Севимли Пайғамбарим

Салмон Форсийнинг мусулмон бўлиши

Кундан-кунга Ислом нури ёйилиб, Расулуллоҳнинг муборак исмлари эшитилган сари қалбларда ўрин ола бошлади. У зотнинг келишларини соғиниб кутган илм аҳли изланиб, ҳаяжон билан Мадинага шошилар ва иймон келтириш шарафига эришар эдилар. Улардан бири ҳазрати Салмон Форсий эди. У ўзининг мусулмон бўлишини шундай ҳикоя қилган: – Мен Форсдаги (Эрон) Исфаҳон шаҳрининг Жай қишлоғиданман. Отам қишлоқнинг энг бойи эди, ерларимиз ва молимиз кўп эди. Мен уйнинг ягона фарзанди ва отамнинг ягона эркатойи эдим. Шунинг учун у мени қиз боладек тарбиялади. Уйдан чиқишимга изн бермас эди. У мажусий (оташпараст) бўлгани учун менга мажусийликни ўзи истагандек, камчиликсиз ўргатди. Уйда доимо олов ёниб турар, биз унга сиғиниб, сажда қилар эдик.

Отамнинг мол-мулки кўп бўлгани учун бир куни у мени ташқарига олиб чиқиб: «Болам! Мен ўлганимда бу молларнинг эгаси сен бўласан, шунинг учун бор, молларингни ва ерларингни таниб ол», – деди. Мен ҳам: «Хўп», – деб, боғларимизни айланиб чиқдим.

Бир куни далаларни кўргани бораётганимда бир черковга дуч келдим. Насронийларнинг овозларини эшитдим, ёнларига борганимда ичкарида ибодат қилаётганларини кўрдим. Илгари бундай нарсани кўрмаганим учун ҳайрон қолдим. Чунки бизнинг ибодатимиз олов ёқиб, унга сажда қилишдан бошқа нарса эмас эди. Улар эса кўринмайдиган бир Аллоҳга ибодат қилар эдилар. Ўзимга: «Аллоҳга қасамки, буларнинг дини ҳақ, бизники эса ботил», – дедим. Кечгача уларни қизиқиб томоша қилдим. Далаларимизга етиб бормасимдан қоронғи туша бошлади. Уларга: «Бу диннинг асли қаерда?» – деганимда, улар: «Шомда», – дейишди. Сўнг: «Шомга борсам, мени ҳам қабул қилишадими?» – деб сўраганимда: «Ҳа, қабул қилишади», – деб жавоб беришди. «Орангизда яқинда Шомга борадиган кишилар борми?» – деб сўраганимда, бир оздан кейин бир карвон жўнашини айтишди. Мен гаплашган кишилар оз эди, улар Шомдан Исфаҳонга келган эдилар. Улар билан овора бўлиб, уйга қайтишга кечикдим. Қайтмаганимни кўрган отам мени излай бошлабди ва одам юборибди.

Излабдилар, топа олмабдилар. Улар ташвишланиб юрганларида уйга қайтдим. Отам: «Шу пайтгача қаерда эдинг? Сени изламаган жойимиз қолмади», – деди. Мен: «Отажон! Мен бугун далаларни айланиб юришга чиққан эдим. Лекин йўлда бир насроний черковига дуч келдим. Ичкарига кирдим. Қарасам, улар ўзлари кўрмаган, ҳамма нарсага ҳоким ва қодир бўлган бир Аллоҳга иймон келтирар эканлар. Уларнинг ибодатларидан ҳайрон қолдим. Кечгача уларни томоша қилдим. Уларнинг дини ҳақ эканини англадим», – дедим. Буни эшитган отам: «Эй ўғлим! Сен нотўғри ўйлаяпсан, ота-боболарингнинг дини уларнинг динидан тўғрироқдир. Уларнинг дини бузуқ. Тағин алданиб, ишониб қолма!» – деди. Мен эса: «Йўқ, уларнинг дини бизникидан хайрлироқ; уларники ҳақ, бизники ботил», – дедим. Отам бунга қаттиқ ғазабланиб, қўл-оёғимни боғлаб, мени уйга қамаб қўйди.

Шу ҳолда мен доимо Шомга кетадиган карвондан хабар кутар эдим. Ниҳоят, насроний роҳибларнинг карвонни тайёрлаганларини билдим.

Арқонларимни ечиб қочдим ва карвон турган черковга бордим. Бу ерларда тура олмаслигимни айтдим-да, карвонга қўшилиб, Шом йўлини тутдим. Шомда насроний динининг энг катта олимини сўрадим. Менга бир кишини кўрсатдилар, унинг олдига бориб, ҳолимни айтдим. Ёнида қолишни, унга хизмат қилишни истаганимни айтиб, менга насронийликни ўргатишини, Аллоҳу таолони танитишини илтимос қилдим. У рози бўлди. Энди мен унга хизмат қила, черковнинг ишларини бажара бошладим. У ҳам менга насронийликни ўргатар эди.

«Мендан эшитганларингизни дин биродарларингизга ҳам айтинглар! Бир-бирингизга етказинглар!» Ҳадиси шариф

Лекин кейинроқ унинг ёмон одам эканини англадим. Чунки насронийларнинг камбағалларга бериш учун келтирган садақаларини, олтин ва кумушларини яшириб қўяр, муҳтожларга бермас эди. Роппа-роса етти хум олтин ва кумуш йиғиб қўйган эди. Мендан бошқа буни биладиган ҳеч ким йўқ эди. Бир оздан кейин у ўлди.

Насронийлар уни дафн қилиш учун йиғилдилар. Мен уларга: «Нега унга бунча ҳурмат кўрсатяпсизлар, у бу ҳурматга лойиқ одам эмас!» – дедим. Улар: «Буни қаердан олдинг?» – дейишди ва менга ишонишмади. Шунда мен у йиққан олтинларнинг жойини кўрсатдим. Улар етти хум олтин билан кумушни қазиб чиқардилар, сўнгра: «Бу одам кафанлаш ва дафн қилишга лойиқ эмас», – деб, уни бир жойга ташладилар ва устини тош билан кўмдилар. Унинг ўрнига бошқа бир киши келди.1

Бу киши ҳақиқатан илм эгаси, зоҳид бир зот бўлиб, дунёга сира аҳамият бермас эди. Охиратни истовчи эди ва доимо охират учун ҳаракат қилар, кечаю кундуз ибодат қилар эди. Мен уни жуда севдим ва узоқ вақт унинг ёнида қолдим. Унга жон деб хизмат қилар эдим. Бирга ибодат қилар эдик.

Бир куни мен унга: «Эй хожам! Мен кўпдан бери ёнингиздаман ва сизни жуда севиб қолдим. Чунки сиз Аллоҳу таолонинг амрларига итоат қиласиз ва У ман қилган нарсалардан сақланасиз. Сиз вафот этганингизда мен нима қилай, менга нимани тавсия қиласиз?» – деб сўрадим. У шундай жавоб берди: «Ўғлим, Шомда одамларни ислоҳ қила оладиган бирор киши қолмади. Кимга борсанг ҳам, у сени бузади. Лекин Мосулда бир зот бор, уни топишингни тавсия қиламан».

У вафот этгач, Мосулга бордим, у таърифлаган зотни топдим ва бошимдан кечирганларимни айтиб бердим. У мени хизматига қабул қилди. У ҳам аввалги зот каби жуда қимматли, дунёга берилмаган ва доимо ибодат қиладиган киши эди. Унга ҳам узоқ вақт хизмат қилдим. Лекин бир куни у касал бўлиб қолди. Вафотидан олдин унга ҳам худди шу саволларни бердим. У менга Нусайбиндаги бир зотни тавсия қилди. У вафот этгач, дарҳол Нусайбинга бордим. У айтган кишини топиб, ёнида қолишни истаганимни билдирдим. У рози бўлди, бир муддат унинг хизматида бўлдим. У касал бўлганда, мени бошқа бировга юборишини сўрадим. Бу сафар у менга Рум шаҳри Амурияда яшайдиган бошқа бир зотни таърифлаб берди. У вафот этгандан кейин Амурия йўлини тутдим. У айтган бу шахсни ҳам топиб, хизматига кирдим ва узоқ вақт қолдим.

Сўнгра унинг ҳам вафоти яқинлашди. Мени бирор кишига топширишини илтимос қилганимда, у: «Аллоҳга қасамки, ҳозир бундай бир кишини билмайман. Лекин охир замон Пайғамбарининг келиши яқинлашди», – деди ва у зотнинг аломатларини санаб берди: «У араблар орасидан чиқади, ватанидан ҳижрат қилиб, тошлоқ ерлар орасидаги хурмоси кўп бир шаҳарга жойлашади.

У ҳадяни қабул қилади, садақани қабул қилмайди. Икки елкаси орасида пайғамбарлик муҳри бор». Бу зот ҳам вафот этгач, унинг сўзларига эргашиб, араблар юртига боришга қарор қилдим. Амурияда ишлаб, бир неча ҳўкиз ва бир оз қўйга эга бўлган эдим. Бану Калб қабиласидан бир карвон араблар юртига кетишга ҳозирланаётган эди. Мен уларга: «Бу ҳўкизлар билан қўйлар сизларники бўлсин, мени араблар юртига олиб боринглар!» – деганимда, улар таклифимни қабул қилиб, мени ўзлари билан олдилар. Лекин Водил Қуро деган жойга келганда менга хиёнат қилиб, қул деб бир яҳудийга сотдилар. Яҳудий яшайдиган жойда хурмо боғларини кўрдим. «Охир замон Пайғамбари ҳижрат қиладиган жой, эҳтимол, шу ердир», – деб ўйладим. Лекин сира кўникмадим. Бу яҳудийга бир муддат хизмат қилдим. Сўнгра у мени амакиваччасига сотди. У мени олиб, Мадинага келтирди. Мадинага етиб келганимда, бу жойни олдин кўргандек, унга дарҳол кўникдим. Энди кунларим Мадинада ўтар, мени сотиб олган яҳудийнинг токзори ва боғида ишлаб, унга хизмат қилар эдим. Шу билан бирга асл мақсадимга эришишни сабрсизлик билан кутар эдим.

Бир куни бир хурмо дарахтига чиқиб ишлаётган эдим. Хожам кимдир билан дарахт тагида гаплашаётган эди. Бир пайт улар: «Авс ва Хазраж қабилалари ҳалок бўлсин! Маккадан Қубога бир киши келибди. Ўзини пайғамбар деяпти. Бу қабилалар ҳам уни қабул қилиб, динига кирмоқдалар…» – деб гаплашишди. Мен бу сўзларни эшитиб, ўзимдан кетгандек бўлдим. Дарҳол пастга тушиб, ҳалиги кишига: «Нима деяпсан?» – дедим. Хожам менга: «Сенга нима, нега сўраяпсан, ўз ишингни қил!» – деб, бир шапалоқ урди. Ўша куни кечқурун бир оз хурмо олиб, дарҳол Қубога бордим. Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига кириб: «Сиз солиҳ кишисиз, ёнингизда камбағаллар ҳам бор. Бу хурмоларни садақа қилиб келтирдим», – дедим.

Расулуллоҳ ёнларидаги саҳобаларига: «Келинглар, хурмо енглар», – дедилар. Улар ейишди. Лекин ўзлари сира емадилар. Ўзимга: «Мана, аломатлардан бири шу. У зот садақа қабул қилмайдилар», – дедим. Расулуллоҳ Мадинага ташриф буюрганларидан кейин яна бир оз хурмо олиб, Расулуллоҳга келтирдим. «Бу – ҳадя», – дедим. Бу сафар у зот ёнларидаги саҳобалари билан бирга едилар. «Мана, иккинчи аломат ҳам чиқди», – дедим. Мен олиб борган хурмо йигирма бешта чамаси эди. Ҳолбуки, еб бўлинган хурмоларнинг данаклари мингга яқин эди. Расулуллоҳнинг мўъжизалари билан хурмо кўпайган эди. Ўзимга: «Яна бир аломатни кўрдим», – дедим. Расулуллоҳнинг ёнларига яна бордим. Улар бир маййитни дафн қилаётган эдилар. Пайғамбарлик муҳрини кўришни истаганим учун жуда яқин бордим. У зот муродимни англаб, кўйлакларини кўтардилар. Муборак елкалари очилганда, пайғамбарлик муҳрини кўрдим; дарҳол уни ўпдим ва йиғладим. Шу онда калимаи шаҳодат айтиб, мусулмон бўлдим.

Сўнгра Расулуллоҳга бошимдан кечирган воқеаларни бир-бир айтиб бердим. Бу у зотга ёқди. Буларни саҳобаи киромга ҳам айтиб беришимни буюрдилар. Саҳобаи киром йиғилди, мен ҳам бошимдан кечирганларимни энг майда тафсилотларигача сўзлаб бердим…2

Салмон Форсий иймон келтирганда араб тилини билмагани учун таржимон сўраган эди. Келган яҳудий таржимон унинг севимли Пайғамбаримизни мадҳ этишини тескари қилиб айтар эди. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом келиб, ҳазрати Салмоннинг сўзларини Расулуллоҳга тўғри етказди. Яҳудий ҳолни англагач, калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди.

Салмон Форсий мусулмон бўлганидан кейин яна бир муддат қул бўлиб қолди. Севимли Пайғамбаримиз: «Ўзингни қулликдан қутқар, ё Салмон!» – деганларидан кейин у хожасига бориб, озод бўлишни истаганини айтди. Бунга истар-истамас рози бўлган яҳудий уч юзта хурмо кўчатини ўтқазиб, уларни ҳосилга киритиш ва минг олти юз дирҳам олтин (бир ривоятда тўрт минг дирҳамга яқин кумуш) бериш шарти билан келишди.

Буни у Расулуллоҳга хабар қилди. Пайғамбаримиз саҳобаларига: «Биродарингизга ёрдам беринглар», – дедилар. Улар унинг учун уч юзта хурмо кўчати йиғишди. Расулуллоҳ: «Уларнинг чуқурларини тайёрла, тугагач, менга хабар бер», – дедилар. У чуқурларни тайёрлаб, хабар қилгач, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) у ерга ташриф буюриб, кўчатларни ўз муборак қўллари билан ўтқаздилар. Улардан биттасини ҳазрати Умар ўтқазган эди. Ҳазрати Умар ўтқазганидан бошқа ҳаммаси Аллоҳу таолонинг изни билан ўша йили ҳосил берди. Расулуллоҳ ўша битта кўчатни ҳам суғуриб олиб, муборак қўллари билан қайтадан ўтқаздилар ва у ўтқазилиши биланоқ ҳосил берди.

«Охир замон Пайғамбарининг келиши яқинлашди. У араблар орасидан чиқади, ватанидан ҳижрат қилиб, тошлоқ ерлар орасидаги хурмоси кўп бир шаҳарга жойлашади. У ҳадяни қабул қилади, садақани қабул қилмайди. Икки елкаси орасида пайғамбарлик муҳри бор» Амуриялик роҳиб

Ҳазрати Салмон Форсий шундай ҳикоя қилди: «Бир куни бир киши мени излаб: „Мукотаб (озодликка эришиш учун хожаси билан маълум бир миқдорга келишган қул) фақир Салмон Форсий қаерда?“ – деб сўрар эди. У мени топди ва қўлидаги тухумдек катталикдаги олтинни менга берди. Мен уни олиб, Пайғамбаримизнинг олдиларига бордим ва ҳолни арз қилдим.

Расулуллоҳ олтинни менга қайтариб бериб: „Бу олтинни ол-да, қарзингни тўла!“ – дедилар. Мен: „Ё Расулаллоҳ! Бу олтин яҳудий сўраган оғирликда эмас“, – деганимда, Расулуллоҳ у олтинни олиб, муборак тилларига суртдилар. Сўнгра: „Ол буни! Аллоҳу таоло у билан сенинг қарзингни узади“, – дедилар. Аллоҳ ҳаққи, мен у олтинни тортиб кўрдим, айнан сўралган миқдорда эди. Уни ҳам олиб бориб бердим. Шу тариқа қулликдан қутулдим».3

Шу кундан кейин Салмон Форсий Асҳоби суффага қўшилди.

Фаришталар тинглагани келар эди

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони каримни шундай гўзал, шундай ширин ва таъсирли ўқир эдиларки, у зотни тинглаган мусулмон бўлмаганлар ҳам ҳайрон қолар эдилар. У зотни тинглаб мусулмон бўлганлар кўп эди.

Ҳазрати Баро ибн Озиб шундай ҳикоя қилди: «Бир куни хуфтон намозидан кейин Расулуллоҳнинг Тийн сурасини ўқиётганларини тингладим. Шунчалик гўзал ўқир эдиларки, овози ва ўқиши у зотникидан мукаммалроқ бўлган бирор кишини эшитмаганман».

Саҳобаи киром орасида овози жуда гўзал бўлган, Қуръони каримни ўқиганда йиғлайдиган ва бошқаларни йиғлатадиганлар жуда кўп эди. Улардан бири Усайд ибн Ҳузайр эди. Бир кечаси у отини ёнига боғлаб, Бақара сурасини ўқий бошлади. Ўқиётганида от бирдан ҳуркди. Ҳазрати Усайд жим бўлди, от тинчланди. Ўқий бошлади, от яна ҳуркди. Жим бўлганда, тинчланди. Яна ўқий бошлаганда, от яна ҳуркди. Усайд ибн Ҳузайрнинг ўғли Яҳё отга яқин бир жойда ётган эди. Отнинг болага зарар етказишидан хавотирланиб, ўқишни тўхтатди.

Осмонга қараганида, оқ булут соясига ўхшаган бир туман ичида қандилдек ялтираб турган нарсаларни пайқади. Ўқишни тўхтатгач, ўша ялтироқ нарсаларнинг осмонга қараб кўтарилиб кетаётганини кўрди.

Тонг отгач, у севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузури шарифларига бориб, бошидан кечирганларини айтиб берди.

Пайғамбаримиз: «Уларнинг нима эканини биласанми?» – деб сўраганларида, ҳазрати Усайд: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Билмайман», – деб жавоб берди.

Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Улар фаришталар эди. Сенинг овозингга яқинлашган эдилар. Агар ўқишни давом эттирганингда, тонггача сени тинглаган бўлар эдилар, одамлар ҳам уларни кўриб, томоша қилар эдилар. Улар халқнинг кўзидан яширинмас эдилар».

Қуръони каримни жуда таъсирли ўқийдиганлардан бири ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ эди. Намоз ўқиётиб қироат қила бошласа, ўзини тутолмас, муборак кўзларидан ёшлар оқар эди. Кўрганлар унинг бу ҳолига ҳайрон қолар эдилар. Бир куни мушриклар йиғилиб: «Бу одам пайғамбар келтирганларини куйиниб ўқиб, йиғлайди. Болаларимиз ва хотинларимиз унинг бу ҳолига мафтун бўлиб, мусулмон бўлиб қолишларидан қўрқамиз», – дейишди.

Абдуллоҳ ибн Саломнинг мусулмон бўлиши

Севимли Пайғамбаримизнинг муборак жамолларини кўриб, у зотга ошиқ бўлганлардан, муборак сўзларини ва ўқиган Қуръони каримларини тинглаб, ҳайрон қолиб мусулмон бўлганлардан бири ҳазрати Абдуллоҳ ибн Саломдир.

Таврот ва Инжилни яхши билган Абдуллоҳ ибн Салом иймон келтиришидан олдин яҳудий олими эди. У ўзининг мусулмон бўлишини шундай ҳикоя қилади: «Мен Тавротни ва унинг шарҳларини отамдан ўқиб ўрганган эдим. Бир куни отам менга охир замонда келадиган пайғамбарнинг сифатларини, аломатларини ва қиладиган ишларини айтиб берди ва: „Агар у Ҳорун авлодидан келса, унга эргашаман; акс ҳолда эргашмайман!“ – деди. У Расулуллоҳ Мадинага келишларидан олдин ўлди.

Расулуллоҳнинг Маккада пайғамбарликларини эълон қилганларини эшитганимда, мен у зотнинг сифатларини, исмларини ва келадиган вақтларини билар эдим. Шунинг учун у зотни кутиб юрдим. Расулуллоҳнинг Мадина яқинидаги Қубо деган жойда Бану Амр ибн Авфнинг уйида меҳмон бўлганларини биридан эшитгунимча, бу ҳолимни яҳудийлардан яшириб, жим юрдим.

Бир куни боғимда хурмо дарахтидан ҳўл хурмо тераётганимда, Бану Назирдан бири: „Бугун арабларнинг одами келди!“ – деб қичқирди. Мени титроқ босди. Дарҳол: „Аллоҳу акбар“, – деб такбир айтдим. Шу пайт аммам Холида бинт Ҳорис дарахт тагида ўтирган эди. У жуда кекса аёл эди. Такбиримни эшитиб, менга дўқ қилди: „Аллоҳ қўлингни бўш қолдирсин, умидингга етказмасин! Аллоҳга қасамки, Мусо ибн Имроннинг4 келишини эшитганингда ҳам бундан ортиқ севинмас эдинг!“ Мен унга: „Эй амма! Аллоҳга қасамки, у зот Мусо ибн Имроннинг биродари ва у каби бир пайғамбардирлар. У зот унинг йўлидадирлар ва у қандай тавҳид билан юборилган бўлса, у зот ҳам шу тавҳид билан юборилганлар“, – дедим.

Шундан кейин у менга: „Эй жияним! Ёки у қиёматга яқин юборилиши бизга билдирилган пайғамбарми?“ – деди. „Ҳа“, – дедим. „Ундай бўлса, сен ҳақсан“, – деди.5

Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилганларида, у зотни кўриш учун дарҳол халқ орасига аралашдим. Муборак жамолларини, нурли юзларини кўришим биланоқ: „Бу юз ёлғончининг юзи бўла олмайди!“ – дедим. Расулуллоҳ йиғилган одамларга Исломни тушунтирар, насиҳатлар қилар эдилар. Ўша ерда Расулуллоҳдан эшитган илк ҳадиси шариф мана бу эди: „Саломни ораларингизда ёйинглар, очларни тўйдиринглар, силаи раҳм қилинглар (яқин қариндошларингизни зиёрат қилинглар), одамлар уйқудалигида намоз ўқинглар. Шу тариқа жаннатга саломат кирасизлар“.

Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мени пайғамбарлик нури билан таниб: „Сен Мадина олими Ибн Салом эмасмисан?“ – дедилар. Мен: „Ҳа“, – деганимда, севимли Пайғамбаримиз: „Яқинроқ кел“, – деб, шундай савол бердилар: „Эй Абдуллоҳ! Аллоҳу таоло ҳаққи, айт! Тавротда менинг сифатларимни ўқиб ўрганмадингми?“ Мен: „Аллоҳу таолонинг сифатлари қандай, айта оласизми?“ – дедим.

Бу саволга жавобан Расулуллоҳ бир оз кутдилар ва Жаброил алайҳиссалом Ихлос сурасини нозил қилди. Расулуллоҳ ўқиган бу сурани эшитгач, Пайғамбаримизга дарҳол: „Ҳа, ё Расулаллоҳ! Тўғри айтасиз, гувоҳлик бераманки, Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқ. Сиз – Унинг бандаси ва расулисиз“, – деб, калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлдим. Сўнгра: „Ё Расулаллоҳ! Яҳудийлар – одамни ҳайратга соладиган даражада ёлғон гапирадиган, асоссиз айб тақадиган ва бўҳтон қиладиган золим бир халқдир. Агар сиз менинг феъл-атворимни ва барча ҳолимни улардан сўраб билмасингиздан олдин улар менинг мусулмон бўлганимни эшитиб қолсалар, албатта, сизнинг ҳузурингизда менга ақлга сиғмайдиган бўҳтонлар қиладилар. Аввал мени улардан сўранг!“ – дедим-да, уйнинг бир томонига яшириндим. Мендан кейин яҳудийларнинг кўзга кўринганларидан бир гуруҳ ичкарига кирди. Расулуллоҳ яҳудийлардан: „Орангиздаги Абдуллоҳ ибн Салом қандай одам?“ – деб сўрадилар. Яҳудийлар: „У – бизнинг энг юксак олимимиз ва энг катта олимимизнинг ўғли! Ибн Салом – бизнинг энг хайрлимиз ва энг хайрлимизнинг ўғли!“ – дейишди. Шундан кейин Расулуллоҳ яҳудийлардан: „Агар у мусулмон бўлган бўлса, сизлар бунга нима дейсизлар?“ – деб сўрадилар.

«Аллоҳу таоло менга тўрт кишини севишини билдирди. Бу тўрттасини севишни менга буюрди. Улар – Али, Абу Зарр, Миқдод ва Салмон» Ҳадиси шариф

Яҳудийлар: „Аллоҳ уни бундай нарсадан асрасин!“ – деб жавоб бердилар.

Шу пайт яшириниб турган жойимдан чиқиб, у зотни тасдиқлаб шундай дедим: „Эй яҳудийлар жамоаси! Аллоҳу таолодан қўрқинглар! Сизларга келган нарсани қабул қилинглар. Аллоҳу таолога қасамки, ўзингиз ҳам биласиз: қўлингиздаги Тавротда исми ва сифатлари ёзилганини кўрганингиз Аллоҳу таолонинг расули – мана шу зотдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расулидир.“ Шунда яҳудийлар: „У – бизнинг энг ёмонимиз ва энг ёмонимизнинг ўғли!“ – деб, менга турли айбларни тақиб, туҳматлар ёғдириб, мени ёмонлай бошладилар. Мен: „Мен айнан шундан қўрққан эдим. Ё Расулаллоҳ! Уларнинг золим, ёлғончи, ёмонликдан тап тортмайдиган, туҳматчи бир қавм эканини сизга айтмаганмидим? Мана, ҳаммаси ошкор бўлди!“ – дедим. Расулуллоҳ яҳудийларга: „Биринчи гувоҳлигингиз бизга кифоя, иккинчиси эса керак эмас“, – дедилар. Шундан сўнг мен дарҳол уйимга қайтдим.

Оиламни ва қариндошларимни Исломга даъват қилдим. Ҳаммалари, ҳатто аммам ҳам мусулмон бўлди.

Менинг иймон келтиришим яҳудийларнинг қаттиқ ғазабини қўзғади. Шунинг учун улар мени сиқувга ола бошладилар. Ҳатто баъзи яҳудий олимлари: „Араблардан пайғамбар чиқмайди, сенинг одаминг – бир ҳукмдор, холос“, – деб, мени Исломдан қайтаришга уриндилар, лекин бунга эриша олмадилар.»

У билан бирга Саълаба ибн Саъя, Усайд ибн Саъя, Асад ибн Убайд ва бошқа баъзи яҳудийлар чин дилдан мусулмон бўлдилар. Лекин баъзи яҳудий олимлари: «Муҳаммадга фақат бизнинг ёмонларимиз иймон келтирди. Агар улар яхшиларимиздан бўлганларида, ота-боболарининг динини ташлаб кетмас эдилар», – дейишди. Шунда Аллоҳу таоло уларга жавоб тариқасида ояти карима нозил қилиб, шундай марҳамат қилди, маъноси: «Уларнинг (аҳли китобнинг) ҳаммаси бир хил эмас. Аҳли китоб орасида ибодат ва тоатда бўлган бир жамоат борки, улар кечалари саждага бош қўйиб, Аллоҳу таолонинг оятларини ўқийдилар».6

Кундан-кунга ҳолим ёмон, бениҳоя, ё Расулаллоҳ!
Тузалсин энди амалим, иноят, ё Расулаллоҳ!
Бу пасткаш нафсим азди, мени шайтонга эргаштирди,
Шунча исён ила қандоқ паноҳ тилай, ё Расулаллоҳ?
Нафсу шайтон ҳавасидан қутулмоқ мумкинми, ажаб,
Агар сиздан менга етмаса ҳидоят, ё Расулаллоҳ?
Файзу эҳсонингиз бир он етса гуноҳкор бандага,
Икки дунёда йўли бўлур саломат, ё Расулаллоҳ!
Амру наҳйни улуғладим, ҳаромга демадим ҳалол,
Ҳар гуноҳнинг сўнги бўлди надомат, ё Расулаллоҳ!
Эй инсу жиннинг Расули, инсонларнинг энг улуғи,
Ихлосимга бағишлаб, шафоат қилинг, ё Расулаллоҳ!

«Саломни ораларингизда ёйинглар, очларни тўйдиринглар, силаи раҳм қилинглар, одамлар уйқудалигида намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат кирасизлар» Ҳадиси шариф

Мадинаи мунавварадан қадимий бир кўриниш (1890)

Ҳижратнинг биринчи йилида юз берган баъзи воқеалар

Ҳижратнинг биринчи йилида ансорлардан Асъад ибн Зурора, Баро ибн Маърур, Кулсум ибн Ҳидм, муҳожирлардан Усмон ибн Мазъун вафот этди. Бундан ташқари, ҳазрати Абу Бакр билан Билол Ҳабаший (розияллоҳу анҳумо) Мадинанинг ҳавоси ва сувига чидай олмай, безгак касалига чалинишди. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ё Раббим! Маккани бизга севдирганингдек, Мадинани ҳам севдиргин ва бизга бу ерда барака ва мўл ризқ бергин», – деб дуо қилдилар. Жаноби Ҳақ ҳам у зотнинг дуоларини қабул қилиб, муҳожирларга Мадинани севдирди.

Илк ёзма шартнома

Расулуллоҳ ҳижрат қилишларидан олдин Мадинадаги Хазраж қабиласининг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай Мадинага ҳукмдор қилиб сайланиши керак эди. Ақаба байъатларидан, сўнгра ҳижрат воқеасидан кейин Авс ва Хазраж қабилаларининг кўпчилиги мусулмон бўлгач, Абдуллоҳ ибн Убайнинг ҳукмдорлиги амалга ошмай қолди. Шу сабабли Абдуллоҳ ибн Убай аввало Пайғамбаримизга ва муҳожир бўлган саҳобаи киромга, сўнгра мадиналик саҳобаларга тиш қайраб юрар, лекин душманлигини очиқ кўрсата олмас эди. Ўзига ўхшаган бир неча киши билан у мунофиқлар тўдасини тузди. Улар мусулмонлар олдида Ислом динига кирганликларини айтар, орқаларидан эса масхара қилар эдилар. Яширинча нифоқ уруғларини сочиб, фитна чиқара бошладилар. Бу ишда шу қадар ҳаддан ошдиларки, ҳатто Фахри оламнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак сўзларини тескари нақл қилишга ва ўзгартиришга уриндилар.

Бу орада маккалик мушриклар ҳам тинч турмас, Расулуллоҳга Маккада қила олмаган ишларини Мадинада қилишга уринар эдилар. Мадиналик мушрикларга таҳдид мактублари юборганлари каби Мадинадаги яҳудий қабилаларига ҳам таҳдидларга тўла мактублар ва хабарлар юбориб турардилар. Уларнинг бу таҳдидлари яҳудийларнинг Расулуллоҳга яқинлашишларига сабаб бўлди.

Шу пайт яҳудийлар Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Сиз билан сулҳ тузгани келдик. Бир шартнома тузайлик-да, бир-биримизга зараримиз тегмасин», – дейишди. Пайғамбаримиз ҳам улар билан эллик беш моддадан иборат шартнома туздилар. Қабул қилинган қарорларнинг баъзилари қуйидагилардир:

1. Ушбу шартнома – Расулуллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом томонидан маккалик ва мадиналик мусулмонлар, уларга тобе бўлганлар, кейинчалик уларга қўшилганлар ва улар билан бирга жанг қилганлар ўртасида ёзилган ҳужжатдир.

2. Шубҳасиз, улар бошқа одамлардан алоҳида бир жамоатдир.

3. Ҳар бир қабила ўз асирларининг фидя пулини (мусулмонлар орасидаги адолатга кўра) биргаликда тўлайди.

4. Мусулмонлар ўз ораларида низо чиқарадиганларга, улар ўз фарзандлари бўлса ҳам, қарши турадилар.

5. Яҳудийлардан мусулмонларга тобе бўлганларга ҳеч қандай зулм қилинмайди, аксинча, уларга ёрдам ҳам берилади.

6. Яҳудийлар мусулмонлар билан бирга бир гуруҳни ташкил этади, ҳар ким ўз динининг талабларини бажаради.

7. Яҳудийлардан ҳеч бири Муҳаммад алайҳиссаломнинг изнисиз ҳарбий юришга чиқа олмайди.

8. Ҳеч ким шартнома тузган кишисига ёмонлик қилмайди, зулмга учраганга албатта ёрдам берилади.

9. Мадина водийси ушбу шартномани тузганлар учун дахлсиз, ҳарам ҳудуддир.

10. Маккалик мушриклар ва уларга ёрдам берганлар ҳеч қандай ҳолда ҳимоя қилинмайди.

11. Мадинага ҳужум қиладиганларга қарши мусулмонлар билан яҳудийлар бир-бирларига ёрдам берадилар.

Яҳудийлар бу шартнома билан (зоҳиран) мусулмонлар билан дўст бўлишлари, уларга кин сақламасликлари ва душманлик қилмасликлари керак эди.7

Эй Ҳабибим, маҳзун бўлманг

Душманликларини ичларида яширган яҳудийлар юқоридаги шартномани имзолагач, Пайғамбаримизнинг ҳузурларига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кела бошладилар. Ўзларича жуда қийин бўлган саволларни бердилар. Олган жавобларидан у зотнинг ҳақ пайғамбар эканларини англадилар. Лекин ўжарлик ва ҳасадлари туфайли иймон келтирмадилар. Шунда севимли Пайғамбаримиз: «Агар менга яҳудий олимларидан ўн киши иймон келтирганида эди, барча яҳудийлар иймон келтирар эди», – дедилар. Расулуллоҳнинг бу маҳзунликларига Аллоҳу таоло мана бу ояти карима билан тасалли берди: «(Эй Ҳабибим!) Эй шонли Расул! Қалблари билан ишонмаган ҳолда, оғизлари билан „иймон келтирдик“ дейдиганлар (мунофиқлар) ва яҳудийлардан куфр ичида шошилиб юрганлар(нинг ҳоли) сизни маҳзун қилмасин. Улар тинмай ёлғонга қулоқ соладиганлар ва сизнинг ҳузурингизга келмаган бошқа бир қавм (Хайбар яҳудийлари) учун (Бану Қурайзадан) жосуслик қиладиганлардир. Улар эшитган сўзларнинг, ҳақиқатларнинг ўрнини ўзгартирадилар, уларни ҳақдан узоқлаштирадиган қилиб айтадилар. Ва: „Агар сизларга мана шу (фатво) берилса, уни қабул қилинглар, берилмаса, ундан сақланинглар“, – дейдилар. Аллоҳу таоло кимнинг фитнага тушишини хоҳласа, бас, сиз Аллоҳу таолонинг иродасини ҳеч қандай йўл билан тўса олмайсиз. Улар шундай кимсаларки, Аллоҳу таоло (уларнинг) қалбларини поклашни истамаган. Уларга дунёда хорлик ва расволик, охиратда эса жуда катта азоб бор».8

Тузилган шартнома туфайли саҳобалардан баъзилари қўшнилари бўлган яҳудийлар билан дўстлашган эди. Аллоҳу таоло уларни ҳам бундан қайтариб, шундай марҳамат қилди: «Эй иймон келтирганлар! Дин биродарларингиздан бошқаларни (кофир ва мунофиқларни) дўст тутманглар. Улар сизларга ёмонлик қилишда, фасод чиқаришда ҳеч бўш келмайдилар ва машаққатга тушишингизни истайдилар. Уларнинг сизларга бўлган кин ва душманликлари оғизларидан тошиб чиқди. Қалбларида яширган душманликлари эса янада каттароқдир. Агар ўйлаб тушунсангизлар, уларнинг душманликлари ҳақидаги оятларни баён қилдик (эътибор беришингиз лозим бўлган нарсаларни жуда очиқ кўрсатдик)».9

Маккалик мушриклар Мадинадаги мушрикларни, мунофиқларни, яҳудийларни ва Мадина атрофидаги қабилаларни тинимсиз гиж-гижлаб, таҳдид қилиб турар эдилар. Улар Исломнинг нурини тезроқ ўчиришга уринар, севимли Пайғамбаримизнинг муборак вужудларини йўқ қилиш йўлларини излар эдилар.

«Агар менга яҳудий олимларидан ўн киши иймон келтирганида эди, барча яҳудийлар иймон келтирар эди» Ҳадиси шариф

Мунофиқлар ва мушрикларнинг бундай ҳаракатларига қарши Расулуллоҳ доимо сулҳ йўлини тутар эдилар. Саҳобаи киромдан баъзилари энди душманга қарши чиқиш лозим, деб ишонар ва шундай дуо қилар эдилар: «Ё Раббим! Биз учун Сенинг йўлингда мана шу мушриклар билан курашишдан қимматлироқ нарса йўқ. Бу қурайшлик мушриклар Ҳабибингнинг пайғамбарлигини ёлғонга чиқардилар ва у зотни Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилдилар. Аллоҳим! Албатта, бизга улар билан жанг қилишга изн берасан!…» Расулуллоҳ эса бу борада Аллоҳу таолонинг амрини кутар, нима буюрилса, шунга кўра иш тутар эдилар. Ниҳоят вақти келди. Жаброил алайҳиссалом келтирган ваҳийда шундай дейилди: «Сизларга қарши жанг очганлар билан сизлар ҳам Аллоҳу таолонинг йўлида жанг қилинглар. Лекин ҳаддан ошиб, тажовуз қилманглар. Албатта, Аллоҳу таоло ҳаддан ошувчиларни севмайди. Уларни (кофирларни) қаерда топсангизлар, ўлдиринглар. Улар сизларни (Маккадан) чиқарганларидек, сизлар ҳам уларни чиқаринглар. Уларнинг ширк фитнаси одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқдир. Улар Масжидул Ҳаромда сизлар билан жанг қилмагунларича, сизлар ҳам у ерда улар билан урушманглар. Лекин улар сизларни у ерда ўлдирсалар, сизлар ҳам уларни у ерда ўлдиринглар. Кофирларнинг жазоси шундай. Агар улар Аллоҳу таолони инкор қилишдан ва урушдан воз кечсалар, (сизлар ҳам қўйинглар. Чунки) албатта, Аллоҳу таоло жуда мағфират қилувчи ва марҳамат қилувчидир».10

Сўнгра нозил қилинган бир ояти каримада шундай дейилди: «Ширк фитнасидан асар қолмагунча ва дин фақат Аллоҳу таолоники бўлгунча (фақат Аллоҳу таолога ибодат қилингунча), у мушриклар билан жанг қилинглар. Агар (ширкдан) воз кечсалар, (уларга зулм йўқ.) Душманлик (жазо) фақат золимларгагинадир».11

Мо мадаҳту Муҳаммадан би мақолотий,
Лакин мадаҳту мақолотий би Муҳаммадин.
(Муҳаммад алайҳиссаломни мадҳ эта олмайман,
У зот билан ёзганларимни қадрли қиламан.)
Имоми Раббоний (раҳматуллоҳи алайҳ)