Севимли Пайғамбарим

Макка – Тоиф сафари

Келаси йили Зулҳижжа ойида яна келиш нияти билан, улар юртларига қайтиш учун Пайғамбаримиздан изн олиб, жўнаб кетдилар. Янги мусулмон бўлган бу олти киши: Уқба ибн Омир, Асъад ибн Зурора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳум) эдилар.1

Мусулмон бўлган олти киши Мадинага, қавмларининг олдига қайтгач, дарҳол Ислом ва Пайғамбаримиз ҳақида гапириб, халқни Ислом динини қабул қилишга даъват эта бошладилар. Буни шундай ғайрат билан қилдиларки, Мадинада Пайғамбаримиз ва Ислом ҳақида гапирилмаган бирорта ҳам уй қолмади. Шу тариқа Ислом Хазраж қабиласи орасида ёйилди, Авс қабиласидан ҳам баъзи кишилар мусулмон бўлдилар.

Тоифликларни иймонга даъват қилишлари

Мушриклар севимли Пайғамбаримизнинг жуда кўп мўъжизаларини кўрган бўлсалар ҳам, ўжарликлари туфайли иймон келтирмадилар; устига-устак, мусулмон бўлган болаларига, биродарларига, қариндошларига ва дўстларига азият бериш, зулм қилишдан тўхтамадилар. Уларнинг тобора кучайиб бораётган бу зулм ва қийноқлари севимли Пайғамбаримизни қаттиқ қайғуга солди. У зот Макка яқинидаги Тоифга бориб, унинг аҳолисини Исломга даъват қилишни кўнгилларига тугдилар. Шу сабабли ёнларига Зайд ибн Ҳорисани олиб, Тоифга бордилар.

У зот Тоифнинг кўзга кўринган кишиларидан Амрнинг ўғиллари – Абду Ёлил, Ҳабиб ва Масъуд билан учрашдилар. Уларга Исломни тушунтириб, Аллоҳу таолога иймон келтиришларини сўрадилар. Улар иймон келтириш у ёқда турсин, аксинча, у зотни ҳақорат қилишди, устига-устак: «Аллоҳу таоло пайғамбар қилиб юбориш учун сендан бошқа одам топмадими? Аллоҳу таоло сендан бошқасини пайғамбар қилиб юборишга ожизми? Юртимиздан чиқиб кет-да, қаёққа хоҳласанг, ўша ёққа бор!… Қавминг айтганларингни қабул қилмади, шунинг учун бу ерга келдинг, шундай эмасми? Қасам ичамизки, биз ҳам сендан узоқ турамиз. Бирорта ҳам истагингни қабул қилмаймиз», – дейишди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг олдидан қайғу билан чиқиб кетдилар. Ўн кун ёки бир ой давомида Сақиф қабиласини Исломга даъват қилдилар, лекин улардан бирортаси ҳам иймон келтирмади; аксинча, у зотни масхара қилишди, азият беришди ва ортларидан ҳуштак чалиб, ҳайқиришди. У зот ўтадиган йўлларнинг икки четига болаларни ва ёшларни саф қилиб қўйиб, у зотни тошбўрон қилдиришди, устиларига ҳужум қилдиришди. Тоифлик ёшлар отган тошларга ҳазрати Зайд ўз танасини қалқон қилиб, Пайғамбаримизга бирор зарар етишининг олдини олишга уринарди. Ҳазрати Зайд севимли Пайғамбаримизнинг атрофида парвона бўлиб айланарди, тошлар у зотга тегмаслиги учун жонини жабборга бериб ҳаракат қиларди. У зотнинг муборак вужудларига зарар етмасин деб, Зайд ўзига тегаётган тошларга парво қилмасди. Ахир, у шу кунларда жонини фидо қилиш учун фурсат кутмаётганмиди? Мана энди улар Оламлар сарварини тошбўрон қилишмоқда, азият бериб, зулм қилиб, у зотни ўз юртларидан қувиб чиқаришга уринишмоқда эди.

Ҳазрати Зайд Расулуллоҳни ҳимоя қилиш учун ўнгга-чапга ташланган сари тошлар унинг бошига, танасига, оёқларига кетма-кет тегарди. Шу сабабли ҳазрати Зайднинг бутун вужуди қонга беланди. У севимли Пайғамбарини ҳимоя қилиш учун бор кучини сарфлар, тош отаётган золимларга бор овози билан: «Бас қилинглар!… Урманглар!… У зот – оламлар сарваридирлар! У зот – Расулуллоҳдирлар! Менинг танамни бурда-бурда қилинглар, лекин Пайғамбаримизга бирор зарар етмасин!» – деб бақирарди. Зайд ибн Ҳорисадан ошиб ўтиб, Расулуллоҳга келиб теккан тошлар у зотнинг муборак оёқларини қонга бўяган эди.

Севимли Пайғамбаримиз ғамгин, чарчаган ва ярадор ҳолда Утба ва Шайба исмли икки биродарнинг узумзорига яқинлашдилар. У ерда барча мўминлар йўлларида жонларини фидо қилишни истайдиган Расулуллоҳ муборак оёқларидан оқаётган қонларни артдилар.

Таҳорат олиб, дарахт тагида икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра муборак қўлларини кўтариб, Раббиларига ёлвориб, муножот қила бошладилар.

Боғ эгалари буни кузатиб туришарди. Улар Расулуллоҳнинг бошларига тушган кулфатларни кўришган, у зотнинг ғарибликларига гувоҳ бўлишган эди. Уларнинг раҳм-шафқати жўш урди. Аддос исмли қуллари орқали у зотга узум юборишди. Севимли Пайғамбаримиз узумни ея бошлаганларида бисмиллаҳ айтдилар. Узумни олиб келган қул насроний эди. Бисмиллаҳни эшитиб, ҳайрон бўлди ва: «Мен йиллардан бери шу ерда яшайман, ҳеч кимдан бундай сўз эшитмаганман. Бу қандай калом?» – деб сўради.

Расулуллоҳ: «Сен қаерликсан?» – деб сўрадилар. Аддос: «Мен нинаваликман», – деди. Расулуллоҳ: «Демак, сен Юнуснинг (алайҳиссалом) юртидан экансан», – дедилар. Аддос: «Сиз Юнусни қаердан танийсиз? Уни бу ерда ҳеч ким билмайди», – деди. Расулуллоҳ: «У киши – менинг биродарим. У киши ҳам мендек пайғамбар эдилар», – дедилар.

Аддос: «Бу гўзал юзнинг, бу ширин сўзларнинг соҳиби ёлғончи бўлиши мумкин эмас. Мен сизнинг Аллоҳнинг расули эканингизга ишондим», – деди. У мусулмон бўлди ва шундай деди: «Ё Расулаллоҳ! Йиллар давомида мен бу золимларга, бу ёлғончиларга қуллик қилдим. Улар ҳамманинг ҳаққини ейишади. Ҳаммани алдашади. Уларнинг бирорта ҳам яхши томони йўқ. Дунё моли тўплаш ва нафсларининг ҳавасларини қондириш учун ҳар қандай пасткашликка боришади. Мен улардан нафратланаман. Сиз билан бирга кетишни, сизга хизмат қилиш шарафига эришишни, жоҳилларнинг, аҳмоқларнинг сизга қиладиган ҳурматсизликларига нишон бўлишни, муборак вужудингизни ҳимоя қилиш учун жонимни фидо қилишни истайман».2

Расулуллоҳ табассум қилиб: «Ҳозирча хўжайинларинг олдида қол! Оз вақтдан кейин исмимни ҳамма жойда эшитасан. Ўшанда менинг олдимга кел», – дедилар.

«Бас қилинглар!… Урманглар!… У зот – оламлар сарваридирлар! У зот – Расулуллоҳдирлар! Менинг танамни бурда-бурда қилинглар, лекин Пайғамбаримизга бирор зарар етмасин!» Зайд ибн Ҳориса (розияллоҳу анҳу)

Бироз дам олгач, Макка томон йўлга тушдилар. Маккага икки манзиллик йўл қолганда, у зот бир булут ўзларига соя солиб турганини кўрдилар. Диққат билан қараганларида, унинг Жаброил алайҳиссалом эканини англадилар. Бу воқеани севимли Пайғамбаримиз кейинчалик Оишаи Сиддиқа онамизга айтиб берган эдилар.

«Саҳиҳи Бухорий» китобида ва Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад» китобида шундай ривоят қилинади: бир куни ҳазрати Оиша онамиз: «Ё Расулаллоҳ! Бошингиздан Уҳуд кунидан ҳам азоблироқ кун ўтганми?» – деб сўраган эди. Расулуллоҳ шундай жавоб бердилар: «Аллоҳга қасамки, сенинг қавмингдан шундай жафо чекдимки, Уҳуд жангидаги кофирлардан ҳам бундайини чекмадим. Ибн Абду Ёлил ибн Абду Кулолга ўзимни арз қилганимда (яъни пайғамбарлигимни билдириб, уни динга даъват қилганимда), у қабул қилмади. Уларнинг олдидан шундай катта изтироб билан кетдимки, то Қарнус Саъолиб деган жойга етгунимча ўзимга келолмадим. У ерда бошимни кўтардим. Устимга бир булут соя солиб турганини кўрдим. Қарасам, булут ичида Жаброил (алайҳиссалом) турибди. У менга нидо қилиб, шундай деди: „Ё Муҳаммад! Ҳақ таоло ҳазратлари қавмингизнинг сиз ҳақингизда айтган сўзларини эшитди. Уларнинг сизни ҳимоя қилишни истамаганларини ҳам билди. У сизга тоғларга вакил қилинган мана бу фариштани юборди, нима истасангиз, унга буюрасиз“. У фаришта ҳам менга нидо қилиб, салом бергач, шундай деди: „Ё Муҳаммад! Жаброил айтганидек, Ҳақ таоло ҳазратлари тоғлар фариштаси бўлган мени сизга юборди, нима истасангиз, менга буюрасиз. Амрингизга тайёрман. Агар мана шу икки баланд тоғнинг (Қуъайқиъон тоғи билан Абу Қубайс тоғининг) маккаликлар устига ёпилгудек бўлиб бир-бирига қўшилишини (ва мушрикларни батамом эзиб ташлашини) истасангиз, буюринг, қўшиб қўяй“. Мен рози бўлмадим ва шундай дедим: „(Йўқ! Мен оламларга раҳмат қилиб юборилганман.) Аллоҳу таоло бу мушрикларнинг пушти камаридан фақат Жаноби Ҳаққа ибодат қиладиган ва Аллоҳу таолога ҳеч нарсани шерик қилмайдиган бир авлод чиқаришини сўраб дуо қиламан“».

Пайғамбаримиз Тоифдан Маккага қайтаётганларида, Нахла деган жойда бироз дам олдилар. Бир пайт намозга турдилар. Нусайбин жинларидан бир гуруҳи у ердан ўтаётиб, севимли Пайғамбаримиз ўқиётган Қуръони карим оятларини эшитиб, тўхтаб тингладилар. Сўнгра Пайғамбаримиз билан гаплашиб, мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримиз уларга: «Қавмингизнинг олдига борганингизда, менинг иймонга даъватимни уларга ҳам етказинглар. Уларни ҳам иймонга даъват қилинглар», – дедилар.

У жинлар қавмларининг олдига бориб, буни хабар қилганларида, эшитган жинларнинг ҳаммаси иймон келтирди.3 Бу ҳақда Қуръони каримда Жин сурасида ҳамда «Бухорий», «Муслим» номли машҳур ҳадиси шариф китобларида хабар берилади.

Маккага яқинлашганларида, мўминлар Расулуллоҳга: «Қурайшликлар Тоифдаги пасткашларнинг сизга қилган ёмон муомалаларини билиб олишди. Ҳозир келсангиз, улар зулмларини кучайтиришлари мумкин», – деб хабар юбордилар. Пайғамбаримиз Ҳирога етиб келганларида Суҳайл ибн Амрга бир одам юбориб, ўзларини ҳимоясига олишини илтимос қилдилар. У насибасиз киши рози бўлмагач, Мутъим ибн Адийга хабар юбордилар. У бу илтимосни қабул қилди. Ҳабиби акрам ва Набийи муҳтарам бўлган Пайғамбаримиз Мутъим ибн Адийнинг ҳимояси остида Маккага кирдилар. Мутъим бу ҳолни қурайшликларга маълум қилди. Расулуллоҳ Байти шарифни тавоф қилдилар ва Ҳажарул асвадни ўпдилар. Бир неча кундан кейин у зот Мутъимга: «Энди бошқа сенинг ҳимоянгда қолмайман», – дедилар. Мутъим буни ҳам қабул қилди. Жаноби Ҳақ Ҳабибини Ўз ҳимоясига олди.

«Ла илаҳа иллаллоҳ» деб қутулинглар

Расул алайҳиссалом одамларни ҳақ йўлга даъват қилишда давом этдилар. Бунга жавобан мушриклар яна баттар қутуриб, аввалгидан ҳам кўпроқ қийноқ ва зулм қила бошлашди. Шундан сўнг Жаноби Ҳақ Пайғамбаримизга Каъбани зиёрат қилиш мавсумида зиёратга келадиган араб қабилалари билан учрашиб, уларни Исломга даъват қилишни буюрди. Бу амрдан кейин севимли Пайғамбаримиз Макка атрофида бўладиган Зулмажоз, Укоз ва Мажанна ярмаркаларига бора бошладилар.

У зот у ерларга тез-тез бориб, қабилаларни Аллоҳу таолонинг бирлигига ва Унга ибодат қилишга даъват қилар, ўзларининг пайғамбар эканларини қабул қилишларини сўрардилар. Қабул қилсалар, Жаноби Ҳақ уларга жаннат беришини билдирардилар. Пайғамбаримизнинг ёлворгудек бўлиб қилган бу даъватларига, афсуски, улардан ҳеч бири қулоқ солмас, баъзилари қўполлик қилиб, у зотни ҳақорат қилар, баъзилари эса қовоқ солиб, ёмон сўзлар айтарди. Қурайш мушриклари ҳам у зотнинг ортларидан юриб, борган қабилаларини йўлдан урардилар.

Имом Аҳмад, Байҳақий, Табароний ва Ибн Исҳоқнинг хабар беришича, Робиъа ибн Аббод шундай ривоят қилган: «Мен ёш эдим. Отам билан бирга Минога борган эдик. Расул алайҳиссалом араб қабилалари тушган жойларга борар ва: „Эй Бану фалон! Мен – сизларга сиғинаётган мана шу бутларингизни ташлаб, Аллоҳу таолога ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қилишга, менга ишониб, мени тасдиқ қилишга, Ҳақ таоло юклаган вазифамни баён қилиб адо этгунимча мени ҳимоя қилишга буюрадиган Аллоҳу таолонинг расулиман!…“ – дер эдилар.

Ортларидан ғилай кўзли, сочлари ўрилган бир киши эргашиб юрар ва: „Эй Бану фалон! Бу одам сизларни бутларимиз Лот ва Уззога сиғинишдан қайтариб, ўзи тўқиб чиқарган бир динга чақирмоқда!… Эҳтиёт бўлинглар! Унга қулоқ солманглар ва унга бўйсунманглар!…“ – дер эди. Мен отамдан: „Бу зотнинг ортидан юрган ким?“ – деб сўрадим. У: „Амакилари Абу Лаҳаб“, – деди».

Табароний Ториқ ибн Абдуллоҳдан шундай ривоят қилди: «Мен Расул алайҳиссаломни Зулмажоз ярмаркасида кўрган эдим. У зот одамлар эшитсин деб, баланд овоз билан: „Эй одамлар! „Ла илаҳа иллаллоҳ“ (Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқ) денглар-да, қутулинглар!“ – деб нидо қилардилар. Ортларидан юрган бир киши қўлига илинган тошларни у зотнинг оёқларига отар ва: „Эй жамоат! Ишонманглар!… Ундан сақланинглар! Чунки у – ёлғончи!…“ – дер эди. Теккан тошлар муборак оёқларини қонатса ҳам, у зот ҳамон бўш келмай, чарчамай даъватларини давом эттирардилар. Одамлар: „Бу йигит ким?“ – деб сўрашди. Бири: „Бану Абдулмутталибдан бир йигит“, – деб жавоб берди. „Тош отаётган ким?“ – деб сўрашганида, у: „Амакилари Абу Лаҳаб“, – деди».

Имом Бухорий «Тарихул-кабир» китобида ва Табароний «Мўъжамул-кабир» китобида шундай ривоят қилади: Мудрик ибн Муниб отасидан, у эса бобосидан ривоят қилди, бобоси шундай деган: «Отам билан Минога келиб тушган эдик. Бир тўда одамларга дуч келдик. Бир киши уларга: „Эй одамлар! Ла илаҳа иллаллоҳ денглар-да, қутулинглар!“ – дер эдилар. Атрофидаги одамларнинг баъзилари у зотнинг ўша гўзал юзларига тупурар, баъзилари бошларига тупроқ сочар, баъзилари эса сўкиб, турли ҳақоратлар қиларди. Бу аҳвол пешингача давом этди. Шу пайт қўлида сув идиши билан бир қиз бола у ерга келди. У зотни бу ҳолда кўриб, йиғлай бошлади. Ҳалиги зот сув ичгач, қизга ўгирилиб: „Эй қизим! Отанг тузоққа туширилиб ўлдирилади, хор қилинади деб қўрқма!“ – дедилар. Сўнгра биз у ердагилардан: „Бу киши ким, бу қиз ким?“ – деб сўрадик. Улар: „Бу – Бану Абдулмутталибдан Муҳаммад, ёнларидаги эса қизлари Зайнаб“, – дейишди».

«У киши (Юнус алайҳиссалом) – менинг биродарим. У киши ҳам мендек пайғамбар эдилар» Ҳадиси шариф

Саъид ибн Яҳё ибн Саъид Умавий «Мағозий» китобида отасидан ривоят қилди. У эса Абу Нуайм ва Абдурраҳмон Омирийдан, Абдурраҳмон Омирий эса жуда кўп кишилардан ривоят қилди. Улар шундай дедилар: бир куни севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Укоз ярмаркасига бордилар. Бану Омир қабиласининг олдига келиб, улардан: «Эй Бану Омир! Сизларга паноҳ сўраб келганларни қандай ҳимоя қиласизлар?» – деб сўрадилар. Улар: «Бизга ҳеч ким гап отолмайди, ижозатимизсиз ўтимизда исинолмайди!…» – дейишди. Пайғамбаримиз: «Мен – Аллоҳу таолонинг расулиман. Агар олдингизга келсам, Раббим менга берган пайғамбарлик вазифасини одамларга етказгунимча мени ҳимоя қиласизларми?» – дедилар. Улар: «Сиз Қурайшнинг қайси уруғидансиз?» – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: «Бану Абдулмутталибданман», – дегач, улар: «Бану Абдулмутталибдан бўлсангиз, нега улар сизни ҳимоя қилмаяпти?» – дейишди. Расулуллоҳ: «Мени ёлғончига чиқарганларнинг олдинги сафида улар бўлди», – дедилар. Бану Омир жамоаси шундай деди: «Эй Муҳаммад! Биз сизни рад ҳам қилмаймиз, келтирган нарсаларингизга иймон ҳам келтирмаймиз. Лекин сиз пайғамбарлик вазифангизни одамларга етказгунингизча, сизни ҳимоя қиламиз».

Шундан кейин Пайғамбаримиз уларнинг ёнларига ўтирдилар. Шу пайт Бану Омирнинг кўзга кўринган кишиларидан Байҳара ибн Форис ярмаркадаги савдо-сотиғини тугатиб, уларнинг олдига келди ва Пайғамбаримизни кўрсатиб: «Бу ким?» – деб сўради. Улар: «Бу – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ», – дейишди. Байҳара: «Бу одам билан нима ишингиз бор, ёнингизга ўтқазиб олибсизлар?» – дегач, улар: «Бизга паноҳ сўраб келдилар, Аллоҳнинг расули эканларини айтмоқдалар ва пайғамбарлик вазифаларини одамларга етказгунларича ўзларини ҳимоя қилишимизни сўрамоқдалар», – дейишди. Шундан сўнг Байҳара Пайғамбаримизга ўгирилиб: «Сени ҳимоя қилишга киришишимиз – бутун арабларнинг ўқига кўксимизни нишон қилиб қўйишимиз деганидир», – деди. Қавмига эса шундай деди: «Юртига сизлардан ҳам ёмонроқ нарса билан қайтган бирорта қабила йўқ. Демак, сизлар бутун араблар билан урушиб, уларнинг ўқига таналарингизни нишон қилиб қўймоқчисизлар, шундайми!… Агар қавми унда бирор яхшилик кўрганида, аввал ўзлари ҳимоя қилган бўлардилар. Сизлар эса қавми ёлғончига чиқариб, ёнидан қувиб юборган одамга паноҳ бериб, унга ёрдам қилишга киришяпсизлар!… Жуда ҳам хато ўйлаяпсизлар!…»

Сўнгра бу бадбахт севимли Пайғамбаримизга ўгирилиб: «Ҳозироқ орамиздан чиқиб, қавмингга қайт!… Қасамки, агар қавмим орасида бўлмаганингда, ҳозироқ бўйнингни чопардим!…» – деди. Бу сўзлардан кейин Оламлар сарвари катта қайғу ичида туяларига миндилар. Ўша кибрли Байҳара Расулуллоҳни туяларидан йиқитди. Буни кўрган саҳобаи киромдан Зубоъа бинт Омир исмли бир аёл фарёд кўтариб, қариндошларига: «Аллоҳу таолонинг Ҳабибига қилинган бу ишни қандай раво кўряпсизлар? Менинг хотирим учун Расулуллоҳни буларнинг қўлидан қутқарадиган биров йўқми?» – деб нидо қилди. Амакиваччаларидан уч киши дарҳол бахтиқаро Байҳарага ташланди. Байҳаранинг қавмидан икки киши унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, улар Байҳарани ва унинг ёрдамчиларини яхшилаб дўппослашди. Бу ҳолни кузатиб турган севимли Пайғамбаримиз ўзлари учун олишган ўша уч киши ҳаққига: «Ё Раббим! Бу кишиларга баракангни эҳсон қил!» – деб, Байҳара ва унинг ёрдамчилари ҳақида эса: «Ё Раббим! Буларни раҳматингдан узоқ қил!» – деб дуо қилдилар.

У зот хайрли дуо қилган кишилар мусулмон бўлиш шарафига эришдилар, қолганлари эса кофир ҳолида жон бердилар. Бану Омир қабиласининг кишилари юртларига қайтгач, қабилаларидаги самовий китобларни ўқиган бир қарияга Маккада бошларидан ўтган воқеаларни айтиб беришди. У киши Пайғамбаримизнинг исмларини эшитгач, уларни койиб: «Эй Бану Омир! Нима иш қилиб қўйдингиз? Исмоил авлодидан ҳеч ким шу пайтгача ёлғондан пайғамбарлик даъво қилмаган. Шубҳасиз, у зотнинг айтганлари рост ва ҳақ эди. Қўлдан чиқарилган бу фурсатни энди тиклаш жуда қийин!…» – деди.

Жаброил ила қилган чоғ калом,
Рафраф келиб, қаршисида берди салом.
Олди ул жаҳон шоҳини ул замон,
Сидрага элтди у зотни ўша он.

«Эй одамлар! Ла илаҳа иллаллоҳ денглар-да, қутулинглар!» Ҳадиси шариф

Исро ва Меърож