АҚАБА БАЙЪАТЛАРИ
Биринчи Ақаба байъати
Биъсатнинг (пайғамбарлик берилишининг) ўн биринчи йили, Зулҳижжа ойида Асъад ибн Зурора ва унинг ўн бир ҳамроҳи ҳаж мавсумида яна Маккага келдилар. Оламлар сарвари билан олдинги учрашувларидан бери роппа-роса бир йил ўтган эди. Ўша йили мушриклар мусулмонларга ҳар йилгидан ҳам кўпроқ азоб-уқубат ва жабр-жафо етказаётган эдилар. Улар Расулуллоҳни тинмай таъқиб қилиб, у зот билан гаплашган ҳар бир кишини қийноққа солар эдилар. Буни билган мадиналиклар Пайғамбаримиз билан кечаси Ақабада учрашишга келишиб олдилар. Тун чўккач, учрашдилар. У зотга садоқатларини изҳор қилиб, барча амр ва истакларига бўйсунишга сўз бердилар ва байъат қилдилар. Бу аҳдлашувда улар «Аллоҳу таолога ширк келтирмасликка, зино қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, бўҳтондан сақланишга, маломат ва ризқ қўрқуви туфайли фарзандларини ўлдирмасликка» ваъда бердилар.1
Севимли Пайғамбаримиз иккитаси Авс қабиласидан, қолганлари эса Хазраж қабиласидан бўлган бу 12 кишини ўз қабилаларига вакил қилиб тайинладилар. Улар қабилаларига Исломни тушунтириб, улар номидан Расулуллоҳ олдида кафил бўлишлари керак эди. Асъад ибн Зурора эса ҳаммалари номидан вакил этиб тайинланган эди. Ўтган йили Ақабадаги учрашувда қатнашган 5 киши ва Исломни янги қабул қилган 7 киши қуйидагилар эди: Бану Молик ибн Нажжордан Асъад ибн Зурора, Авф ибн Ҳорис ва Муоз ибн Ҳорис; Бану Зурайқ ибн Омирдан Рофеъ ибн Молик ва Заквон ибн Абдулқайс; Бану Ғанм ибн Авфдан Убода ибн Сомит; Бану Ғусайнадан Язид ибн Саълаба; Бану Ажлон ибн Зайддан Аббос ибн Убода; Бану Ҳаром ибн Каъбдан Уқба ибн Омир; Бану Савод ибн Ғанмдан Қутба ибн Омир; Бану Абдулашҳал ибн Жушамдан Абул Ҳайсам Молик ибн Таййиҳон ва Бану Амр ибн Авфдан Увайм ибн Соида.
Мадинада чиққан қуёш
Биринчи Ақаба байъатидан (аҳдлашувидан) кейин Мадинага қайтган ҳазрати Асъад ибн Зурора ва унинг ҳамроҳлари кеча-кундуз қабилаларига Исломни тушунтириб, уларни ҳақ динга даъват қилдилар. Бу даъват натижасида Ислом Мадинада тез ёйила бошлади. Ҳатто илгари бир-бирига душман бўлган Авс ва Хазраж қабилалари бирлашиб, Исломни яхшироқ ўрганиш учун Расулуллоҳдан бир муаллим сўрадилар. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони каримни ва Исломни ўргатиш учун Маккадаги саҳобаларидан ҳазрати Мусъаб ибн Умайрни муаллим қилиб Мадинага юбордилар. Ҳазрати Мусъаб ҳазрати Асъаднинг уйида турди. Иккаласи уйма-уй юриб, ҳаммага Исломни етказишди. Одамлардан Расулуллоҳни севишларини ва у зотни барча душманларидан ҳимоя қилиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишга сўз беришларини сўрашди. Шу тариқа уларни Расулуллоҳ билан бўладиган байъатга тайёрлашди. Ҳазрати Асъад ибн Зуроранинг қабила бошлиғи Саъд ибн Муоз бўлиб, улар қариндош эдилар. У даврда арабларда қариндошга нисбатан ҳақоратдан сақланиш одат бўлгани учун, ҳали иймон келтирмаган Саъд ибн Муоз ҳазрати Асъад ибн Зуроранинг уйига бориб, бу ишга тўсқинлик қилишга уринмади. Қабила бошлиғи сифатида бу ишга ўзи аралашишни истамас эди. Шу мақсадда қабиласининг кўзга кўринган кишиларидан Усайд ибн Ҳузайрга: «Маҳалламизга бор, анави келган одамни кўр, нима қилсанг, қил. Асъад холаваччам бўлмаганида, бу ишни сенга топширмас эдим», – деди.
Шундан сўнг Усайд ибн Ҳузайр найзасини олиб, ҳазрати Мусъаб ибн Умайр турган уйга борди. У ерга етгач, ғазаб билан гапира бошлади: «Бизнинг олдимизга нега келдинглар? Одамларни алдаяпсизлар! Жонингиздан айрилишни истамасангиз, дарҳол бу ердан кетинглар!» Мусъаб ибн Умайр унинг бундай ғазабли ҳолини кўриб, ғоят юмшоқ ва мулойим жавоб берди: «Қани, аввал бир оз ўтир, гапимизга қулоқ сол! Мақсадимизни англа, маъқул бўлса, қабул қиласан. Бўлмаса, тўсқинлик қиларсан…» Усайд тинчланиб: «Тўғри айтдинг», – деди-да, найзасини ерга санчиб ўтирди. У ҳазрати Мусъабнинг ширин сўзларини, инсон қалбига кирадиган гапларини ва ёқимли овоз билан ўқиган Қуръони карим оятларини тинглади. Ўзини унутиб: «Бу қандай гўзал нарса!» – деб юборди. Сўнг: «Бу динга кириш учун нима қилиш керак?» – деб сўради. Унга тушунтиришди ва Усайд ибн Ҳузайр калимаи шаҳодат айтиб, мусулмон бўлди. Севинчидан жойида ўтиролмай қолган ҳазрати Усайд: «Мен бориб, сизларга бир кишини юбораман. Агар у мусулмон бўлса, Мадинада унинг қавмидан иймон келтирмаган ҳеч ким қолмайди…» – деди-да, шошиб ўрнидан туриб кетди. Тўғри Саъд ибн Муознинг олдига борди. Саъд ибн Муоз уни кўриши билан: «Қасам ичаманки, Усайд бу ердан қандай юз билан кетган бўлса, ўшандай юз билан қайтмаяпти», – деди. Сўнг: «Нима қилдинг, ё Усайд?» – деб сўради. Ҳазрати Усайд ибн Ҳузайр Саъд ибн Муознинг мусулмон бўлишини жуда истагани учун шундай жавоб берди: «У киши (Мусъаб ибн Умайр) билан гаплашдим, уларнинг бирор ёмонлигини кўрмадим. Фақат шуни эшитдикки, Бану Ҳориса холаваччанг Асъаднинг уйида шундай бир кишига жой берганидан шубҳаланиб, уни ўлдириш учун йўлга чиқибди». Бу гаплар Саъд ибн Муозга қаттиқ тегди. Чунки бир неча йил олдин бўлган бир урушда улар Бану Ҳорисани енгиб, Хайбарга паноҳ излашга мажбур қилган эдилар. Бир йилдан кейин эса уларни кечириб, юртларига қайтишларига изн берган эдилар. Шунга қарамай, уларнинг бундай йўл тутганлари ҳақидаги фикр Саъд ибн Муозни қаттиқ ғазаблантирди. Аслида эса бундай ҳол йўқ эди. Усайд ибн Ҳузайр бу ҳийлага мурожаат қилиб, Саъд ибн Муознинг ўз холасига ва унинг ўғли Асъад ибн Зурорага, демак, Мусъаб ибн Умайрга ҳам зарар етказишига йўл қўймасликни истаган эди. Шу тариқа унинг улар томонига ўтишига ва ниҳоят мусулмон бўлишига замин тайёрлади. Усайд ибн Ҳузайрнинг бу сўзларидан кейин Саъд ибн Муоз ўрнидан сакраб туриб, ҳазрати Асъад ибн Зуроранинг олдига кетди. У ерга етиб, Асъад билан Мусъаб ибн Умайрнинг ғоят осойишта ва хотиржам ўтириб суҳбатлашаётганларини кўрди. Уларнинг ёнига яқинлашиб: «Эй Асъад! Орамизда қариндошлик бўлмаганида, сен бу ишларни қила олмас эдинг…» – деди. Бу сўзларга ҳазрати Мусъаб ибн Умайр шундай жавоб берди: «Эй Саъд! Бир оз тўхта, ўтир, бизни тингла, англа… Сўзларимиз ёқса, жуда яхши; ёқмаса, буни сенга таклиф қилмаймиз, сен ҳам туриб кетаверасан!» Бу мулойим ва ширин сўзлардан кейин Саъд ибн Муоз тинчланиб, бир четга ўтирди ва уларни тинглай бошлади. Ҳазрати Мусъаб ибн Умайр Саъд ибн Муозга аввал Исломни сўзлаб берди. Исломнинг асосларини тушунтирди. Сўнгра ширин ва гўзал овози билан Қуръони каримдан бир оз ўқиди. У ўқиган сари Саъд ибн Муознинг ҳоли ўзгарар, ўзини унутиб борарди. Қуръони каримнинг тенгсиз сўз санъати қаршисида қалби юмшаб, қаттиқ таъсирланди. Ўзини тутолмай: «Сизлар бу динга кириш учун нима қиласизлар?» – деб сўради. Мусъаб ибн Умайр дарҳол унга калимаи шаҳодатни ўргатди. У ҳам «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ», – деб, мусулмон бўлди. Мусулмон бўлганидан туйган хотиржамлик ва севинчдан Саъд ибн Муоз жойида ўтиролмас эди. Дарҳол уйига бориб, ўргатилганидек ғусл қилди. Сўнгра қавмининг йиғилишини сўради. Усайд ибн Ҳузайрни ёнига олиб, халқ турган жойга келди. Бану Абдулашҳалга қараб: «Эй Бану Абдулашҳал! Мени қандай одам деб биласизлар?» – деб сўради. Улар бир овоздан: «Сиз бизнинг бошлиғимиз ва каттамизсиз, биз сизга эргашамиз!» – деб жавоб беришди. Уларнинг бу сўзларидан кейин Саъд ибн Муоз шундай деди: «Ундай бўлса, барчангизга хабар қиламан: мен мусулмон бўлиш шарафига эришдим. Сизлар ҳам Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймон келтиришингизни истайман. Агар иймон келтирмасангиз, бирортангиз билан гаплашмайман, кўришмайман!…»
«Ундай бўлса, барчангизга хабар қиламан: мен мусулмон бўлиш шарафига эришдим. Сизлар ҳам Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймон келтиришингизни истайман» Саъд ибн Муоз (розияллоҳу анҳу)
Санатус сурур (Севинч йили)
Бану Абдулашҳал ўз бошлиғи Саъд ибн Муознинг мусулмон бўлганини ва уларни ҳам Исломга даъват қилганини эшитиши биланоқ, ҳаммаси бирданига мусулмон бўлди. Ўша куни кечгача Мадина осмонини калимаи шаҳодат ва такбир садолари билан янгратдилар.2 Бану Абдулашҳал жамоат бўлиб мусулмон бўлганидан кўп ўтмай, бутун Мадина аҳли, Авс ва Хазраж қабилалари ҳам Исломни қабул қилдилар. Ҳар бир хонадон Ислом нури билан нурланди. Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Ҳузайр ўз қабилаларига тегишли барча бутларни синдириб ташладилар. Бу ҳақда севимли Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хабар берилганда, у зот жуда хурсанд бўлдилар. Маккалик мусулмонлар ҳам севинч ичида эдилар. Шу сабабли бу йилга (милодий 621) «Санатус сурур» (севинч йили) деб ном берилди.
Ассалоту вассалому алайка ё Расулаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Саййидал аввалийна вал охирийн!
Иккинчи Ақаба байъати
Биъсатнинг ўн иккинчи йилида маккалик мушрикларнинг мусулмонларга зулми охирги чегарасига етиб, чидаб бўлмас ҳолга келган эди. Мадинада эса Асъад ибн Зурора билан Мусъаб ибн Умайрнинг хизматлари туфайли авслик ва хазражликлар мусулмонларга қучоқ очишга, уларни бағрига босишга ва улар йўлида ҳар қандай фидокорликка тайёр турадиган ишқ ва шавқ ичида эдилар. Улар Расулуллоҳнинг тезроқ Мадинага ташриф буюришларини орзу қилар, у зотнинг йўлида молларини ҳам, жонларини ҳам аямасликка сўз берар эдилар. Ҳаж мавсуми келди. Зулҳижжа ойида Мусъаб ибн Умайр билан бирга мадиналик 73 эркак ва 2 аёл мусулмон Маккага келди. Ҳаждан кейин уларнинг ҳаммаси яна Ақабада Пайғамбаримиз билан учрашдилар. Орасида Асъад ибн Зурора ҳам бўлган 12 вакил қабилалари номидан Пайғамбаримиздан Мадинага ҳижрат қилишларини илтимос қилиб, таклиф этишди. Расулуллоҳ уларга Қуръони каримдан баъзи ояти карималарни ўқиганларидан кейин ўз жонларини, бола-чақаларини қандай ҳимоя қилиб, асрасалар, у зотни ҳам шундай ҳимоя қилишларига ишонч ҳосил қилиш учун улардан қатъий сўз сўрадилар. Ҳали мусулмон бўлмаган, Расулуллоҳнинг амакилари ҳазрати Аббос ҳам ўша ерда эди. У байъат учун келган бу жамоатга шундай мурожаат қилди: «Эй мадиналиклар! Бу – акамнинг ўғли. Одамлар орасида энг кўп севганим ҳам – у зот. Агар сизлар у зотни тасдиқлаб, Аллоҳдан келтирганларига ишонсангиз ва у зотни ўзингиз билан бирга олиб кетмоқчи бўлсангиз, мени хотиржам қиладиган мустаҳкам сўз беришингиз керак. Биласизларки, Муҳаммад алайҳиссалом биздан. Биз у зотни у зотга ишонмаганлардан ҳимоя қилдик. У зот орамизда иззат ва шараф билан ҳимояланган ҳолда яшамоқдалар. Шунга қарамай, у зот ҳаммадан юз ўгириб, сизларга қўшилишга ва сизлар билан бирга кетишга қарор қилдилар. Агар барча араб қабилалари бирлашиб устингизга ҳужум қилганда, уларга қарши тура оладиган жанговар кучингиз бўлса, бу ишга киришинглар. Бу масалани ўзаро яхшилаб гаплашиб, маслаҳатлашиб олинглар, кейин ажралиб қолманглар. Берган сўзингизда туриб, у зотни душманларидан ҳимоя қила оласизларми? Буни муносиб равишда уддаласангиз, жуда яхши. Агар Маккадан чиққанингиздан кейин у зотни ёлғиз ташлаб қўядиган бўлсангиз, ҳозирданоқ воз кечинглар, у зот ўз юртларида шараф билан ҳимояланиб яшайверсинлар». Ҳазрати Аббоснинг бу сўзларидан мадиналик мусулмонлар хафа бўлдилар. Гўё уларга Расулуллоҳни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) юртларига олиб кетганларида у зотни мушриклардан ҳимоя қила олмайдиган, қийин аҳволга тушганда ташлаб кетадиган кишилардек муомала қилинган эди. Мадиналик саҳобалардан ҳазрати Асъад ибн Зурора Пайғамбаримизга юзланиб: «Ё Расулаллоҳ! Изн берсангиз, бир-икки оғиз сўзим бор. Уни ҳазратингизга арз қилсам», – деди. Фахри коинот изн берганларидан кейин ҳазрати Асъад шундай деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Ҳар бир даъватнинг юмшоқ ёки қаттиқ бир йўли, усули бўлади. Ҳозир сиз бизни шундай бир ишга даъват қилмоқдасизки, уни одамларнинг қабул қилиши ғоят қийин. Чунки одамлар қадимдан сиғиниб келган бутларини ташлаб, Исломни қабул қилишлари жуда оғир. Шунга қарамай, биз Исломни бутун қалбимиз билан қабул қилдик. Яна сиз мушрик қариндошларимиз билан алоқани узишимизни буюрдингиз, биз буни ҳам ихлос билан қабул қилдик. Биласизки, буни қабул қилиш ҳам жуда қийин. Ҳатто амакиларингиз ҳам душманга айланиб, ҳимоя қилмаган олий зотингизга қучоқ очиб, бу шарафли вазифани ўз зиммамизга вожиб ва лозим деб билдик. Ҳаммамиз бу сўзларимизда бир фикрдамиз. Тилимиз билан нимани айтаётган бўлсак, қалбимиз билан уни тасдиқлаймиз. Ўз бола-чақамизни қандай муҳофаза қилсак, муборак вужудингизни ҳам қонимизнинг охирги томчисигача шундай ҳимоя қилишга қасам ичамиз. Агар бу аҳдимизни бузсак, Аллоҳу таолога берган сўзимизда турмай, бадбахтлар тоифасига кирайлик. Ё Расулаллоҳ! Биз бу сўзимизда содиқмиз. Аллоҳу таоло муваффақ қилсин!» Сўнгра у сўзида давом этиб: «Ё Расулаллоҳ! Биздан ўзингиз учун хоҳлаган кафолатни олиб, шарт қўйишингиз мумкин», – деди.
Пайғамбаримиз уларни Исломга ташвиқ қилиб, Қуръони карим ўқидилар. Сўнгра шундай дедилар: «Раббим учун сизлардан қўядиган шартим – Аллоҳу таолога ибодат қилишингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслигингиздир. Ўзим ва саҳобаларим учун қўядиган шартим эса – бизга бошпана беришингиз, менга ва саҳобаларимга ёрдамчи бўлишингиз, ўзингизни нимадан ҳимоя қилиб, асрасангиз, бизни ҳам ўшандан асрашингиздир».
Баро ибн Маърур: «Сизни ҳақ дин ва китоб билан пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, бола-чақамизни қандай ҳимоя қилиб, асрасак, сизни ҳам шундай асраймиз! Биз билан байъатлашинг, ё Расулаллоҳ!» – деди. Мадиналик мусулмонлардан Аббос ибн Убода Пайғамбаримиз билан тузилган аҳдни мустаҳкамлаш учун ҳамроҳларига: «Эй хазражликлар! Муҳаммад алайҳиссаломни нима учун қабул қилганингизни биласизларми?» – деди. Улар: «Ҳа», – деб жавоб беришди. Шунда у шундай деди: «Сизлар у зотни ҳам тинчлик, ҳам уруш замони учун қабул қилиб, у зотга эргашмоқдасизлар. Агар молларингизга зарар етганда, қариндош-уруғларингиз ҳалок бўлганда Пайғамбаримизни ёлғиз ва ёрдамсиз ташлаб қўядиган бўлсангиз, буни ҳозирданоқ қилинглар. Аллоҳга қасамки, агар шундай қилсангиз, дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳалок бўласизлар! Агар у зот даъват қилаётган ишда молларингиз кетишига ва яқин қариндошларингиз ўлдирилишига қарамай, у зотга вафо қилишга ақлингиз етса, у зотни тутинглар. Аллоҳга қасамки, бу дунёингиз учун ҳам, охиратингиз учун ҳам хайрлидир». Шунда ҳамроҳлари: «Молларимиз зиён бўлса ҳам, яқинларимиз ўлдирилса ҳам, биз Пайғамбаримиздан воз кечмаймиз. У зотдан ҳеч қачон ажралмаймиз. Ўлиш бор, қайтиш йўқ!» – дейишди.
«Агар бу аҳдимизни бузсак, Аллоҳу таолога берган сўзимизда турмай, бадбахтлар тоифасига кирайлик. Ё Расулаллоҳ! Биз бу сўзимизда содиқмиз. Аллоҳу таоло муваффақ қилсин!» Асъад ибн Зурора (розияллоҳу анҳу)
Сўнгра улар Пайғамбаримизга юзланиб: «Ё Расулаллоҳ! Биз бу аҳдимизни бажарсак, бизга нима бор?» – деб сўрашди. Шунда севимли Пайғамбаримиз: «Аллоҳу таолонинг розилиги ва жаннат бор!» – дедилар. Улардан ҳар бири ўз қавмининг вакили, ишончли кишиси сифатида сўз берди. Аввал ҳазрати Асъад ибн Зурора: «Мен Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига берган сўзимни бажариш, жоним ва молим билан у зотга ёрдам бериш ҳақидаги ваъдамни амалга ошириш учун байъат қиламан», – деб, қўл бериб кўришди. Ундан кейин ҳар бири шу тарзда байъат қилиб: «Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг даъватини қабул қилдик, эшитдик ва бўйсундик», – деб, мамнунликларини ва бўйсунишларини изҳор қилдилар. Шу тариқа улар Расулуллоҳ йўлида жонларини ва молларини иккиланмай ўртага қўйдилар. Аёллар билан байъат фақат сўз орқали бўлди. Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) улардан «Аллоҳу таолога ҳеч нарсани шерик қилмаслик, ўғирлик, бўҳтон ва зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, ёлғон гапирмаслик, хайрли ишларга қарши чиқмаслик…» ҳақида сўз олдилар. Мадиналиклар Пайғамбаримизга байъат қилаётган пайтда Ақаба тепалигидан бир овоз: «Эй Минода қўниб турганлар! Пайғамбар билан мадиналик мусулмонлар сизларга қарши жанг қилишга келишиб олдилар!» – деб қичқирди. Пайғамбаримиз бу овоз ҳақида: «Бу – Ақабанинг шайтони», – дедилар, қичқирган кимсага эса: «Эй Аллоҳу таолонинг душмани! Сенинг ҳам адабингни бераман!» – дедилар. Байъат қилган мадиналикларга эса: «Сизлар дарҳол қўнган жойларингизга қайтинглар», – дедилар. Аббос ибн Убода: «Ё Расулаллоҳ! Қасам ичаманки, агар хоҳласангиз, эртага эрталаб Минодаги кофирлар устига бориб, уларнинг ҳаммасини қиличдан ўтказамиз», – деди. Пайғамбаримиз бундан мамнун бўлдилар, лекин: «Бизга ҳали бундай йўл тутиш буюрилмади. Ҳозирча жойларингизга қайтинглар», – дедилар. Имом Насоийнинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятига кўра, ансорлардан Ақаба байъатида қатнашганлар Расулуллоҳнинг ҳузурларига келганлари учун муҳожирлардан ҳам саналдилар.3
Сарв кибр этар, қумрининг ёлворишига қулоқ солмас, магар
этагидан тутиб, оёғига тушиб ёлворса сув.
Булбул қонин ичмоқ истар гул бир ҳийла бирла, магар
гул шохининг табъига кириб, уни қутқарса сув.
Пок сийратин равшан қилди бутун олам аҳлига,
Аҳмади Мухтор йўлига иқтидо қилди сув.
Инсон зотининг сарвари, сайланган дурлар денгизи –
мўъжизаси бадкорлар оловига бўлди сув.
Пайғамбарлик гулзорига тоза равнақ бермак учун
мўъжизаси қаттиқ тошдан чиқарди у сув.
Мўъжизаси оламда бир чегарасиз денгиз эрур,
ундан кофирлар оташхонасига ҳам етди сув.
Ким эшитса, ҳайратидан бармоғини тишлар: ахир
оғир кунда ансорларга бармоғидан берди сув.
