МЕЪРОЖ
Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаж учун келганларга ҳам, Маккага ва бозорларга савдо-сотиқ қилгани келганларга ҳам – кўрган ҳар бир кишига ва ҳар бир қабилага Исломни тушунтирдилар. Ўзларини ҳимоя қилишларини ва одамларга Исломни етказишда ёрдамчи бўлишларини сўрадилар. Лекин ҳеч ким на мусулмон бўлди, на у зотни ҳимоя қилишга рози бўлди. Устига-устак, ҳақорат қилишди, зулм қилишди, азият беришди, масхара қилиб, ёлғончига чиқаришди. Оламлар сарвари жуда чарчаган, оч, ташна, ғамгин ва ниҳоятда маҳзун эдилар. Кундузлари шундай ўтар, бу ҳол кечанинг кеч соатларигача давом этарди. Маккалик мушриклар тинмай у зотнинг ортларидан юришар, Каъбани зиёрат қилгани келган одамларнинг мусулмон бўлишига тўсқинлик қилибгина қолмай, Ҳабиби акрамга зулм қилишдан ҳам тийилмасдилар. Энди Расулуллоҳ учун борадиган жой қолмаган эди. Ҳамма ёқ душман эди. Маккада бир неча ой жуда оғир ўтди.
Муборак Ражаб ойининг 27-кечаси у зот тўғри амакилари Абу Толибнинг қизи Умму Ҳонийнинг Абу Толиб маҳалласидаги уйига келдилар. Умму Ҳоний у пайтда ҳали иймон келтирмаган эди. У: «Ким у?» – деганида, Расулуллоҳ: «Амакингнинг ўғли Муҳаммадман. Қабул қилсанг, меҳмон бўлиб келдим», – дедилар.
Умму Ҳоний: «Сиздек ростгўй, ишончли, асл, шарафли меҳмонга жоним фидо бўлсин. Фақат келишингизни олдиндан билдирганингизда, бирор нарса тайёрлаб қўярдим. Ҳозир едиришга ҳеч нарсам йўқ», – деди. Расулуллоҳ: «Ейиш-ичиш истамайман. Уларнинг ҳеч бирида кўзим йўқ. Раббимга ибодат қилишим, ёлворишим учун бир жой менга кифоя», – дедилар.
Умму Ҳоний севимли Пайғамбаримизни ичкарига киритиб, у зотга бир бўйра, бир тоғора ва бир обдаста берди. Келган меҳмонни сийлаш, уни душмандан ҳимоя қилиш араблар учун энг шарафли вазифа ҳисобланарди. Уйдаги меҳмонга зарар етиши уй эгаси учун катта юзиқоралик бўларди. Умму Ҳоний: «Бу зотнинг Маккада душманлари кўп. Ҳатто ўлдирмоқчи бўлганлар ҳам бор. Шаънимни сақлаш учун тонггача у зотни кузатиб турай», – деб ўйлади. Отасининг қиличини олиб, уй атрофида айлана бошлади. Расулуллоҳ ўша куни жуда озурда бўлган эдилар. Таҳорат олиб, Раббиларига ёлворишга, афв сўрашга, бандалар иймонга келиб, саодатга эришишлари учун дуо қилишга киришдилар. Жуда чарчаган, оч ва ғамгин эдилар. Бўйра устига чўзилишлари биланоқ ухлаб қолдилар.
Шу пайт Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломга шундай деди: «Севимли Пайғамбаримни жуда ғамгин қилдим. Унинг муборак баданини, нозик қалбини қаттиқ озурда қилдим. Шу ҳолда ҳам у яна Менга ёлвормоқда. Мендан бошқа ҳеч нарсани ўйламаяпти. Бор, Ҳабибимни олиб кел! Унга жаннатимни, жаҳаннамимни кўрсат. Унга ва уни севганларга тайёрлаган неъматларимни кўрсин. Унга ишонмаганларга, сўзлари, ёзувлари ва ҳаракатлари билан уни озурда қилганларга тайёрлаган азобларимни кўрсин. Унга Мен Ўзим тасалли бераман. Унинг нозик қалбининг яраларини Мен Ўзим боғлайман».
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг ҳузурларига келганида, у зотнинг ширин уйқуда ухлаб ётганларини кўрди.
Уйғотишга кўзи қиймади. У инсон қиёфасида эди. У зотнинг муборак оёқлари остини ўпди. Жаброилнинг юраги ҳам, қони ҳам бўлмагани учун совуқ лаблари Расулуллоҳни уйғотиб юборди. Пайғамбаримиз Жаброил алайҳиссаломни дарҳол танидилар ва Раббилари ўзларидан ранжиган бўлса-я, деб қаттиқ қўрқиб, шундай дедилар: «Эй биродарим Жаброил! Бундай бевақт пайтда нега келдинг? Ё мен бирор хато қилдимми? Раббимни ранжитдимми? Ё менга аччиқ бир хабар олиб келдингми?»
«Ейиш-ичиш истамайман. Уларнинг ҳеч бирида кўзим йўқ. Раббимга ибодат қилишим, ёлворишим учун бир жой менга кифоя» Ҳадиси шариф
Жаброил алайҳиссалом шундай деди: «Эй барча яратилганларнинг энг афзали! Эй Яратганнинг суюклиси, эй пайғамбарлар сарвари, яхшиликлар манбаи, фазилатлар булоғи бўлган шарафли ва буюк Пайғамбар! Раббингиз сизга салом айтмоқда ва сизни Ўз ҳузурига чақирмоқда. Марҳамат қилиб, туринг, борайлик». Севимли Пайғамбаримиз таҳорат олдилар. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг муборак бошларига нурдан салла қўйди, устларига нурдан либос кийдирди, муборак белларига ёқутдан камар боғлади. Муборак қўлларига тўрт юз инжу билан безатилган зумраддан бир ҳасса тутқазди. Ҳар бир инжу Чўлпон юлдузидек порларди. Муборак оёқларига яшил зумраддан кавуш кийдирди.
Сўнгра қўл ушлашиб, Каъбага келдилар. Бу ерда Жаброил алайҳиссалом севимли Пайғамбаримизнинг муборак кўксларини ёрди. Юракларини чиқариб, Замзам суви билан ювди. Сўнгра ҳикмат ва иймонга тўла бир тос келтириб, уни муборак юракларига бўшатди ва кўксларини ёпди.
Илк қибламиз Масжидул Ақсо / Қуддус
Сўнгра Жаброил алайҳиссалом жаннатдан келтирган Буроқ исмли оқ ҳайвонни кўрсатиб: «Ё Расулаллоҳ! Бунга мининг! Барча фаришталар йўлингизга кўз тутиб турибди», – деди. Шу пайт Пайғамбаримизни бир маҳзунлик босиб, у зот тафаккурга чўмдилар. Ўша онда Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломга: «Эй Жаброил! Сўра! Ҳабибим нега маҳзун?» – деб хитоб қилганида, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай жавоб бердилар: «Мен шунча иззат ва икром кўрдим. Хаёлимга келдики, қиёмат куни заиф умматимнинг ҳоли не кечади? Эллик минг йил Арасот майдонида пиёда туриб, шунча гуноҳларининг оғирлигини қандай кўтарадилар ва ўттиз минг йиллик йўл бўлган Сиротдан қандай ўтадилар?» Шунда илоҳий фармон келди: «Эй Ҳабибим! Кўнглингизни хуш тутинг. Умматингиз учун эллик минг йиллик вақтни бир лаҳзадек қиламан. Ғам чекманг!»
Пайғамбаримиз Буроққа миндилар. Буроқ жуда тез юрар, бир қадамда кўз етган жойдан ҳам нарига етарди. Йўлда Жаброил алайҳиссалом севимли Пайғамбаримизга баъзи манзилларда тушиб, намоз ўқишларини айтди. Шундан сўнг Оламлар сарвари роса уч марта тушиб, намоз ўқидилар. Жаброил алайҳиссалом у зотдан намоз ўқиган жойлари қаерлар эканини билиш-билмасликларини сўради. Жавобини ўзи бериб, биринчи тушган жойлари Мадина эканини ва у зот бу шаҳарга ҳижрат қилишларини хабар қилди. Қолган жойлар эса навбати билан ҳазрати Мусонинг Аллоҳу таоло билан жиҳатсиз ва номаълум бир тарзда сўзлашган жойлари – Тури Сино, охиргиси эса Исо алайҳиссалом туғилган Байти Лаҳм эканини ҳам хабар қилди. Сўнгра улар Қуддусдаги Масжидул Ақсога келдилар.
Масжидул Ақсода Жаброил алайҳиссалом бармоғи билан бир қояни тешиб, Буроқни унга боғлади. У ерда ўтмишдаги пайғамбарлардан баъзиларининг руҳлари инсон қиёфасида йиғилган эди. Жамоат бўлиб намоз ўқиш учун Одам, Нуҳ ва Иброҳим пайғамбарларга (алайҳимуссалом) навбат билан имом бўлиш таклиф қилинди. Улар узр сўраб, қабул қилмадилар. Жаброил: «Сиз бор жойда бошқа одам имом бўла олмайди», – деб, Ҳабибуллоҳни олдинга ўтказди.
Пайғамбаримиз пайғамбарларга имом бўлиб, икки ракат намоз ўқитдилар. Бундан кейин бўлган воқеани шундай ҳикоя қилдилар: «Жаброил (алайҳиссалом) менга бир идишда жаннат шароби, бир идишда сут келтирди. Мен сутни олдим. Жаброил (алайҳиссалом) менга: „Сиз фитратни (икки жаҳон саодатини) танладингиз“, – деди. Кейин яна икки қадаҳ тутишди. Бирида сув, бирида бол бор эди, иккаласидан ҳам ичдим. Жаброил: „Бол – умматингизнинг қиёматгача давом этишига, сув эса умматингизнинг гуноҳларидан покланишига ишорадир“, – деди. Сўнгра бирга осмонга кўтарилдик. Жаброил (алайҳиссалом) эшикни қоқди. „Сен кимсан?“ – дейишди. „Мен – Жаброилман“. „Ёнингдаги ким?“ „У – Муҳаммаддир (алайҳиссалом)“. „Унга (осмонга кўтарилиш учун ваҳий ва Меърож даъвати) юборилдими?“ „Ҳа, юборилди“, – деди. „Келган зотга марҳабо! Бу келган нақадар гўзал йўловчи!“ – дейишди ва эшик дарҳол очилди. Мен ўзимни Одам (алайҳиссалом) қаршисида кўрдим. У киши менга „Марҳабо“ дедилар ва дуо қилдилар… Одам алайҳиссаломнинг ўнгида ва чапида баъзи одамларнинг руҳлари қорайган шарпалар ҳолида турарди. Одам (алайҳиссалом) ўнг томонларига қараганларида табассум қилар, чап томонларига қараганларида йиғлардилар. Жаброил (алайҳиссалом): „Ё Расулаллоҳ, бу шарпалар – Одамнинг зурриётидан бўлган болаларининг руҳлари. Ўнгдагилар – жаннатлик, чапдагилар – жаҳаннамлик! Ўнг томонга қараганда табассум қиладилар, чап томонга қараганда йиғлайдилар!“ – деди.
«Эй барча яратилганларнинг энг афзали! Эй Яратганнинг суюклиси, эй пайғамбарлар сарвари, яхшиликлар манбаи, фазилатлар булоғи бўлган шарафли ва буюк Пайғамбар! Раббингиз сизга салом айтмоқда ва сизни Ўз ҳузурига чақирмоқда. Марҳамат қилиб, туринг, борайлик» Жаброил алайҳиссалом
У ерда жуда кўп фаришталарни кўрдим. Уларнинг ҳаммаси қиёмда хушуъ ва хузуъ билан туриб, „Суббуҳун қуддусун Роббул малоикати варруҳ“ зикри билан машғул эдилар. Мен Жаброилдан: „Бу фаришталарнинг ибодати шуми?“ – деб сўрадим. „Ҳа. Улар яратилганларидан бери то қиёматгача қиёмда турадилар. Ҳақ таолодан сўранг, бу ибодатни умматингизга насиб этсин“, – деди. Ҳақ таолодан сўрадим. У дуомни қабул қилди. Намоздаги қиём – шудир.
(У ерда) бир жамоат ёнидан ўтдим. Фаришталар уларнинг бошларини янчар, бошлари яна аввалги ҳолига қайтарди. Яна урардилар, яна аввалгидек бўларди. „Булар кимлар?“ – дедим. У: „Жума намозини ва жамоатни тарк қилганлар, рукуъ ва саждаларни тўлиқ адо этмаганлар“, – деди.
Бир жамоатни кўрдим. Улар оч ва яланғоч эдилар. Забонийлар уларни жаҳаннамда ўтлатгани ҳайдардилар. „Булар кимлар?“ – дедим. У: „Фақирларга раҳм қилмаганлар ва закот бермаганлар“, – деди.
Бир жамоат ёнидан ўтдим. Уларнинг олдига нафис таомлар қўйилган. Бир томонда эса ўлимтик ётарди. Улар ўша нафис таомларни қўйиб, ўлимтикни ер эдилар. „Булар кимлар?“ – дедим. У: „Булар – ҳалолни тарк қилиб, ҳаромга майл қилган эркаклар ва аёллар. Ҳалол моллари бўла туриб, ҳаром ейдиган кишилар“, – деди.
Елкаларидаги юкнинг кўплигидан қимирлашга ҳам мадори қолмаган (баъзи) кишиларни кўрдим. Улар шу ҳолларида одамларга мурожаат қилиб, устларига яна бироз юк қўйишларини сўрардилар. „Булар кимлар?“ – дедим. У: „Бу кишилар – омонатга хиёнат қилганлар. Одамларнинг ҳаққини олган бўла туриб, яна зулм қиладилар“, – деди.
Ўз гўштларини кесиб еяётган бир гуруҳ одамнинг ёнидан ўтдик. „Булар кимлар?“ – дедим. Жаброил (алайҳиссалом): „Булар – ғийбат қилувчилар ва гап ташувчилар“, – деди.
Юзлари қора, кўзлари кўк, юқори лаблари пешоналарига етган, пастки лаблари оёқларигача осилган, оғизларидан қон ва йиринг оқиб турган бир гуруҳ одамни кўрдим. Уларга оловдан ясалган қадаҳларда жаҳаннамдан оқадиган заҳарли қон ва йирингни ичиришар, улар эшаклардек бақиришарди. „Булар кимлар?“ – дедим. У: „Булар – маст қилувчи ичимлик ичганлар“, – деди.
Бир гуруҳ одамга дуч келдик: тиллари бошларидан суғуриб олинган, қиёфалари ўзгартирилиб, хинзир (тўнғиз) суратига айлантирилган ҳолда азобланардилар. Жаброил (алайҳиссалом): „Булар – ёлғондан гувоҳлик берганлар“, – деди.
Бошқа бир қавмга дуч келдик. Уларнинг қоринлари шишиб, пастга осилган, ранглари кўкарган, қўл-оёқлари боғланган, ўринларидан тура олмасдилар. Жаброилдан улар ҳақида сўрадим. У: „Булар – фоиз еганлар“, – деди.1
Баъзи аёлларга дуч келдик. Юзлари қора, кўзлари кўк эди. Уларга оловдан кийимлар кийдиришган. Фаришталар уларни оловдан ясалган гурзилар билан урардилар. Улар итлар ва тўнғизлардек увлашарди. „Булар кимлар?“ – дедим. Жаброил: „Булар – зино қилган ва эрларига озор берган аёллар“, – деди.
Бир жамоатни кўрдим. Улар жуда кўпчилик эди. Жаҳаннам водийларида қамалган эдилар. Олов уларни куйдирар, улар яна тирилар, олов яна куйдирарди. „Булар кимлар?“ – дедим. У: „Булар – оталарига осий бўлганлар“, – деди.
Бир жамоат ёнидан ўтдим. Улар экин экишар, у бир лаҳзада етилиб, бошоқ берарди. „Булар кимлар?“ – дедим. Жаброил: „Аллоҳу таоло учун ибодат қилганлар“, – деди.
Бир денгизга етиб бордим. Бу денгизнинг ажиб ҳолини сўзлаб бериш мумкин эмас. У сутдан ҳам оқ бўлиб, тоғлардек тўлқинлари бор эди. „Бу қандай денгиз?“ – дедим. У: „Бу денгизнинг номи – Ҳаёт денгизи. Ҳақ таоло ўликларни тирилтирадиган пайтда шу денгиздан ёмғир ёғдиради. Чириган, тўзиб кетган баданлар тирилиб, ўт униб чиққандек қабрларидан турадилар…“ – деди.
Сўнгра иккинчи қават осмонга кўтарилдик. Жаброил (алайҳиссалом) яна эшикни қоқди. „Сен кимсан?“ – дейилди. „Мен – Жаброилман“. „Ёнингдаги ким?“ „У – Муҳаммад алайҳиссалом“. „Унга ваҳий ва Меърож даъвати юборилдими?“ „Ҳа, келди“, – деди. „Келган зотга марҳабо! Бу келган нақадар гўзал йўловчи!“ – дейилди ва эшик дарҳол очилди. Мен ўзимни холаваччалар – Исо ва Яҳё ибн Закариёнинг (алайҳимассалом) ёнида кўрдим. Улар менга „Марҳабо“ дедилар ва дуо қилдилар… (Исо алайҳиссалом ўрта бўйли, оқ-буғдой ранг эдилар.)
Фаришталардан бир жамоатга дуч келдим. Улар саф тортиб турардилар, ҳаммаси рукуъда эди. Ўзларига хос тасбеҳлари бор эди. Доимо рукуъда турадилар, бошларини кўтариб, юқорига қарамайдилар. Жаброил (алайҳиссалом): „Бу фаришталарнинг ибодати шундай. Ҳақ таолодан сўранг, умматингизга насиб бўлсин“, – деди.
Дуо қилдим. У қабул қилиб, намозда рукуъни эҳсон этди. Сўнгра учинчи қават осмонга кўтарилдик. Ўша савол-жавобдан кейин эшик очилди ва мен ўзимни Юсуфнинг (алайҳиссалом) ёнида кўрдим. Қарасам, у кишига гўзалликнинг ярми берилган экан. У киши менга „Марҳабо“ дедилар ва дуо қилдилар…
Жуда кўп фаришталарни кўрдим. Улар саф-саф бўлиб, ҳаммаси саждада эдилар. Яратилганларидан бери саждада бўлиб, ўзларига хос тасбеҳ билан тасбеҳ айтадилар. Жаброил (алайҳиссалом): „Бу фаришталарнинг ибодати шундай. Аллоҳу таолодан сўрангки, бу амални умматингизга муяссар қилсин“, – деди. Ҳақ таолодан сўрадим. У қабул қилиб, буни сизларга намозда насиб этди.
Сўнгра тўртинчи қават осмонга етдим. Унинг соф кумушдан ясалган нурдан бир эшиги бор эди. Унга нурдан бир қулф осилган эди. Қулф устида „Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ“ деб ёзилган эди. Ўша савол-жавобдан кейин мен ўзимни Идриснинг (алайҳиссалом) ёнида кўрдим. У киши менга „Марҳабо“ дедилар ва дуо қилдилар. Аллоҳу таоло у киши ҳақида шундай марҳамат қилган, маъноси: „Биз уни юксак бир маконга кўтардик“.2
Бир фариштани кўрдим, у тахт устида ғамгин ва маҳзун ўтирарди. Унинг атрофида сонини фақат Жаноби Ҳақ биладиган даражада кўп фаришталар бор эди. Унинг ўнг томонида нуроний фаришталарни кўрдим. Улар яшил кийимлар кийган, улардан жуда хуш ҳид таралиб турарди. Юзлари шунчалик гўзал эдики, уларга қараб бўлмасди. Унинг чап томонида оғизларидан олов отилиб турган фаришталар бор эди. Уларнинг олдида оловдан найзалар ва қамчилар ётарди. Уларнинг кўзлари шундай эдики, ҳеч ким уларнинг нигоҳига бардош бера олмасди. Тахтда ўтирган фариштанинг бошидан оёғигача кўзлари бор эди. У олдидаги дафтарга доимо қараб турар, бир лаҳза ҳам ундан кўзини узмасди. Унинг олдида бир дарахт бор эди. Унинг ҳар бир баргида бир кишининг исми ёзилган эди. Олдида тоғорага ўхшаш бир нарса ҳам бор эди. У гоҳ ўнг қўли билан ундан бир нарса олиб, ўнг томонидаги нуроний фаришталарга топширар, гоҳ чап қўли билан бир нарса олиб, чап томонидаги зулмоний фаришталарга берарди. (У) фариштага назар солганимда, қалбимни қўрқув босди. Жаброилдан: „Бу фаришта ким?“ – деб сўрадим. У: „Бу – Азроил. Унинг юзига қарашга ҳеч кимнинг тоқати етмайди“, – деди. Жаброил унинг олдига бориб: „Эй Азроил!
«„Келган зотга марҳабо! Бу келган нақадар гўзал йўловчи!“ – дейишди ва эшик дарҳол очилди, мен ўзимни Одам (алайҳиссалом) қаршисида кўрдим» Ҳадиси шариф
Бу – охир замон Пайғамбари, Аллоҳу таолонинг ҳабиби, суюклиси“, – деди. Азроил (алайҳиссалом) бошини кўтариб, табассум қилди. Ўрнидан туриб, менга таъзим қилди ва: „Марҳабо! Ҳақ таоло сиздан шарафлироқ бирор кишини яратмади. Умматингиз ҳам барча умматлардан афзалдир. Мен сизнинг умматингизга уларнинг ота-оналаридан ҳам кўпроқ ачинаман“, – деди. Шунда мен: „Сендан бир илтимосим бор. Умматим заиф. Уларга юмшоқ муомала қил. Жонларини мулойимлик билан ол“, – дедим. У: „Сизни охирги пайғамбар қилиб юборган ва Ўзига ҳабиб қилган Аллоҳу таоло ҳаққи, Аллоҳу таоло кечаю кундузда етмиш марта менга шундай буюради:
„Уммати Муҳаммаднинг жонларини юмшоқлик ва енгиллик билан ол, ишларини лутф билан бажар“. Шунинг учун мен ҳам сизнинг умматингизга оналари ва оталаридан ҳам кўпроқ шафқат кўрсатаман“, – деди. Сўнгра бешинчи қават осмонга кўтарилдик. У ерда Ҳорун3 (алайҳиссалом) билан учрашдик. У киши менга „Марҳабо“ дедилар ва хайрли дуо қилдилар. Бешинчи қават осмон фаришталарининг ибодатини кўрдим. Уларнинг ҳаммаси оёқда тик туриб, оёқ бармоқларига қарашарди. Улар асло бошқа томонга қарамай, баланд овозда тасбеҳ айтардилар. Жаброилдан (алайҳиссалом): „Бу фаришталарнинг ибодати шундайми?“ – деб сўрадим. У: „Ҳа, Ҳақ таолодан сўранг, бу ибодатни умматингизга насиб этсин“, – деди. Дуо қилдим. Жаноби Ҳақ эҳсон этди. Сўнгра олтинчи қават осмонга кўтарилдик. У ерда Мусо (алайҳиссалом) билан учрашдик. У киши менга „Марҳабо“ дедилар ва хайрли дуо қилдилар.
Сўнгра еттинчи қават осмонга кўтарилдик. Ўша савол-жавобдан кейин Иброҳимни (алайҳиссалом) Байтул Маъмурга суяниб ўтирган ҳолда кўрдим. Бу Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта киради (ва уларга қайта навбат келмайди). Иброҳимга (алайҳиссалом) салом бердим. У киши саломимга алик олдилар. „Марҳабо, солиҳ пайғамбар, солиҳ ўғил“, – дедилар. (Сўнгра:) „Ё Муҳаммад! Жаннатнинг ери ғоят латиф, тупроғи пок. Умматингизга айтинг, у ерга кўп дарахт эксинлар“, – дедилар. „Жаннатга дарахт қандай экилади?“ – дедим. У киши: „«Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ» тасбеҳини ўқиб“ (бир ривоятда эса: „Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар“), – дедилар. Сўнгра Жаброил (алайҳиссалом) мени Сидратул мунтаҳога олиб борди. Сидратул мунтаҳо – илдизи олтинчи қават осмонда, танаси ва шохлари еттинчи қават осмоннинг устида бўлган дарахт бўлиб, барглари фил қулоқларидек, мевалари эса миноралардек эди.4 У гўё сояси билан бутун осмонларни ва жаннатни соялаб турган бир дарахт эди. Аллоҳу таолонинг жалол ва азамат нури тажаллий қилганида, у турли рангларга кирар, ёқут, зумрад ёки уларга ўхшаш жавоҳирлар билан безанар ва шу даражада гўзаллашардики, Аллоҳу таоло яратган махлуқотдан ҳеч ким унинг гўзаллигини сўзлаб бера олмайди.
Жаброил (алайҳиссалом) мени Сидратул мунтаҳодан нарига олиб борди ва мен билан хайрлашди. Мен: „Эй Жаброил! Мени ёлғиз қолдирасанми?“ – дедим. Жаброил (алайҳиссалом) изтиробга тушди. Ҳақ таолонинг ҳайбатидан титрай бошлади ва: „Ё Муҳаммад! Агар (яна) бир қадам қўйсам, Аллоҳу таолонинг азаматидан ҳалок бўламан. Бутун вужудим ёниб, йўқ бўлади“, – деди».
Оламлар сарвари шу жойгача Жаброил алайҳиссалом билан бирга келган эдилар. Жаброил алайҳиссалом бу ерда Расулуллоҳга ўзини яратилган суратида – олти юз минг қанотини ёйиб, ҳар бир қанотидан инжулар, ёқутлар сочилиб турган ҳолда кўрсатди.
Сўнгра зиёси қуёшдан ҳам порлоқроқ бўлган, Рафраф исмли яшил жаннат гиламчаси келди. У тинмай Аллоҳу таолонинг зикри билан машғул бўлар, у бўлган оламни тасбеҳ садоси тўлдирарди. У Пайғамбаримизга салом берди. Расулуллоҳ Рафраф устига ўтирдилар. Бир лаҳзада беҳад юксакликларга кўтарилдилар, ҳижоб деб аталган етмиш минг пардадан ўтдилар. Ҳар бир ҳижобнинг ораси жуда узоқ эди. Ҳар бир пардада вазифали фаришталар бор эди. Рафраф Пайғамбаримизни у пардалардан бирма-бир ўтказди. Шу тариқа улар Курсий, Арш ва руҳлар оламларини ошиб ўтдилар. Ҳабиби акрам ва Набийи муҳтарам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар бир пардадан ўтаётганларида: «Қўрқманг, ё Муҳаммад! Яқинлашинг, яқинлашинг!» – деган амрни эшитардилар. Шу қадар яқин бўлдиларки, Қоба қавсайн мақомига етдилар. Билиб бўлмайдиган, англаб бўлмайдиган, таърифлаб бўлмайдиган бир тарзда Аллоҳу таоло хоҳлаган юксакликларга етдилар. Маконсиз, замонсиз, жиҳатсиз, сифатсиз ҳолда руъят ҳосил бўлди, яъни у зот Аллоҳу таолони кўрдилар. Кўзсиз, қулоқсиз, воситасиз, муҳитсиз Раббилари билан сўзлашдилар. Ҳеч бир махлуқ била олмайдиган, англай олмайдиган неъматларга эришдилар.
Имоми Раббоний ҳазратлари «Мактубот» китобларида шундай дейдилар: «Ул сарвар (алайҳиссалоту вассалом) Меърож кечасида Раббиларини дунёда кўрмадилар. Охиратда кўрдилар. Чунки Расул алайҳиссалом у кеча замон ва макон доирасидан ташқарига чиқдилар. Азалий ва абадий бир он топдилар. Бошланишни ва охирни бир нуқта ҳолида кўрдилар. Жаннатга кирадиганларнинг минглаб йиллардан кейин жаннатга киришларини ва жаннатда бўлишларини ўша кечаси кўрдилар. Мана, ўша мақомдаги кўриш – дунёда кўриш эмас. Бу – охиратдаги кўриш билан кўришдир».
Пайғамбаримизга: «Раббингизга сано айтинг!» – дейилганда, у зот дарҳол: «Аттаҳиййоту лиллаҳи вассалавоту ваттаййибот», – дедилар (яъни тиллар билан айтиладиган барча мадҳлар, мақтовлар ва санолар, бадан билан қилинадиган хизматлар ва тоатлар, мол билан қилинадиган яхшиликлар ва эҳсонлар Аллоҳу таоло учун бўлсин).
«Ҳақ таоло сиздан шарафлироқ бирор кишини яратмади. Умматингиз ҳам барча умматлардан афзалдир» Азроил алайҳиссалом
Аввало Аллоҳу таоло Ҳабибига кўзсиз, қулоқсиз, воситасиз, маконсиз ҳолда: «Ассалому алайка айюҳаннабийю ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ» (Эй Расулим! Саломим, баракотим ва раҳматим сизга бўлсин), – деб салом берди. Пайғамбаримиз: «Ассалому алайна ва ала ибодиллаҳис солиҳин» (Ё Раббим! Бизга ва солиҳ бандаларингга ҳам салом бўлсин), – деб жавоб бердилар.
Буни эшитган фаришталар бир овоздан: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ» (Кўзим билан кўргандек биламан ва ишонаманки, Аллоҳу таолодан бошқа ибодатга лойиқ илоҳ йўқдир. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расулидирлар), – дедилар.
Пайғамбаримиз: «Ассалому алайна…» – деганларида, Аллоҳу таоло: «Эй Ҳабибим! Бу ерда иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Нега „алайна“ (бизга) дедингиз?» – деди. Расулуллоҳ шундай жавоб бердилар:
«Ё Илоҳим! Умматимнинг баданлари гарчи мен билан бўлмаса ҳам, руҳлари мен билан. Иноят назарим ва бутун ҳимматим улардан узоқ эмас. Сен менга салом бердинг, мени барча ёмонликлардан узоқ қилдинг. Охир замон фитнасига учраган ўша фақир, дардманд умматимни бу улуғ икром ва эҳсонлардан қандай маҳрум қилай? Бундай неъматдан уларни қандай бенасиб қолдирай?»
Аллоҳу таоло шундай деди: «Эй Ҳабибим! Бу кеча сиз Менинг меҳмонимсиз. Мендан сўранг, нимани истайсиз?» Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Умматимни истайман (ё Раббим!)», – дедилар.
Ривоятга кўра, Ҳақ таоло бу саволни етти юз марта такрорлади. Расулуллоҳ ҳар сафар: «Умматимни истайман», – деб жавоб бердилар. Аллоҳу таоло: «Доим умматингизни истайсиз», – деганида, у зот: «Эй Раббим! Тиловчи – менман, берувчи – Сен. Бутун умматимни менга бахш эт», – деб илтижо қилдилар. Жаноби Ҳақ шундай деди: «Агар бутун умматингизни бу кеча сизга бахш этсам, Менинг раҳматим ҳам, сизнинг иззатингиз ҳам зоҳир бўлмайди. Бир қисмини бу кеча сизга бахш этдим. Икки қисмини кейинга қолдирдим. Қиёмат куни сиз сўрайсиз, Мен кечираман. Токи Менинг раҳматим ҳам, сизнинг иззатингиз (шарафингиз) ҳам маълум бўлсин».
Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар: «Ўша кечаси (Меърож кечасида) Аллоҳу таолодан бутун умматимнинг ҳисобини менга топширишини сўрадим. Ҳақ таоло шундай деди: „Ё Муҳаммад! Бундан муродингиз шуки, ҳеч ким умматингизнинг айбларидан хабардор бўлмасин. Менинг муродим эса шуки, сиз шафқатли пайғамбарсиз, уларнинг айблари ва хунук ишлари бегоналардан бўлгани каби, сиздан ҳам яширин бўлсин. Ё Муҳаммад! Сиз уларга йўл кўрсатувчисиз. Мен эса уларнинг Раббиман. Сиз уларни эндигина кўрдингиз. Мен азалдан абадга қадар уларга назар қилдим ва назар қиламан. Ё Муҳаммад! Агар умматингиз билан сўзлашишни севмаганимда, қиёмат куни уларни ҳисобга тортмас эдим. Катта-кичик бирорта гуноҳларини сўрамас эдим“».
«Аллоҳу таоло шундай деди: „Ё Муҳаммад! Муборак кўзингизни очинг-да, оёғингиз остига қаранг“. Қарадим, бир ҳовуч тупроқ кўрдим. Ҳақ таоло шундай деди: „Бор бўлган барча нарсалар – сизнинг оёғингиз тупроғидир. Ўша тупроғимни Дўст ҳузурига келтирдингизми? Бир дўст этагига илашган чангни кечиришдан кўра, сизнинг умматингизни кечириш Менга осонроқдир“»
Умматингизни бердим сизга, эй Ҳабиб,
Жаннатимни уларга қилдим насиб.
Ё Ҳабибим, недир ул тилаганингиз,
Бир ҳовуч тупроққа миннат қилдингизми?
Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар: «Ҳақ таолога бир неча савол бердим. Жавобини эшитдим. Сўраганимга пушаймон бўлдим. (Улардан баъзилари мана булар:)
„Ё Раббим! Жаброилга олти юз минг қанот бердинг. Бунинг эвазига менга эҳсонинг нима?“ Ҳақ таоло шундай деди: „Сизнинг бир тукингиз Менга Жаброилнинг олти юз минг қанотидан ҳам суюклироқдир. Сизнинг бир тукингиз туфайли қиёмат куни мингларча осий гуноҳкорни озод қиламан. Ё Муҳаммад! Жаброил қанотини ёйса, машриқ билан мағриб орасини тўлдиради. Сиз шафоат қилсангиз, машриқ билан мағриб ораси осийларга тўла бўлса ҳам, ҳаммасини сизга бахш этаман“. Мен: „Отам Одамга (алайҳиссалом) фаришталарни сажда қилдирдинг. Бунинг эвазига менга икроминг нима?“ – дедим.
Ҳақ таоло шундай деди: „Фаришталарнинг Одамга сажда қилишлари унинг пешонасида сизнинг нурингиз бўлгани сабабли эди. Ё Муҳаммад! Сизга ундан ҳам афзалроқ нарса бердим. Исмингизни исмимга яқин қилдим ва Арши аъло устига ёздим. У пайтда Одам ҳали яратилмаган, унинг номи ҳам, нишони ҳам йўқ эди. Сизнинг исмингизни осмонлар эшигига, ҳижоблар устига, жаннатлар эшигига, кўшкларга ва дарахтларга, жаннатнинг ҳар бир жойига ёздим. Жаннатда устига «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб ёзилмаган бирорта нарса йўқ эди. Бу мартаба Одамга берилган мартабадан юксакроқдир“.
Мен сизга ошиқ бўлгач, эй шариф,
Сизники бўлмасми икки олам, эй латиф!
Зотимга кўзгу қилдим зотингизни,
Исмим ила бирга ёздим исмингизни.
„Ё Раббим! Нуҳга (алайҳиссалом) кема бердинг. Бунинг эвазига менга нима эҳсон этдинг?“ У шундай деди: „Сизга Буроқни бердим, бир кечада сизни ердан Аршга етказдим. Жаннат ва жаҳаннамни кўрдингиз. Умматингизга масжидлар бердим, қиёмат куни умматингиз у масжидларга худди кемаларга мингандек миниб, Сиротдан кўз очиб-юмгунча ўтади ва жаҳаннамдан қутулади“. „Ё Раббим! Бани Исроилга қудрат ҳолваси ва беданага ўхшаш қуш гўштини нозил қилдинг“. Ҳақ таоло шундай деди: „Сизга ва умматингизга дунё ва охират неъматини эҳсон қилдим. Бани Исроилнинг қиёфаларини инсон суратидан айиқ, маймун ва тўнғиз суратига айлантирдим. Сизнинг умматингиздан бирортасини ундай қилмадим. Улар ўшаларнинг амалларига ўхшаш амал қилсалар ҳам, бу балони уларга раво кўрмадим. Ё Муҳаммад! Сизга бир сура бердимки, унинг ўхшаши Тавротда ҳам, Инжилда ҳам йўқ. У сура – Фотиҳа сураси. Ким у сурани ўқиса, унинг вужуди жаҳаннамга ҳаром бўлади. Ўша кишининг онаси ва отасининг азобини енгиллатаман. Ё Муҳаммад! Мен сиздан акрамроқ (қимматлироқ, афзалроқ, шарафлироқ) бирор кишини яратмадим. Сизга ва умматингизга кечаю кундузда эллик вақт намозни фарз қилдим.
«Ўша кечаси (Меърож кечасида) Аллоҳу таолодан бутун умматимнинг ҳисобини менга топширишини сўрадим» Ҳадиси шариф
Ё Муҳаммад! Ким Менинг бирлигимни қабул қилса ва Менга ширк келтирмаса, жаннат – уларникидир. Шундай умматингизга жаҳаннамни ҳаром қилдим. Умматингизга бўлган раҳматим ғазабимдан ўзиб кетган.
Ё Муҳаммад! Менинг ҳузуримда сиз барча халқдан акрамроқ, шарафлироқсиз. Қиёмат куни сизга шунчалик икромлар кўрсатаманки, бутун олам ҳайратда қолади. Эй Ҳабибим! Сиз жаннатга кирмагунингизча, бошқа пайғамбарларга ва уларнинг умматларига кириш ман этилган. Сизнинг умматингиз кирмагунича, бошқа уммат кирмайди. Ё Муҳаммад! Сиз ва умматингиз учун нималар тайёрлаганимни кўришни истайсизми?“ Мен: „Истайман, ё Раббим!“ – дедим. У Исрофилга хитоб қилиб, шундай деди: „Эй Исрофил! Бандам, аминим ва расулим Жаброилга айт, Ҳабибимни жаннатга олиб бориб, Ҳабибим ва унинг уммати учун жаннатда нималар тайёрлаган бўлсам, шуларни кўрсатсин. Токи муборак кўнгли ташвишдан қутулсин“».
Оламлар сарвари бўлган севимли Пайғамбаримиз Исрофил алайҳиссалом билан бирга Жаброил алайҳиссаломнинг олдига келдилар. Аллоҳу таолонинг амрини бажариш учун Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жаннатга олиб борди. Фаришталар қўлларида товоқлар тутиб кутиб турардилар: бирида ҳулла бор эди, иккинчиси нурга тўла эди. Жаброил алайҳиссалом шундай деди: «Ё Расулаллоҳ! Булар Одам алайҳиссаломдан саксон минг йил олдин яратилган. Бу мақомда улар товоқлардагини сизга ва умматингизга сочиш учун сабрсизлик билан кутиб турибдилар. Қиёмат куни сиз ва умматингиз Аллоҳу таолонинг амри билан жаннат остонасига қадам қўйганингизда, бу фаришталар товоқлардаги жавоҳирларни устингизга сочадилар». Жаннатда вазифали бўлган Ризвон исмли фаришта уларни кутиб олди. У Пайғамбаримизга хушхабарлар берди ва: «Ҳақ таоло икки қисмини сизнинг умматингизга, бир қисмини бошқа пайғамбарларнинг умматларига бериш учун жаннатни уч қисмга бўлди», – деди. Сўнгра у зотга бутун жаннатни айлантириб кўрсатди. Ҳабиби акрам шундай дедилар: «Жаннатнинг ўртасида бир ирмоқ кўрдим.
У Аршдан ҳам юқорида оқарди. Бир жойдан сув, сут, хамр ва бол чиқарди. Улар асло бир-бирига аралашмасди. У ирмоқнинг қирғоғи забаржаддан эди. Ичидаги тошлари жавоҳир, балчиғи анбар, ўтлари заъфарон эди. Унинг атрофига кумуш қадаҳлар қўйилган бўлиб, сони осмондаги юлдузлардан ҳам кўп эди. Атрофида қушлар бор эди, уларнинг бўйинлари туя бўйнидек эди. Ким уларнинг гўштидан еса ва у ирмоқдан ичса, Ҳақ таолонинг розилигига эришади. Жаброилдан: „Бу қандай ирмоқ?“ – деб сўрадим. У: „Бу – Кавсар. Ҳақ таоло уни сизга берди. Саккиз жаннатдаги боғларга шу Кавсардан сувлар оқади“, – деди. У ирмоқнинг қирғоғида чодирлар кўрдим. Уларнинг ҳаммаси инжу ва ёқутдан эди. Жаброилдан улар ҳақида сўрадим. У: „Булар – сизнинг завжаларингизнинг манзиллари“, – деди. У чодирларда ҳурларни кўрдим. Уларнинг юзлари қуёшдек порларди, ҳаммалари турли гўзал нағмалар билан куйлардилар. Улар: „Биз шод ва хуррамиз. Бизга ҳеч қайғу етмайди.
Биз безанганмиз, ҳеч қачон яланғоч қолмаймиз. Биз ёшмиз, ҳеч қачон қаримаймиз. Биз хушхулқмиз, ҳеч ғазабланмаймиз. Биз доим шундаймиз, ҳеч қачон ўлмаймиз“, – дер эдилар. Уларнинг нағмалари ва садолари саодат кўшкларига ва дарахтларга етиб, ҳар ёқни тутарди. Овозлари шу қадар гўзал эдики, агар у нағмалар дунёга келса эди, дунёда ўлим ҳам, машаққат ҳам бўлмасди. Жаброил: „Уларнинг юзларини кўришни истайсизми?“ – деди. „Истайман“, – дедим. У бир чодирнинг эшигини очди. Қарадим. Шундай гўзал сиймоларни кўрдимки, бутун умрим давомида уларнинг гўзаллигини сўзласам ҳам, тугата олмайман. Юзлари сутдан оқ, ёноқлари ёқутдан қизил ва қуёшдан порлоқ эди. Терилари ипакдан юмшоқ ва ойдек нурли, ҳидлари мушкдан ҳам хуш эди. Сочлари тим қора: баъзиларининг сочи ўрилган, баъзиларининг йиғилган, баъзиларининг ёйилган эди; ўтирса, атрофида чодирдек бўлар, турса, оёғигача тушарди. Уларнинг ҳар бирининг олдида биттадан хизматчи турарди. Жаброил: „Булар сизнинг умматингиз учун“, – деди».
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Саккиз жаннатнинг боғу бўстонларини ва ҳар турли неъматларини кўрдим. Жаҳаннамни ва унинг даражаларини ҳам кўрсам, деган ўй кўнглимга келди. Жаброил қўлимдан тутиб, мени жаҳаннамнинг энг катта фариштаси Моликнинг олдига олиб борди. У: „Эй Молик! Ҳазрати Муҳаммад душманларнинг жаҳаннамдаги жойларини кўрмоқчилар, у зотга жаҳаннамни кўрсат“, – деди». Молик жаҳаннамнинг устидан ёпқичини очгач, жаҳаннам шу қадар қайнаб, кўпира бошладики, Пайғамбаримиз (алайҳиссалоту вассалом) жаҳаннамнинг ҳар нарсани илиб олиб, куйдиришини, жаҳаннамдаги ташналик азобларини, азоб занжирларини, азоб илонлари ва чаёнларини, у ердаги азоблардан баъзиларини ўз кўзлари билан кўрдилар.
«Молик жаҳаннамнинг табақаларини очди. Етти табақанинг (ҳаммасини) кўрдим. Еттинчи табақани Ҳовия дейдилар. Унинг азоби бошқа табақаларникидан кўп марта ортиқ эди. Моликдан: „Бу табақада қайси тоифага азоб берилади?“ – деб сўрадим. Молик: „Фиръавн, Қорун ва сизнинг умматингизнинг мунофиқларига азоб берилади“, – деди. Олтинчи табақа – Лазо. У ерда мушрикларга (ҳеч қандай дини бўлмаганларга) азоб берилади. Бешинчи табақа – Ҳутама. У ерда оловга, ҳўкизга сиғинувчиларга, буддистларга азоб берилади.
Тўртинчи табақа – Жаҳим. У ерда қуёшга, юлдузларга сиғинувчиларга азоб берилади. Учинчи табақа – Сақар. У ерда насронийларга азоб берилади. Иккинчи табақа – Саъир. У ерда яҳудийларга азоб берилади. Биринчи табақа – Жаҳаннам. Унинг азоби бошқа табақаларнинг азобидан енгилроқ эди. (Шунга қарамай) мен у ерда оловдан етмиш минг денгиз кўрдим. Ҳар бир денгиз шу қадар катта эдики, агар ерларни ва осмонларни бир денгизга ташласалар ва бир фариштага излашни буюрсалар, минг йил изласа ҳам, топиб бўлмас эди. Забонийлар (жаҳаннамда вазифали фаришталар) шу қадар азаматли эдиларки, агар улардан бири ерларни ва осмонларни оғзининг бир чеккасига қўйса, сира билинмас эди. У денгизлар тўлқинланиб, даҳшатли садолар чиқарарди. Агар ўша садодан дунёга бироз овоз келса, барча жонзотлар ҳалок бўлар эди.
„Бу табақа қайси тоифа учун?“ – деб сўрадим. Молик жавоб бермади. Яна сўрадим. У сукут қилди… Жаброил Моликка: „У зот сендан жавоб кутмоқдалар“, – деди. У: „Мени маъзур тутинг“, – деб узр сўради. Мен: „Нима бўлса ҳам, жавоб бер, токи бугун унинг чорасини кўриш мумкин бўлсин“, – дедим. Молик: „Ё Расулаллоҳ! У сизнинг умматингизнинг осийлари учун. Уларга насиҳат қилинг, токи бу даҳшатли жойдан ўзларини сақласинлар. Вужудларини бундай азобга судрайдиган нарсалардан тийилсинлар. У куни мен осийларга раҳм қилмайман. На оқ соқолли қарияларига, на ёшларига шафқат кўрсатаман“, – деди».
«Меърож – ақл тугаган, иймон бошланган жойдир» Ҳадиси шариф
Оламлар сарвари йиғлай бошладилар. Муборак бошларидан саллаларини олиб, шафоат қилишга ва (Аллоҳу таолога) ёлворишга киришдилар. Умматларининг заифлигини, бундай азобга тоқат қила олмасликларини айтиб, шу қадар йиғладиларки, у зот билан бирга Жаброил алайҳиссалом ҳам, барча фаришталар ҳам йиғладилар. Шунда Аллоҳу таолодан хитоб келди: «Эй Ҳабибим! Сизнинг ҳурматингиз ва қадрингиз Менинг ҳузуримда улуғдир, дуоингиз қабул бўлди. Кўнглингизни хуш тутинг. Сизни муродингизга етказдим. Сизга шундай бир мақом бераманки, сизнинг шафоатингиз билан жуда кўп осийларни, то сиз „бас“ дегунингизча кечираман. Эй Ҳабибим! Ким Менинг амримни тутса, азоб ва жазодан қутулади, раҳматимга ноил бўлади. Жаннатда Мени кўриш шарафига эришади. Сизга ва умматингизга кечаю кундузда эллик вақт намозни фарз қилдим».
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) сўзларини давом эттириб, шундай дедилар: «У мақомдан (сўнг) Аршга етдим. Осмонлардан ўтиб, Мусо (алайҳиссалом) турган мақомга келдим. У киши мендан: „Ҳақ таоло сизга ва умматингизга нимани фарз қилди?“ – деб сўрадилар. Мен: „Ҳар бир кеча ва кундуз учун эллик вақт намоз ўқишни менга фарз қилди“, – дедим. У киши: „Раббингизга қайтинг, буни бироз енгиллатишини сўранг. Чунки умматингиз буни кўтара олмайди. Мен Бани Исроилни синаб, тажриба қилиб кўрганман“, – дедилар. Шундан кейин мен Раббимга қайтдим ва: „Ё Раббим! Умматимга (бу амрни) бироз енгиллат!“ – дедим. Шунда У эллик вақтдан фақат беш вақтни камайтирди. Мусога (алайҳиссалом) қайтиб, (беш вақтни камайтирди) дедим. У киши: „Раббингизга қайтинг! Яна бироз енгиллатишини сўранг. Чунки умматингиз буни кўтара олмайди“, – дедилар. Шу тариқа мен Мусо (алайҳиссалом) билан Раббим ўртасида бориб-келиб юрдим ва ниҳоят Аллоҳу таоло шундай деди: „Бу намозни беш вақтга туширдим. Ҳар бир намоз учун ўн савоб бор. Шу жиҳатдан охир-оқибат яна эллик намоз бўлади. Чунки ким бир савобли ишни ният қилиб, уни қила олмаса, унга бир савоб ёзилади. Агар қилса, бир савоб ўрнига роса ўн савоб ёзилади. Лекин бир гуноҳни ният қилиб, уни қилмаса, ҳеч нарса ёзилмайди. Қилса, фақат бир гуноҳ бўлиб ёзилади“. Сўнгра Мусонинг (алайҳиссалом) олдига тушиб, аҳволни айтиб бердим. У киши яна: „Қайтинг, яна бироз енгиллатишини сўранг“, – дедилар. Шундан кейин мен у кишига: „Раббимга кўп муножот қилганим учун энди уяламан“, – дедим».5 Аллоҳу таоло шу тариқа севимли Пайғамбаримизнинг чеккан машаққатлари туфайли яраланган муборак қалбларига тасалли берди. У зотга бирор махлуқига бермаган, ҳеч ким била олмайдиган, англай олмайдиган неъматларни эҳсон қилди.
Кел бери, эй ишқ ўтида ёнгувчи,
Ўзини маъшуққа ошиқ англовчи.
Тингла, кел, ул Шоҳ Меърожин аён,
Ошиқ эрсанг, ишқ ўтида турмай ён.
Душанба кечаси эди – рост хабар,
Қадр кечаси экан ул тун мўътабар.
Ул ҳумоюн бахтли, қадри юксак шоҳ
Умму Ҳоний уйида эрди тун чоғ.
Етмади аввал келганлар бу давлатга,
Ҳеч ким етишмади бу рифъатга.
Чунки барчасин кўриб, ўтди нари,
Борди, етди ул улуғ Ҳазратга.
Олти жиҳатдан ул муназзаҳ Зулжалол
Бекаму кайф унга кўрсатди жамол.
Очиқ-ойдин кўрди Раббул иззатни,
Охиратда шундай кўрар уммати.
Сиз Меърожга чиқиб, қилдингиз ниёз,
Умматингиз Меърожин қилдим намоз.
«Эй Ҳабибим! Ким Менинг амримни тутса, азоб ва жазодан қутулади, раҳматимга ноил бўлади. Жаннатда Мени кўриш шарафига эришади» Ҳадиси қудсий
Ишондим! Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ
Сўнгра Оламлар сарвари бир лаҳзада Қуддусга келдилар ва у ердан Масжидул Ақсо эшигига боғланган Буроққа миниб, Маккаи мукаррамага қайтдилар. Пайғамбаримиз Қуддусдан Маккага қайтаётганларида, Қурайш карвонига дуч келдилар. Карвондаги бир туя ҳуркиб, йиқилди. Расулуллоҳ Маккаи мукаррамада Умму Ҳонийнинг уйига келдилар. Ётган жойлари ҳали совумаган, тоғорадаги таҳорат сувининг тебраниши ҳали тинмаган эди. Ташқарида айланиб юрган Умму Ҳоний мудраб қолган, ҳеч нарсадан хабари бўлмаган эди.
Тонг отганда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Умму Ҳонийга Меърожларини айтиб бердилар ва: «Эрталаб Каъбага бориб, буни айтиб бераман», – дедилар. Ҳазрати Умму Ҳоний: «Эй амакимнинг ўғли! Зинҳор буни қурайшликларга айтманг! Улар сизни ёлғончига чиқаришади ва озурда қилишади. Иймони заиф бўлганлар бунга ишонмайди, диндан чиқади. Мушриклар ҳам айнан шуни кутишмоқда, уларнинг иймонини бузишади. Ҳозир мусулмонлар оз.
Мусулмонлар бироз кучайиб, мустаҳкамлангач айтсангиз, қандай бўларкин?» – деди. Оламлар сарвари – Коинот султонининг берган тарихий жавоблари шундай эди: «Аллоҳга қасамки, мен буни уларга айтаман. Бугун чириган нарса – эртага ҳам чириган. Мен бу Исломни иймони мустаҳкам бўлганлар билан қураман. Агар менга нисбатан ҳамон шубҳаси бўлган киши бўлса, ажралсин-кетсин. Менинг улар билан ишим йўқ. Чириган ҳамиша чириган. Бугун чиримаса, эртага чирийди. Кейин чиригандан кўра, ҳозирдан чирисин, унга ишониб йўлга чиқмайлик. Мустаҳкамлари бизга кифоя».
Сўнгра у зот эрталаб Каъбага бориб, айтиб бера бошладилар… Кофирлар: «Муҳаммад ақлдан озибди, бутунлай адашибди», – деб масхара қилишди. Мусулмон бўлиш ниятида бўлганлар ҳам иккиланиб қолишди. Мушриклардан баъзилари хурсанд бўлиб, Абу Бакрнинг уйига келишди. Чунки улар унинг ақлли, тажрибали, ҳисоб-китобли савдогар эканини жуда яхши билишарди. У эшикка чиққач: «Эй Абу Бакр! Сен Қуддусга кўп марта бориб келгансан. Яхши биласан. Маккадан Қуддусга бориб келиш қанча вақт олади?» – деб сўрашди. Ҳазрати Абу Бакр: «Яхши биламан. Бир ойдан кўп», – деди. Бу сўздан хурсанд бўлган кофирлар тўдаси: «Ақлли, тажрибали одамнинг гапи шундай бўлади», – дейишди. Кулиб, масхара қилиб ва ҳазрати Абу Бакр ҳам ўзлари каби ўйлайди, деб умид қилиб: «Пешвонг Қуддусга бир кечада бориб келдим, деяпти, энди бутунлай адашибди», – дейишди. Улар ҳазрати Абу Бакрга меҳр ва ҳурмат кўрсатиб, унга умид боғлашган эди.
Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳнинг муборак исмларини эшитгач (ҳеч ақл-мантиқ тарозисига солиб ўтирмай): «Агар у зот шундай деган бўлсалар, бу – ростдир. У зотнинг бир лаҳзада бориб келганларига мен ҳам ишондим», – деди-да, уйга кирди. Кофирлар ҳайрон бўлиб: «Ана холос, Муҳаммад қандай кучли сеҳргар экан! Абу Бакрни ҳам сеҳрлаб қўйибди», – дея ортларига қайтишди.
Ҳазрати Абу Бакр дарҳол Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Катта оломон олдида баланд овоз билан шундай деди: «Ё Расулаллоҳ! Меърожингиз муборак бўлсин! Бизни сиздек буюк Пайғамбарга хизматкор қилиш билан шарафлагани, муборак юзингизни кўриш, қалбларни ром этувчи, руҳларни ўзига тортувчи ширин сўзларингизни эшитиш неъматини бергани учун Аллоҳу таолога чексиз шукрлар айтаман. Ё Расулаллоҳ! Ҳар бир сўзингиз ростдир. Ишондим. Жоним сизга фидо бўлсин!» Ҳазрати Абу Бакрнинг сўзлари кофирларни гангитиб қўйди. Айтадиган гап тополмай, тарқалиб кетишди. Бу сўзлар шубҳага тушган, иймони заиф бир неча кишининг қалбига ҳам қувват берди. Расулуллоҳ ўша куни Абу Бакрга «Сиддиқ» дедилар. Бу номни олиш билан унинг даражаси яна бир поғона кўтарилди.6
Бундан қаттиқ ғазабланган кофирлар мўминларнинг мустаҳкам иймонига, Пайғамбаримизнинг ҳар бир сўзига дарҳол ишонишларига, у зотнинг атрофида парвонадек айланишларига чидай олишмади. Расулуллоҳни уялтириш ва енгиш учун у зотни имтиҳон қила бошлашди.
«Ё Муҳаммад! Қуддусга бордим, дейсан. Қани айт-чи, масжиднинг нечта эшиги, нечта деразаси бор?» – каби саволлар беришди.
«Меърожни айтишим лозим, ишонмайдиган киши кейин ҳам воз кечади, чириган пойдевор устига бино қурилмайди, ажраладиган киши ҳозирдан ажралсин, мустаҳкамлари қолсин» Ҳадиси шариф
Ақаба байъати қилинган жойда қурилган Масжидул Байъа
Расулуллоҳ уларнинг ҳар бирига бирма-бир жавоб бердилар. У зот жавоб бераётганларида, ҳазрати Абу Бакр: «Шундай, ё Расулаллоҳ», – дер эди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ одоблари ва ҳаёлари туфайли қаршиларидаги кишининг юзига ҳам қарамас эдилар. У зот шундай дедилар: «Масжидул Ақсода атрофимга қарамаган эдим. Улар сўраган нарсаларни кўрмаган эдим. Ўша онда Жаброил (алайҳиссалом) Масжидул Ақсони кўз олдимга келтирди. Мен деразаларини кўриб санар ва уларнинг саволларига дарҳол жавоб берар эдим». Расулуллоҳ йўлда туяли йўловчиларни кўрганларини айтдилар ва: «Иншоаллоҳ, улар чоршанба куни келадилар», – дедилар. Чоршанба куни қуёш ботаётганда карвон Маккага етиб келди. Карвондагилардан сўрашганида, улар гўё бўрон тургандек бўлганини ва бир туя йиқилганини айтишди. Бу ҳол мўминларнинг иймонини мустаҳкамлади, кофирларнинг душманлиги эса борган сари ортди.7 Ҳижратдан бир йил олдин, Ражаб ойининг 27-куни, жума кечаси юз берган бу мўъжиза Меърож деб аталади. Расулуллоҳ Меърожга руҳлари ва баданлари билан, уйғоқ ҳолда кўтарилдилар. Меърож кечасида у зотга кўплаб илоҳий ҳақиқатлар кўрсатилди ва беш вақт намоз шу кечада фарз қилинди. Бундан ташқари, Бақара сурасининг охирги икки ояти каримаси эҳсон қилинди. Меърож ҳақида Қуръони каримда Исро сурасининг 1-оятида, Нажм сурасининг аввалги оятларида ва баъзи ҳадиси шарифларда хабар берилган.8
Севимли Пайғамбаримиз Меърождан кейин саҳобаларига жаннатни сўзлаб бераётиб, шундай дедилар: «Ё Абу Бакр! Сенинг кўшкингни кўрдим. У қизил олтиндан эди. Сен учун тайёрланган неъматларни ўз кўзларим билан кўрдим». Шунда ҳазрати Абу Бакр: «У кўшк ҳам, кўшкнинг эгаси ҳам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ», – деди.
Пайғамбаримиз ҳазрати Умарга ўгирилиб: «Ё Умар! Сенинг кўшкингни кўрдим. У ёқутдан эди. У кўшкда жуда кўп ҳурлар бор эди. Лекин мен ичкарига кирмадим. Ғаюрлигингни ўйладим», – дедилар. Ҳазрати Умар қаттиқ йиғлади. Кўз ёшлари орасида: «Онам-отам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Сизга нисбатан ҳам рашк бўладими?» – деди. Сўнгра ҳазрати Усмонга: «Ё Усмон! Мен сени ҳар бир осмонда кўрдим. Жаннатда кўшкингни кўриб, сени ўйладим», – дедилар. Ҳазрати Алига: «Ё Али! Сенинг суратингни тўртинчи осмонда кўрдим. Жаброилдан сўрадим. У: „Ё Расулаллоҳ! Фаришталар ҳазрати Алини кўришга ошиқ бўлдилар. Ҳақ таоло унинг суратида бир фаришта яратди. У тўртинчи осмонда туради, фаришталар уни зиёрат қилиб, баракаланадилар“, – деди. Сўнгра сенинг кўшкингга кирдим. Бир дарахтнинг мевасини ҳидладим. Ундан бир ҳур чиқди ва юзига парда тортди. „Сен кимсан ва кимникисан?“ – дедим. У: „Амакингизнинг ўғли Али учун яратилганман, ё Расулаллоҳ!“ – деди», – дедилар.
Меърож кечасининг тонгида Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳга имом бўлиб, беш вақт намозни вақтларида ўқитди. Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Жаброил (алайҳиссалом) Каъба эшиги олдида икки кун менга имом бўлди. Иккимиз бомдод намозини тонг (фажр) отганда, пешинни қуёш заволга оққанда, асрни ҳар нарсанинг сояси ўз бўйига тенг бўлганда, шомни қуёш ботганда (юқори чеккаси ғойиб бўлгач), хуфтонни шафақ қорайганда ўқидик. Иккинчи куни бомдод намозини ҳаво ёришганда, пешинни ҳар нарсанинг сояси ўз бўйидан икки баравар бўлганда, асрни ундан кейиноқ, шомни рўза очиладиган пайтда, хуфтонни туннинг учдан бири ўтганда ўқидик. Сўнгра у: „Ё Муҳаммад! Сизнинг ва сиздан олдинги пайғамбарларнинг намоз вақтлари шудир. Умматингиз беш вақт намознинг ҳар бирини биз ўқиган мана шу икки вақт орасида ўқисин“, – деди».9 Намоз вақтлари шу тариқа билдирилгандан кейин Ҳабашистонга ҳам хабар юборилиб, беш вақт намоз ўқишлари ва намоз фарз бўлган кундан бошлаб улар ўқий бошлаган вақтгача бўлган намозларини қазо қилишлари буюрилди.
«(Эй мадиналиклар!) Аллоҳ йўлида Аллоҳ учун ҳақни сўзлашга, ўз нафсингизни ва номусингизни ҳимоя қилганингиз каби менга ёрдамчи бўлишга сўз берасизларми?» Ҳадиси шариф
