Севимли Пайғамбарим

ҒАЗОТЛАР ВА САРИЙЯЛАР

Мусулмонлар Маккада бўлган пайтларида мушриклар уларга жуда кўп зулм қилар эдилар. Баъзиларини калтаклар, баъзиларининг бошини ёрар, баъзиларини эса кўрилмаган қийноқларга солар эдилар. У пайтда жанг қилишга изн йўқ эди, чунки мушриклар кўп эди, жанг қилиш мусулмонларнинг зарарига бўлар эди. Мадинага келишгач, саҳобаи киромнинг сони кўпайди. Ансорларнинг ёрдами билан куч пайдо бўлди. Ислом қудрат топиб, жиҳод шаръан жоиз бўлди. Кофирлар билан жанг қилишга изн берилди.

Сафар, ғазот ва сарийя

Фахри коинот (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинанинг осойишталигини сақлаш, душманларнинг ҳолатини назорат қилиб туриш учун сарийялар (ҳужумчи отрядлар, бўлинмалар), яъни кичик ҳарбий қисмлар туздилар. Расулуллоҳ ўзлари иштирок этмай, кофирлар устига юборган бу сарийяларда қатнашганларнинг сони бештадан тўрт юзгача бўлар эди. Пайғамбаримиз ўзлари иштирок этган ва ўзлари бошқарган жангларга эса ғазот (ғазва) дейилади. Қўшиннинг жангга чиқишига сафар, жанг ҳолатига эса сафарбарлик дейилади.

Севимли Пайғамбаримиз душманнинг кутилмаган ҳужумларининг олдини олиш учун Мадинада навбатчилик қилиш тартибини жорий этиб, соқчи гуруҳлар чиқариб, зарур хавфсизлик чораларини кўрдилар.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) йигирма етти ғазот қилдилар. Улар қуйидагилар: Абво (Ваддон), Бувот, Биринчи Бадр (Сафвон, Илк Бадр), Зул Ушайра, Бадр (Бадрул Кубро), Қарқаратул Кудр, Бану Қайнуқоъ, Савиқ, Ғатафон (Анмор, Зу Амр), Баҳрон (Бану Сулайм, Нажрон), Уҳуд, Ҳамроул Асад, Бану Назир, Кичик Бадр (Бадрус Суғро), Зотур Риқоъ, Думатул Жандал, Мурайсиъ (Бану Мусталиқ), Хандақ (Аҳзоб), Бану Қурайза, Бану Лиҳён, Ғоба (Зу Қарад), Хайбар, Водил Қуро, Макка фатҳи, Ҳунайн, Тоиф ва Табук.

Бу ғазотларнинг фақат тўққизтасида тўқнашув бўлди. Улар: Бадр (Бадрул Кубро), Уҳуд, Мурайсиъ (Бану Мусталиқ), Хандақ (Аҳзоб), Бану Қурайза, Хайбар, Водил Қуро, Ҳунайн ва Тоиф. Макка жангсиз фатҳ қилинди, унинг бутун аҳолиси мусулмон бўлди.

Бошқа ғазотларда ҳеч қандай тўқнашув бўлмади: баъзиларида шартнома тузилди, баъзиларида душман таслим бўлди; кофирларнинг бир қисми Ислом қўшини билан юзма-юз келишга журъат қила олмади, кўпчилиги эса Ислом қўшини келаётганини эшитиши биланоқ тоғларга қочиб, ғойиб бўлди.

Бу масал ила топар барча давлатлар фавзу фалоҳ:
«Жангга ҳозир бўл, агар истасанг сулҳу салоҳ».
Abdülhak Molla

«Сизларга қарши жанг очганлар билан сизлар ҳам Аллоҳу таолонинг йўлида жанг қилинглар. Лекин ҳаддан ошиб, тажовуз қилманглар» Бақара: 190

Расулуллоҳ юборган сарийялар

Илк сарийялар – ҳазрати Ҳамза бўлинмаси

Мушрикларни савдо ва иқтисод жиҳатидан заифлаштириш ва йўлга солиш лозим эди. Бунинг учун Сурия савдо йўлларини кесиш зарур эди. Шу пайт мушрикларнинг бир карвони Мадина яқинидан ўтаётгани эшитилди. Ҳижрий биринчи йилнинг еттинчи ойи – Рамазон бошида севимли Пайғамбаримиз дарҳол сафарга тайёргарлик кўришни буюриб, ўттиз отлиққа ҳазрати Ҳамзани қўмондон этиб тайинладилар. Қўмондонга Аллоҳу таолодан қўрқишни, қўл остидагиларга яхши муомалада бўлишни тавсия қилганларидан кейин: «Аллоҳу таолонинг йўлида, Аллоҳу таолонинг исмини зикр қилиб, ғазотга чиқинглар! Аллоҳу таолони танимайдиганлар билан жанг қилинглар…» – дедилар. Ҳазрати Ҳамзага оқ байроқ бериб, уни кузатиб қолдилар.

Ҳазрати Ҳамза қўл остидаги отлиқлар билан уч юз отлиқ қўриқлаб бораётган мушрик карвони томон йўлга чиқди. Шомдан Маккага бораётган карвон Сийфрул Баҳр деган жойга етганда, мужоҳидлар билан рўпара келди. Шонли саҳобалар дарҳол жанг сафига тизилиб, тўқнашувга шай турдилар. Шу пайт у ерда бўлган Маждий ибн Амр Жуҳаний етиб келиб, ўртага тушди. Маждий ибн Амр Жуҳаний ҳар икки томоннинг ҳам иттифоқчиси эди. Мусулмонларнинг сони жуда оз, мушрикларнинг эса жуда кўп эканини кўриб, мусулмонлар енгилиб қолишлари мумкин, деб ўйлади. Мусулмон давлатининг абадий давом этишини умид қилиб, воситачилик қилди ва икки томонни тўқнашувдан қайтарди. Сўнгра ҳазрати Ҳамза ва унинг шериклари Мадинага қайтдилар. Маждийнинг бу иши Пайғамбаримизга арз қилинганда, у зот мамнунликларини билдириб: «У муборак, яхши ва тўғри иш қилибди», – дедилар.1

Убайда ибн Ҳорис бўлинмаси

Шундан кейин сарийяларнинг кети узилмади. Ҳазрати Убайда ибн Ҳориснинг қўл остига олтмиш ёки саксонга яқин мужоҳид берилиб, у Робиғга юборилди. Икки қўшин бир-бирига рўпара келиши биланоқ, ҳар икки томон ўқ уза бошлади. Ислом қўшинидан биринчи ўқни Саъд ибн Абу Ваққос отди. Абу Суфён қўл остидаги икки юз мушрик Ислом қўшинининг катта қисми пистирмада, деб ўйлаб, мусулмонлардан қўрққанидан нажотни қочишда топди.2

Аллоҳ йўлида жанг қилайлик, шон олайлик, шон…
Қуръонда зафар ваъда этар ҳазрати Яздон.

«Аллоҳу таолонинг йўлида, Аллоҳу таолонинг исмини зикр қилиб, ғазотга чиқинглар! Аллоҳу таолони танимайдиганлар билан жанг қилинглар» Ҳадиси шариф

Расулуллоҳнинг ғазотлари

Илк ғазотлар – Ваддон ғазоти

Бу ғазот Абво ғазоти деб ҳам аталади. Бу – Расулуллоҳнинг биринчи ғазотларидир. Ҳижратнинг ўн иккинчи ойида бўлиб ўтди. Мадинада ўринбосар қилиб ҳазрати Саъд ибн Убода қолдирилди. Қурайш ва Бану Замра қабиласи устига олтмиш киши билан борилди. Байроқни ҳазрати Ҳамза кўтариб борди. Маккаликлар учрамади. Ваддон деган жойга етиб келдилар. Бану Замра қабиласи билан ёзма шартнома тузилди. Унга кўра:

1- Бану Замра ҳеч қачон душманга ёрдам бермайди,

2- Бану Замранинг жони ва моли мусулмонларнинг кафолати остида бўлади,

3- бунинг эвазига Пайғамбаримиз Бану Замрани бирор жангга чақирганларида, улар дарҳол ёрдамга етиб келадилар.

Бувот ғазоти

Бу ғазот – Расулуллоҳнинг иккинчи ғазотларидир. Ҳижратнинг иккинчи йили, Рабиул аввал ойи эди. Мадинада ўринбосар қилиб ҳазрати Соиб ибн Усмон ибн Мазъун қолдирилди. Абу Суфён бошчилигидаги юз кишилик мушрик карвони икки минг беш юз туя билан Шомга кетаётгани ҳақида хабар олингач, қурайшликлар карвони устига икки юз киши билан борилди. Бувот тоғигача ҳар тараф қадам-бақадам қидирилганига қарамай, мушрикларни тутиб бўлмади.

Зул Ушайра ғазоти

Бу ғазот ҳижратнинг ўн олтинчи ойи бошларида бўлди. Абу Суфён қўмондонлигида маккалик мушрикларга қарашли катта бир савдо карвони Шомга кетаётгани ҳақида хабар олинди. Расулуллоҳ Абу Салама ибн Абдуласадни ўринларига ўринбосар қилиб қолдирдилар. Байроқни ҳазрати Ҳамзага (розияллоҳу анҳу) бердилар. Мужоҳидларнинг ўттизта туяси бор эди, уларга навбатма-навбат минишар эди. Бир юз эллик ёки икки юзга яқин мужоҳид Ушайра деган жойга келиб, бир неча кун кутди. Карвонни тутишнинг иложи бўлмади. Бану Мудлиж билан сулҳ тузиб, Мадинага қайтдилар.

Биринчи Бадр ғазоти

Бу ғазот Сафвон ғазоти деб ҳам аталади. Бувот ғазотидан қайтганларига бир неча кун бўлган эдики, Курз ибн Жобир Фиҳрий исмли бир қурайшлик ўз одамлари билан Жамма тоғига босқин қилиб, у ерда ўтлаб юрган қорамол ва туяларни ҳайдаб кетгани ҳақида хабар олинди.

Пайғамбаримиз ўринларига Зайд ибн Ҳорисани ўринбосар қилиб қолдириб, бир гуруҳ саҳобалари билан воқеа жойига йўл олдилар. Байроқни бу сафар ҳазрати Алига бердилар.

Мужоҳидлар воқеа жойига етиб келишганда, Курз ва бошқалар ҳайвонларни ташлаб, изларини йўқотиб улгурган эдилар. Бадрнинг Сафвон водийсигача ҳар бир тошнинг таги титкиланган бўлса ҳам, уларни топиб бўлмади.

Абдуллоҳ ибн Жаҳш бўлинмаси (Батни Нахла сарийяси)

Бир куни Пайғамбаримиз қурайш мушрикларини кузатиб туриш учун Нахлага сарийя юбормоқчи бўлдилар. Юбориладиган аскарларга ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳни қўмондон қилмоқчи бўлдилар. Абу Убайда ибн Жарроҳ бу амрни олгач, Пайғамбаримиздан узоқда қолиш изтиробидан йиғлай бошлади.

«Ҳаж йўлида вафот этганларга ва Аллоҳ йўлида ғазот қилганларга хушхабарлар бўлсин!» Ҳадиси шариф

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ўрнига ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жаҳшни амир этиб тайинладилар.3

Абдуллоҳ ибн Жаҳш Исломга жон-дилдан берилиб яшаган зотлардан эди. У мусулмон бўлганида кофирлар уни ақлга сиғмайдиган қийноқларга солганларига қарамай, иймон кучи билан уларга қарши турган, озор ва жафоларига матонат билан чидаган эди. Шу сабабли Пайғамбаримиз у ҳақда саҳобаларига: «У – орангизда очлик ва чанқоққа энг кўп чидайдиган ва бардош берадиганингиздир», – деган эдилар. Абдуллоҳ ибн Жаҳш Расулуллоҳнинг шаҳидларга берган хушхабарларини эшитиб, доимо шаҳидликка интилар эди. Жангларда энг олдинда қаҳрамонларча курашар эди.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жаҳш шундай ҳикоя қилади: «Ўша куни Расул алайҳиссалом хуфтон намозини ўқигач, мени ёнларига чақириб: „Эрта тонгда ёнимга кел. Қуролинг ҳам ёнингда бўлсин. Сени бир томонга юбораман“, – дедилар.

Тонг отгач, масжидга бордим. Қиличим, ёйим, ўқларим ва халтам устимда, қалқоним ҳам ёнимда эди. Расул алайҳиссалом бомдод намозини ўқитиб бўлгач, уйларига қайтдилар. Мен олдинроқ келганим учун эшик олдида кутиб турардим. У зот муҳожирлардан мен билан борадиган бир неча кишини топдилар. „Сени бу кишиларга қўмондон этиб тайинладим“, – деб, менга бир мактуб бердилар ва: „Бор! Икки кеча йўл юрганингдан кейин мактубни оч. Унда нима буюрилган бўлса, шунга кўра иш тут“, – дедилар. „Ё Расулаллоҳ! Қайси томонга борай?“ – деб сўрадим. „Наждия йўлини тут. Ракияга, қудуқ томонга юр!“ – дедилар.»

Абдуллоҳ ибн Жаҳш Нахла сафарига тайинланганида, унга биринчи марта Амирул мўминин унвони берилди. Исломда бу ном билан биринчи аталган амир у бўлди. Саккиз ёки ўн икки кишилик бўлинма билан икки кундан кейин Малал деган жойга етиб боргач, у мактубни очди. Унда шундай ёзилган эди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу мактубни кўздан кечирганингдан сўнг, Макка билан Тоиф орасидаги Нахла водийсига тушгунингча Аллоҳу таолонинг исми ва баракаси билан юриб боравер. Шерикларингдан ҳеч бирини сен билан боришга мажбурлама! Нахла водийсидаги қурайшликларни ва қурайшликларнинг карвонини кузатиб, изига тушиб, назорат қилиб тур. Уларнинг хабарларини бизга етказ».

Амирул мўминин ҳазрати Абдуллоҳ ибн Жаҳш мактубни ўқигач: «Биз Аллоҳу таолонинг бандаларимиз ва ҳаммамиз Унга қайтамиз. Эшитдим ва итоат қилдим. Аллоҳу таолонинг ва Унинг севимли Расулининг амрини бажараман», – деб, мактубни ўпиб, бошига қўйди. Сўнгра шерикларига ўгирилиб: «Қайси бирингиз шаҳид бўлишга ташна бўлса, мен билан юрсин. Келишни истамаган қайтиб кетиши мумкин. Ҳеч бирингизни мажбурламайман. Келмасангиз, ўзим ёлғиз бориб, Расул алайҳиссаломнинг амрини бажараман», – деди. Шериклари бир овоздан: «Биз Пайғамбаримизнинг амрларини эшитдик. Аллоҳу таолога, Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва сизга итоат қилувчилармиз. Қаерга истасангиз, Аллоҳу таолонинг баракаси билан ўша ёққа юринг», – деб жавоб беришди.

Ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бўлган бу кичик қўшин Ҳижоз томон йўл олиб, Нахлага келди. Бир жойга яшириниб, у ердан ўтиб турган қурайшликларни кузата бошлади. Шу пайт қурайшликларнинг бир карвони ўтди. Туялари юкли эди. Мужоҳидлар карвонга яқинлашиб, уларни Исломга даъват қилдилар, қабул қилмагач, жанг қила бошладилар. Улардан бирини ўлдириб, иккисини асир олдилар, бири отлиқ бўлгани учун унга етиб ололмадилар. Кофирларнинг бутун моли мужоҳидларга қолди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш бу ғанимат молларининг бешдан бирини Расулуллоҳга ажратди. Бу мусулмонлар олган илк ғанимат эди.4

Пайғамбаримиз асирларга Исломни тушунтириб, уларга иймон келтиришни таклиф қилдилар. Ҳакам ибн Кайсон мусулмон бўлди. Усмон ибн Кайсон Исломни рад этиб, Маккага кетди.

Масжиди Қиблатайн

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларига ўн етти ой бўлган эди. Шу пайтгача у зот доимо Қуддуси шарифдаги Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқир эдилар. Шу кунларда яҳудийларнинг: «Қандай ажойиб иш! Дини биздан бошқа, лекин қибласи бизникидек!» – деган гаплари Расулуллоҳгача етиб келди. Бу гаплардан у зотнинг муборак қалблари озор чекди.

Бир куни Жаброил алайҳиссалом келганида, у зот унга шундай дедилар: «Эй Жаброил! Аллоҳу таолонинг юзимни яҳудийларнинг қибласидан Каъбага буришини истайман».

Жаброил алайҳиссалом эса: «Мен фақат бир бандаман, холос. Буни Аллоҳу таолодан сўранг!» – деб жавоб берди.

Шундан сўнг Бақара сурасининг 144-ояти каримаси нозил бўлди. Унда шундай дейилди: «(Эй Ҳабибим! Ваҳий келишини кутиб) юзингизнинг осмонга қараб такрор-такрор бурилаётганини Биз, албатта, кўриб турибмиз. Шунинг учун Биз сизни ўзингиз рози бўладиган бир қиблага бурамиз. Энди юзингизни Масжидул Ҳаром томонга (Каъбага) буринг. (Эй мўминлар!) Сизлар ҳам қаерда бўлсангизлар, намозларда юзларингизни ўша томонга буринглар. Шубҳасиз, ўзларига китоб берилганлар бу қибла ўзгаришининг Раббилари томонидан ҳақ эканини албатта биладилар. Аллоҳу таоло эса уларнинг қиладиган ишларидан ғофил эмасдир».

Шаъбон ойининг ўрталарида, сешанба куни бу ояти карима нозил бўлганда, Расулуллоҳ Бану Салима масжидида саҳобаларига пешин ёки аср намозини ўқитаётган эдилар. Намознинг учинчи ракатида Каъбага юзланиш буюрилди. Ваҳийни олишлари биланоқ, у зот дарҳол Каъбаи муаззама томонга юзландилар. Саҳобаи киром ҳам Ҳабиби акрамга эргашиб, ўша томонга бурилишди. Шундан буён бу масжид Масжиди Қиблатайн, яъни «икки қиблали масжид» деб атала бошлади.

Расулуллоҳ Қубога ҳам бориб, илк қурилган масжиднинг меҳробини муборак қўллари билан қайтадан қурдилар ва масжиднинг деворларини янгиладилар.5

«Эй Жаброил! Аллоҳу таолонинг юзимни яҳудийларнинг қибласидан Каъбага буришини истайман» Ҳадиси шариф

Масжиди Қиблатайн

Мусулмонларнинг илк қибласи шимоли-ғарб томондаги Масжидул Ақсо эди. Бу ер яҳудийларнинг ҳам қибласи эди. Яҳудийлар мусулмонлар бизнинг қибламизга юзланяпти, деб саҳобаи киромни масхара қилар эдилар. Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаноби Ҳаққа дуо қилиб, қибламиз Каъбаи муаззама бўлишини истадилар. Расулуллоҳ бу масжидда пешин намозини (бошқа бир ривоятда аср намозини) ўқитаётганларида, «Каъбага юзланинглар» маъносидаги ояти карима нозил бўлгач, жануби-шарқ томондаги Каъбаи муаззамага юзландилар. Шунинг учун бу масжид Масжиди Қиблатайн – «икки қиблали масжид» деб аталади.