Севимли Пайғамбарим

ҚАМАЛ

Қамалнинг бошланиши

Биъсатнинг (пайғамбарлик берилишининг) еттинчи йили… Мушриклар Исломнинг қалбларга кириб боришига ва ёйилишига йўл қўймаслик учун тинмай уринардилар. Шунга қарамай, мусулмонлар кундан-кунга кўпайиб борарди. Мусулмонларга қилинаётган қийноқ ва зулмлар уларни йўлларидан қайтармас, аксинча, бир-бирларига янада маҳкамроқ боғланишларига, жипслашишларига сабаб бўларди. Уларнинг ҳеч бири динидан қайтмас, Расулуллоҳ йўлида жонини фидо қилишдан тап тортмас эди. Буни эшитган Маккадан ташқаридаги қабилаларнинг қизиқиши ортиб, Ислом нурлари тобора узоқ ерларга етиб борарди. Мушриклар Ҳабашистонга юборган кишилари мақсадларига эриша олмаганини, ҳатто Нажоший Асҳаманинг мусулмон бўлганини, мусулмонларни ҳимоя қилиб, уларга яхши муомала қилганини билгач, қутуриб кетдилар. Буларнинг аламини ортиғи билан олиш, Исломнинг илдизини қуритиш учун йиғилиб, қуйидаги даҳшатли қарорни чиқардилар: «Қаерда бўлмасин, қаерда кўринмасин, Муҳаммад албатта ўлдирилади!…»

Кофирлар бу ишга қасам устига қасам ичдилар.

Мушрикларнинг бу қароридан хабар топган Абу Толиб қаттиқ қайғурди. Жигарбанди, муборак жиянининг ҳаётлари учун хавотирга тушди. Қабиласини йиғиб, уларга Коинот султонини қурайшлик мушриклардан ҳимоя қилишни буюрди. Бану Ҳошим қариндошлик ғайрати билан бу буйруқни бажариш учун бирлашдилар. Шу мақсадда улар Пайғамбаримизни ва у зотга иймон келтирган барча саҳобаларини Макканинг шимол томонида, Байтуллоҳдан уч километрча узоқликдаги тепалик устида жойлашган Шиъби Абу Толибга, яъни Абу Толиб маҳалласига чақирдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларини йиғиб, Шиъбда яшай бошладилар. Бану Ҳошимдан фақат Абу Лаҳаб Пайғамбаримизни ҳимоя қилиш қарорига қарши чиқди ва Шиъбга бормади. Мушриклар – Абу Лаҳаб ҳам улар қаторида – бирлашиб, Пайғамбаримизни ўлдириш учун пайт пойлай бошладилар.1

Мушриклар Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобалари Абу Толиб маҳалласида тўпланганларини кўргач, яна бир жойга йиғилдилар. Сўнгра шундай қарор қабул қилдилар: «Муҳаммад алайҳиссалом ўлдирилиши учун қурайшликларга топширилмагунча Бану Ҳошимдан қиз олинмайди!… Уларга қиз берилмайди!… Уларга ҳеч нарса сотилмайди!… Улардан ҳеч нарса сотиб олинмайди!… Улар билан бирга ўтириб гаплашилмайди, кўришилмайди!… Уларнинг уйларига, маҳаллаларига кирилмайди!… Улардан келадиган ярашув таклифи асло қабул қилинмайди!… Уларга ҳеч қачон раҳм қилинмайди!…»

Бу қарорни Мансур ибн Икрима исмли бир мушрик қоғозга ёзди, улар уни муҳрладилар. Ҳамма кўриб, унга амал қилсин деб, уни Каъбаи муаззаманинг деворига осиб қўйдилар.

Бу хабар севимли Пайғамбаримизга етиб келгач, у зот қаттиқ ғамгин бўлдилар ва дуо қилдилар. Дуолари дарҳол қабул бўлиб, бадбахт Мансурнинг қўллари бир лаҳзада қуриб қолди. Мушриклар ҳайрон бўлиб: «Қаранглар! Бану Ҳошимга қилган зулмимиз учун Мансурнинг қўллари қуриди, бошига бало тушди», – дейишди. Ақлларини йиғиб олиш ўрнига, баттар қутурдилар. Шиъбга олиб борадиган йўлларнинг бошига қоровуллар қўйдилар. У ерга егулик ва кийим-кечак киритилишига йўл қўймадилар. Маккага келган савдогарларга Шиъбга кирмасликни, молларини у ерга олиб бормасликни, керак бўлса, у молларни ўзлари қиммат нархда сотиб олишларини айтдилар. Шу йўл билан Шиъбдагилар очликдан ўлади ёки Бану Ҳошим пушаймон бўлиб, Пайғамбаримизни уларнинг қўлига топширади, деб ўйлашди. Бу аҳвол ҳар йили Каъбани зиёрат қилиш мавсумигача давом этарди.

«Эй Пайғамбарим! Сизга Аллоҳ ва мўминлардан изингиздан борганлар кифоя қилади!» Анфол: 64

Урф-одатга кўра, бу пайтда қон тўкилмас эди. Шу сабабли Бану Ҳошим Маккага бемалол бориб, савдо-сотиқ қилиб, бир йиллик эҳтиёжларини қоплашга уринардилар. Улардан бири бирор савдогарнинг олдига мол олгани келса, мушрикларнинг кўзга кўринганларидан Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳл кабилар дарҳол етиб келиб, савдогарларга: «Эй савдогарлар! Муҳаммаднинг саҳобаларига нархларингизни жуда ошириб юборинглар, токи қимматлигидан ҳеч ким ҳеч нарса сотиб ололмасин! Агар шу сабабли молларингиз сотилмай, қўлингизда қолса, ҳаммасини олишга биз тайёрмиз», – дер эдилар. Савдогарлар ҳам молларига қиммат нарх айтар, мусулмонлар эса ҳеч нарса ололмай қайтиб кетардилар…

Бу йўлда севимли Пайғамбаримиз, ҳазрати Хадича онамиз, Абу Бакр Сиддиқ бор молларини сарфладилар, болаларнинг очликдан осмонга етган фарёдларини тиндиришга уриндилар. Уларга дарахт пўстлоқларини, ўт илдизларини ва ҳатто қуриган тери парчаларини едирдилар. Оналар, оталар чорасизликдан бир тери, бир суяк бўлиб қолган эдилар. Пайғамбаримиз ва бошқа саҳобаи киром очликдан муборак қоринларига тош боғладилар. Мушриклардан бирортаси раҳми келиб, яширинча бирор нарса келтирса, уни калтаклар, қаттиқ ҳақорат қилардилар. Хуллас, бориш-келиш тўхтаган, мўминлар оғир аҳволга тушиб қолган эдилар.

Мушриклар шу шиддатли зулм билан Бану Ҳошим йўлга келади, Абу Толиб Пайғамбаримизни уларнинг қўлига топширади, деб кутиб туришди. Абу Толиб маҳалласидаги мусулмонлар эса уларнинг бу ўйларига тамоман зид равишда, Пайғамбаримизни ҳимоя қилар ва у зотга зарар етмаслиги учун барча чораларни кўрардилар. Бўлиши мумкин бўлган суиқасднинг олдини олиш учун Абу Толиб Расулуллоҳ ётадиган жойга навбат билан қўриқчилар қўяр, у зотнинг ўз уйларида тинч ухлашларини таъминларди. Пайғамбаримиз эса ҳеч тортинмасдан, Аллоҳу таолонинг амрини бажариш, Исломни ёйиш учун бир лаҳзаларини ҳам бекор ўтказмасдилар. Одамларни динга даъват қилиб, уларнинг жаҳаннамдан қутулишларига сабаб бўлиш учун ҳаракат қилардилар, бу йўлда сабр билан насиҳатларини давом эттирардилар. У зотни ёлғончига чиқарган қурайшлик мушриклар ҳам очлик нима эканини англасинлар учун бир куни Расулуллоҳ: «Эй Аллоҳим! Юсуф (алайҳиссалом) замонидаги етти қаҳатчилик йили каби, буларга ҳам етти қаҳатчилик азобини бериб, менга ёрдам бер», – деб дуо қилдилар. Шундан кейинги кунларда осмондан бир томчи ҳам ёмғир ёғмади. Тупроқ сувсизликдан қовжираб кетди. Ерда бирорта ҳам кўкат кўринмай қолди. Қурайшлик мушриклар нимага дучор бўлганларини билмай гангиб қолдилар. Улар очликдан ўлган ҳайвонларнинг ўлаксаларини, сасиган ит териларини еб, ўлимдан қутулишга уриндилар.

Уларнинг ҳам болалари очликдан аччиқ-аччиқ йиғлаб, фиғон чека бошлади. Кўплари очликдан ўлди. Очликдан осмонга қарасалар, ҳамма ёқни тутун қоплагандек кўрардилар. Ақллари бошларига келиб, қилган зулмларининг қанчалик катта эканини тушунгандек бўлдилар. Ораларидан Абу Суфённи Пайғамбаримизнинг муборак ҳузурларига юбордилар. Абу Суфён келиб қасам ичди ва: «Эй Муҳаммад! Сен ўзингни оламларга раҳмат қилиб юборилган дейсан, бизни Аллоҳга ишонишга, қариндошлик ҳақларига риоя қилишга буюрасан. Ваҳоланки, қавминг қурғоқчилик ва очликдан қирилиб ўлмоқда. Бу бало устимиздан кўтарилиши учун Раббингга бир дуо қилиб юбор; Аллоҳ сенинг дуоингни қабул қилади. Агар шундай дуо қилсанг, ҳаммамиз иймон келтирамиз!…» – деди.

Шундай қилиб, улар қилган зулм ва қийноқларини бир четга қўйиб, қийин аҳволга тушиб, Расулуллоҳга ёлвора бошладилар. Пайғамбаримиз уларнинг қилмишларини юзларига солмадилар, «Иймон келтирамиз» деган сўзларини эшитгач, муборак қўлларини кўтариб, Жаноби Ҳаққа дуо қилдилар. Аллоҳу таоло Ҳабибининг дуоларини қабул қилиб, Маккага мўл ёмғир юборди; ерлар сувга тўйиб, ўсимликлар яшнай бошлади. Мушриклар қурғоқчилик ва очарчиликдан қутулган бўлсалар ҳам, берган сўзларини унутиб, куфрда қайсарлик қилдилар…

Аллоҳу таоло уларга жавоб қилиб нозил қилган ояти карималарда шундай марҳамат қилди, маъноси: «Йўқ, улар (Аллоҳу таолога ҳам, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ишонмайдилар; Қуръони карим, охират ва қайта тирилиш ҳақида) шак-шубҳа ичида ўйнаб юрибдилар. Бас, (эй Ҳабибим!) осмон очиқ-ойдин бир тутун келтирадиган кунни кутинг. У тутун бутун одамларни батамом ўраб олади. Бу – жуда аламли азобдир! (Одамлар:) „Эй Раббимиз! Биздан бу азобни кўтар, биз иймон келтирамиз“, – дейдилар. Ўзларига ҳақиқатларни очиб берувчи бир пайғамбар келган бўлса-ю, улар учун ўйлаб ибрат олиш қаерда? Сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: „У – ўргатилган бир мажнун“, – дедилар. Биз бу азобни озгина кўтарсак, сизлар яна аввалги ҳолингизга қайтасиз. Қаттиқ шиддат билан ушланадиган кунларида (Бадр куни) Биз, албатта, (улардан) интиқом оламиз. Жалолим ҳаққи, Биз булардан (қурайш мушрикларидан) олдин Фиръавн қавмини ҳам синаган эдик. Уларга Биз томондан шарафли бир пайғамбар келди (у – Мусо алайҳиссалом). У уларга шундай деди: „Аллоҳнинг бандаларини (Бани Исроилни) менга топширинглар. (Уларни мен билан юборинглар. Ёқаларини қўйиб юборинглар, уларга азоб берманглар.) Албатта, мен – сизларга Аллоҳу таоло томонидан ваҳий билан юборилган ишончли пайғамбарман. Аллоҳу таолога қарши кибр қилманглар. Чунки мен сизларга даъвомнинг тўғрилигини очиб берувчи далил билан, очиқ мўъжиза билан келдим. Билингларки, мени тошбўрон қилишингиздан, ўлдиришингиздан менинг Раббим ва сизларнинг Раббингиз бўлган Аллоҳу таолога паноҳ сўрайман; У мени муҳофаза қилади. Агар мени тасдиқ қилмасангиз ва менга иймон келтирмасангиз, мени ўз ҳолимга қўйинглар. (Мен яхшилигингиздан кечдим. Ҳеч бўлмаса, ёмонлигингиз тегмасин.)“ (Улар иймон келтирмаганлари, уни ёлғончига чиқарганлари устига, унга турли азият ва жафо қила бошлаганларида) Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳу таолога дуо қилиб: „Ё Раббим! Булар куфрда қайсарлик қилаётган бир қавмдир“, – деди. Аллоҳу таоло унга ваҳий юбориб, шундай деди: „Бандаларим (Бани Исроил) билан кечаси (Мисрдан) чиқиб кет! Фиръавн ва унинг тарафдорлари чиққанингизни эшитгач, албатта, ортингиздан қувадилар. Қавминг билан денгиздан ўтгач, уни қандай бўлса, шундайлигича қолдир (асонг билан яна уриб, очилган йўлларни ёпма; очиқ қолдир). Чунки Фиръавн ва унинг қўшини у йўлларга кириб ғарқ бўладилар, сувга чўкадилар“».2

Қамалнинг бекор қилиниши

Мушриклар «Иймон келтирамиз» деган сўзларидан қайтиб, яна зулм қила бошладилар. Бир куни Аллоҳу таоло Пайғамбаримизга ваҳий орқали «Каъбада осиғлиқ турган аҳдномага бир дарахт қуртини (куясини) мусаллат қилганини ва у қурт Аллоҳу таолонинг исмидан бошқа барча ёзувларни еб битирганини» билдирди. Пайғамбаримиз Абу Толибга: «Эй амаки! Менинг Раббим бўлган Аллоҳу таоло қурайшликларнинг аҳдномасига дарахт қуртини мусаллат қилди. У Аллоҳу таолонинг исмидан бошқа, унда ёзилган зулм, қариндошлик ришталарини узиш, бўҳтон… каби нарсаларнинг бирортасини ҳам қолдирмади, ҳаммасини йўқ қилди», – дедилар.

«Эй Аллоҳим! Юсуф (алайҳиссалом) замонидаги етти қаҳатчилик йили каби, буларга ҳам етти қаҳатчилик азобини бериб, менга ёрдам бер!» Ҳадиси шариф

Абу Толиб: «Буни сизга Раббингиз хабар қилдими?» – деб сўраганида, Пайғамбаримиз: «Ҳа», – дедилар. Шунда Абу Толиб: «Гувоҳлик бераманки, сиз доимо фақат ростини айтасиз», – деди. У дарҳол кийиниб, Каъбага жўнади. У ерда мушрикларнинг кўзга кўринганлари ўтирган эди. Абу Толибнинг келаётганини кўриб: «Шубҳасиз, Муҳаммадни бизга топширгани келяпти!…» – дейишди. Абу Толиб уларнинг олдига етиб боргач: «Эй қурайш жамоаси! „Ал-Амин“ деб аталган ва ҳеч қачон ёлғон гапирмаган жияним сизлар ёзган саҳифадаги Аллоҳу таолонинг исмидан бошқа барча ёзувларни бир дарахт қурти еб битирганини хабар қилдилар. Қани, бизга қарши ёзган қоғозингизни келтиринглар, кўрайлик!… Агар бу сўз рост бўлса, қасамки, ҳаммамиз ўлгунимизча у зотни ҳимоя қилишда давом этамиз! Сизлар ҳам энди бу зулмингиздан ва ёмон қилмишларингиздан воз кечинглар…» – деди. Мушриклар ҳаяжонланиб, саҳифани Каъба деворидан олиб келдилар. Абу Толиб: «Ўқинглар!» – дегач, улардан бири ўқиш учун саҳифани очди ва «Бисмика Аллоҳумма» сўзларидан бошқа барча ёзувлар ўчиб кетганини кўрди.3 Мушриклар нима дейишларини, нима қилишларини билмай гангиб қолдилар. Ҳатто баъзилари аҳддан воз кечгач, улар уч йилдан бери давом этиб келаётган, унутилмас азоблар берган, кўнгилларда чуқур яралар қолдирган бу шиддатли қамални бекор қилдилар. Лекин душманликларидан асло воз кечмадилар; аксинча, янада қаттиққўллик қилдилар. Исломнинг ёйилишига тўсқинлик қилиш учун барча йўлларни синаб кўрдилар. Шунча уринишларига қарамай, Ислом тез ёйилиб борарди. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом жоҳилият даврининг зулматидан қийналган инсонларни қутқаришга ҳаракат қилар ва уларни ҳақиқий саодатга эриштирардилар. Бу саодатга эришганлар етишган улуғ неъматлари учун шукр қилар, мушрикларнинг ҳақорат ва қийноқлари олдида асло бўш келмасдилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларини ва мусулмонларнинг ўз динларидаги собитқадамлигини кўрган қанчадан-қанча кўнгиллар Ислом нури билан мунаввар бўларди.

Ойнинг иккига бўлиниши

Пайғамбаримизнинг буюк мўъжизаларидан бири – Ойнинг иккига бўлинишидир. Ораларида Абу Жаҳл ва Валид ибн Муғийра ҳам бўлган бир гуруҳ мушрик Расули акрамга (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Агар сен ҳақиқатан пайғамбар бўлсанг, Ойни ярми Қуъайқиъон тоғи устида, ярми Абу Қубайс тоғи устида кўринадиган қилиб иккига бўл!…» – дейишди. Расулуллоҳ: «Агар мен буни қилсам, иймон келтирасизларми?» – дедилар. Улар: «Ҳа, иймон келтирамиз», – дейишди. Расулуллоҳ Ойнинг иккига бўлиниши учун Аллоҳу таолога дуо қилдилар. Жаброил алайҳиссалом дарҳол севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келди ва: «Эй Муҳаммад! Бу кеча маккаликларга мўъжизани томоша қилишлари учун хабар беринг», – деди. Пайғамбаримиз ойнинг ўн тўртинчи кечаси, ой тўлиқ бадр (тўлин ой) бўлганда, яъни ой батамом юмалоқ ва энг ёруғ бўлган кечада Ойнинг иккига бўлинишини, ибрат олишни истаганлар томоша қилишларини билдирдилар. Ўша кечаси севимли Пайғамбаримиз муборак бармоқлари билан ишора қилганларида, Ой иккига бўлинди. Бир бўлаги Абу Қубайс тоғи устида, иккинчиси Қуъайқиъон тоғи устида кўринди. Сўнгра улар осмонда яна бирлашди.

Расулуллоҳ: «Эй Абу Салама ибн Абдуласад, Арқам ибн Абул Арқам! Гувоҳ бўлинглар!» – дегач, ёнларидаги бошқа саҳобаларига ҳам: «Гувоҳ бўлинглар!» – дедилар. Мушриклар эса ўз кўзлари билан яна бир очиқ-ойдин мўъжизани кўрдилар. Лекин улар сўзларида туриб иймон келтириш ўрнига, бошқаларнинг ҳам иймон келтиришига тўсқинлик қилиш учун: «Бу – Муҳаммаднинг бизни сеҳрлаши, холос! Лекин ҳамма одамларни сеҳрлай олмайди-ку!… Келинглар, бошқа юртлардан келган одамлардан ҳам сўрайлик. Кўрайлик-чи, улар ҳам шу воқеага гувоҳ бўлишганми? Агар кўрган бўлсалар, Муҳаммаднинг пайғамбарлик даъвоси тўғри. Акс ҳолда бу – сеҳр», – дейишди. Келганлардан сўрашди, ҳатто бошқа жойларга одам юбориб сўратишди. Ҳаммасидан бир хил сўзни эшитишди: «Ҳа, ўша кечаси Ойнинг иккига бўлинганини кўрдик!» Шунга қарамай, яна инкор қилишди. Инкор қилувчиларнинг бошида Абу Жаҳл турарди. Одамлар иймон неъматига эришмасин деб, у: «Абу Толиб етимининг сеҳри осмонга ҳам таъсир қилди!…» – деб, кўнгилларни бузарди.4 Унинг бу инкори сабабли Аллоҳу таоло ояти карималар нозил қилди, маъноси:

«Соат (қиёмат) яқинлашди ва Ой ёрилди (иккига бўлинди). Улар (қурайш кофирлари) бирор мўъжиза (Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига далил бўлган мўъжиза) кўрсалар, юз ўгирадилар (у ҳақда тафаккур қилишдан ва иймон келтиришдан) ва: „Бу – доимий (кети узилмайдиган, ҳамма нарсани қамраб оладиган, кучли) бир сеҳр“, – дейдилар. Улар (пайғамбарни ёки мўъжизани) ёлғонга чиқардилар ва ўз ҳавоий хоҳишларига (нафсларининг орзу ва истакларига) эргашдилар. Ваҳоланки, ҳар бир иш (ўзи йўналган) натижага етади, ўз жойини топади. Қасамки, уларга (Макка мушрикларига) қанча муҳим хабарлар (ҳукмлар, тақиқлар) келди, у хабарлар уларни (ёмонликдан) тийиши мумкин эди. (Бу амрлар ва билимлар) – етук ҳикматдир. Лекин расуллар, огоҳлантиришлар ва қўрқитишлар (уларга) асло фойда бермайди. Бас, сиз ҳам (эй Ҳабибим, улар инкорда қайсарлик қилсалар) улардан юз ўгиринг. У чақирувчи (Исрофил алайҳиссалом) кўрилмаган ва номаълум бир нарсага (маҳшар майдонига, ҳисобга) чақирадиган кунда улар кўзлари хор ва залил бўлиб (қўрқув ва даҳшатдан қаёққа боришларини билмай), тўзғиган чигирткалар каби қабрларидан чиқадилар. Кофирлар (бўйинларини эгиб) у чақирувчи томон шошиб бораётиб: „Бу биз учун қандай оғир ва машаққатли кун!“ – дейдилар».5

Раббим сизга ҳам ҳидоят насиб қилсин

Мушрикларнинг мусулмонларга қарши уч йил давом этган қамали тугагач, Расулуллоҳнинг ҳузурларига Нажрондан бир гуруҳ одам келди. Улар йигирма чоғли киши бўлиб, Ислом ҳақида Ҳабашистонга ҳижрат қилган саҳобаи киромдан эшитишган, Исломни ўрганиш ва Пайғамбаримизни кўриш саодатига эришиш учун Маккага келишган эди. Улар Каъбаи муаззама ёнида Расулуллоҳ билан учрашдилар. Кўп саволлар бериб, истаганларидан ҳам гўзалроқ ва мукаммалроқ жавоблар олдилар. Қурайшлик мушриклар эса атрофдан уларни кузатиб турардилар. Оламларга раҳмат қилиб юборилган севимли Пайғамбаримиз уларга Қуръони каримдан баъзи ояти карималарни ўқиб бердилар. Улар бундан қаттиқ таъсирланиб, кўз ёшларини тутолмай йиғладилар. Сўнгра Пайғамбаримизнинг даъватлари билан катта қувонч ичида калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлиш шарафига эришдилар. Улар юртларига қайтиш учун ижозат сўраганларида, Абу Жаҳл олдиларига келиб, шундай ҳақоратли сўзлар айтди: «Сизлардек аҳмоқларни ҳеч кўрмаган эдик!… Унинг олдида бир марта ўтириш билан динингиздан айрилдингиз ва нима деса, ҳаммасини тасдиқладингиз!…» Эндигина саҳоба бўлиш шарафига эришган бу кишилар: «Аллоҳу таоло сизга ҳам ҳидоят (тўғри йўл) насиб қилишини тилаймиз. Бизга қилган бу ҳақоратингизни ва жоҳиллигингизни биз сизга қилмаймиз. Ахир, биз сизнинг бирорта ҳаққингизни ҳам поймол қилганимиз йўқ. Лекин шуни яхши билингки, эришган бу улуғ неъматимизни бир неча жоҳилнинг гапи билан асло йўқотишни истамаймиз, бу ҳақ диндан қайтмаймиз», – деб жавоб бердилар.6

«Эй амаки! Менинг Раббим бўлган Аллоҳу таоло қурайшликларнинг аҳдномасига дарахт қуртини мусаллат қилди. У Аллоҳу таолонинг исмидан бошқа, унда ёзилган зулм, қариндошлик ришталарини узиш, бўҳтон… каби нарсаларнинг бирортасини ҳам қолдирмади, ҳаммасини йўқ қилди» Ҳадиси шариф

Аллоҳу таоло бу воқеа муносабати билан нозил қилган ояти карималарда шундай марҳамат қилди, маъноси: «Бундан (Қуръони каримдан) олдин Биз китоб берган кўп кишилар бор, улар бунга (Қуръони каримга) иймон келтирадилар. Уларга у (Қуръони карим) ўқилганда: „Биз унга иймон келтирдик. Шубҳасиз, у – Раббимиздан (келган) ҳақдир. Ҳақиқатан, биз бундан олдин ҳам Исломни қабул қилган кишилар эдик“, – дедилар. Мана шуларга сабр (ва сабот) қилганлари сабабли мукофотлари икки марта берилади. Улар ёмонликни яхшилик билан қайтарадилар. Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан (хайрли ишларга) сарфлайдилар. Улар хунук сўз эшитганларида, ундан юз ўгирадилар ва: „Бизнинг амалларимиз – ўзимизга, сизларнинг амалларингиз – ўзингизга. Сизларга салом бўлсин (биздан омонда бўлинглар). Биз жоҳилларни изламаймиз (ва уларнинг дўстлигини ҳам истамаймиз)“, – дейдилар».7

СУВ ҚАСИДАСИ8
Сочма, эй кўз, ёшларингдан кўнглим ичра ўтларга сув,
Бундай ловуллаб ёнган ўтларга чора бўлмас сув.
Айланувчи кўк гумбази сув рангидами, билмасман,
Ё кўзимнинг ёшларидан гумбазни қоплади сув.
Тиғинг завқидан кўнглим чок-чок бўлса, не ажаб,
Чунки оқиб ўтган чоғи деворда рахна қолдирар сув.
Яра кўнгил ваҳм ила сўйлар пайконинг сўзини9,
Ким яраланган бўлса, эҳтиёт ила ичар сув.
Боғбон гулзорни сувга берсин, заҳмат чекмасин,
Юзинг каби гул очилмас, минг гулзорга берса сув.
Ҳеч бир котиб сенинг комил суратингни чизолмас,
Қалам янглиғ тикилса ҳам, кўзларин қоплар қора сув.
Юзинг ёди-ла киприкларим нам бўлса, не бўлур,
Гул умиди-ла зое кетмас тиканга берилган сув.
Ғам кунида хаста кўнгилдан тиғ нигоҳингни аяма,
Хайрли иш – қоронғи тунда хастага бермак сув.
Эй кўнгил, пайконин сўра-ю, ҳижрон тафтини бас эт,
Ташнаман, бу саҳрода мен учун излагил сув.
Зоҳидлар Кавсар истаганидек, мен лабингга муштоқман,
Мастга май хуш келганидек, ҳушёрга хушдир сув.
Жаннатмонанд кўйинг сари тинмай оқиб борар,
Ошиқ бўлмиш, чамаси, ул хуш хиромон сарвга сув.
Тупроқ бўлиб, у кўйдан унинг йўлин тўссам керак,
Қўймагайман у кўйга, чунки рақибимдир сув.
Қўлин ўпмак орзуси-ла ўлсам агар, эй дўстлар,
Тупроғимдан кўза ясаб, Маҳбубга элтинг сув.

«Бундан олдин Биз китоб берган кўп кишилар бор, улар бунга иймон келтирадилар. Уларга (Қуръони карим) ўқилганда: „Биз унга иймон келтирдик. Шубҳасиз, у – Раббимиздан (келган) ҳақдир. Ҳақиқатан, биз бундан олдин ҳам Исломни қабул қилган кишилар эдик“, – дедилар» Қасас: 52–53

Жаннатул Муалло

Ҳазрати Хадича онамиздан (розияллоҳу анҳо) бошлаб, кўплаб саҳобаи киромнинг мақбаралари бўлган
қабристон.
Бугун бу мақбараларни кўриш мумкин эмас. Афсуски, бу гўзал
тарихий обидаларнинг барчаси бузиб ташланган.