Севимли Пайғамбарим

ҲИЖРАТ

Авс ва Хазраж қабилаларининг бирданига мусулмон бўлишлари ҳамда маккалик мусулмонлар билан мадиналик мусулмонларнинг бирлашиш эҳтимоли мушрикларни даҳшатли даражада чўчитиб, қутуртириб юборди. Иккинчи Ақаба байъатини эшитган маккалик мушрикларнинг муносабати жуда шиддатли ва ғоят хавфли тус олди. Мусулмонлар учун Маккада қолиш чидаб бўлмас даражага етди. Сўнгги Ақаба байъати билан Мадина мусулмонлар учун ҳузур ва паноҳ топадиган жой бўлди. Улар бир йўлини топиб, бу шаҳардан ҳижрат қилишни, бир оз бўлса-да нафас оладиган, бир оз бўлса-да эркин яшай оладиган ерларга кетишни истар эдилар. Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳволларини арз қилиб, ҳижрат учун изн сўрашди. У зот саҳобаларига сабр қилишни тавсия қилдилар. Чунки Маккани тарк этишга ҳали изн бўлмаган эди. Ниҳоят, ҳижрат учун кутилган илоҳий изн келди. Ўша куни севимли Пайғамбаримиз шод ҳолда саҳобаи киромнинг ёнига келиб, шундай дедилар: «Сизлар ҳижрат қиладиган жой менга билдирилди. У – Ясриб (Мадина). Ўша ерга ҳижрат қилинглар. У ерда мусулмон биродарларингиз билан бирлашинглар. Аллоҳу таоло уларни сизларга биродар қилди. Ясрибни (Мадинани) сизлар учун омонлик ва ҳузур топадиган юрт қилди». Расулуллоҳнинг изнлари ва тавсиялари билан мусулмонлар Мадинага бирин-кетин, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳижрат қила бошладилар.1 Пайғамбаримиз ҳижрат қилаётганларга ғоят эҳтиёткор ва тадбирли бўлишни қаттиқ тайинлар эдилар. Мусулмонлар мушрикларнинг эътиборини тортмаслик учун кичик-кичик карвонлар бўлиб йўлга чиқар ва иложи борича яширин ҳаракат қилар эдилар. Мадинага биринчи бўлиб ҳижрат қилган Абу Салама мушриклардан жуда кўп азият чеккан эди. Анча вақт ўтиб, ишнинг моҳиятини англаган мушриклар ҳижрат учун йўлга чиққан мусулмонлардан кўзлари тушганларини йўлдан қайтаришга, хотинларни эрларидан ажратишга, кучлари етганларини зиндонга ташлашга киришдилар ва уларни турли жафоларга дучор қилдилар. Уларни динларидан қайтариш учун ҳар хил азият бердилар. Лекин ички уруш чиқиб кетишидан қўрққанлари учун ўлдиришга журъат қилолмадилар. Мусулмонлар эса шунга қарамай, ҳар бир фурсатдан фойдаланиб, Мадина йўлларига тушдилар. Ҳазрати Умар ҳам бир куни қиличини белига тақди. Ўқ-ёйи ва найзасини ёнига олиб, ҳамманинг кўз ўнгида Каъбани етти марта тавоф қилди. У ердаги мушрикларга баланд овоз билан шундай деди: «Мана, мен ҳам динимни ҳимоя қилиш учун Аллоҳу таолонинг йўлида ҳижрат қилмоқдаман. Хотинини бева, болаларини етим қолдиришни, онасини йиғлатишни истаган киши бўлса, мана шу водийнинг ортида рўпарамга чиқсин!…» Шу тариқа ҳазрати Умар ва йигирмага яқин мусулмон куппа-кундузи, ҳеч нарсадан тап тортмай Мадина томон йўлга чиқдилар. Ундан қўрққанидан бу карвонга ҳеч ким тега олмади. Энди кўчишларнинг кети узилмас, саҳобаи киром гуруҳ-гуруҳ бўлиб Мадинага етиб борар эдилар.

«Сизлар ҳижрат қиладиган жой менга билдирилди. У – Ясриб (Мадина). Ўша ерга ҳижрат қилинглар» ва «У ерда мусулмон биродарларингиз билан бирлашинглар. Аллоҳу таоло уларни сизларга биродар қилди. Ясрибни (Мадинани) сизлар учун омонлик ва ҳузур топадиган юрт қилди» Ҳадиси шариф

Ҳижрат йўли

Бу орада ҳазрати Абу Бакр ҳам ҳижрат учун изн сўради. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Сабр қил. Умидим шуки, Аллоҳу таоло менга ҳам изн беради. Бирга ҳижрат қиламиз», – дедилар. Ҳазрати Абу Бакр: «Ота-онам сизга фидо бўлсин! Шундай эҳтимол борми?» – деб сўраганда, Пайғамбаримиз: «Ҳа, бор», – деб уни севинтирдилар. Ҳазрати Абу Бакр саккиз юз дирҳам бериб, иккита туя сотиб олди ва ўша кунни кута бошлади. Энди Маккада севимли Пайғамбаримиз, ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Али, камбағаллар, беморлар, қариялар ва мушриклар зиндонга ташлаган мўминларгина қолган эди.

Бошқа томондан мадиналиклар (ансорлар) ҳижрат қилган маккаликларни (муҳожирларни) жуда яхши кутиб олиб, меҳмон қилдилар. Уларнинг орасида мустаҳкам бирлик пайдо бўлди.

Расулуллоҳнинг ҳам ҳижрат қилиб, мусулмонларга бош бўлишлари эҳтимоли маккалик мушрикларни ташвишга солди. Улар муҳим ишларни муҳокама қилиш учун йиғиладиган Дорун Надвада тўпланиб, нима қилишлари кераклиги ҳақида гаплаша бошладилар. Шайтон Шайхи Наждий қиёфасида, яъни кекса бир наждлик кўринишида мушрикларнинг олдига келди. Уларнинг гапларини тинглади. Турли таклифлар ўртага ташланди. Лекин уларнинг ҳеч бири маъқул бўлмади. Шунда шайтон гапга аралашиб, ўз фикрини айтди: «Сизлар ўйлаганларнинг ҳеч бири чора бўла олмайди. Чунки ундаги очиқ юз ва ширин сўз ҳар қандай тадбирни бузиб юборади. Бошқа чора ўйланглар».

Қурайшнинг бошлиғи Абу Жаҳл: «Ҳар бир қабиладан биттадан бақувват кишини танлайлик. Улар қўлларида қиличлари билан Муҳаммадга ташлансинлар. Қилич уриб, қонини тўксинлар. Уни ким ўлдиргани маълум бўлмасин. Шунда улар ноилож хунбаҳога рози бўлишади. Биз ҳам хунбаҳосини бериб, ташвишдан қутуламиз», – деди. Шайтонга ҳам бу фикр ёқди ва уни қизғин қўллаб-қувватлади.2

Мушриклар шу тайёргарлик билан банд бўлган пайтда Жаброил алайҳиссалом келиб, мушрикларнинг қарорини Расули акрамга хабар берди, ўша кечаси ўз тўшакларида ётмасликларини айтди ва Аллоҳу таолонинг ҳижрат ҳақидаги амрини ҳам билдирди. Бу илоҳий амрдан кейин севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Алига ўз тўшакларида ётишини, қолдирган омонатларини эгаларига беришини айтиб: «Бу кеча менинг тўшагимда ётиб ухла, мана бу хирқамни ҳам устингга ёпиб ол! Қўрқма, сенга ҳеч қандай зарар етмайди», – дедилар.

Ҳазрати Али Пайғамбаримиз буюрганларидек ётди. У пайтда у йигирма уч ёшда эди. У Ҳабибуллоҳнинг ўрнида ҳеч қўрқмасдан ўз жонини фидо қилишга тайёр эди.

Ҳижрат кечаси кофирлар Расулуллоҳнинг саодатхоналарини ўраб олган эдилар. Ўша кечаси Ёсин сурасининг илк оятлари нозил бўлди. Пайғамбаримиз муборак уйларидан чиқаётиб, Ёсин сурасининг «Уларнинг олдиларидан бир тўсиқ ва орқаларидан бир тўсиқ қўйиб, уларни ўраб олдик, энди улар кўра олмайдилар» маъносидаги тўққизинчи ояти каримасини уларнинг устига ўқидилар ва ердан бир ҳовуч тупроқ олиб, кофирларнинг бошига сепдилар. (Бу тупроқдан кимнинг бошига теккан бўлса, уларнинг ҳаммаси Бадр жангида ўлдирилгани ривоят қилинган.) Расулуллоҳ соғ-саломат уларнинг орасидан ўтиб, ҳазрати Абу Бакрнинг уйига етиб бордилар. Мушриклардан ҳеч бири у зотни кўра олмади.

«Ё Абу Бакр! Сабр қил. Умидим шуки, Аллоҳу таоло менга ҳам изн беради. Бирга ҳижрат қиламиз» Ҳадиси шариф

Бир оздан кейин мушрикларнинг ёнига бир киши келиб: «Бу ерда нимани кутяпсизлар?» – деб сўраганда, улар: «Муҳаммаднинг уйдан чиқишини», – деб жавоб беришди. Ҳалиги киши: «Қасам ичаманки, Муҳаммад орангиздан ўтиб кетди, бошингизга тупроқ ҳам сепиб кетди», – деди. Мушриклар қўлларини бошларига олиб бордилар. Ҳақиқатан ҳам бошларида тупроқ бор эди. Юзлари ва бошларидаги тупроқни артдилар. Дарҳол эшикка ёпирилиб, ичкарига кирдилар. Расул алайҳиссаломнинг тўшагида ҳазрати Алини кўриб, Расули акрамнинг қаердалигини сўрашди.

Ҳазрати Али: «Билмайман! Мени у зотни қўриқлашга қўйганмидинглар?» – деди. Шундан кейин улар ҳазрати Алини туртиб-силташди. Кофирлар Расулуллоҳни топиш учун ташқарига чиқиб, излай бошладилар. Ҳазрати Алини эса бир муддат Каъба ёнида қамаб қўйиб, сўнг қўйиб юбордилар.3

Сўнгра ҳазрати Абу Бакрнинг уйига бориб, унинг қизи Асмодан сўрадилар. У жавоб бермагач, уни урдилар. Ҳамма ёқни изласалар ҳам, топа олмадилар ва қутуриб кетдилар. Уларнинг энг ашаддийси бўлган Абу Жаҳл Макка ва унинг атрофида жарчиларга жар солдириб, севимли Пайғамбаримизни ва ҳазрати Абу Бакрни топиб келтирганларга ёки уларнинг қаердалигини билдирганларга 100 туя беришини ваъда қилди. Унинг бу ваъдасини эшитган, молга ҳирс қўйган баъзи кимсалар қуролланиб, отларига миниб, излашга тушдилар.

Расулуллоҳ ҳазрати Абу Бакрнинг уйига ташриф буюриб: «Ҳижрат қилишимга изн берилди», – деганларида, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ҳаяжон билан: «Муборак оёғингиз чангига юзимни суртай, ё Расулаллоҳ!… Мен ҳам сиз билан бирга бораманми?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Ҳа…» – дедилар. Ҳазрати Сиддиқ севинчидан йиғлаб юборди. Кўз ёшлари ичида: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Туялар тайёр. Қайси бирини хоҳласангиз, ўшани қабул қилинг», – деди. Оламлар султони: «Ўзимники бўлмаган туяга минмайман. (Фақат) пулини бериб оламан», – дедилар. Бу қатъий амр қаршисида ноилож қолган ҳазрати Сиддиқ туянинг нархини айтди. Ҳазрати Абу Бакр йўл бошловчилиги билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Урайқит исмли кишини чақириб, йўл кўрсатиши учун ҳақ эвазига ёллади ва унга туяларни уч кундан кейин Савр тоғидаги ғорга олиб келишни буюрди.

Биъсатнинг ўн учинчи йили, Сафар ойининг 27-куни, пайшанба куни Пайғамбаримиз ва Абу Бакр Сиддиқ ўзлари билан бир оз егулик олиб, йўлга чиқдилар.

Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳнинг атрофида гоҳ ўнгга, гоҳ чапга, гоҳ олдинга, гоҳ орқага ўтиб борарди. Пайғамбаримиз нега бундай қилаётганини сўраганларида, у: «Атрофдан келиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олиш учун. Агар бирор зарар келса, аввал менга келсин. Жоним олий зотингизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ!» – деди.

Сарвари олам шундай дедилар: «Ё Абу Бакр! Бошимга келадиган мусибатнинг менинг ўрнимга сенинг бошингга келишини истайсанми?» Ҳазрати Сиддиқ: «Ҳа, ё Расулаллоҳ! Сизни ҳақ дин билан, ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасам ичаманки, келадиган мусибатнинг сизнинг ўрнингизга менинг бошимга келишини истайман», – деди.4

Севимли Пайғамбаримизнинг кавушлари тор бўлгани учун йўлда йиртилиб кетди, муборак оёқлари яраланди, юришга ҳоллари қолмади. Улар зўрға тоққа чиқиб, ғорга етиб бордилар. Ғор оғзига келганларида ҳазрати Абу Бакр: «Аллоҳ ҳаққи, ё Расулаллоҳ, ичкарига кирманг! Мен кирай, у ерда зарарли бир нарса бўлса, менга тегсин, муборак зотингизга бирор қайғу, бирор алам етмасин», – деди-да, ичкарига кирди. Ичини супуриб тозалади. Ўнг ва чап томонида катта-кичик кўп тешиклар бор эди. Хирқасини йиртиб, тешикларни беркитди, лекин биттаси очиқ қолди. Уни ҳам товони билан ёпиб, Расулуллоҳни ичкарига таклиф қилди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ичкарига кирдилар ва муборак бошларини Абу Бакрнинг тиззасига қўйиб, ухладилар.

Шу пайт ҳазрати Сиддиқнинг оёғини илон чақди. Расулуллоҳ уйғониб кетмасинлар деб, у чидади ва сира қимирламади. Лекин кўз ёши Расулуллоҳнинг муборак юзларига томганда, у зот: «Нима бўлди, ё Абу Бакр?» – деб сўрадилар. Ҳазрати Абу Бакр: «Оёғим билан ёпган тешикдан бир илон оёғимни чақди», – деди. Расулуллоҳ Абу Бакрнинг ярасига, тузалсин деб, муборак оғизларининг сўлагидан суртганларида, оғриғи дарҳол босилди, шифо топди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Абу Бакр Сиддиқ ичкарида эканларида мушриклар из қувиб-қувиб ғорнинг олдига келдилар. Унинг оғзини бир ўргимчак тўр билан ўраганини ва иккита каптар уя қурганини кўрдилар. Изқувар Курз ибн Алқама: «Мана шу ерда из йўқолди», – деди. Кофирлар: «Агар улар бу ерга кирган бўлсалар, ғор оғзидаги ўргимчак тўри йиртилган бўлиши керак эди», – дейишди.

Баъзилари: «Шу ергача келдик, биттангиз ғорга кириб қарасин!…» – деганда, кофир Умайя ибн Халаф: «Сизларда сира ақл йўқми? Устида қават-қават ўргимчак тўри бўлган бу ғорда нима ишингиз бор? Қасам ичаманки, бу ўргимчак тўрини Муҳаммад туғилмасдан олдин тўқиган», – деди.

Мушриклар ғор оғзида баҳслашаётганларида ичкарида ҳазрати Абу Бакрни ташвиш босди ва у: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳга қасамки, ўзим учун қайғурмаяпман. Лекин олий зотингизга бирор нарса бўлишидан қўрқаман. Мен ўлдирилсам, бир кишиман, ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо сизга бирор зарар етса, бутун уммат ҳалок бўлади, дин барбод бўлади», – деди. Коинот султони: «Ё Абу Бакр! Қайғурма!… Шубҳасиз, Аллоҳу таоло биз билан», – дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ: «Ё Расулаллоҳ! Жоним сизга фидо бўлсин! Улардан бири бошини эгиб қараса, бизни кўради!» – деганда, Пайғамбаримиз: «Ё Абу Бакр! Биз шундай икки кишимизки, учинчимиз Аллоҳу таолодир. Қайғурма!… Ҳақ таоло биз билан», – дедилар. Мушриклар ичкарига қарамасдан ортга қайтиб кетдилар.5

Аллоҳу таоло бу ҳолни Қуръони каримда шундай марҳамат қилди, маъноси: «Агар сизлар унга (Ҳабибимга) ёрдам бермасангиз, (ўша вақтни эсланглар:) кофирлар уни (Маккадан) икки кишининг иккинчиси қилиб (ҳазрати Абу Бакр билан) чиқарганларида, улар (Савр тоғининг тепасидаги) ғорда эканларида, Аллоҳу таоло унга (Расулуллоҳга) ёрдам берган эди. Ўшанда у ҳамроҳига (Абу Бакр Сиддиққа): „Қайғурма, Аллоҳу таолонинг ёрдами, нусрати, шубҳасиз, биз билан“, – деган эди. Аллоҳу таоло унинг устига қалбларга ҳузур берадиган сакинасини туширди, уни (Ҳабибини) сизлар кўрмаган (маънавий) лашкар билан қувватлади (уни фаришталар билан ҳимоя қилди) ва кофирларнинг сўзини батамом тубан қилди. Аллоҳу таолонинг (тавҳид) калимаси эса энг юксакдир (Аллоҳ лафзини бутун жаҳонга ёйди ва ҳоким қилди). Аллоҳу таоло мутлақ ғолибдир. Ягона ҳукм ва ҳикмат соҳибидир».6

«Аллоҳ ҳаққи, ё Расулаллоҳ, ичкарига кирманг! Мен кирай, у ерда зарарли бир нарса бўлса, менга тегсин, муборак зотингизга бирор қайғу, бирор алам етмасин» Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)

Севимли Пайғамбаримиз ва ҳазрати Абу Бакр бу ғорда кечаю кундуз уч кун қолдилар. Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғли Абдуллоҳ Маккада эшитганларини кечаси ғорга келиб хабар қилар, озод қилинган қули ва подаларининг чўпони Омир ибн Фуҳайра эса кечалари сут келтириб, изларни йўқотар эди.

Севимли Пайғамбаримиз Савр ғоридан тўртинчи куни, душанба кечаси, саҳар пайтида чиқиб, Қасво исмли туяларига миндилар. Бир ривоятга кўра, орқаларига ҳазрати Абу Бакрни мингаштирдилар. Иккинчи туяга эса ҳазрати Омир ибн Фуҳайра билан йўлларни яхши биладиган Абдуллоҳ ибн Урайқит минишди.

Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳу таоло мадҳ этган, шаҳарларнинг энг қимматлиси бўлган Маккаи мукаррамадан – ўз ватанларидан ажралмоқда эдилар. Туяларини Ҳарами шариф томонга буриб, маҳзун ҳолда шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки! Сен Аллоҳу таоло яратган жойларнинг энг хайрлиси, Раббим ҳузурида энг севимлисисан! Сендан чиқарилмаганимда, чиқмас эдим. Мен учун сендан гўзалроқ, сендан севимлироқ юрт йўқ. Қавмим мени сендан чиқармаганида, чиқмас эдим, сендан бошқа бирор жойда юрт тутиб, ошён қурмас эдим».

Шу онда Жаброил алайҳиссалом тушиб: «Ё Расулаллоҳ! Ватанингизга муштоқмисиз, соғиндингизми?» – деди. Пайғамбаримиз: «Ҳа, муштоқман!» – дедилар. Жаброил алайҳиссалом у зотнинг охири Маккага қайтишлари ҳақида хушхабар берган Қасас сурасининг 85-ояти каримасини ўқиб, муборак кўнгилларига тасалли берди.

Йўл осойишта кечмоқда эди. Мушриклар ҳамма ёқни изласалар ҳам, топа олмас эдилар; Жаноби Ҳақ Ўз Ҳабибини уларнинг шарридан муҳофаза қилмоқда эди. Расулуллоҳ Қудайд деган жойга етиб келганларида, саховати билан машҳур, ақлли, иффатли Умму Маъбад исмли бир хонимнинг чодири олдида тўхтадилар. Ҳақ эвазига егулик, хурмо ва гўшт олмоқчи бўлдилар. Умму Маъбад: «Агар бўлганида эди, пулга эмас, зиёфат бериб, меҳмон қилардим. Қаҳатчилик ва тирикчилик танглиги туфайли қўлимизда ҳеч нарса қолмади», – деди. «Сут борми?» – деб сўраганларида: «Йўқ. Ҳайвонлар қисир», – деб жавоб берди. Коинот султони (саллаллоҳу алайҳи васаллам) чодир ёнида турган бир ориқ қўйни кўрсатиб: «Эй Умму Маъбад! Бу қўй нега бу ерда боғлоғлиқ турибди?» – дедилар. У: «Жуда касал ва ориқ бўлгани учун подадан қолиб кетди. Мадори йўқлигидан бора олмади», – деди. «Унинг бирор сути борми? Бу қўйни соғишимга изн берасизми?» – деганларида, у: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, унинг сути йўқ, лекин уни соғишингизга ҳеч нарса монеъ эмас», – деди.

Расулуллоҳ қўйнинг ёнига келиб, Аллоҳу таолонинг исмини зикр қилдилар. Барака тилаб дуо қилганларидан кейин муборак қўлларини қўйнинг елинига суртдилар. Шу онда елин сутга тўлиб, сут оқа бошлади. Дарҳол идиш келтириб, уни тўлдирдилар. Аввал Умму Маъбадга бердилар. У ичганидан кейин ҳазрати Абу Бакрга ва бошқаларга бериб, тўйгунларича ичишларини таъминладилар. Энг охирида ўзлари ичдилар. Сўнгра муборак қўлларини яна қўйнинг елинига теккизиб соғдилар ва чодирдаги энг катта идишни сўрадилар. Уни ҳам тўлдириб, Умму Маъбадга топширдилар. Ривоятга кўра, ўша қўй ўн саккиз йил яшади ва улар Фахри оламнинг баракоти билан эртаю кеч унинг сути билан тирикчилик қилишарди. Улар у ердан кетганларидан кейин Умму Маъбаднинг эри келиб, сутни кўрди. Севиниб: «Бу сут қаердан келди?» – деб сўраганда, Умму Маъбад: «Бир муборак киши келиб, хонадонимизни шарафлантирдилар. Кўриб турганларинг – у зотнинг ҳиммати ва баракоти», – деди. Эри: «Таърифлаб бера оласанми? Сифатлари, жамоллари қандай?» – деб сўради.

Умму Маъбад: «Мен кўрган у муборак зот жуда келишган ва очиқ юзли эдилар. Кўзларида бир оз қизиллик, овозларида нозиклик бор эди. Муборак киприклари узун эди. Кўзларининг оқи ниҳоятда оқ, қораси эса тим қора бўлиб, гўё табиий сурмали эди. Сочлари қора, соқоллари қалин эди. Жим турганларида у зотдан бир виқор ва вазминлик сезилиб турар эди. Гапирганларида табассум қилар, сўзлари гўё тизилган дурлардек оғизларидан ширин-ширин тўкиларди. Узоқдан жуда ҳайбатли кўринар, яқин келганларида эса ғоят ёқимли ва жозибали бўлиб қолар эдилар. Ёнларидагилар у зотнинг амрларини бажариш учун жон-жаҳдлари билан шошилар эдилар», – деб, у зотнинг яна жуда кўп гўзал хислатларини санаб берди. Буларни ҳайрат билан тинглаган эри: «Қасам ичаманки, бу зот Қурайш излаётган киши. Агар у зотга дуч келганимда, хизматларида бўлиш шарафига эришар, ёнларидан ажралмас эдим», – деди. Умму Маъбаднинг эри Расулуллоҳнинг ортларидан бориб, Рийм водийсида у зотга етиб олди ва мусулмон бўлди. Саҳобийлик шарафига эришди. Кейинроқ Умму Маъбад ҳам мусулмон бўлди.7

Суроқа ибн Молик

Мушриклар Мадина томон йўлга чиққан Муҳаммад алайҳиссаломни ва ҳазрати Абу Бакрни тинмай излар эдилар. Агар уларни топа олмасалар, ўзлари учун жуда катта хавф пайдо бўлар эди. Чунки улар мусулмонлар бир «Ислом давлати» тузиб, қисқа вақт ичида уларни йўқ қилиб юборишлари мумкин, деб ўйлар эдилар. Шу сабабли мушриклар бор кучларини ишга солдилар. Пайғамбаримизни ва ҳазрати Абу Бакрни ўлдирган ёки асир олган кишига юз туядан ташқари сон-саноқсиз мол ва пул беришни ваъда қилдилар. Бу хабар Суроқа ибн Молик мансуб бўлган Бану Мудлиж орасида ҳам тарқалди.

Суроқа ибн Молик моҳир изқувар эди. Шу сабабли бўлиб ўтаётган воқеалар билан яқиндан қизиқди.

Бану Мудлиж бир сешанба куни Суроқа ибн Молик яшайдиган Қудайд ҳудудида йиғилган эдилар. Йиғинда Суроқа ибн Моликнинг ўзи ҳам бор эди. Шу пайт Қурайшнинг одамларидан бири келиб, Суроқага: «Эй Суроқа! Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина соҳил томон кетаётган уч-тўрт кишилик бир карвонни кўрдим. Улар, эҳтимол, Муҳаммад ва унинг саҳобалари бўлса керак», – деди. Суроқа гап нимада эканини англади. Лекин ўртага жуда катта мукофот қўйилгани учун уни ёлғиз ўзи қўлга киритмоқчи эди. Шу сабабли бошқа бировнинг бундан хабардор бўлишини истамас эди. «Йўқ, сен кўрганлар фалон-фалон кишилар. Бир оз олдин ўтиб кетган эдилар. Уларни биз ҳам кўрдик», – деб, гўё муҳим бир нарса йўқдек гапирди.

Суроқа ибн Молик яна бир оз кутди. Эътиборни тортмасдан уйига келди. Хизматкорига отини ва қуролини олиб, водийнинг ортида уни кутиб туришни айтди. Ўзи эса найзасини олиб, ялтираши кўзга ташланмасин деб, учини пастга қаратиб олган эди. Отини чоптира бошлади. Йўлида давом этиб, ниҳоят уларнинг изини топди. Шунчалик яқинлашдики, ҳатто Пайғамбаримиз ўқиётган Қуръони каримни ҳам эшита бошлади. Лекин Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ортларига сира қарамас эдилар. Ҳазрати Абу Бакр орқасига қараб, Суроқани кўрди ва ташвишга тушди. Пайғамбаримиз унга ғордагидек: «Қайғурма, Аллоҳу таоло биз билан бирга», – дедилар.

«(Эй Маккаи мукаррама!) Мен учун сендан гўзалроқ, сендан севимлироқ юрт йўқ. Қавмим мени сендан чиқармаганида, чиқмас эдим, сендан бошқа бирор жойда юрт тутиб, ошён қурмас эдим» Ҳадиси шариф

Бухорий ҳазратларининг ривоятига кўра, шу пайт ҳазрати Абу Бакр бир отлиқнинг уларга етиб келаётганини Расули акрамга арз қилганда, Пайғамбаримиз: «Ё Раббим! Уни йиқит!» – деб дуо қилдилар. Бошқа бир ривоятга кўра, Суроқа уларнинг ёнларигача келганда ҳазрати Абу Бакр йиғлай бошлади. Расули акрам нега йиғлаётганини сўраганларида, у: «Аллоҳга қасамки, ўзим учун йиғламаяпман. Сизга бирор зарар етишидан қўрқиб йиғлаяпман», – деди. Суроқа Пайғамбаримизга ҳужум қила оладиган даражада яқинлашди. У: «Ё Муҳаммад! Бугун сени мендан ким ҳимоя қилади?!» – деди. Сарвари олам: «Мени Жаббор ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳу таоло ҳимоя қилади», – деб жавоб бердилар. Шу пайт Суроқанинг оти икки олд оёғи билан тиззасигача ерга ботиб кетди. У бундан қутулиб, яна ҳужумга уринганда, отининг оёқлари яна ерга ботди. Суроқа отини қанча зўрласа ҳам, уни сира қутқара олмади. Бошқа қила оладиган ҳеч нарсаси қолмади. Ноилож қолгач, шафқат ва марҳамат соҳиби бўлган Расулуллоҳга ёлвора бошлади. Барча камолотларни ва гўзал ахлоқни ўзларида жамлаган, энг юксак ахлоқ ва хилқат эгаси бўлган Пайғамбаримиз унинг бу илтимосини қабул қилдилар. Суроқа: «Ё Муҳаммад! Сенинг муҳофаза қилинаётганингни англадим. Дуо қил, қутулай. Бундан кейин сенга асло зарар етказмайман. Изингга тушганларга ҳам сен ҳақингда ҳеч нарса айтмайман», – дерди. Коинот сарвари: «Ё Раббим! Агар у сўзида рост ва самимий бўлса, отини қутқар», – деб дуо қилганларида, Аллоҳу таоло бу дуони қабул қилди. Суроқа ибн Моликнинг оти фақат шу дуодан кейингина чуқурдан чиқа олди. Шу пайт отнинг оёғи ботган жойдан осмонга қараб тутунга ўхшаш бир нарса кўтарилаётган эди. Суроқа ҳайратда қолди ва бу бўлиб ўтганларнинг ҳаммасидан Муҳаммад алайҳиссаломнинг доимо муҳофаза қилинаётганларини англади. Жуда кўп нарсага гувоҳ бўлган эди. Охири у: «Ё Муҳаммад! Мен Суроқа ибн Моликман! Мендан асло шубҳаланманглар. Сизларга сўз бераман: бундан кейин сизларга ёқмайдиган ҳеч бир ишни қилмайман. Қавминг сени ва ҳамроҳларингни тутиб келтирган кишига катта мукофот беришни ваъда қилди», – деди ва Қурайш мушрикларининг нима қилмоқчи эканликларини бир-бир айтиб берди. Ҳатто уларга йўл учун озиқ ва минишга туя бермоқчи бўлди, лекин севимли Пайғамбаримиз қабул қилмадилар ва унга: «Эй Суроқа! Сен Ислом динини қабул қилмагунингча, мен ҳам сенинг туянгни ҳам, сигирингни ҳам истамайман, сўрамайман. Бизни кўрганингни сир тут, шу кифоя», – дедилар. Ибн Саъд эса шундай нақл қилади: Суроқа Пайғамбаримизга: «Менга истаганингни буюр», – деганда, Расулуллоҳ: «Юртингда тур. Ҳеч кимга бизга етиб олишига йўл қўйма», – дедилар. Аллоҳу таоло хоҳласа, ҳамма нарса бўлар эди. Унга холис ишониб, Унинг розилиги йўлида юрилганда, ақл бовар қилмайдиган ҳодисалар юз берар эди. Расулуллоҳни ўлдириб, катта мукофотларга эришиш ҳирси билан наъра тортган шер қиёфасида йўлга чиққан Суроқа энди мулойим, ювош бир боладек эди. Ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳу таоло Ҳабибига зарар етказмаслиги учун Суроқанинг қалбини яхшиликка буриб қўйган эди. Албатта, Аллоҳу таоло Ҳабибини (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ёлғиз қолдирмас эди. Чунки у зот Аллоҳу таоло инсонларга марҳамат қилиб, уларнинг дунёда ҳам, охиратда ҳам абадий саодатга (бахтга) эришишлари учун юборган севимли Пайғамбари эдилар. Шундан сўнг Суроқа ўз изи бўйлаб ортга қайтди. Бошидан кечирганларини дуч келган кишиларга ҳам айтмади.8

Коинот султони келмоқдалар!

Пайғамбаримиз, ҳазрати Абу Бакр, Омир ибн Фуҳайра ва уларнинг йўл бошловчиси Абдуллоҳ ибн Урайқит бир ҳафта йўл юриб, биъсатнинг ўн учинчи йили (милодий 622 йил), сентябрь ойининг йигирманчи куни, ҳижратнинг биринчи йили Рабиул аввал ойининг саккизинчи куни, душанба куни чошгоҳ пайтида «Қубо» қишлоғига етиб келдилар. Кулсум ибн Ҳидм исмли бир мусулмоннинг уйида меҳмон бўлдилар. Илк муҳожирлар Расули акрам ҳали Мадинага келмасларидан олдиноқ Қубода Бану Амр ибн Авфга тегишли бир хурмо қуритиладиган жойни намозгоҳга айлантирган эдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қубога етиб келганларида бу намозгоҳни кенгайтириб, биринчи масжидни қурдилар. Намозларини Қубо масжидида ўқидилар. Қубо масжиди Тавба сурасининг 108-ояти каримасида, маъноси: «…Пойдевори тақво устига қурилган масжид», – деб мадҳ этилди.9

Кеча билан кундуз тенглашган 23 сентябрь кунини ҳам Қубо қишлоғида ўтказиб, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни, жума куни Мадина томон йўлга тушдилар. Пешин намози вақтида Мадина билан Қубо оралиғидаги Ранона водийсида тўхтадилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) илк жума намозини шу ерда ўқидилар ва илк хутбани ҳам шу ерда ирод қилдилар.10 Ўша куниёқ Мадинага етиб бордилар. (Кейинроқ бу ерда илк жума намози хотирасига «Масжиди Жума» номли масжид қурилди.) Бу орада Маккада қолган ҳазрати Али Расулуллоҳнинг Каъбада доимо ўтирадиган жойларига ўтирди. «Расули акрамда кимнинг қандай нарсаси бўлса, келиб олсин», – деб жар солдирди. Ҳар ким келиб, белгисини айтиб, омонатини олди. Шу тариқа омонатлар эгаларига топширилди. Аллоҳнинг арслони ҳазрати Али Қурайш кофирлари йиғиладиган жойга бориб: «Иншоаллоҳу таоло, эртага Мадинаи мунавварага кетаман. Айтадиган гапингиз борми? Мен шу ердалигимда айтинглар», – деди. Уларнинг ҳаммаси бошини эгиб, ҳеч нарса демади. Тонг отгач, ҳазрати Али Расули акрамнинг шахсий буюмларини йиғиб, йўлга тушди. Қурайшдан 4–5 киши унинг йўлини тўсди, лекин у улар билан олишиб, ғолиб чиқди. Сўнгра йўлда унинг рўпарасидан Миқдод ибн Асвад чиқди. Уни ҳам бир зарбада ерга йиқитиб, иймонга даъват қилди. У ҳам мусулмон бўлди. Яна йўлга равона бўлиб, шишган оёқларидан қон оққан ҳолда Қубода Расулуллоҳга етиб олди. Кундузи яшириниб, кечаси пиёда юриб ўтган бу сафарнинг охирида у Пайғамбаримизнинг ҳузурларига бора олмайдиган ҳолга келиб қолган эди. Расули акрам буни эшитгач, ўзлари унинг олдига ташриф буюрдилар, ҳазрати Алини кўриб, ҳолига ачиндилар, севимли, фидокор амакиваччаларини бағирларига босдилар, муборак қўллари билан унинг ҳақ йўлида минглаб машаққатларга чидаган нозик оёқларини силадилар ва унинг соғлиги учун дуо қилдилар. Ҳатто ҳазрати Алининг бу фидокорлиги муносабати билан «Одамлар орасида Аллоҳу таолонинг розилиги учун ўз жонини (ўзини) фидо қиладиганлар бор» маъносидаги ояти карима нозил бўлгани ривоят қилинади.1112

«Ё Суроқа! Ҳозир мен сенинг Эрон шоҳининг (Кисронинг) билагузукларини таққанингни, камарини боғлаганингни ва тожини кийганингни кўриб тургандекман!» Ҳадиси шариф

Мадинага илгарироқ ҳижрат қилган саҳобаи киром ва мадиналик мусулмонлар Коинот султонининг Маккадан ҳижрат учун йўлга чиққанларини эшитгач, у зотнинг ташрифларини қизғин ҳаяжон билан кута бошладилар. Шу сабабли Мадинаи мунавваранинг чекка маҳаллаларига кузатувчилар қўйиб, у зот шаҳарларини шарафлантирадиган лаҳзада кутиб олиш учун интиқ бўлиб турдилар. У зотнинг муҳаббати билан ёнаётганлар қизиган саҳронинг сувга ташналигидек кўзларини уфққа тикиб, кунлаб кутдилар.

Ниҳоят, бирдан: «Келаётирлар! Келаётирлар!…» – деган овоз эшитилди. Овозни эшитганлар иссиқ саҳронинг ўрталарига кўз югуртира бошладилар. Ҳа!… Ҳа!… Улар ҳам қизиган саҳрода, қуёшнинг куйдирувчи иссиғига қарамай, катта ҳайбат билан ўзлари томон яқинлашиб келаётганларни кўрдилар. Севинч билан бир-бирларига: «Суюнчи!… Суюнчи!… Расулуллоҳ келмоқдалар!… Пайғамбаримиз келмоқдалар!… Севининглар, эй мадиналиклар! Байрам қилинглар! Ҳабибуллоҳ келмоқдалар!… Бошимизнинг тожи келмоқдалар!…» – деб қичқира бошладилар. Бу хабар бир лаҳзада Мадинаи мунаввара кўчаларини тутиб кетди. Еттидан етмишгача, қариясидан беморигача ҳамма шу мисли кўрилмаган севинчли хабарни кутаётган эди.

Бутун мадиналиклар энг чиройли кийимларини кийиб, Оламлар сарварини кутиб олиш учун шошилдилар. Такбир садолари осмонни янгратар, севинчдан кўз ёшлари селдек оқар эди. Ҳузн ва бахтга тўла бир ҳаво эсар, Мадина ўз тарихидаги энг гўзал кунини бошдан кечирар эди. Бир томонда ҳамма «Амин» лақаби билан таниган Аллоҳу таолонинг Ҳабибини ўлдириш учун мукофот тайинлаганлар, иккинчи томонда эса у зотни ва ҳамроҳларини ҳимоя қилиш, бағрига босиш ва бу йўлда жонини фидо қилишни истаганлар бор эди.

Мадиналиклар севимли Пайғамбаримизнинг нурли жамолларини тезроқ кўришни истар эдилар. Мадина Мадина бўлибдики, бундай севинчли, бундай муборак лаҳзани кўрмаган эди. Бу – шу кунгача бўлмаган бир байрам эди. Ўхшаши кўрилмаган ва кўрилмайдиган бу байрамда болалар, ёшлар, катталар, бахтиёр инсонлар илк бор бир вақтда, бир овоздан шу шеърни тараннум қилар эдилар:13

Толаъал-бадру алайно,
Устимизга тўлин ой чиқди
Мин санийятил-вадоъ,
Видо тепаликларидан.
Важабаш-шукру алайно,
Шукр этмоқ бизга вожиб бўлди,
Мо даъо лиллаҳи доъ.
Аллоҳга чорловчи чорлар экан.
Айюҳал-мабъусу фино,
Эй бизга юборилган зот,
Жиъта бил-амрил-мутоъ,
сиз Аллоҳнинг амрини (Амруллоҳни) келтирдингиз.
Жиъта шаррафтал-Мадина,
Сиз Мадинани шарафладингиз,
Марҳабан ё хайра доъ.
хуш келибсиз, эй чорловчиларнинг энг яхшиси!
Анта шамсун, анта бадрун,
Сиз – қуёшсиз, сиз – ойсиз,
Анта нурун ало нур,
сиз – нур устига нурсиз,
Анта мисбоҳус-Сурайё,
сиз – Ҳулкар юлдузларининг ёғдусисиз,
Ё Ҳабибий, ё Расул!
эй суюклим, эй Расул!
Қад лабисно савба иззин,
Иззат-икромга тўлдик,
Баъда асвобир-риқоъ,
эскиликлардан қутулдик,
Ва разаъно садйа маждин,
улуғликка етиб, тўйдик,
Баъда айёмиз-зиёъ.
зиёнда эдик – фойда топдик.
Қолат аҳморуд-даёжий,
Зулматни кетказувчи ой дейди:
Қулли арбобил-ислом,
«Ислом аҳлига айтинглар:
Куллу ман ятбаъ Муҳаммад,
Муҳаммад алайҳиссаломга эргашганга
Янбағий ан ло юзом.
асло зулм қилманглар».
Ва таъоҳадно жамиъан,
Ҳаммамиз бирга сўз бердик
Явма ақсамнал-ямин,
қасам ичилган кунда:
Лан наҳунал-аҳда явман,
ростлик – бизнинг йўлимиз,
Ваттахазнас-сидқа дин.
динда хиёнат бўлмас.
Ласту валлоҳи насийян,
Аллоҳга қасамки, унутмайман,
Мо юқосиҳил-ибод,
аламсиз бир кун ҳам бўлмади,
Машҳадан ё нажма амнин,
сиз гувоҳсиз, эй омонлик юлдузи:
Зу вафоин ва видод.
вафоингиз, муҳаббатингиз беҳад кўп.

«Хуш келибсиз, ё Расулаллоҳ», «Бизникига марҳамат қилинг, ё Расулаллоҳ», – деган илтижолар атрофни тутиб кетган эди. Мадинанинг кўзга кўринган кишиларидан баъзилари Қасвонинг жиловидан тутиб: «Ё Расулаллоҳ! Бизникига марҳамат қилинг…» – деб ёлворишди. Шунда Пайғамбаримиз уларга: «Туямнинг жиловини қўйиб юборинглар, унга буюрилган. Кимнинг уйи олдида чўкса, ўша ерда меҳмон бўламан!» – дедилар.

«Одамлар орасида Аллоҳу таолонинг розилиги учун ўз жонини фидо қиладиганлар бор» Бақара: 207

Ҳаммани катта ҳаяжон ва қизиқиш қамраб олди. Қасво қаерга чўкаркин? Қасво Мадина ичкарисига қараб борар, ҳар бир эшик олдидан ўтаётганда уй эгалари: «Ё Расулаллоҳ! Бизникига марҳамат қилинг, бизникига марҳамат қилинг!» – деб ёлворишарди. Пайғамбаримиз уларга табассум қилиб: «Туяга йўл беринглар! Қаерга чўкиши унга буюрилган», – дер эдилар.

Ниҳоят, Қасво Пайғамбаримизнинг ҳозирги муборак масжидлари эшиги турган жойга чўкди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) туядан тушмадилар. Жонивор яна ўрнидан туриб, юра бошлади. Сўнгра аввалги жойига чўкди ва бошқа турмади. Шундан кейин Пайғамбаримиз Қасводан тушиб: «Иншоаллоҳ, манзилимиз шу ер», – дедилар ва: «Бу ер кимники?» – деб сўрадилар. У зотга: «Ё Расулаллоҳ! Амрнинг ўғиллари Суҳайл билан Саҳлники», – деб жавоб беришди. Бу болалар етим эди. Пайғамбаримиз: «Қариндошларимиздан қайси бирининг уйи бу ерга яқинроқ?» – деб сўрадилар. Чунки Расулуллоҳнинг боболари Абдулмутталибнинг онаси Бану Нажжордан эди. Ҳазрати Холид ибн Зайд Абу Айюб Ансорий севиниб: «Ё Расулаллоҳ! Менинг уйим яқинроқ. Мана бу – уйим, мана бу – эшиги», – деб ҳаяжон билан кўрсатди. У Қасвонинг юкини тушириб, Расулуллоҳни уйига таклиф қилди.14

Мадиналик мусулмонлар ва муҳожирлар Пайғамбаримизнинг ҳижратларидан беҳад севиндилар. Бу йилга «Санатул изн» дейилади.

Ҳижрат пайтида кўнгилларнинг малҳами, инсониятнинг бош тожи, Аллоҳу таолонинг ҳабиби Пайғамбаримиз эллик уч ёшда эдилар.

НЕ БЎЛДИ ҲОЛИМ?
Не бўлди менинг ҳолим, ё Расулаллоҳ?
Ёнар жону таним, ё Расулаллоҳ.
Чирпинган аланга, исириқдон каби
ишқингизда тутайман, ё Расулаллоҳ.
Ҳижрингиз ҳасратида кўпдан бери
эриб битаман, ё Расулаллоҳ.
Олам сиз учун яратилган шоҳсиз, олий эшигингизда
бошимни эгаман, ё Расулаллоҳ.
Сиз босган тупроқда гуллар очилмиш,
мен унда тиканман, ё Расулаллоҳ.

Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу)