Севимли Пайғамбарим

ҚАЙҒУ ЙИЛИ

Фарзанд доғи

Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) катта ўғиллари Қосим ўн етти ойлигида вафот этган эди. Бу аламли воқеадан йиллар ўтиб, иккинчи ўғиллари Абдуллоҳ ҳам вафот этди. Расулуллоҳ муборак кўзларидан ёш оққан ҳолда тоққа юзланиб: «Эй тоғ! Менинг бошимга тушган нарса сенинг бошингга тушганида, чидай олмай қулаб тушардинг!» – дедилар ва қайғуларини шундай изҳор қилдилар. Ҳазрати Хадича онамизнинг: «Ё Расулаллоҳ! Улар ҳозир қаердалар?» – деган саволига у зот: «Улар жаннатдалар», – деб жавоб бердилар.

Коинот султони севимли Пайғамбаримизнинг икки ўғиллари ҳам вафот этгач, мушриклар жуда шод бўлдилар. Абу Жаҳл каби кофирлар буни фурсат билиб, атрофда шов-шув кўтардилар: «Энди Муҳаммад абтардир, насли узилди. Наслини давом эттирадиган ўғил фарзанди қолмади. Ўзи вафот этгач, номи ҳам, шуҳрати ҳам унутилади».

Шундан сўнг Аллоҳу таоло Кавсар сурасини нозил қилиб, Расулига тасалли берди. Унинг маъноси шундай: «(Ҳабибим!) Ҳақиқатан, Биз сизга Кавсарни бердик (Кавсар ҳовузини, жуда кўп яхшиликни эҳсон қилдик). Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик сўйинг. Ҳақиқатан, хайрсиз ва насли узилган – сизга (насли узилган деб) тил теккизувчининг ўзидир. (Сизни абтар деган кимсанинг ўзи зурриётсиз, шарафсиз ва бенишондир. Сизга келсак, эй Ҳабибим, сизнинг пок наслингиз, шону шарафингиз қиёмат кунигача давом этади. Охиратда ҳам сизга ақлга сиғмайдиган кўп улуғ шарафлар тайёрлаб қўйилган.)»1

Абу Толибнинг вафоти

Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўғиллари вафот этганидан кейинги кунларда Абу Толиб бетоб бўлиб қолди, касали кундан-кунга оғирлашиб борди. Буни эшитган қурайшлик мушриклар шундай ўйладилар: «Абу Толиб ҳаётлигида Муҳаммадни ҳимоя қилиш учун кўп ҳаракат қилди. Энди унинг бу дунёдан кетиш вақти яқинлашди. Сўнгги дамларида бўлса ҳам, ҳолидан хабар олгани борайлик. Чунки тенгсиз араб паҳлавони Ҳамза ҳам, ҳайбати, кучи ва қўрқмаслиги қуёшдек аён бўлган Умар ҳам мусулмон бўлди. Ҳар куни араб қабилаларидан одамлар келиб, тўда-тўда бўлиб Муҳаммадга эргашмоқда. Шу тариқа мусулмонлар кундан-кунга кўпайиб, овозлари оламни тутмоқда. Бу аҳволда биз ё уларга эргашишимиз, ё уруш ва жангга тайёр бўлишимиз керак. Абу Толибнинг олдига бориб, аҳволни айтайлик, у бизни яраштириб қўйсин. Биз унинг динига тегмайлик, у ҳам бизнинг динимизга ҳужум қилмасин». Шу ўй билан улар Абу Толибнинг олдига келишди. Уқба, Шайба, Абу Жаҳл, Умайя ибн Халаф каби машҳур кишилар Абу Толибнинг тўшаги ёнидаги кўрпачаларга ўтиришди. Улар шундай дейишди: «Биз сенинг улуғлигингга ишонамиз, афзаллигингни тан оламиз. Шу сабабли сенга ҳеч қачон қарши чиқмадик. Қўрқамизки, сен вафот этганингдан кейин Муҳаммад биз билан курашади, орамиздаги душманлик давом этади. Бизни яраштириб қўй, бир-биримизнинг динимизга тегмайлик».

«Эй тоғ! Менинг бошимга тушган нарса сенинг бошингга тушганида, чидай олмай қулаб тушардинг!» Ҳадиси шариф

Ҳазрати Хадича онамизнинг мақбараси / Жаннатул Муалло

Ислом улуғларининг кўплаб қабрлари каби, севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) биринчи завжалари ҳазрати Хадича онамизнинг (розияллоҳу анҳо) мақбараси ҳам бузиб ташланиб, йўқ қилинган.

Абу Толиб Пайғамбаримизни чақиртириб: «Қурайшнинг барча кўзга кўринган кишилари сиздан уларнинг динига аралашмаслигингизни илтимос қилмоқдалар. Буни қабул қилсангиз, улар сизнинг амрингиз остида хизмат қиладилар ва сизга ёрдамчи бўладилар», – деди. Оламлар сарвари шундай дедилар: «Эй амаки! Мен уларни фақат бир калимага даъват қилмоқчиман: у калима туфайли бутун араблар уларга бўйсунади, араб бўлмаганлар ҳам уларга жизя тўлайди». Қурайш зодагонларига ҳам: «Ҳа! Сизлар менга бир калима айтсангиз, у билан бутун арабларга ҳоким бўласизлар, араб бўлмаганлар ҳам сизларга бўйсунади», – дедилар. Абу Жаҳл: «Майли. Биз уни ўн карра айтамиз. Қани, у қандай калима экан?» – деди. Расулуллоҳ: «„Ла илаҳа иллаллоҳ“ десангизлар ва Аллоҳу таолодан бошқа сиғинаётган бутларингизни олиб ташласангизлар», – дегач, мушриклар дарҳол: «Биздан бундан бошқа бирор нарса сўра!…» – дейишди. Пайғамбаримиз: «Сизлар қуёшни келтириб қўлларимга қўйсангиз ҳам, мен сизлардан бундан бошқасини сўрамайман», – дедилар.

Мушриклар: «Ё Абул Қосим! Жуда ажиб таклиф қиляпсан. Биз сенинг кўнглингни олмоқчимиз, сен эса бизнинг кўнглимизни олмаяпсан!» – дейишди-да, туриб кетишди. Улар кетгач, Абу Толиб Пайғамбаримизга: «Қурайшдан сўраган нарсангиз жуда ўринли эди. Тўғри гапирдингиз», – деди. Амакиларининг бу сўзи Расулуллоҳда умид уйғотди ва Абу Толибнинг иймон келтириши мумкинлигини англаб, у зот шундай дедилар: «Эй амаки! Бир марта „Ла илаҳа иллаллоҳ“ денг!… Токи қиёмат куни сизга шафоат қилай». Абу Толиб: «Одамларнинг: „Ўлимдан қўрқди-да, шунинг учун мусулмон бўлди“, – деб айблашларидан қўрқаман. Бўлмаса, кўнглингизни олардим», – деб, бу иш нафсига оғир келишини айтди. Касали кун сайин оғирлашиб бориб, у вафот этди.2

Ҳазрати Хадича онамизнинг вафоти

Биъсатнинг ўнинчи йилида, Абу Толиб вафот этганидан уч кун ўтиб, Расулуллоҳнинг дардкаши, йигирма беш йиллик умр йўлдоши бўлган муборак ҳазрати Хадича онамиз ҳам ғам-андуҳ билан ўтган уч йиллик қамалдан сўнг, ҳижратдан уч йил олдин, Рамазон ойининг бошида, 65 ёшида вафот этди.3 Фахри коинот (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрати Хадича онамизни ўз муборак қўллари билан дафн қилдилар. Ундан айрилганларидан қаттиқ қайғурдилар.

Бир йилнинг ўзида ҳазрати Хадича онамизнинг ва амакилари Абу Толибнинг кетма-кет вафот этиши Пайғамбаримизни қайғуга ботирган эди. Шу сабабли бу йил «Санатул ҳузн», яъни қайғу йили деб аталди.

Ҳазрати Хадича онамизнинг вафоти севимли Пайғамбаримизни ларзага солди ва ҳаддан ташқари қайғуга ботирди. Чунки энг аввал иймон келтирган ва Расулуллоҳни тасдиқ қилган киши у эди. Бундан ташқари, Хадича онамиз у зотнинг энг катта таянчи ва тасалли берувчиси эди. Ҳамма душман бўлган пайтда у бутун қалбини очган, Пайғамбаримизнинг муҳаббати билан тўлган эди. Бор молу дунёсини, нимаики бўлса, ҳаммасини Ислом йўлида сарфлаган, севимли Пайғамбаримизга хизмат қилиш учун кечани кундузга улаган эди. Расулуллоҳни ҳеч қачон хафа қилмаган, асло кўнгилларини оғритмаган эди. Пайғамбаримиз буни вақти-вақти билан айтиб берар, шу тариқа муборак завжаларининг фазилатларини ёд этардилар.

«Эй амаки! Бир марта „Ла илаҳа иллаллоҳ“ денг!… Токи қиёмат куни сизга шафоат қилай» Ҳадиси шариф

Бир куни Пайғамбаримиз уйдан ташқарида эканларида, ҳазрати Хадича у зотни излаб чиқди. Унга Жаброил алайҳиссалом инсон қиёфасида кўринди. Ҳазрати Хадича онамиз ундан Пайғамбаримиз ҳақида сўрамоқчи бўлди-ю, лекин у душманлардан бўлиши мумкин, деб ўйлаб, ортига қайтди. Севимли Пайғамбаримизни уйда кўргач, бўлган воқеани айтиб берди. Фахри коинот шундай дедилар: «Сен кўрган ва мени сўрамоқчи бўлган ўша кишининг ким эканини биласанми? У Жаброил (алайҳиссалом) эди. У сенга саломини етказишимни айтди. Яна шуни ҳам етказишимни айтди: жаннатда сен учун инжулардан қурилган бир бино тайёрлаб қўйилган. Албатта, у ерда бу ердагидек қайғули, машаққатли, заҳматли ва оғир нарсалар бўлмайди».

Бирининг қўли ҳавода қотиб қолди, бири кўр бўлди

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) инсонларнинг энг бахтиёрларидан бўлган саҳобаларига тенгсиз суҳбатлар қилиб, уларнинг қалбларини нурлантирардилар. Нозил бўлган ояти карималарни тушунтириб берар, айтилмаган, тушунилмаган бирор нарса қолдирмасдилар. Шу билан бирга мушриклар ҳам иймонга келсин деб, улар йиғиладиган жойларга борар, чарчамай-толмай иймонга даъват қилардилар. Абу Жаҳл билан Валид ибн Муғийра бундан қаттиқ ғазабланиб: «Шу кетишда ҳамма Муҳаммаднинг динига кириб кетади, бутларимизга сиғинадиган бирорта одам қолмайди», – дейишарди. Бир куни улар бу ишни тугатишнинг ягона чораси – Оламлар сарвари бўлган севимли Пайғамбаримизни ўлдириш, деган қарорга келишди. Абу Жаҳл Валид ибн Муғийрани ва Бану Махзумдан бир неча йигитни ёнига олиб, Байтуллоҳга келди. Ўша пайтда севимли Пайғамбаримиз намоз ўқиётган эдилар. Абу Жаҳл қўлига олган тош билан дарҳол олдинга ташланди. Ҳабиби акрам ва Набийи муҳтарам бўлган Пайғамбаримизга тошни урмоқчи бўлиб қўлини кўтарган пайтда, қўли ҳавода қимирламай қотиб қолди. Ҳеч нарса қила олмади ва гангиб қолди. Шу ҳолича келган жойига кетди. Мушрикларнинг олдига етиб боргач, қўли аввалги ҳолига қайтди, тош ерга тушди. Бану Махзумдан бири ўша тошни илиб олди-да: «Кўрасизлар! Уни мен ўлдираман!…» – деб, Пайғамбаримиз томон юрди. Яқинлашганида бирдан кўзлари кўр бўлиб, атрофини кўрмай қолди. Шундан кейин Бану Махзум ҳаммаси биргаликда севимли Пайғамбаримиз томон олға юришди. Пайғамбаримизга жуда яқин келган пайтларида у зотни кўрмай қолишди. Лекин муборак овозларини эшитиб туришарди. Овоз келган томонга юрсалар, овоз орқаларидан эшитилар, орқага ўгирилсалар, яна аввалги жойдан кела бошларди. Улар бу ҳолга бир неча марта гувоҳ бўлишди. Охири гангиб қолиб, Расулуллоҳга ҳеч нарса қила олмай, у ердан кетиб қолишди.

Ҳазрати Оиша ва ҳазрати Савданинг унаштирилиши

Ҳазрати Хадича (розияллоҳу анҳо) вафот этгач, Расулуллоҳнинг уй-рўзғорларини юритадиган киши қолмади. Ҳавла бинт Ҳаким хоним бу аҳволни кўриб, Сарвари оламнинг ҳузурларига борди. У: «Ё Расулаллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)! Сизга муносиб бир умр йўлдоши ва хизматингизга лойиқ бир аёл керак. Агар хоҳласангиз, сизга бир аёлни сўраб берай», – деди. Расулуллоҳ: «Эй Ҳавла, бу хизматга лойиқ аёл қаерда бор?» – дедилар. Ҳавла: «Қиз хоҳласангиз – дўстингиз Абу Бакрнинг қизи Оиша. Бева аёл истасангиз, Савда бинт Замъа муносиб бўлади», – деди. Расул алайҳиссалом: «Иккаласини ҳам менга сўраб бер», – дедилар. Расулуллоҳ аввал ҳазрати Оиша билан, сўнгра Савда билан унаштирилдилар. Ҳазрати Савдани Маккада уйларига олдилар. Ҳазрати Оиша билан тўйлари ҳижратнинг иккинчи йили Шаввол ойида Мадинада бўлди.

Ақабадаги учрашув

Севимли Пайғамбаримиз ҳар йили Каъбани зиёрат қилгани келадиган қабилаларни динга даъват қилардилар. Уларнинг жаҳаннам оловидан қутулиб, абадий саодатга эришишлари учун ҳаракат қилар, ҳар қанча ҳақорат қилсалар ҳам, пайғамбарлик вазифаларини адо этишда давом этардилар. Қабилалар тўхтайдиган жойларда туриб, келганларга: «Аллоҳу таоло юклаган пайғамбарлик вазифасини адо этгунимча мени ўз паноҳига олиб, менга ёрдам берадиган ким бор? (Шу тариқа) унга жаннат берилсин», – дер эдилар. Лекин на паноҳ берадиган, на ёрдам қиладиган бирор киши топилмасди.

Биъсатнинг ўнинчи йили, Зулҳижжа ойи эди. Пайғамбаримиз ярмаркада Каъбани зиёрат қилгани келган мадиналиклардан бир гуруҳ билан учрашдилар. Уларга: «Сизлар кимсизлар?» – деб сўраганларида, улар Мадинадан, Хазраж қабиласидан эканларини айтишди. Пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталибнинг онаси Салмо хоним ҳам Хазраж қабиласининг Бану Нажжор шохобчасидан эди. Пайғамбаримиз бу олти хазражлик билан Ақабада бир муддат ўтириб, уларга Иброҳим сурасининг 35–52-оятларини ўқиб бердилар ва Исломни тушунтирдилар. Уларни бу динга киришга даъват қилдилар.

Мадинада Авс ва Хазраж қабилалари азалдан яҳудийларга душман эдилар, фурсат топилди дегунча бир-бирларига ҳужум қилардилар. Ораларида бирор жанжал чиқса, яҳудийлар: «Яқинда бир Пайғамбар келади. Кўп қолмади, бугун-эрта зуҳур этади. Биз унга эргашиб кучаямиз. Сизлар билан ҳам ўшанда ҳисоб-китоб қиламиз», – дер эдилар. Авс ва Хазраж аҳли эса яҳудийлардан олдин мусулмон бўлиб, Ислом билан шарафлансалар, улардан ғолиб чиқишларига ва уларни Мадинадан ҳайдаб чиқаришларига ишонардилар.

Бу насибали кишилар қабилаларининг катталаридан ва Мадинада яшайдиган яҳудийлардан яқинда бир пайғамбар келишини эшитган эдилар. Улар Расули акрамда (саллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарлик белгиларини кўрдилар. У зот уларни динга даъват қилганларида, бир-бирларига қараб олишди. Сўнгра ўзаро: «Яҳудийлар хабар берган пайғамбар – мана шу!» – дейишди.

Шу сабабли улар дарҳол Расулуллоҳнинг ҳузурларида калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлдилар. Пайғамбаримизга: «Ё Расулаллоҳ! Биз қавмимизни яҳудийларга қарши уруш ҳолатида қолдириб келган эдик. Умид қиламизки, Аллоҳу таоло уларни ҳам зоти олийингиз шарофати билан иймон неъматига мушарраф қилади. Қайтишимиз биланоқ уларни ва қавмимизни сизнинг пайғамбарлигингизни қабул қилишга даъват қиламиз. Бу диндан қабул қилган нарсаларимизни уларга ҳам айтиб берамиз. Агар Аллоҳу таоло уларни бу динда жамлаб бирлаштирса, сиздан азизроқ ва шарафлироқ киши бўлмайди», – дедилар.

Бу олти киши ҳақиқатан ҳам иймон келтирган, Аллоҳу таолонинг Пайғамбаримизга етказганларини қабул қилиб, тасдиқлаган эдилар.

«Аллоҳу таоло юклаган пайғамбарлик вазифасини адо этгунимча мени ўз паноҳига олиб, менга ёрдам берадиган ким бор? (Шу тариқа) унга жаннат берилсин» Ҳадиси шариф