Севимли Пайғамбарим

САҲОБАИ КИРОМНИНГ ТАРБИЯСИ

Масжиди Набавий

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага ташриф буюрганларида биринчи иш сифатида саҳобаларини тарбиялайдиган, жамоат билан намоз ўқиладиган бир масжид қурилишини истадилар. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом келиб: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таоло сизга Ўзи учун тош ва хом ғиштдан бир байт (масжид) қуришингизни буюрмоқда», – деди. Ҳабиби акрам дарҳол Мадинага келганларида туялари Қасво чўккан жойни эгаларидан сотиб олмоқчи бўлдилар. Эгалари: «Ё Расулаллоҳ! Биз унинг баҳосини фақат Жаноби Ҳақдан кутамиз. Бу жойни сизга Аллоҳ розилиги учун ҳадя қиламиз», – деб, уни ҳадя қилишни жуда исташди. Шунга қарамай, Пайғамбаримиз қабул қилмадилар ва унинг ҳақини ортиғи билан тўладилар.1

Бир томондан ер текисланиб, тартибга келтирилар, бошқа томондан хом ғиштлар қуйилар ва тошлар ташилар эди. Ниҳоят, барча тайёргарлик тугагач, пойдевор қўйиш учун йиғилишди. Пойдеворга биринчи тошни Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) муборак қўллари билан қўйдилар. Сўнгра навбат билан: «Абу Бакр тошини менинг тошим ёнига қўйсин! Умар тошини Абу Бакрнинг тоши ёнига қўйсин! Усмон тошини Умарнинг тоши ёнига қўйсин! Али тошини Усмоннинг тоши ёнига қўйсин!» – дедилар. Амрлари бажарилгач, у ердаги саҳобаи киромга: «Сизлар ҳам тошларингизни қўйинглар», – дедилар. Улар ҳам қўя бошлашди.

Масжид қурилишида севимли Пайғамбаримиздан бошлаб барча саҳобаи киром тинмай, дам олмасдан ишладилар. Муборак елкаларида тош ва хом ғишт ташидилар. Пойдеворни тош билан бир ярим метр кўтариб, устини хом ғишт билан тердилар. Бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хом ғишт кўтариб бораётган эдилар. Саҳобаларидан бири у зотнинг ҳузурларига келиб, ғоят одоб билан: «Ё Расулаллоҳ! Ғиштни мен ташишимга изн берасизми?» – деди. Хотамул анбиё унга янада катта назокат билан ўзларининг савоб топишга кўпроқ муҳтож эканликларини билдириб, ғиштни бермадилар. Унга ҳам бориб тош олиб келишни тавсия қилдилар.

Масжиди Набавийнинг қурилишида энг кўп меҳнат қилганлардан бири Расулуллоҳнинг ўзлари эдилар. Энг оғир тошларни кўтариб, муборак кўкраклари сиқилиб-сиқилиб, усталарнинг олдига олиб борар эдилар. Бу тош ва ғиштларни ташиётганларида бажарилаётган ишнинг қадрини сўзлаб, эришиладиган неъматлар ҳақида хушхабар бериб, саҳобаларини ғайратга келтирар эдилар.

Пайғамбаримизнинг бу ғайратларини кўрган мусулмонлар катта ишқ билан ишлар эдилар. Ҳатто ҳамма биттадан ғишт ташиётганда Аммор ибн Ёсир иккитадан – бирини Пайғамбаримиз учун, бирини ўзи учун олиб борар эди. Буни кўрган Расулуллоҳ унинг ёнига бордилар. Муборак қўллари билан ҳазрати Амморнинг елкасини силаб: «Эй Сумайянинг ўғли! Сенга икки, бошқаларга бир ажр бор!» – дедилар.

Масжиднинг деворлари қисқа вақтда битказилди ва усти ёпилди. Хоналар араб одатига кўра хурмо шохларидан бўлиб, устлари жундан қилинган кигиз билан ёпилган эди. Эшикларига фақат парда осилган эди. Хоналар масжиднинг жануби-шарқий ва шимолий томонларида эди. Кўпчилигининг эшиги масжидга очилар эди. Шифтларининг баландлиги ўрта бўйли кишининг бўйидан бир қарич ортиқ эди. Ҳазрати Фотима билан ҳазрати Оишанинг хоналари орасида эшик бор эди. Бундан ташқари, масжидга туташтириб Расулуллоҳ учун хом ғиштдан иккита хона қурилди. Уларнинг усти ҳам хурмо ходалари ва шохлари билан ёпилди. Вақт ўтиши билан бу хоналар тўққизтагача кўпайтирилди. Масжид қурилиши тугагач, Пайғамбаримиз ҳазрати Холид ибн Зайднинг уйидан ўзлари учун қурилган уйга кўчиб ўтдилар.2

«Мўминлар фақат биродардирлар» Ҳужурот: 10

Ё РАСУЛАЛЛОҲ!
Ошиқларни ҳамиша шайдо этган
– сизнинг жамолингиздир, ё Расулаллоҳ.
Тонгу оқшом дард ила оҳ чектирган
– сизга бўлган ҳасратдир, ё Расулаллоҳ!
Кечаю кундуз ишимни фиғон қилган,
ҳасрат ўти ила дилимни ёндирган,
дам-бадам бу кўзларимни йиғлатган
– сиздан айрилиқдир, ё Расулаллоҳ!
Асфиё кўрган Худо лутфи,3
авлиё сурган завқу сафо,4
анбиё топган юксаклик, эй шоҳ,
– сизнинг давлатингиздир, ё Расулаллоҳ!
Марҳамат қилинг мен ғариб оворага,
гуноҳкорман, раҳм этинг юзи қорага,
бекасу бечорага шафқат этмак
– сизнинг одатингиздир, ё Расулаллоҳ!
Эй гуноҳкорлар шафоатчиси, Аҳаднинг нури,
Насуҳий – ўз қулингиз, қувманг уни,
лутф эшигингиздан карам айланг, рад этманг,
у – сизнинг умматингиздир, ё Расулаллоҳ!
Nasûhî Üsküdârî

Хурмо ходасининг инграши

Масжиди Набавийда тикка турган бир хурмо ходаси бор эди. Пайғамбаримиз жума кунлари масжиддаги Ҳаннона деб аталадиган шу устунга суяниб хутба ирод қилар эдилар.

Кейинроқ уч зинапояли минбар ясаттирдилар. Бир жума куни Расулуллоҳ ва саҳобаи киром Масжиди Набавийда йиғилган эдилар. Пайғамбаримиз хутба учун янги минбарга чиққанларида, илгари суяниб турадиган қуруқ хурмо ходаси ҳамма эшитадиган даражада, бўғоз туянинг йиғисини эслатадиган овоз билан йиғлай ва инграй бошлади. Барча саҳобаи киром ҳайрат билан бу овозни тингладилар. Лекин овоз сира тинмас эди. Шунда Оламлар сарвари минбардан тушиб, муборак қўллари билан ходани силадилар. Шу заҳоти йиғи ва инграш тинди. Қуруқ хурмо ходасининг Пайғамбаримизга бўлган бу муҳаббатини ва ишқини кўрган саҳобалар кўз ёшларини тўхтата олмадилар.

Бу воқеа ҳақида ҳазрати Анас ибн Молик: «Унинг овозидан ҳатто масжид ҳам ларзага келди», – деган, Ибн Абу Вадоъа эса: «Хурмо ходаси ёрилиб, жойидан қўзғалди. Расулуллоҳ келиб, муборак қўлларини унинг устига қўйганларидан кейингина тинди», – деган.

Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Жоним қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасам ичаманки, агар мен уни силамаганимда, у менга бўлган соғинчи ва қайғусидан қиёматгача шундай йиғлаган бўлар эди». Бошқа бир ривоятда шундай билдирилади: Расул алайҳиссалом қуруқ хурмо ходасига ўгирилиб: «Хоҳласанг, сени илгари турган боғингга қайтарай. Яна шох-барг ёзиб, аввалги ҳолингга қайтасан. Хоҳласанг, сени жаннатга ўтқазай, Аллоҳу таолонинг дўстлари сенинг мевангдан есинлар», – дедилар. Расулуллоҳ унга қулоқ тутиб, унинг шундай деганини эшитдилар: «Мени жаннатга ўтқазинг, Аллоҳу таолонинг дўстлари мендан есинлар ва мен эскирмайдиган, чиримайдиган бир жойда бўлай». Дарахтнинг бу сўзларини Пайғамбаримизнинг ёнларидагилар ҳам эшитишди. Шундан кейин Расулуллоҳ унга: «Хоҳлаганингни қиламан», – деб жавоб бердилар. Сўнгра саҳобаларига ўгирилиб: «У дорул бақони дорул фанодан (бу дунёдан) афзал кўрди», – дедилар.5 Шундан сўнг Расулуллоҳнинг амрлари билан хурмо ходаси ерга кўмилди.

Оила аъзоларининг Мадинага келиши

Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва ҳазрати Абу Бакр ҳижрат қилганларида болаларини Маккада қолдирган эдилар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳазрати Оиша Расулуллоҳнинг унга шундай деганларини айтди: «Эй Оиша! Сен менга тушимда икки марта кўрсатилдинг. Чамаси, мен яшил ипак матонинг бир парчасида сенинг суратингни кўрдим ва менга: „Бу суратнинг эгаси – келажакдаги завжанг“, – дейилди». Бу тушдан кейин (ҳазрати Хадича онамизнинг вафотидан бир йил ўтиб) Пайғамбаримиз билан ҳазрати Оиша онамиз ҳали Маккада эканликларида унаштирилган эдилар. Лекин тўй ҳали бўлмаган эди. Ҳазрати Оиша онамиз буни шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилганларида бизни ва қизларини Маккада қолдирган эдилар. Мадинани шарафлантирганларидан кейин озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса билан Абу Рофеъни иккита туя ва керак бўладиган нарсаларни сотиб олиш учун 500 дирҳам йўл харажати билан бизга юбордилар.

Отам ҳам Абдуллоҳ ибн Урайқитни икки-уч туя билан уларга қўшиб юборди ва акам Абдуллоҳга мактуб ёзиб, онамни, мени ва опам Асмони туяларга миндириб жўнатишни буюрди. Мен, онам Умму Румон, Расулуллоҳнинг қизларидан ҳазрати Фотимаи Заҳро билан Умму Кулсум, у зотнинг завжалари Савда, шунингдек, Умму Айман ва Усома – ҳаммамиз бирга йўлга чиқдик. Қудайд деган жойга етганимизда Зайд 500 дирҳамга яна учта туя сотиб олди. Карвонга Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳам қўшилди. Минодан Байд деган жойга етганимизда туям қочиб кетди. Мен кажава ичида эдим. Онам ҳам ёнимда эди. Онам: „Вой, қизгинам, вой, келинчагим!“ – деб типирчилар эди. Аллоҳу таоло туямизни тинчлантирди ва бизни қутқарди. Ниҳоят, Мадинага келдик. Мен отамнинг оиласи билан бирга тушдим. Расулуллоҳнинг оилалари эса у зотнинг хоналари олдида тушди».

«Агар мен уни (Ҳаннонани) қучоқламаганимда, у мендан айрилгани учун қиёматгача йиғлаган бўлар эди» Ҳадиси шариф

Ҳазрати Оиша онамиз бир муддат отаси ҳазрати Абу Бакрнинг уйида яшади. Уларнинг тўйлари Бадр жангидан кейин бўлди.

Не бахтиёрдир ул киши,
ўқигани Қуръон бўлса!
Азон, иқомат эшитса,
кўнгли иймонга тўлса!

Азони Муҳаммадий

Масжиди Набавий қурилгандан кейин намоз вақти кирганини билдирадиган ва мусулмонларни масжидга чақирадиган бир усул йўқ эди. Фақат: «Ассалоту жомиъа (Қани, намозга)», – дейилар эди.

Бир куни Расулуллоҳ саҳобалари билан маслаҳатлашиб, намоз вақтларида мўминларни масжидга қандай чақириш кераклигини сўрадилар. Баъзилари намоз вақтларини билдириш учун насронийлар каби ноқус, яъни қўнғироқ чалайлик, баъзилари яҳудийлар каби карнай чалинсин, дейишди. Баъзилари эса: «Намоз вақтида олов ёқиб, уни баландга кўтарайлик», – деб фикрларини айтишди. Расулуллоҳ уларнинг ҳеч бирини қабул қилмадилар.6

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Саълаба билан ҳазрати Умар тушларида азон ўқилаётганини кўришди. Ҳазрати Абдуллоҳ севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб, тушини шундай сўзлаб берди: «Елкасига яшил шол ташлаган, белига фўта боғлаган, қўлига қўнғироқ олган бир кишини кўрдим. Ундан: „Қўлингдаги қўнғироқни сотасанми?“ – деб сўрадим. У менга: „Уни нима қиласан?“ – деди. Мен: „Намоз вақтларини билдириш учун чаламан“, – деганимда, ўша зот: „Мен сенга бундан хайрлироғини ўргатай“, – деди-да, қиблага ўгирилиб, баланд овоз билан: „Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар…“ – деб ўқий бошлади. Тугатгандан кейин эса: „Намозга турадиган пайтингда ҳам“, – деб, азонни такрорлади ва охирига яқин „Қад қоматис салоту“ жумласини қўшди».

Шундан сўнг Расулуллоҳ: «Туш – ҳақ. Ўша калималарни Билолга ўргат, у ўқисин!» – дедилар. Бунга азон деган ном берилди.7

Ҳазрати Билол ҳам Масжиди шариф яқинидаги баланд бир томга чиқиб, илк азонни ўргатилган калималар билан ўқиди.

Ҳазрати Умар азон овозини эшитгач, югуриб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Ҳазрати Билол айтган калималарни айнан тушида кўрганини арз қилди. Ўша кечаси саҳобаи киромнинг баъзилари ҳам худди шу тушни кўрган эдилар. Айни шу пайтда Жумъа сурасининг 9-ояти каримаси нозил бўлиб, азон ваҳий билан ҳам билдирилди.

Бир куни бомдод намози вақтида Билол Ҳабаший севимли Пайғамбаримизнинг эшиклари олдида икки марта: «Ассалоту хайрум минан навм», – деб нидо қилди.8 Бу Пайғамбаримизга ёқди. У зот: «Билол, бу қандай гўзал сўз! Бомдод азонини ўқиганингда буни ҳам айт», – дедилар. Шу тариқа бомдод азонида бу сўз ҳам айтила бошлади.

Пайғамбаримизнинг вафотларигача муаззинлик қилган Билол Ҳабашийнинг овози баланд, жуда гўзал ва ғоят таъсирли эди. У азон ўқий бошлаганда ҳамма катта ишқ ва важд билан тинглаб, ўзини унутар эди. Азон ўқиётганида ҳаммани йиғлатар эди.

Саҳобаи киромнинг намоз вақтларида бир-бирларини масжидга Азони Муҳаммадий билан чақиришлари мадиналик мушриклар ва яҳудийларга жуда ғалати туюлди. Азон ўқилаётганда улар уни масхара ва эрмак қилар эдилар. Уларнинг бу масхарабозликларига қарши Аллоҳу таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди, маъноси: «Сизлар намозга азон билан чақирганингизда, улар уни ўйин ва эрмак қилиб оладилар. Бу – уларнинг ақли етмайдиган бир қавм эканликларидандир».9

Ул муаззин нидо қилди, турди, иқомат айтди,
Каъбага юзин бурди, ният ҳам қилди.
Аҳли иймон эшитиб, ҳурмат ила тинглади,
сўнгра намозга туриб, Раббига қуллик қилди.

Асҳоби суффа

Пайғамбаримиз Масжиди Набавийнинг шимолий деворига хурмо шохларидан бир соябон қурдирдилар. Маккадан ҳижрат қилган, мол-мулки бўлмаган бўйдоқ саҳобаларнинг шу ерда яшашларини буюрдилар.10 Бу бўйдоқ саҳобалар, шунингдек, ансорлар ва муҳожирларнинг камбағаллари Масжиди Набавий ёнидаги Суффа деб аталадиган катта айвон остида яшар, илм ўрганиш ва ўргатиш билан машғул бўлар эдилар. Уларнинг сони ўн билан тўрт юз орасида ўзгариб турар эди. Кўпинча етмиш киши бўлар эди. Бу саҳобалар Расулуллоҳнинг ёнларидан сира ажралмас, суҳбатларидан ҳеч қолмас эдилар. Кечаю кундуз Қуръони карим ўқир, илм олар, ҳадиси шарифларни ёд олар эдилар. Кунларининг кўпини рўза тутиб ўтказар, ибодат ва тоатдан бир лаҳза ҳам ажралмас эдилар. Бу ерда етишганлар янги мусулмон бўлган қабилаларга юборилиб, уларга Қуръони каримни ва суннати шарифни, яъни Ислом динини ўргатар эдилар. Жуда кўп фазилатларга эга бўлган бу муборак саҳобалар буюк бир ирфон лашкари эдилар. Пайғамбаримиз уларни жуда севар, улар билан ўтириб суҳбатлашар ва бирга таом ер эдилар. Бу ерда яшайдиганларга Асҳоби суффа дейилар эди. Бир куни Расулуллоҳ Асҳоби суффага қараб, уларнинг ғоят камбағал эканликлари ҳақида ўйладилар. Шундай ҳолда бўлсалар ҳам, улар кўнгил хотиржамлиги ва нурафшонлиги билан ибодат қилар эдилар. Пайғамбаримиз уларга марҳамат қилиб: «Эй аҳли суффа! Сизларга хушхабарлар бўлсин! Агар умматимдан сизлар яшаётган бу оғир шароитга рози бўлган бирор киши қолса, у, албатта, менинг дўстларимдандир», – дедилар.

«Сизлар намозга азон билан чақирганингизда, улар уни ўйин ва эрмак қилиб оладилар. Бу – уларнинг ақли етмайдиган бир қавм эканликларидандир» Моида: 58

Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар нарсадан олдин мана шу сараланган саҳобаларининг эҳтиёжларини таъминлар, сўнгра аҳли байтларининг эҳтиёжларини кетказишга ҳаракат қилар эдилар. Абу Ҳурайра шундай ҳикоя қилди: «Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳу таолога қасам ичаманки, мен баъзан очликдан қорнимни ерга босиб ётар, баъзан ердан олган бир тошни қорнимга босиб турар эдим. Яна шундай ҳолда эдим. Ўша куни Расулуллоҳ масжидга ўтадиган йўлнинг устида ўтирган эдим. Шу пайт оламларга раҳмат қилиб юборилган, икки жаҳоннинг зийнати бўлмиш зот нур сочиб ёнимга келдилар. Ҳолимни англаб, табассум қилдилар ва: „Ё Абу Ҳурайра!“ – дедилар. „Жоним сизга фидо бўлсин, лаббай, ё Расулаллоҳ!“ – деганимда, у зот: „Мен билан юр“, – дедилар. Дарҳол ортларидан юрдим. Хонаи саодатларига кирдилар. Уйда бир қадаҳ сут бор эди. „Қани, аҳли суффанинг олдига бор. Уларни менга чақир“, – дедилар. Уларни чақиргани кетаётиб, ўзимча: „Бутун аҳли суффага бир қадаҳ сут қандай етади? Менга ҳам бир ҳўплам тегармикан?…“ – деб ўйлар эдим. Уларни чақирдим, саодатхонага келдик, изн сўраб ичкарига кирдик. Муносиб жойларга ўтирганимиздан кейин Расулуллоҳ: „Ё Абу Ҳурайра! Мана бу сут қадаҳини ол-да, уларга бер!“ – дедилар. Мен қадаҳни олиб, навбат билан биродарларимга бера бошладим. Ҳар бири қадаҳни олар, тўйгунча ичар ва менга қайтарар эди. Ҳаммадан қайтариб олганимда қадаҳнинг сира камаймаганини, аввалгидек сутга тўла эканини кўрар эдим. Шу тариқа келган барча биродарларимга тутдим. Ҳаммалари ичиб тўйишди. Сўнгра Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қадаҳни олиб, менга табассум қилдилар ва: „Ё Абу Ҳурайра! Сут ичмаган бир мен қолдим, бир сен. Қани, сен ҳам ўтир, ич!“ – дедилар. Ўтириб ичдим. „Яна ич!“ – дедилар, ичдим. Пайғамбаримиз бир неча марта: „Ич!“ – дедилар, мен ҳам ҳар сафар ичдим. Ниҳоят: „Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Энди ича олмайман. Сизни ҳақ дин билан юборган Аллоҳу таолога қасам ичаманки, роса тўйдим“, – дедим. „Ундай бўлса, қадаҳни менга бер“, – дедилар. Бердим. Аллоҳу таолога ҳамду сано айтиб, бисмиллаҳ билан сутни ичдилар».

Масжидда Расулуллоҳнинг бирорта суҳбатини ҳам қолдирмасдан илм ўрганган бу мумтоз саҳобаларга мадиналик саҳобалар мисли кўрилмаган муҳаббат билан қарар эдилар. Бир кечқурун очликдан мадори қолмаган аҳли суффадан бир саҳобий Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, ҳолини арз қилди. Пайғамбаримиз хонаи саодатларидан егулик бирор нарса бор-йўқлигини сўрадилар. «Ҳозир уйда егулик сифатида сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ», – деган жавобни олгач, у ерда ҳозир бўлган саҳобаларига: «Ким бу очни меҳмон қилади?» – дедилар. Мадиналик саҳобалардан бири ҳаммадан олдин ҳаракат қилиб: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Уни мен меҳмон қиламан», – деди. Меҳмони билан уйига бориб, хотинига: «Расулуллоҳнинг меҳмонини сийлаш учун бирор нарса тайёрла», – деди. Хотини: «Ҳозир уйимизда болаларнинг егулигидан бошқа ҳеч нарса йўқ», – деб жавоб берди. «Аввал болаларни ухлат. Сўнг ўша таомни олиб кел», – деган саҳобий фақат бир кишига етадиган таомни олиб, меҳмоннинг хонасига кирди. Дастурхонни ёзиб, уни таомга таклиф қилди. Бирга ея бошлагач, ўрнидан турди-да, чироқни тўғрилаётгандек бўлиб, уни ўчирди. Яна қоронғида дастурхон бошига ўтирди. Еяётгандек ҳаракатлар қилиб, меҳмоннинг тўйишини кутди. Меҳмон тўйгач, дастурхонни йиғиштирди. Ўша кечаси улар болалари билан оч ҳолда тонг оттиришди. Эрталаб у Пайғамбаримизнинг ҳузури шарифларига борганида, у зот: «Аллоҳу таоло бу кечаги ишингиздан рози бўлди», – дедилар. Шундан кейин Аллоҳу таоло Ҳашр сурасининг 9-ояти каримасини нозил қилиб, шундай марҳамат қилди, маъноси: «Улар (ансорлар) ўзларида йўқчилик ва муҳтожлик бўлса ҳам, (муҳожирларни) ўзларидан устун қўядилар».

Мисра:

Нима бўлса ҳам, Дўст ҳақида сўзламоқ ширинроқ!

Кўнгиллар султонининг суҳбати

Фахри коинот (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаи киромни тарбиялаш, камолга етказиш учун Масжиди Набавийда тенгсиз суҳбатлар қурар ва Аллоҳу таоло у зотга эҳсон қилган файз ва баракотларни уларнинг қалбларига оқизар эдилар. Пайғамбаримизнинг суҳбатларида қатнашиш шарафига муяссар бўлганлар биринчи суҳбатдаёқ қалбларида катта ўзгариш сезар ва жуда юксак илоҳий маърифатларга эришар эдилар. Бу суҳбатларнинг баракоти билан саҳобаи киром аввало севимли Пайғамбаримизни, сўнгра барча саҳоба биродарларини ўз жонларидан ҳам ортиқ севадиган бўлар эдилар. Аллоҳу таоло уларни ояти карималарда мадҳ этди. Улар Расулуллоҳнинг ҳузури шарифларида гўё бошларига қуш қўнган-у, қимирласалар учиб кетадигандек, ғоят одобли ва жуда диққатли ўтирар эдилар. Шу тариқа саҳобаи киром пайғамбарлардан ва улуғ фаришталардан кейин махлуқотнинг энг афзали ва энг улуғи бўлдилар. Расулуллоҳ саҳобаларига динимизнинг амр ва тақиқларини ипидан игнасигача тушунтирар, ўргатар эдилар: иймоннинг, Исломнинг шартлари; намоз, рўза, ҳаж, закотга оид барча ҳукмлар; ояти карималарнинг тафсирлари; ҳаром ва ҳалол бўлган егуликлар, кийимлар; қасам, назр11 ва каффоратлар; савдо-сотиқ илмлари; еб-ичиш, кийиниш, кўришиш-сўзлашиш, саломлашиш одоблари; қўшничилик, қариндошлик ва дўстлик муносабатлари; никоҳ, нафақа, ворислик ва мерос ҳукмлари; даъволар, жазолар, келишув ва ширкатлар; сиҳҳат-саломатлик илмлари; душман билан жанг, уруш ҳуқуқи… қисқаси, Ислом динига оид охиратга ва дунёга тегишли барча илмларни алифдан ёгача ҳамма тушунадиган қилиб баён қилар, муҳим деб билган масалани уч марта такрорлар эдилар.12 Аёлларга оид илмларни эса муборак завжалари орқали ўргатар эдилар.

Жибрил ҳадиси шарифи

Мусулмонларнинг қаҳрамон имоми, саҳобаи киромнинг юксакларидан, ҳамиша рост сўзловчи бўлиб танилган севимли улуғимиз Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) шундай дейди:

– Шундай бир кун эдики, саҳобаи киромдан бир нечамиз Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида ва хизматларида эдик. У кун, у соат шундай шарафли, шундай қимматли ва ҳеч қўлга кирмас бир кун эди. Ўша куни Расулуллоҳнинг суҳбатларида, ёнларида бўлиш шарафига эришиш, руҳларга озиқ бўлган, жонларга завқ ва сафо берадиган жамолларини кўриш насиб бўлган эди. (Бу куннинг шарафини, қадрини англатиш учун: «Шундай бир кун эдики…» – деди. Жаброил алайҳиссаломни инсон қиёфасида кўриш, унинг овозини эшитиш, бандалар муҳтож бўлган илмни ғоят гўзал ва очиқ ҳолда Расулуллоҳнинг муборак оғизларидан эшитиш насиб бўлган кун каби шарафли ва қимматли бир вақт бўлиши мумкинми?)

«Эй аҳли суффа! Сизларга хушхабарлар бўлсин! Агар умматимдан сизлар яшаётган бу оғир шароитга рози бўлган бирор киши қолса, у, албатта, менинг дўстларимдандир» Ҳадиси шариф

Шу пайт ёнимизга ой чиққандек бир зот келди. Унинг кийими жуда оқ, сочлари қоп-қора эди. Устида чанг, тупроқ, тер каби йўловчилик белгилари кўринмас эди. Расулуллоҳнинг саҳобалари бўлган биздан ҳеч биримиз уни танимас эдик. Яъни у биз кўриб билган кишилардан эмас эди. У Расулуллоҳнинг ҳузурларида ўтирди. Тиззаларини у зотнинг муборак тиззаларига тақаб олди. (Бу келган Жаброил эди. У инсон қиёфасига кирган эди. Жаброил алайҳиссаломнинг бундай ўтириши муҳим бир нарсани билдириш учун эди. Яъни дин илмини ўрганиш учун уялиш тўғри эмаслигини ва устозга ғурур, кибр ярашмаслигини кўрсатади. Ҳар ким динда ўрганмоқчи бўлган нарсаларини муаллимлардан бемалол ва тортинмасдан сўраши лозимлигини Жаброил алайҳиссалом саҳобаи киромга бу ҳоли билан тушунтирмоқда эди. Чунки дин ўрганишда уялиш, Аллоҳу таолонинг ҳаққини адо этишда, ўргатишда ва ўрганишда тортиниш тўғри бўлмайди.)

Ўша шарафли зот қўлларини Расули акрамнинг муборак тиззалари устига қўйди ва: «Ё Расулаллоҳ! Менга Исломни, мусулмонликни тушунтиринг», – деди.

Расули акрам шундай дедилар: «Исломнинг шартларидан биринчиси – калимаи шаҳодат келтиришдир. (Калимаи шаҳодат келтириш – „Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ“ демакдир. Яъни ақлли, балоғатга етган ва гапира оладиган кишининг: „Ерда ҳам, осмонда ҳам Ундан бошқа ибодат қилинишга ва сиғинилишга лойиқ ҳеч бир нарса, ҳеч бир зот йўқ.

Ҳақиқий маъбуд фақат Аллоҳу таолодир. У – вожибул вужуддир. Ҳар қандай улуғлик Ундадир. Унда ҳеч қандай нуқсон йўқ. Унинг исми – Аллоҳ“, – деб айтиши ва бунга қалби билан қатъий ишонишидир. Яна: „Гул рангли, оқ-қизил, нурли, ёқимли юзли, қора қошли ва қора кўзли, муборак пешоналари очиқ, гўзал хулқли, соялари ерга тушмайдиган ва ширин сўзли, Арабистонда, Маккада туғилганлари учун араб деб аталган, Ҳошим авлодидан Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад исмли олий зот – Аллоҳу таолонинг бандаси ва расули, яъни пайғамбаридирлар“, – деб айтишидир.)

Сўнгра – вақти кирганда намоз ўқимоқ. Молнинг закотини бермоқ. Рамазони шарифда ҳар куни рўза тутмоқ. Кучи етадиган кишининг умрида бир марта ҳаж қилмоғидир».

Ўша зот Расулуллоҳдан бу жавобларни эшитгач: «Тўғри айтдингиз, ё Расулаллоҳ!» – деди. Биз, тингловчилар: «Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди!» – деб, унинг бу сўзидан ҳайрон бўлдик.

Бу зот яна: «Ё Расулаллоҳ! Иймон нима эканини ҳам менга билдиринг», – деди. (Бу ҳадиси шарифда иймоннинг луғавий маъносини ўйламаслик керак. Чунки луғавий маъноси тасдиқлаш ва ишониш бўлгани учун араб жоҳилларидан бу маънони билмайдиган киши йўқ эди. Қаерда қолди саҳобаи киромнинг (розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн) уни билмаслиги! Жаброил алайҳиссалом иймоннинг маъносини саҳобаи киромга ўргатмоқчи эди. Бу ерда Исломда нимага иймон дейилиши сўралмоқда.) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам иймон маълум олти нарсага ишониш эканини шундай билдирдилар: «Аввало Аллоҳу таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига, қадарга, хайр ва шаррнинг Аллоҳу таолодан эканига ишонишдир». Ўша зот яна: «Тўғри айтдингиз», – деб тасдиқлади.

Сўнгра у яна: «Ё Расулаллоҳ! Эҳсон нима эканини ҳам менга билдиринг», – деди. Расулуллоҳ: «У – Аллоҳу таолога худди Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Чунки гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени, албатта, кўриб туради», – дедилар. Ўша зот яна: «Ё Расулаллоҳ! Менга қиёматдан хабар беринг!» – деди. Расул алайҳиссалом: «Бу масалада сўралаётган сўровчидан кўпроқ билмайди», – дедилар. Ўша зот яна: «Ундай бўлса, унинг аломатларини билдиринг», – деди. Расулуллоҳ: «Жорияларнинг ўз хожаларини туғишлари ва ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг (бойиб) баланд бинолар қуришда бир-бирлари билан мусобақалашаётганларини кўришингдир», – дедилар. Шундан кейин у ортига ўгирилиб кетди. Расулуллоҳ менга ўгирилиб: «Эй Умар! Сўраган кишининг ким эканини биласанми?» – деб сўрадилар. Мен: «Аллоҳу таоло ва Унинг Расули яхшироқ билади», – дедим. Шунда Расулуллоҳ: «У Жибрил (Жаброил) эди. Сизларга динингизни ўргатиш учун келди», – дедилар.13 Севимли Пайғамбаримиз саҳобаларига уларнинг диндаги даражаларига қараб, тушунадиган қилиб баён қилар эдилар.

Саҳобаи киромнинг энг юксакларидан бўлган ҳазрати Умар бир куни масжидга бораётиб, Расулуллоҳнинг Абу Бакр Сиддиққа бир нарсани тушунтираётганларини кўрди. Уларнинг ёнига бориб тинглади. Буни бошқалар ҳам кўришди, лекин келиб тинглашдан тортинишди. Эртаси куни ҳазрати Умарни кўриб: «Ё Умар! Расулуллоҳ кеча сизларга бир нарсани тушунтираётган эдилар. Айт, биз ҳам ўрганайлик», – дейишди. Чунки Расулуллоҳ доимо: «Мендан эшитганларингизни дин биродарларингизга ҳам айтинглар! Бир-бирингизга етказинглар!» – дер эдилар. Ҳазрати Умар: «Кеча ҳазрати Абу Бакр Қуръони каримдан ўзи тушуна олмаган бир ояти кариманинг маъносини сўраган экан, Расулуллоҳ унга тушунтираётган эдилар. Мен бир соат тингладим, лекин ҳеч нарса тушунмадим», – деди. Чунки у зот ҳазрати Абу Бакрнинг юксак даражасига қараб тушунтираётган эдилар. Ҳазрати Умар шунчалик юксак эдики, Расулуллоҳ у ҳақда: «Мен пайғамбарларнинг охиргисиман. Мендан кейин пайғамбар келмайди. Агар мендан кейин пайғамбар келганида, Умар пайғамбар бўлар эди», – дедилар. Шундай юксак бўлгани ва она тили бўлган арабчани жуда яхши билгани ҳолда, у Қуръони каримнинг ҳазрати Абу Бакрга тушунтирилган тафсирини тушуна олмади. Абу Бакрнинг даражаси ундан анча юксак эди. Ҳазрати Абу Бакр, ҳатто Жаброил алайҳиссалом ҳам Қуръони каримнинг маъносини, сирларини Расулуллоҳдан сўрар эдилар. Расулуллоҳ Қуръони каримнинг ҳаммасининг тафсирини саҳобаларига билдирганлар.

Севимли Пайғамбаримиз саҳобаларига динни ўргатганлари каби даъволарни ҳам кўриб, гувоҳларни тинглаб, энг қийин низоларни ҳал қилар эдилар. Исломни таништириш ва ёйиш, яна бир кишини жаҳаннам ўтидан қутқариш учун катта ғайрат сарфлар, ҳол ва ҳаракатлари билан инсонларга намуна бўлар, мўминларни мушрикларнинг шарридан ҳимоя қилиш учун зарур тадбирлар кўрилишини ҳам таъминлар эдилар.

«Эй Умар! Сўраган кишининг ким эканини биласанми? У Жибрил (Жаброил) эди. Сизларга динингизни ўргатиш учун келди» Ҳадиси шариф

Эй авлиё кўзларининг нури бўлган жамол,
мадад этинг, эй Худо нурининг кони!
Оёғингиз тупроғи – асфиё кўзига сурма,
мадад этинг, эй Худо нурининг кони!
Сизсиз ҳеч ким Ҳаққа етиша олмас,
лутфингиз файзи ила киши мақбул бўлур,
сиз – «оламларга раҳмат»сиз, ё Расул,
мадад этинг, эй Худо нурининг кони!
Беҳад жиноят ила гуноҳлар қилдим,
ҳавойи нафс аҳлига ҳамнафас бўлдим,
исёнимга шафоат этинг, ё Карим,
мадад этинг, эй Худо нурининг кони!
Эй карам кони, Улуғ Аллоҳнинг Расули,
хатоларга тўла бу Салимий – қулларингизнинг энг кичиги,
даргоҳингизга илтижо этиб, ато тилар,
мадад этинг, эй Худо нурининг кони!
Yavuz Sultan Selim (Selîmî)