейин туяларни ҳайдаб, Мадина томон йўлга тушдилар. Пайғамбаримиз Зирор деган жойда туяларнинг бешдан бирини ажратиб, қолганини тақсимладилар. Ҳар кимга иккитадан туя тегди. Эртаси куни бомдод намозини адо этаётганларида, Ясор исмли бу туякашнинг улар билан бирга намоз ўқиётганини кўрдилар. Пайғамбаримиз у қулни озод қилдилар. Сўнгра саломат Мадинага қайтдилар.

«Валлоҳи, Аллоҳу таолони, Унинг расулини ва Қуръони каримни инкор қилган, пайғамбарини қийноқдан қийноққа солган (Уқба ибн Абу Муайт) сендек ёмон кимсани билмайман» Ҳадиси шариф

Чексиз шавқ ўтига ёнган ҳар бир жон нур бўлур,
Ишқ дарди ила хароб бўлган кўнгил маъмур бўлур.

Бану Қайнуқоъ ғазоти

Бир куни Бану Қайнуқоъ яҳудийлари бир мусулмон аёлни масхара қилмоқчи бўлдилар. Буни кўрган саҳобалардан бири дарҳол қиличини яланғочлаб, ўша яҳудийни ўлдирди. Яҳудийлар ҳам тўпланиб, ўша муборак саҳобани шаҳид қилдилар. Бу воқеа Пайғамбаримизга билдирилди. Расули акрам уларни Қайнуқоъ бозори майдонига тўплаб, шундай дедилар: «Эй яҳудийлар жамоаси! Аллоҳу таолонинг Қурайшга берган азоби каби азобга дучор бўлишдан қўрқинглар ва мусулмон бўлинглар. Менинг Аллоҳу таоло томонидан юборилган пайғамбар эканимни яхши биласизлар. Буни ҳам, Аллоҳу таолонинг сизлар билан қилган аҳдини ҳам ўз китобингиздан ўқигансизлар…»

«Расулини Бадрда ғолиб қилиб, зафар ато этган Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин» Нажоший Асҳама (раҳматуллоҳи алайҳ)

Бану Қайнуқоъ ғазоти

Бундай марҳаматга қарамай, тузган шартномаларини бузган яҳудийлар Оламлар султонига: «Эй Муҳаммад! Жанг қилишни билмайдиган бир қавмни енгганинг сени алдаб қўймасин! Қасамки, биз жанговар кишилармиз! Биз билан жанг қила бошлаганингдагина қандай баҳодирлар эканимизни англайсан!…» – деб, мубориза эълон қилдилар. Шу тариқа олдинги шартномани бузиб, очиқдан-очиқ мубориза эълон қилганларини ошкор этдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтирди, унда шундай дейилган эди, маъноси: «(Эй Ҳабибим!) Агар (сиз билан) шартнома тузган бир қавмнинг хиёнатидан (шартномага хилоф иш тутишидан) хавотирга тушсангиз, (жанг очишдан олдин) ҳақ ва адолат асосида уларнинг аҳдини рад этганингизни тўғридан-тўғри ўзларига билдиринг. Чунки Аллоҳу таоло хиёнаткорларни севмайди».29

Бошқа бир ояти каримада шундай дейилди, маъноси: «Эй Расулим! У кофир яҳудийларга айтинг: сизлар албатта мағлуб бўласизлар ва тўпланиб жаҳаннамга ҳайдаласизлар. У жаҳаннам қандай ёмон қароргоҳдир!»30

Ҳабиби акрам дарҳол, Шаввол ойининг ўрталарида, шанба куни қўшин тузиб, Қайнуқоъ яҳудийлари яшаётган қалъа томон йўл олдилар. Оқ байроқни ҳазрати Ҳамза кўтариб борди, Мадинада эса ўринбосар қилиб Абу Лубоба қолдирилган эди.31

Муборак қўшин Қайнуқоъ қалъасини қамал қилди. «Биз қандай жанговар баҳодирлармиз!…» деган яҳудийлар қаршилик кўрсатиш у ёқда турсин, қалъаларидан бирорта ўқ отишга ҳам журъат қила олмадилар. Расулуллоҳ кириш ва чиқиш йўлларини назорат остига олдилар. Ҳеч ким ташқарига чиқа олмади. Бу ҳол ўн беш кун давом этди.32

Яҳудийлар қўрқувга тушиб, таслим бўлдилар. Ҳар бирининг ўлдирилиши лозим бўлса-да, оламларга раҳмат қилиб юборилган севимли Пайғамбаримиз марҳамат кўрсатиб, Қайнуқоъ яҳудийларига Шомга кетишларига изн бердилар. Ҳеч кимга у ерларда қолишга рухсат берилмади. Шу тариқа улар Мадина ерларидан чиқарилдилар.33 Бану Қайнуқоъ ўз диёрларидан кўчиб кетди. Уларнинг моллари ва қуроллари мусулмонларга ғанимат бўлди.

Савиқ ғазоти

Абу Суфён Бадр жангидан қочиб Маккага борганда, Муҳаммаддан (саллаллоҳу алайҳи васаллам) интиқом олмагунча «бошига ёғ суртмасликка ва хотинларининг ёнига бормасликка» назр қилди. Ҳижратнинг иккинчи йили, Зулҳижжа ойининг бешинчи, якшанба куни назрини бажариш учун икки юз отлиқ билан Мадина томон йўлга чиқди. Бир кечаси Мадинада бир кишининг уйига бориб, Пайғамбаримизни сўради. Ҳалиги киши унга илтифот кўрсатмади.

Ҳатто эшигини ҳам очмади. Абу Суфён у ердан кетиб, Саллом ибн Мишкамга меҳмон бўлди. Эртаси куни у ердан жўнаб, Ариз деган жойга келди. У ерда ансорлардан Маъбад ибн Амруш ва унинг хизматкорига дуч келиб, уларни иш устида шаҳид қилди. Бир хурмозорга ўт қўйди. «Қасамим бажо бўлди», – деб, у ердан кетди.

Бу воқеа Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) билдирилгач, у зот Мадинада Абу Лубобани ўринбосар қилиб қолдириб, икки юз киши билан Абу Суфённинг изидан тушдилар.

«Сизлар албатта мағлуб бўласизлар ва тўпланиб жаҳаннамга ҳайдаласизлар. У жаҳаннам қандай ёмон қароргоҳдир!» Оли Имрон: 12

Мушриклар буни эшитиб, қоча бошладилар. Қутулиш учун юкларини ва пишириш учун олиб келган қозонлари билан бирга «савиқ» деб аталадиган бир хил дон таомини ўша ерда ташлаб қочдилар. Мусулмонлар буларни топиб, ғанимат сифатида олдилар. Шунинг учун бу ғазотга Савиқ ғазоти дейилади.

Ҳазрати Али билан ҳазрати Фотиманинг никоҳи

Ҳижратнинг иккинчи йили эди. Фахри коинотнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қизлари ҳазрати Фотима ўн беш ёшга тўлган эди.

Бир куни ҳазрати Фотима бир юмуш билан Расули акрамнинг ҳузурларига кирган эди. Расулуллоҳ қизларининг турмушга чиқиш ёшига етганини кўрдилар. Ўша кундан кейин Фотимаи Заҳро онамизга жуда кўп кишилар совчи қўйди. Расул алайҳиссалом уларга илтифот қилмай: «Унинг иши Ҳақ таолонинг амрига боғлиқ», – дедилар.

Бир куни Абу Бакр, Умар ва Саъд ибн Муоз масжидда ўтириб: «Ҳазрати Фотимага ҳазрати Алидан бошқа ҳамма совчи қўйди. Ҳеч кимга розилик берилмади», – деб гаплашишди. Ҳазрати Сиддиқ: «Менимча, у Алига насиб бўлади. Юринглар, унинг олдига борайлик ва бу масалани очайлик. Агар камбағаллигини рўкач қилса, ёрдам берайлик», – деди. Саъд эса: «Ё Абу Бакр! Сиз доим яхшилик қиласиз. Туринг, биз ҳам сизга ҳамроҳ бўлайлик», – деди. Учовлон масжиддан чиқиб, ҳазрати Али билан кўришгани боришди. Ҳазрати Али туясини олиб, ансорлардан бирининг хурмозорига сув бергани кетган эди. Уларни кўргач, пешвоз чиқиб, ҳол-аҳвол сўради. Ҳазрати Абу Бакр: «Ё Али! Ҳар бир хайрли ишда сен олдинда бораётгансан ва Расули акрам ҳузурида ҳеч кимга насиб бўлмаган бир мартабадасан. Ҳазрати Фотимага ҳамма совчи қўйди. Ҳеч кимга илтифот қилинмади. Биз у сенга насиб бўлади, деб ўйлаймиз. Нега ҳаракат қилмайсан?» – деб сўради.

Ҳазрати Али буни эшитиб, муборак кўзлари ёшга тўлди ва: «Ё Абу Бакр! Мени жуда куйдирдингиз. Унга мендан ортиқ рағбат қиладиган киши йўқ. Лекин қўлимнинг калталиги бунга монелик қилмоқда», – деди. Ҳазрати Абу Бакр: «Бундай дема. Аллоҳу таоло ва Унинг Расули ҳузурида дунё ҳеч нарса эмас. Бунга камбағаллик монелик қила олмайди. Бор, сўра», – деди.

Ҳазрати Али шундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳнинг ҳузурларига уялиб, тортиниб кирдим. Расулуллоҳнинг бутун ҳайбати ва виқори устларида эди. Ҳузурларида ўтирдим-у, гапиришга қодир бўлмадим. Расулуллоҳ: „Нега келдинг, бирор ҳожатинг борми?“ – деб сўрадилар. Жим турдим. „Фотимани сўраб келгандирсан“, – деганларида: „Ҳа“, – дея олдим, холос. (Пайғамбаримиз ҳазрати Фотимага ҳазрати Алининг уни сўраганини етказдилар. У ҳам жим турди.) Пайғамбаримиз: „Фотимага маҳр қилиб берадиган ниманг бор?“ – деб сўрадилар. „Ё Расулаллоҳ, ёнимда унга бериладиган ҳеч нарсам йўқ“, – дедим».

У зот яна: «Сенга берганим Ҳутамий совутли кўйлагинг қаерда, нима бўлди?» – деб сўрадилар. «Ўзимда», – деб жавоб берганида, у зот: «Уни сот-да, пулини менга олиб кел. Маҳр учун шу кифоя», – дедилар.34 Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ ҳазрати Алидан: «Ниманг бор?» – деб сўраганларида, у: «Отим ва совутли кўйлагим бор», – деб жавоб берган, Расулуллоҳ эса: «Отинг ўзингга керак бўлади, совутингни эса сот», – деганлар. Яна бир ривоятда у зот: «Ё Али, бор, ўзингга бир уй ижарага ол», – деганлар.

Ҳазрати Али уйлангунича Пайғамбаримиз билан бирга яшар эди. Пайғамбаримизнинг амрлари билан у Масжиди Набавий яқинида, ҳазрати Оишанинг хонаси рўпарасида бўлган Ҳориса ибн Нуъмоннинг уйини ижарага олди. Совутини эса бозорга юборди. Ҳазрати Усмон (розияллоҳу таоло анҳу) бозорда юрганида ҳазрати Алининг совутини таниди. Даллолни чақириб: «Бу совутга эгаси қанча сўраяпти?» – деди. Даллол: «Тўрт юз дирҳам сўраяпти», – деди. Усмон (розияллоҳу анҳу): «Кел, пулини ол», – деди. Сўнгра уйига борди. Совутни даллолдан олиб, пулини берди. «Бу совут ундан бошқасига лойиқ эмас. Бу пулни ҳам тўйга сарфласин. Бизнинг узримизни ҳам қабул қилсин», – деди. Тўрт юз дирҳамни бериб, совутни ҳам устига қўйиб, ҳадя сифатида ҳазрати Алига юборди. Ҳазрати Али совут ва дирҳамлар билан Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келганда, Пайғамбаримиз ҳазрати Усмонга кўп хайрли дуолар қилдилар ва: «Усмон жаннатда менинг рафиқимдир», – дедилар. Сўнгра Билол Ҳабашийни чақириб, пулнинг бир қисмини бердилар ва: «Бу пулни ол-да, бозорга чиқ! Бир оз гулоб, қолган пулга эса асал ол ва масжиднинг бир четида тоза идишда сув билан аралаштиринглар. Никоҳ ўқилгандан кейин ичайлик, деб асал шарбати тайёрланглар. Ансор ва муҳожирлардан шу ерда бўлган саҳобаларимни масжидга даъват қил ва Фотима билан Алининг никоҳи ўқилишини халққа эълон қил», – деб буюрдилар.

Билол Ҳабаший ташқарига чиқиб, ҳазрати Али билан ҳазрати Фотиманинг никоҳи ўқилишини халққа эълон қилди. Саҳобаи киром Масжиди Набавийга келиб, унинг ичини ҳам, ташқарисини ҳам тўлдирдилар. Шунда Пайғамбаримиз ўринларидан туриб, шундай хутба ўқидилар: «Барча ҳамд ва шукр оламларнинг Раббига хосдир. У берган неъматлари учун мақталадиган, чексиз қудрати ва кучи учун Унга ибодат қилинадиган, азоби ва ҳисобидан қўрқиладиган, ҳукми ва фармони ерда ҳам, осмонларда ҳам ҳоким бўлган Зотдир. Махлуқотни қудрати билан яратган, адолатли ҳукмлари билан уларни бир-биридан ажратган, инсонларни (Ислом) дини ва пайғамбари Муҳаммад (алайҳиссалом) билан шарафлантирган – Удир… Аллоҳу таоло менга қизим Фотимани Али ибн Абу Толибга никоҳлаб беришимни буюрди. Энди сизларни гувоҳ қиламанки, (Аллоҳу таолонинг амри билан) 400 мисқол кумуш маҳр билан Фотимани Али ибн Абу Толибга никоҳлаб бердим. Раббим уларни бир-бирига қовуштирсин ва буни уларга муборак қилсин. Наслларини пок, раҳматга калит, ҳикматга манба, Муҳаммад умматига омонлик қилсин.

Айтадиган сўзим шу. Раббимдан ўзим учун ҳам, сизлар учун ҳам мағфират сўрайман».

Шундан сўнг ҳазрати Али туриб, шундай қисқа хутба ўқиди: «…Ҳузурларида турганимиз Муҳаммад алайҳиссаломга салот ва салом айтаман, у зот муборак қизлари Фотимани 400 мисқол кумуш маҳр билан менга никоҳлаб бердилар. Эй дин биродарларим! Шубҳасиз, Пайғамбаримизнинг айтганларини эшитдингиз ва гувоҳ бўлдингиз. Мен ҳам бунга гувоҳ ва розиман. Айнан қабул қиламан. Аллоҳу таоло ҳаммамизнинг сўзларимизга гувоҳдир, ҳаммамизга вакилдир».35

«Усмон жаннатда менинг рафиқимдир» Ҳадиси шариф

Никоҳ ақди тугагач, Пайғамбаримиз янги хурмо келтирдилар ва: «Қани, бу хурмодан олинглар, енглар», – дедилар. Ҳамма олиб еди. Сўнгра ҳазрати Билол асал шарбати тарқатди, уни ҳам ичдилар ва барча саҳобалар: «Борокаллоҳу фийкумо ва алайкумо ва жамаъа шамлакумо», – деб дуо қилишди. Никоҳ ўқилаётганда Фотима (розияллоҳу анҳо) ўн беш, Али (розияллоҳу анҳу) йигирма беш ёшда эди.

Никоҳдан кейин ҳазрати Фотима йиғлар эди. Пайғамбаримиз унинг ёнига келиб: «Эй Фотима! Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан? Аллоҳу таолога қасамки, мен сени сўраганларнинг энг олимига, ҳилм ва ақлда энг афзалига ва биринчи мусулмон бўлганига никоҳлаб бердим», – дедилар. Ҳазрати Фотима: «Отажон! Турмушга чиқадиган ҳар бир қизнинг маҳри олтин ва кумуш билан баҳоланади, белгиланади. Менинг маҳрим ҳам шундай белгиланса, сиз билан бошқалар орасида нима фарқ қолади? Қиёмат куни сиз мўминларнинг гуноҳкорларидан қанча кишига шафоат қилсангиз, мен ҳам уларнинг аёлларига шафоат қилишни истайман. Муродим шу», – деди.

Аллоҳу таоло ҳазрати Фотиманинг бу тилаги қабул қилинганини билдиргач, Расулуллоҳ: «Ё Фотима, пайғамбарнинг фарзанди эканингни кўрсатдинг!» – дедилар.

Ҳазрати Али шундай деган: «Бу ишлардан кейин бир неча ой ўтди. Бу ҳақда мажлисда ҳеч гап бўлмади. Мен ҳам ҳижобимдан, яъни уялганимдан оғиз оча олмадим. Лекин Расулуллоҳ баъзан мени холи кўриб қолганларида: „Сенинг хотининг қандай яхши аёл! Сенга хушхабар бўлсин, у оламдаги аёлларнинг саййидасидир“, – дер эдилар».

Ўша кунларда ҳазрати Алининг акаси ҳазрати Уқайл: «Ё Али! Бу никоҳ ақди билан хурсанд бўлдик. Лекин муродим шуки, бу икки саодатли бир-бирига яқин бўлсалар», – деганида, ҳазрати Али: «Менинг ҳам муродим шу, лекин уяламан», – деди. Ҳазрати Уқайл ҳазрати Алининг қўлидан тутиб, Пайғамбаримизнинг хонадонларига боришганда, Расулуллоҳнинг жорияси Умму Айманга дуч келишди. Аҳволни унга айтишди. Умму Айман: «Бу иш учун сизларнинг келишингиз шарт эмас. Биз азвожи тоҳирот билан келишиб, сизларга хабар берамиз. Чунки бу борада аёлларнинг сўзи тингланади», – деди.

Умму Айман бу ҳолни Расулуллоҳнинг завжаларига айтди. Сўнгра бошқа азвожи тоҳирот ҳазрати Оишанинг хонадонига келишди. Ҳазрати Хадичани эслаб: «Агар у ҳаёт бўлганида, бизга ҳеч бир ташвиш бўлмас эди», – дейишди. Расулуллоҳ йиғладилар ва шундай дедилар: «Хадичадек аёл қани? Халқ мени ёлғончига чиқарганда, у мени тасдиқлади ва бутун молини менинг йўлимга сарфлади. Ислом динига жуда кўп ёрдам берди. У ҳаётлигида Ҳақ таоло менга: „Хадичага хушхабар беринг: жаннатда у учун зумраддан бир кўшк қурилган“, – деб буюрди». Расулуллоҳнинг завжалари ҳазрати Алининг муродини арз қилишди. Шунда Расулуллоҳ Умму Айманга ҳазрати Алини чақиришни буюрдилар. Али келгач, мажлисдаги аёллар туриб чиқиб кетишди. Ҳазрати Али бошини эгиб ўтирди. Расулуллоҳ: «Завжангни истайсанми, ё Али?» – деб сўрадилар.

Али (розияллоҳу анҳу): «Ҳа, ё Расулаллоҳ! Ота-онам сизга фидо бўлсин», – деди. Расули акрам Асмо бинт Умайсга: «Бор, Фотиманинг уйини тайёрла», – дедилар. Асмо ҳазрати Фотима келин бўлиб тушадиган уйга борди. Бир тўшакчани янги теридан, бир тўшакчани ямоқли теридан, бир тўшакчани эса бўйрадан тайёрлаб, ичларини хурмо толаси билан тўлдирди. Расулуллоҳ хуфтон намозидан кейин Фотиманинг уйига келиб, тайёрланганларни кўздан кечирдилар.

Пайғамбаримиз ҳазрати Али келтирган пулнинг учдан икки қисмига егулик, зийнат ва хушбўйлик каби нарсалар, учдан бир қисмига эса кийим-кечак олишни буюрдилар ва уй анжомларини бутлатдилар. Ҳазрати Фотиманинг сепи ва уй анжомлари орасида қуйидагилар бор эди: Асмо бинт Умайс тайёрлаган учта тўшакча, попукли бир гилам, ичи хурмо толаси билан тўлдирилган бир ёстиқ, иккита қўл тегирмони, бир сув мешки, тупроқдан ясалган бир сув кўзаси, теридан ясалган бир сув косаси, бир сочиқ, бир этак, ошланган бир қўчқор пўстаги, эскириб жуни тўкилган ола-була бир Яман гилами, хурмо баргидан тўқилган бир сўри, Яман ишлови иккита ола-була кийим ва бир бахмал кўрпа. Сўнгра Расулуллоҳ ҳазрати Алига бир миқдор пул бериб, хурмо ва ёғ олишни айтдилар. Ҳазрати Али бундан кейинги воқеаларни шундай ҳикоя қилди:

«Беш дирҳамга хурмо, тўрт дирҳамга ёғ олдим. Расулуллоҳнинг ҳузурларига келтирдим. У зот теридан бир дастурхон сўрадилар. Хурмо, ун, ёғ ва қатиқни муборак қўллари билан аралаштириб, бир хил таом тайёрладилар ва: „Ё Али! Бор, кимни топсанг, олиб кел“, – дедилар. Мен ташқарига чиқиб, жуда кўп одамни кўрдим, ҳаммасини даъват қилдим ва ичкарига кириб: „Ё Расулаллоҳ! Одам жуда кўп“, – деб арз қилдим.

Оламлар сарвари Фахри коинот: „Уларни ўнта-ўнтадан ичкарига киритиб тур, таом (овқат) есинлар“, – дедилар. Шундай қилдим. Ҳисоблаб кўрдилар: эркак ва аёллардан етти юз киши таом еб, тўйган эди».

Ҳазрати Али билан Фотиманинг валимаси ейилгандан кейин, Умму Айманнинг хабар беришича, Пайғамбаримиз ҳазрати Алига: «Ё Али, қизим Фотима келин бўлиб уйингизга борди. Мен ҳам шом намозидан кейин келиб, дуо қиламан. Мени кутинглар», – дедилар.

Ҳазрати Али уйга келгач, бир бурчакка ўтирди. Ҳазрати Фотима ҳам уйнинг бошқа бир бурчагига ўтирди. Сўнгра Расулуллоҳ келиб, эшикни қоқдилар. Эшикни Умму Айман очди.

Расулуллоҳ: «Биродарим шу ердами?» – дедилар. Умму Айман: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Биродарингиз ким?» – деди. Расулуллоҳ: «У – Али ибн Абу Толиб», – деганларида, Умму Айман: «Қизингизни биродарингизга никоҳлаб бердингизми?» – деди. Расулуллоҳ: «Ҳа», – дедилар. Умму Айман Расулуллоҳнинг «Биродарим шу ердами?» деганларидан никоҳ жоиз бўлмаса керак, деб ўйлади. Расулуллоҳ эса «Ҳа» дейиш билан никоҳга монелик қиладиган нарса бир онадан туғилиш эканига ишора қилдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ Умму Аймандан: «Асмо бинт Умайс ҳам шу ердами?» – деб сўрадилар. «Ҳа», – деб жавоб берганида: «Демак, Расулуллоҳнинг қизига хизмат қилгани келибди-да», – дедилар. Умму Айман: «Ҳа», – деганида: «Яхшиликка эришсин», – деб, унга дуо қилдилар.

«Эй Фотима! Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан? Аллоҳу таолога қасамки, мен сени сўраганларнинг энг олимига, ҳилм ва ақлда энг афзалига ва биринчи мусулмон бўлганига никоҳлаб бердим» Ҳадиси шариф

Сўнгра бир идишда сув келтиртирдилар. Муборак қўлларини ювдилар. Сувга бир оз мушк солдилар. Сўнгра ҳазрати Фотимани чақирдилар. Ҳазрати Фотима уялганидан кийимига қараб турар эди. Расулуллоҳ сувдан бир оз олиб, Фотиманинг кўксига, бошига ва орқасига сепдилар ва: «Аллоҳумма инний уъийзуҳо бика ва зуррийятаҳо минаш шайтонир рожийм» (Ё Раббим, уни ва унинг зурриётини рожим, яъни тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан сақлашингни сўраб, Сенга сиғинаман), – деб дуо қилдилар. Сўнгра ҳазрати Алига ҳам худди шундай қилиб: «Аллоҳумма борик фийҳимо ва борик алайҳимо ва борик лаҳумо фий наслиҳимо», – деб дуо қилдилар. Ихлос ва Муаввизатайн сураларини ўқиб: «Аллоҳу таолонинг исми ва баракаси билан аҳлинг ёнига кир», – дедилар. Сўнгра муборак қўллари билан эшикнинг икки табақасини тутиб, барака тилаб дуо қилдилар ва у ердан кетдилар.36

Ҳазрати Али шундай деди: «Тўйимиздан тўрт кун кейин Расулуллоҳ уйимизга ташриф буюрдилар. Кўнгилларни ром қиладиган, ҳикматга тўла сўзлари билан бизга насиҳат қилдилар ва: „Ё Али! Сув келтир!“ – дедилар. Туриб сув келтирдим. Бир ояти карима ўқидилар ва: „Бу сувдан бир оз ич. Бир оз қолсин“, – дедилар. Шундай қилдим. Қолган сувни бошимга ва кўксимга сепдилар. Яна: „Сув келтир“, – дедилар. Яна сув келтирдим. Менга қилганларидек, Фотимага ҳам қилдилар. Сўнгра мени ташқарига чиқариб юбордилар».

Али ташқарига чиққандан кейин у зот қизларидан ҳазрати Али ҳақида сўрадилар. Фотима: «Отажон, барча камолот сифатлари унда мавжуд. Лекин баъзи қурайшлик аёллар менга: „Сенинг эринг камбағал“, – дейишяпти», – деганида, Расулуллоҳ шундай дедилар: «Эй қизим! Сенинг отанг ҳам, эринг ҳам камбағал эмас. Ер ва осмоннинг барча хазиналари ва дафиналарини менга арз қилишди. Қабул қилмадим. Аллоҳу таоло ҳузурида мақбул бўлганини қабул қилдим. Эй қизалоғим! Агар мен билганни сен билганингда эди, дунё сенинг назарингда хор ва паст бўлар эди. Аллоҳу таоло ҳаққи, эринг саҳобаларнинг аввалгисидир. Исломда ҳам улуғи, илм жиҳатидан ҳам энг чуқуридир. Эй қизим! Аллоҳу таоло аҳли байтдан икки кишини танлади. Бири – отанг, бири – эринг. Зинҳор унга исён қилма ва амрига хилоф иш тутма».

Фахри коинот (алайҳи афзалус салавот) қизларига насиҳат қилганларидан кейин ҳазрати Алини чақирдилар. Унга Фотимани топшириб: «Ё Али! Фотиманинг кўнглига риоя қил. У менинг бир парчамдир. Уни хуш тут. Агар уни ранжитсанг, мени ранжитган бўласан», – дедилар. Иккаласини ҳам Аллоҳу таолога топширдилар. Сўнгра туриб, кетмоқчи бўлганларида, ҳазрати Фотима: «Ё Расулаллоҳ! Уйнинг ичкари хизматини мен қиламан, ташқари хизматини Али қилади. Менга бир жория ато этсангиз, баъзи ишларимда ёрдамчи бўлади. Мени хурсанд қиласиз», – деди. Расулуллоҳ: «Эй Фотима! Сенга хизматкордан ҳам яхшироқ бир нарса ато этайми ёки хизматкорми?» – дедилар.

Фотима онамиз: «Хизматкордан яхшироғини ато этинг», – деди. Шунда Расулуллоҳ: «Ҳар куни ётаётганингда ўттиз уч марта „Субҳаналлоҳ“, ўттиз уч марта „Алҳамдулиллаҳ“, ўттиз уч марта „Аллоҳу акбар“ ва бир марта „Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр“ деб айт. Ҳаммаси юз калима бўлади. Қиёматда минг ҳасана (яхшилик) топасан. Мезонда ҳасаналаринг оғир келади», – дедилар. Сўнгра Пайғамбаримиз қизларининг уйидан чиқиб, саодатли хонадонларига кетдилар.

Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши

Бадр ғалабаси билан Мадинадаги яҳудийлар ва бутпараст мушрикларнинг қалбларига қўрқув тушди. Баъзи яҳудийлар инсофга келиб: «Китобларимизда сифатларини ўқиган зотимиз, шубҳасиз, шу зотдир. Энди у зотга қарши туриш мумкин эмас. Чунки у зот доимо ғолиб бўладилар», – деб, мусулмон бўлишди. Баъзилари эса: «Муҳаммад урушдан тушунмайдиган қурайшликлар билан урушди. Шунинг учун ғолиб келди. Агар биз билан жанг қилганида, унга урушнинг қандай қилинишини, зафарнинг қандай қозонилишини кўрсатиб қўярдик», – дейишди.

Каъб ибн Ашраф исмли бир яҳудий ҳам Бадрда Ислом қўшинининг ғалабасини эшитгач, мусулмонларга бўлган кинидан Маккага кетди. У ердаги мушрикларни тўплаб, Мадинага ҳужум қилишлари учун шеърлар ўқиди, уларни гиж-гижлаб, қўзғатди. Пайғамбаримиз билан жанг қилиш учун улар билан келишди. Ҳатто севимли Пайғамбаримизга суиқасд уюштирди. Аллоҳу таоло бу ҳолни Расулуллоҳга билдирди ва шундай марҳамат қилди, маъноси: «Улар Аллоҳу таоло лаънат қилган (раҳматидан узоқлаштирган) кимсалардир…»37

Шунда Расули акрам шарафли саҳобаларига: «Каъб ибн Ашрафни ким ўлдиради? Чунки у Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига озор берди», – дедилар.

Муҳаммад ибн Маслама: «Ё Расулаллоҳ! Уни мен ўлдиришимни истайсизми?» – деб сўради. Расулуллоҳ: «Ҳа, истайман», – дедилар. Муҳаммад ибн Маслама бир неча кун бу иш устида ўйлаб, режалар тузди. Дўстларидан Абу Ноила, Аббод ибн Бишр, Ҳорис ибн Авс, Абу Абс ибн Жабрнинг ёнига бориб, масалани уларга очди. Ҳаммалари маъқул кўриб: «Биргаликда ўлдирамиз», – дейишди. Биргаликда Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Изн берсангиз, биз у билан гаплашаётганда, сиз ҳақингизда Каъбга ёқадиган баъзи сўзларни айтсак бўладими?» – деб сўрашди. Пайғамбаримиз уларга истаганларини айтишга изн бердилар.

Шундан сўнг Муҳаммад ибн Маслама шериклари билан Каъб ибн Ашрафнинг ёнига борди. «Мана шу Муҳаммад биздан садақа сўради. Бизга кўп солиқ солди. Шунинг учун сендан қарзга бир нарса олгани келдим», – деди. Каъб Муҳаммад ибн Маслама ҳам ўзи каби ўйлайди, деб хурсанд бўлди ва: «У сизларни ҳали яна ҳам безор қилади», – деди. Муҳаммад ибн Маслама: «Мана, унга бир марта эргашиб қўйдик. Унга эргашишда давом этамиз. Қани, охири нима бўларкин? Ҳозир сен бизга қарзга бир оз хурмо бер», – деди. Каъб: «Хўп, берай, лекин менга бирор нарсани гаровга беришингиз керак!» – деди. Муҳаммад ибн Маслама ва унинг ёнидагилар: «Нимани истайсан?» – дейишди. Каъб: «Аёлларингизни гаровга истайман», – деганида, улар рози бўлмади. Каъб: «Ундай бўлса, ўғилларингизни гаровга беринглар», – деди. Улар: «Уларни ҳам гаровга бера олмаймиз. Улардан бири ҳақида бир-икки туя юки хурмо эвазига гаровга қўйилган, деб гапиришади, бу эса биз учун унутиб бўлмайдиган бир доғ бўлади. Лекин сенга қуролимизни ва совутларимизни гаровга бера оламиз», – дейишди. Каъб бу таклифни қабул қилди. Уларга қачон келишлари кераклигини ҳам айтди.38

«Ё Али! Фотиманинг кўнглига риоя қил. У менинг бир парчамдир. Уни хуш тут. Агар уни ранжитсанг, мени ранжитган бўласан» Ҳадиси шариф

Бир кечаси Муҳаммад ибн Маслама Каъбнинг ёнига келди. У билан бирга Абу Ноила ҳам бор эди. Каъб уларни қалъага чақирди, ўзи эса уларни кутиб олиш учун пастга тушди. Каъбнинг хотини: «Бу пайтда қаёққа чиқяпсан?» – деди. Каъб: «Келганлар – Муҳаммад ибн Маслама билан биродарим Абу Ноила», – деди. Хотини: «Мен эшитган бу овоз менга ҳеч ёқмаяпти. Гўё ундан қон томаётгандек», – деди. Каъб: «Йўқ, улар – Муҳаммад ибн Маслама ва эмикдош биродарим Абу Ноила. У яхши йигит. Кечаси қилич урушига чақирилса ҳам, ҳеч иккиланмай келади. Шундай одам у», – деди. Муҳаммад ибн Маслама ўзи билан икки, бир ривоятга кўра уч кишини қалъага олиб кирди. Улар Абу Абс ибн Жабр, Ҳорис ибн Авс ва Аббод ибн Бишр эди.39 Ҳазрати Муҳаммад ибн Маслама шерикларига: «Каъб келганда, унга сочини ҳидламоқчи эканимни айтаман, бошини тутиб ҳидлайман. Мен Каъбнинг бошини маҳкам ушлаганимни кўрганингизда, қиличларингиз билан уринглар», – деди. Каъб ибн Ашраф чиройли кийиниб, хушбўй ҳид таратиб, уларнинг олдига чиқди. Ибн Маслама: «Шу пайтгача бундай хушбўй ҳидни ҳидламаган эдим», – деб, Каъбнинг ёнига борди. Каъб: «Арабларнинг энг хушбўй аёллари менинг ёнимда», – деб мақтанди. Муҳаммад ибн Маслама: «Бошингизни ҳидлашимга изн берасизми?» – деди. Каъб изн берганини айтди. Ибн Маслама уни ҳидлади, шерикларига ҳам ҳидлатди. Сўнгра яна ҳидламоқчи эканини айтди. Бу сафар Муҳаммад ибн Маслама Каъбнинг бошини ушлаб олиб, шерикларига қиличлари билан уришни ишора қилди.

Биринчи қилич урилганда Каъб қаттиқ бақирди, лекин ўлмади. Шунда Муҳаммад ибн Маслама уни ханжари билан ўлдирди. Каъбни ўлдирган мужоҳидлар дарҳол у ердан кетиб, Мадинага етиб келдилар. Улар Расулуллоҳга хушхабар беришганда, Пайғамбаримиз Аллоҳу таолога ҳамд айтдилар ва мужоҳидларга дуо қилдилар. Кофир Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши яҳудийларни катта қўрқувга солди. Чунки Каъб каби кўзга кўринган бир етакчи ўлдирилгандан кейин уларнинг ҳам ўлдирилиши вақт масаласи эди. Эрталаб тўпланиб, Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келишди. Кечаси бўлган воқеадан шикоят қилишди. Расули акрам: «У бизни доимо безовта қилар, бизга қарши шеърлар айтар эди. Агар сизлардан ким шундай қилса, билсинки, унинг жазоси – қиличдир», – дедилар. Бу таҳдиддан кейин яҳудийлар қўрққанларидан Расулуллоҳ билан янгидан шартнома туздилар…40

Ғатафон ғазоти

Бу ғазот «Анмор ғазоти» деб ҳам, «Зу Амр ғазоти» деб ҳам аталади. Бану Саълаба ва Бану Муҳорибдан бир тўда Зу Амр деган жойда тўпланиб, Мадина атрофида нимаики топсалар, талаб кетишга қарор қилган эди. Уларнинг бошлиғи Ғаврас лақабли Даъсур ибн Ҳорис ибн Муҳориб исмли бир киши эди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада Усмон ибн Аффонни (розияллоҳу анҳу) ўринбосар қилиб қолдириб, тўрт юз эллик кишилик қўшин билан Мадинадан йўлга чиқдилар. Йўлда Жаббор исмли бир кишига дуч келдилар. Ундан душман ҳақида сўрадилар. У: «Улар сизлар билан жанг қилишни истамайдилар. Сизларни кўриб, тоғларга қочиб кетдилар», – деди. Расулуллоҳ унга Исломни таклиф қилдилар. У қабул қилиб, мусулмон бўлди.

Ислом қўшини водий томон бораётганда ёмғир ёға бошлади. У бир муддат бор шиддати билан ёғди, сўнг секинлашиб тинди. Пайғамбаримиздан бошлаб барча мужоҳидлар бошдан-оёқ ивиб кетган эди. Ҳар ким бир четда уст-бошини қуритарди. Расулуллоҳ ҳам холи бир жойда кийимларини қуритиш учун ечиб, бир дарахт устига ёйдилар. У зот дарахт остида дам олаётганларида, Ислом қўшинини кузатиб турган кофирлар Расулуллоҳнинг ёлғиз қолганларини кўриб, Даъсур ибн Ҳорисга хабар беришди. У Расулуллоҳни ўлдириш ниятида у зот дам олаётган жойга овоз чиқармай яқинлашди. Қиличини яланғочлаб: «Сени менинг қўлимдан ким қутқара олади?» – деди. Расулуллоҳ: «Аллоҳу таоло қутқаради», – дедилар. Шу онда Жаброил алайҳиссалом келиб, Даъсурнинг кўкрагига бир зарба урди ва уни ерга йиқитди. Қиличи қўлидан тушиб кетди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Даъсурнинг қиличини олиб: «Сени менинг қўлимдан ким қутқаради?» – дедилар. Даъсур: «Ҳеч ким қутқара олмайди», – деди-да, калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди. У туфайли жуда кўп кишилар иймон келтирди.41 У бундан кейин ҳеч қачон уруш учун аскар тўпламасликка сўз берди. Қуролли тўқнашувсиз Мадинага қайтилди. Сафар ўн бир кун давом этди.

Баҳрон ғазоти

Бу ғазот «Бану Сулайм» ёки «Нажрон ғазоти» деб ҳам аталади. Бану Сулаймда тўпланган кўп сонли мушрикларнинг Мадинага ҳужум қилмоқчи экани ҳақида хабар келди. Мадинада ҳазрати Ибн Умму Мактум ўринбосар қилиб қолдирилди. Расулуллоҳ уч юз кишилик қўшин билан душман устига юрдилар. Ислом қўшини келаётганини эшитган душман тоғларга қочди. Шу сабабли тўқнашиш имкони бўлмади. Сафар ўн икки кун давом этди.

«У (Каъб ибн Ашраф) бизни доимо безовта қилар, бизга қарши шеърлар айтар эди. Агар сизлардан ким шундай қилса, билсинки, унинг жазоси – қиличдир» Ҳадиси шариф

Ишқинг олди мендан мени;
севаман Сени, Раббим!
Сенинг севгинг шундай ширин;
севаман Сени, Раббим!
На бойликка севинаман,
на йўқликка куюнаман.
Ишқинг билан завқланаман;
севаман Сени, Раббим!
Буюрдинг ибодатларни,
мақтадинг яхши ҳолларни,
бердинг чексиз неъматларни;
севаман Сени, Раббим!
Не ношукр нафсим бордир:
ўз завқи учун доим менга қасд қилар!
Мен ҳақиқий завқни топдим:
севаман Сени, Раббим!
Ибодатни гўзал қилмоқ,
дунё учун ҳам меҳнат қилмоқ –
кеча-кундуз ишим шудир, чунки
севаман Сени, Раббим!
Севиш сўз билан бўлмас, Ҳилмий!
Раббинг: «Меҳнат қилинглар!» – деди.
Ҳолингдан ҳам англашилсин:
севаман Сени, Раббим!
Ислом душманлари қанча,
динга ҳийла билан ҳамла қилар;
жим турсанг, тўғри бўлурми?
Севаман Сени, Раббим!
Ошиқ дангаса ўтирарми?
Маъшуқига чанг қўндирарми?
Душманни жим қил-да, айт:
«Севаман Сени, Раббим!»