МАДИНАИ МУНАВВАРА ДАВРИ
Севимли Пайғамбаримизнинг биъсатнинг ўн учинчи йили, Рабиул аввал ойининг 12-куни, милодий 622 йилда Мадинага ҳижрат қилишлари билан ўн йил давом этадиган Мадина даври бошланди. Пайғамбаримиз ҳазрати Холид ибн Зайд Абу Айюб Ансорийнинг уйига ташриф буюрганларида пастки қаватда туришни афзал кўриб, шу ерга жойлашдилар.1 Шу тариқа Коинот сарварини меҳмон қилиш ва уйида сақлаш шарафи бу муборак зотга насиб бўлди.
Ҳазрати Холид шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳ уйимни шарафлантирганларида пастки қаватда туришни афзал кўрган эдилар. Биз эса юқори қаватда турар эдик ва бу ҳолдан жуда хижолат чекар эдик. Бир куни: „Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Менинг юқорида, сизнинг эса пастда туришингизга кўнглим рози бўлмаяпти, буни муносиб кўрмаяпман. Бу менга жуда оғир ботмоқда. Илтимос, олий зотингиз юқорида, биз эса пастда туришимизга изн беринг“, – дедим. Шунда у зот: „Ё Абу Айюб! Уйнинг пастки қаватида бўлишимиз биз учун муносиброқ ва қулайроқ“, – дедилар. Келган зиёратчилар билан бемалолроқ кўришиш мақсадида пастки қаватда қолишни маъқул кўрдилар. Биз эса уйнинг юқори қаватида қолдик.
Бир куни сув кўзамиз синиб қолди. Тўкилган сув Расулуллоҳнинг устларига томиб, у зотни безовта қилишидан қўрқиб, хотиним билан ёпинадиган ягона бахмал кўрпамизни дарҳол сувнинг устига бостирдик».
Абу Айюб Ансорий юқори қаватда бўлишдан ғоят сиқилар эди. Охири ўзи пастки қаватга тушиб, Расулуллоҳни юқорига чиқарди. Ҳазрати Абу Айюб шундай деди: «Расулуллоҳга доимо кечки таом тайёрлаб юборар эдик. Қолганини бизга қайтариб юборганларида, мен ва хотиним Умму Айюб Расулуллоҳнинг қўллари теккан жойларни излаб, ўша ердан ер эдик ва шу билан баракат топар эдик. Яна бир кечаси биз тайёрлаб юборган пиёзли ёки саримсоқли таомни Расулуллоҳ қайтариб юбордилар. Унда қўлларининг изини кўрмагач, фарёд қилиб, у зотнинг ҳузурларига бордим ва: „Ё Расулаллоҳ! Ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз кечки таомни қайтардингиз. Лекин унда муборак қўлингизнинг изини кўрмадим. Ҳолбуки, мен ва Умму Айюб сиз қайтарган таомда қўлингиз теккан жойларни излаб, шу билан баракат топар эдик“, – дедим. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: „Бу кўкатда бир ҳид сездим. Шунинг учун ундан емадим. Мен фаришта билан гаплашадиган кишиман“. Мен: „У таом ҳаромми?“ – деб сўрадим. У зот: „Йўқ! Лекин ҳиди туфайли уни ёқтирмадим“, – деганларида, мен: „Сиз ёқтирмаган нарсани мен ҳам ёқтирмайман!“ – дедим. Пайғамбаримиз: „Сизлар уни енглар“, – дедилар. Шундан кейин биз ундан едик ва бошқа ҳеч қачон ўша кўкатдан Расулуллоҳга таом тайёрламадик.
Яна бир сафар Расулуллоҳ билан Абу Бакрга етадиган миқдорда таом тайёрлаб, ҳузурларига олиб бордим. Расулуллоҳ: „Ё Абу Айюб! Ансорларнинг ашрофидан ўттиз кишини таклиф қил“, – дедилар. Мен таомнинг озлигини ўйлаб, балки Расули акрам бу таомни кўп деб ўйлагандирлар, деб турганимда, у зот яна: „Ё Абу Айюб! Ансорларнинг ашрофидан ўттиз кишини таклиф қил“, – дедилар. Минг хил ўй ичида ансорлардан ўттиз кишини таклиф қилдим, келишди. Ўша таомдан ейишди, тўйишди. Бу мўъжиза эканини англаб, келганларнинг иймонлари янада кучайди ва яна бир бор байъат қилишди. Сўнг кетишди. Бу сараланган саҳобалар кетганидан кейин у зот бу сафар: „Олтмиш кишини таклиф қил“, – дедилар. Таомнинг мўъжиза билан камаймаганини кўрганим учун янада кўпроқ севиниб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олтмиш кишини таклиф қилдим.
«Туяга йўл беринглар! Қаерга чўкиши унга буюрилган» Ҳадиси шариф
Мадинаи мунаввара ва унинг атрофи
Улар келиб, ўша таомдан ейишди. Ҳаммалари Расулуллоҳнинг мўъжизаларини тасдиқлаб қайтиб кетишди. Сўнгра у зот: „Ансорлардан тўқсон кишини чақир“, – дедилар. Чақирдим, келишди. Расулуллоҳнинг амрлари билан ўнтадан-ўнтадан дастурхонга ўтириб ейишди; ҳаммалари бу буюк мўъжизани кўриб кетишди. Шу тариқа бир юз саксон киши таом еди. Таом эса мен олиб борган миқдорда эди ва гўё унга ҳеч қўл тегмагандек турар эди».2
Ансорлар билан муҳожирларнинг биродар бўлиши
Пайғамбаримиз Мадинаи мунавварада янада мустаҳкам бирлик ўрнатиш учун ҳижрат қилган муҳожирларни ва уларга уйларидан жой берган ансорларни бир-бирларига биродар қилдилар. Ҳазрати Али энг охирида қолгач, унутилдим, деб ўйлаб: «Ё Расулаллоҳ! Мени унутдингизми?» – деб сўради. Шунда Оламлар сарвари: «Сен дунёда ҳам, охиратда ҳам менинг биродаримсан», – дедилар. Бу биродарлик моддий ва маънавий ёрдамлашиш асосига қурилган эди. Шу тариқа юртларидан, уй-жойларидан ва қариндошларидан айрилиб қолишнинг ғами бир оз бўлса-да аритилар эди. Аслида мадиналик мусулмонлар Аллоҳу таолонинг динига амал қила олиш ва уни ёйиш учун юртларини тарк этган муҳожир биродарларига бағирларини очган, уйларига таклиф қилган, уларга ҳар қандай ёрдамни бериш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилган эдилар. Бу биродарлик ўрнатилгач, улар бир-бирларига янада самимий боғландилар. Расулуллоҳ ҳар бир муҳожирни унинг табиатига мос бир ансорий билан биродар қилган эдилар. Бу биродарлик шу даражада эдики, оталаридан қолган мол-мулкни ҳам бўлишар эдилар.3
Ҳар бир мадиналик ерини, токзорини, боғини, уйини, молини… нимаси бўлса, ҳаммасини иккига бўлар ва ярмини муҳожир биродарига жон деб берар эди. Муҳожирлардан ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф шундай ҳикоя қилди: «Биз Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганимизда, Расулуллоҳ мени Саъд ибн Робиъ билан биродар қилдилар. Шундан кейин биродарим Саъд менга: „Эй биродарим Абдурраҳмон! Мен мол жиҳатидан мадиналик мусулмонларнинг энг бойиман. Молимни иккига бўлдим, ярми сеники“, – деди. Мен эса: „Аллоҳу таоло молингни ўзингга муборак ва хайрли қилсин. Менга мол керак эмас. Фақат мени савдо қиладиган бозорингизга олиб бориб қўйсанг, шу кифоя“, – дедим».
Бундай фидокорлик фақат Ислом биродарлиги билангина мумкин эди. Одам алайҳиссаломдан шу замонгача жуда кўп кўчишлар бўлган эди. Лекин бундай маъноли ва юксак ҳижрат, ташқаридан келганлар билан маҳаллий аҳоли ўртасида бунчалик меҳр-муҳаббатли бирлашув ва самимий қучоқлашув бўлмаган эди. Дарҳақиқат, Аллоҳу таоло, маъноси: «Мўминлар фақат биродардирлар», – деб марҳамат қилди.4 Бу билан ҳақиқий севги ва самимият моддий манфаат билан эмас, балки иймон ва эътиқод билангина бўлиши мумкинлигига ишора қилинди. Саҳобаи киромдаги бу ҳол Расулуллоҳнинг биргина суҳбатлари билан қўлга кирар эди. Севимли Пайғамбаримизнинг муборак қалбларидан денгизлардек отилиб чиққан файз ва баракотлар саҳобаи киромнинг қалбларига оқиб кирар, натижада улар бир-бирларини мисли кўрилмаган фидокорлик билан севар ва биродарларини ўзларидан устун қўяр эдилар.
«Ё Раббим! Макка шаҳрини севганимиздек, бизга Мадинани ҳам севдир. Маккадан ҳам кўпроқ севдир. Ё Раббим! Ўлчовларимизга ва паймоналаримизга барака бер. Мадина шаҳрини биз учун соғлом қил. Ҳавосини гўзал қил!» Ҳадиси шариф
Ансорлар ва муҳожирлар бу янги Ислом марказида қўл-қўлга, кўнгил-кўнгилга бериб, Ислом дини кучайиши учун ҳар қандай фидокорликка чидашга ва охирида шаҳидлик мартабасига эришишга сўз бердилар. Шу тариқа улар Расулуллоҳнинг атрофларида тўпланиб, Ислом динининг асосларига амал қилиб, янги бир тартиб ва бахтли ҳаёт қурмоқда эдилар. Энди Ислом ҳижрат воқеаси билан «давлат» бўлиш йўлида илк қадамини ташлаган эди. Мадинаи мунаввара эса Ислом динининг бешиги ва марказига айланмоқда эди.
Мадинада саҳобаи киромдан ташқари насронийлар, яҳудийлар ва бутга сиғинадиган мушриклар ҳам бор эди. Яҳудийлар Бану Қайнуқоъ, Бану Қурайза ва Бану Назир деган учта қабиладан иборат эди. Улар Исломга ва айниқса севимли Пайғамбаримизга ашаддий душман эдилар.
Бу орада маккалик мушриклар Пайғамбаримизнинг Мадинада саҳобаларини бир-бирларига биродар қилиб жипслаштирганларини ўзлари учун катта хавф деб билдилар. Агар қисқа вақтда бу ишнинг уддасидан чиқа олмасалар, мусулмонлар кучайиб, Маккага ҳужум қилишлари, улар ташлаб кетган ерларини, уйларини, юртларини қўлларидан тортиб олишлари мумкин эди… Шундай фикрлар ичида бўлган маккалик мушриклардан мадиналик мусулмонларга таҳдидли мактублар кела бошлади. Бу мактублардан бирида шундай дейилган эди: «Шубҳасиз, орамизда душманлик бўлган араб қабилаларидан ҳеч бири бизни сизлар каби ғазаблантирмаган. Чунки биздан бўлган бир одамни бизга топширишингиз керак бўлгани ҳолда, унга ёрдам бериб, қучоқ очиб, уни ҳимоя қилдингиз. Бу – сизлар учун жуда катта айб. Марҳамат қилиб, у билан бизнинг орамиздан чиқинглар ва уни бизга қолдиринглар. Агар унинг иши яхши кетса, бундан энг кўп севинадиганлар – биз. Акс ҳолда, уни жиловлаб қўйиш ҳам яна бизнинг зиммамизда!…»
Бу мактубга ҳазрати Каъб ибн Молик Пайғамбаримизни мадҳ этадиган жуда гўзал жавоб ёзди.
Маккалик мушриклар мадиналик мушрикларга ҳам худди шундай таҳдидли мактублар ёздилар. Уларни ҳам: «Агар бизнинг одамимизни шаҳрингиздан чиқармасангиз ёки ўлдирмасангиз, устингизга юриш қиламиз, сизларни ўлдирамиз, хотинларингизни ўзимизга хизматкор қилиб оламиз!…» – деб қўрқитдилар.
Шундан кейин мадиналик мушриклар мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убайнинг атрофига тўпланиб, фурсат топган заҳоти Расулуллоҳга зарар етказишга қарор қилдилар.
Мусулмонлар бу ҳолдан хабар топгач, севимли Пайғамбаримизни ҳимоя қилиш учун қўлларидан келган барча саъй-ҳаракатни қилиб, у зотнинг атрофида жипслашдилар. Ҳатто кечалари кўчага чиқа олмайдиган, уйларида ухлай олмайдиган ҳолга келдилар.
Убай ибн Каъб шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳ ва у зотнинг саҳобалари Мадинаи мунавварага ташриф буюрганларида мусулмонлар мушрик араб қабилаларининг душманлигига нишон бўлдилар. Саҳобалар қуролланиб, тонггача соқчилик қилдилар».
Саҳобаи киром бир тан бўлиб, хавфли ҳолларда бутун кучлари билан мусулмон биродарларига ёрдамга шошилар эдилар. Уларнинг бошида севимли Пайғамбаримиз турар эдилар. Расулуллоҳ ҳар бир гўзал хислатда олдинда бўлганларидек, жасоратда ҳам саҳобаларининг энг олдида бўлар эдилар. Туннинг қайси соатида бўлмасин, бир фарёд эшитилса, Пайғамбаримиз ҳеч ким етиб бормасдан олдин отлари билан у ерга яшиндек етиб борар, қўрқадиган ҳеч нарса йўқлигини саҳобаларига билдириб, уларни тинчлантирар эдилар.
«Ё Али! Сен дунёда ҳам, охиратда ҳам менинг биродаримсан» Ҳадиси шариф
Икки жаҳон султонининг
туғилган ойи келди яна,
илму маърифат конининг
туғилган ойи келди яна.
Келсин шафоат истаган,
сафо топсин уни севган,
ул гўзал хулқ эгасининг
туғилган ойи келди яна.
Тун тўлин ойи, чошгоҳ қуёши,
Худо гулистонининг гули,
Ҳақнинг ҳабиби Мустафонинг
туғилган ойи келди яна.
Қани бир содиқ ошиқ? –
роҳат топсин жону тани,
ҳақиқат сирри хазинасининг
туғилган ойи келди яна.
Уни, Ҳудоий, ким севса,
мақсадига етди зафар ила,
Фахри жаҳон, Хайрул башарнинг
туғилган ойи келди яна.
Мадинанинг қадимги кўриниши
Масжиди Набавий / Мадинаи мунаввара
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида туялари Қасво чўккан ер.
Севимли Пайғамбаримиз бу ерни сотиб олиб, унинг устига масжид қурдирганлар.
У зот шу масжидга туташ уйларида вафот этдилар,
муборак қабри шарифлари ҳам шу хонада қурилди.
Кейинчалик бу хонага ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳумо) дафн этилди.
Уларнинг ёнидаги бир кишилик жойга эса Исо алайҳиссаломнинг
дафн этилишлари билдирилган.
