ҲАБАШИСТОНГА ҲИЖРАТ
Ҳабашистонга биринчи ҳижрат
Расулуллоҳнинг пайғамбарликларининг (биъсатнинг) бешинчи йилида мушрикларнинг қийноқларига қарамай, мусулмонларнинг сони ортиб борарди. Аммо мушриклар ҳам қийноқларини кучайтириб, қўлларидан келганини аямасдилар. Пайғамбаримиз саҳобаларининг чидаб бўлмас қийноқларга учраётганларидан, оёқларидан арқонлар билан туяларга боғланиб, қарама-қарши томонларга тортилиб, парчалатилаётганларидан қаттиқ қайғурардилар. Бу қийноқлар кун сайин шиддатланиб борар, у зотнинг марҳаматга тўла қалблари бунга чидай олмасди.
Бир куни у зот саҳобаи киромни тўплаб: «Эй саҳобаларим! Энди ер юзига тарқалинглар. Аллоҳу таоло яқинда сизларни яна бир жойга жамлайди», – дедилар.
Улар: «Ё Расулаллоҳ! Қаерга борайлик?» – деб сўрашди. Пайғамбаримиз муборак қўллари билан ишора қилиб, Ҳабаш юртини кўрсатдилар ва: «Ана у ёққа! Ҳабаш ерига боринглар!1 У ерда ҳузуридагиларнинг ҳеч бирига зулм қилмайдиган бир подшоҳ бор. Қолаверса, у ер – ростлик юрти. Аллоҳу таоло ичида турган машаққатларингиздан бир чиқиш ва қутулиш йўлини очгунича, сизлар ўша ерда бўлинглар», – дедилар.
Шу тариқа Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларини қийноқлардан қутқаришга ва маккалик мушрикларга қарши курашни ёлғиз ўзлари давом эттиришга қарор қилган эдилар. Севимли Пайғамбаримиз туғилганларида: «Умматим! Умматим!» – деган эдилар; энди ҳам саҳобаларининг нажоти учун ўзларини фидо қилмоқда эдилар. У зотнинг бу изнларидан кейин саҳобаи киромнинг бир қисми ватанларини тарк этиб, ҳижрат қилмоқда эдилар!… Аммо севимли Пайғамбаримиздан айрилганлари учун қайғулари ҳам жуда катта эди.
Бу биринчи ҳижратда ҳазрати Усмон ва унинг аёли ҳазрати Руқайя бинт Расулуллоҳ, Абу Ҳузайфа ва унинг аёли Саҳла бинт Суҳайл, Зубайр ибн Аввом, Мусъаб ибн Умайр, Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Салама ибн Абдуласад ва унинг аёли Умму Салама, Ҳотиб ибн Амр, Омир ибн Робиъа ва унинг аёли Лайло бинт Абу Ҳасма, Усмон ибн Мазъун, Абу Сабра ибн Абу Руҳм ва унинг аёли Умму Кулсум бинт Суҳайл, Суҳайл ибн Байзо ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳум) иштирок этдилар.2 Пайғамбаримиз ҳазрати Усмон ҳақида: «Шубҳасиз, Усмон – Лут пайғамбардан кейин аёли билан бирга ҳижрат қилган биринчи кишидир», – дедилар.
Саҳобаи киромнинг бир қисми уловда, бир қисми пиёда ҳолда яширинча Маккадан чиқиб кетдилар. Карвон Шуъайбага етиб борганда, улуғ Аллоҳнинг лутфи билан у ерга иккита савдо кемаси келган эди. Саҳобалар савдогарларга ярим олтиндан ҳақ тўлаб, кемаларга чиқдилар. Шу пайт буни эшитиб қолган мушриклар саҳобаларнинг ортидан тушдилар. Улар денгиз соҳилига етиб келганларида, муҳожирлар кемаларга чиқиб, денгизга сузиб кетган эдилар, шу боис мушриклар уларнинг бирортасини ҳам тута олмадилар. Уринишлари беҳуда кетди ва улар ноумид бўлиб ортга қайтдилар. Саҳобалар Қизил денгиз орқали Ҳабашистонга эсон-омон етиб бордилар.3 Ҳабаш подшоҳи Нажоший мусулмонларни ўз юртига жойлаштирди ва уларга жуда яхши муомала қилди.
«Эй саҳобаларим! Энди ер юзига тарқалинглар. Аллоҳу таоло яқинда сизларни яна бир жойга жамлайди» Ҳадиси шариф
Саҳобалар Ҳабашистонга кетганларидан кейин Нажм сураси нозил бўлди. Расулуллоҳ Масжидул Ҳаромда қурайшликларга бу сурани ўқиб, мушрикларнинг бутлари зикр қилинган 19 ва 20-ояти карималарга етганларида, лаъин шайтон: «Бутлар – улуғ бутлардир, улардан шафоат умид қилинади», – каби сўзларни қўшиб юборди. Мушриклар буларни Расулуллоҳ айтдилар, деб ўйлашди ва: «Модомики у бизнинг динимизга мувофиқ келибди, биз ҳам у билан сулҳ туздик», – дейишди. Ўша пайтларда Валид ибн Муғийра ҳам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Бундан кейин сенга тегмаймиз», – дегач, Пайғамбаримиз ҳайратга тушдилар. Мушрикларнинг бу «сулҳ» (!) хабари муборак Рамазон ойининг охирларида Ҳабашистондаги саҳобаларга етиб борди. Ҳабашистондаги мусулмонлар: «Маккада мушриклар билан мусулмонлар келишув тузибдилар!» – деган хабар олдилар. Шунда улар: «Бизнинг ҳижратимиз, еру юртимизни тарк этишимиз мушрикларнинг душманлиги туфайли эди. Энди уларнинг душманлиги дўстликка айланибди. Ундай бўлса, бориб, Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хизматлари шарафига мушарраф бўлайлик», – деб ўйлашди. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом шайтоннинг бу ҳийласини Расулуллоҳга билдирди. Расулуллоҳ қаттиқ ранжидилар. Жаноби Ҳақ Ҳаж сурасининг 52-ояти каримасини нозил қилди, унинг маъноси шундай: «Сиздан олдин Биз юборган шариат соҳиби расуллар ва уларга эргашган набийлар ояти карима ўқимоқчи ёки ўзларидан бирор нарса айтмоқчи бўлганларида, шайтон уларнинг ўқиганига ёки айтганига бирор нарса аралаштиради. Аллоҳу таоло шайтон аралаштирган нарсани тўғрисидан ажратади. Сўнгра Ўз оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳу таоло инсонларнинг ҳолларини билувчи ва Ўз ҳукмини ижро этувчидир». Бу оятни эшитгач, мушриклар мусулмонларга яна азият ва жафо қила бошладилар. Муҳожирлар Ҳабаш подшоҳидан изн олиб, Шаввол ойида Маккаи мукаррамага келдилар. Аммо олган хабарлари нотўғри эканини билдилар.4 Бўлиб ўтганларни билгач, ҳайратда қолдилар. Сўнг Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб, Ҳабашистон ҳақида: «Биз у ерда яхши қўшничилик ва ҳимоя кўрдик. Динимизга тегилмади, бизни ранжитмадилар. Ёқтирмайдиган бирор сўзни ҳам эшитмадик. Тинчлик-осойишталик ичида Аллоҳу таолога ибодат қилдик», – дейишди.5 Улар Ҳабашистоннинг суви, ҳавоси ва мевалари қувват беришини, у ерда тўртта ибодатхона борлигини, ҳар куни бу жойларда туялар, қўйлар сўйилишини, камбағаллар ва ғарибларнинг чақирилиб, яхши сийланишини, подшоҳлари уларни ўзи келиб зиёрат қилиб, омонлик берганини ва машаққатларини бартараф этганини узоқ сўзлаб бериб, мамнунликларини билдирдилар.6 Улар Ҳабашистонда икки ойдан ортиқ қолган эдилар.
Ҳазрати Ҳамзанинг мусулмон бўлиши
Биъсатнинг олтинчи йили… Исломнинг овози кун сайин қулоқдан қулоққа ёйилиб, кўнгилларга етиб борар ва янада узоқларга кетарди. Бу ҳол қурайшлик мушрикларни қутуртирар, қанча уринмасинлар, Исломнинг ёйилишига тўсқинлик қила олмасдилар. «Далоилун-нубувва» ва «Маорижун-нубувва» китобларида шундай билдирилади:
Мушриклардан Валид деган бир кимсанинг бир бути бор эди. Улар Сафо тепалигида тўпланиб, шу бутга ибодат қилардилар. Бир куни Пайғамбаримиз уларнинг олдига бориб, мушрикларни иймонга даъват қилдилар. Кофир бир жин ўша бутнинг ичига кириб, севимли Пайғамбаримиз ҳақида номуносиб сўзлар айтди. Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ранжидилар. Бошқа бир куни ўзи кўринмайдиган бир шахс Пайғамбаримизга салом бериб: «Ё Расулаллоҳ! Кофир бир жин сиз ҳақингизда номуносиб нарсалар айтибди. Мен уни топиб ўлдирдим. Истасангиз, эртага Сафо тепалигига марҳамат қилмайсизми? Сиз уларни яна Исломга даъват қиласиз. Мен эса ўша бутнинг ичига кириб, сизни мадҳ этувчи сўзлар айтаман», – деди. Пайғамбаримиз Абдуллоҳ исмли бу жиннинг таклифини қабул қилдилар.
Эртаси куни севимли Пайғамбаримиз у ерга бориб, мушрикларни яна иймонга даъват қилдилар.
Абу Жаҳл ҳам у ерда эди. Мусулмон жин мушрикларнинг қўлидаги бутнинг ичига кириб, севимли Пайғамбаримизни ва Исломни баён қиладиган гўзал сўзлар ва шеърлар айтди. Бу сўзларни эшитган мушриклар қўлларидаги бутни парчалаб ташладилар ва Расулуллоҳга ташландилар. У зотнинг муборак сочлари тўзғиб кетди. Муборак юзлари қонга беланди. У зот уларнинг бу азият ва жафоларига сабр қилиб: «Эй қурайшликлар! Мени уряпсизлар. Аммо мен сизларнинг Пайғамбарингизман», – дедилар. Сўнг у ердан кетиб, уйларига келдилар. Бир хизматкор қиз бу воқеани бошидан охиригача кўриб турган эди. Шу пайт ҳазрати Ҳамза тоғда ов қилиб юрган эди. У бир жайронга ўқ отмоқчи бўлиб турганида, жайрон тилга кириб: «Ё Ҳамза! Менга ўқ отгунча, акангнинг ўғлини ўлдирмоқчи бўлганларга ўқ отсанг, яхшироқ бўлади», – деди. Ҳазрати Ҳамза бу сўзлардан ҳайратга тушиб, тезда уйи томон йўл олди. Одатига кўра, у овдан қайтгач, тавоф қилиш учун олдин Ҳарами шарифга кириб ўтар, кейин уйига борарди. Ўша куни тавоф қилаётганида хизматкор қиз унинг олдига келиб, Абу Жаҳлнинг Муҳаммад алайҳиссаломга қилган ишларини хабар берди. Пайғамбаримизга ҳақорат қилинганини эшитгач, ҳазрати Ҳамзанинг қариндошлик ғайрати жўш урди. У қуролларини олиб, мушриклар турган жойга келди. «Акамнинг ўғлига ёмон сўз айтган, кўнглини оғритган сенмисан? Мана, менинг диним ҳам – у зотнинг дини. Кучинг етса, ўша қилганларингни менга ҳам қилиб кўр-чи!» – деди-да, бўйнидаги ёй билан Абу Жаҳлнинг бошини ёрди. У ердаги кофирлар ҳазрати Ҳамзага ташланмоқчи бўлдилар. Аммо Абу Жаҳл: «Унга тегманглар, Ҳамза ҳақ. Мен унинг жиянига ёмон сўзлар айтдим», – деди. Ҳазрати Ҳамза у ердан кетгач, Абу Жаҳл атрофидагиларга: «Эҳтиёт бўлинглар, унга тегманглар! Бизга аччиқланиб, мусулмон бўлиб қолади. У билан Муҳаммад кучайиб кетади», – деди. Чунки Ҳамза ҳурматли, қадрли ва кучли киши эди. Абу Жаҳл ҳазрати Ҳамза мусулмон бўлмаслиги учун бошининг ёрилишига ҳам рози бўлган эди. Ҳазрати Ҳамза Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб: «Ё Муҳаммад! Абу Жаҳлдан сизнинг интиқомингизни олдим. Уни қонга беладим. Хафа бўлманг, севининг!» – деди. Севимли Пайғамбаримиз: «Мен бундай нарсаларга севинмайман», – дедилар. Ҳазрати Ҳамза: «Сизни севинтириш, ғамдан қутқариш учун нима истасангиз, қилай!» – дегач, Пайғамбаримиз: «Мен фақат сизнинг иймон келтиришингиз ва азиз баданингизни жаҳаннам ўтидан қутқаришингиз билан севинаман», – дедилар.
Ҳазрати Ҳамза дарҳол мусулмон бўлди. Унинг ҳақида ояти карима нозил бўлди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосга кўра, Қуръони каримда, Анъом сурасининг 122-ояти каримасида «тирилтирилгани ва нурга етказилгани» баён қилинган зот – ҳазрати Ҳамза, «зулматларда тентираб юргани» айтилган кимса эса – Абу Жаҳлдир.
Ҳазрати Ҳамза мушрикларнинг олдига бориб, мусулмон бўлганини ва Аллоҳу таолонинг Ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломни жони эвазига бўлса ҳам ҳимоя қилишини билдирди ва бир қасида ўқиди. Ўқиган қасидасида шундай деган эди: «Қалбимни Исломга ва ҳаққа мойил қилгани учун Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин. Бу дин бандаларининг ҳар бир қилганини билувчи, ҳаммага лутфи билан муомала қилувчи, қудрати ҳамма нарсадан ғолиб бўлган, оламларнинг Рабби Аллоҳу таоло тарафидан юборилгандир. Қуръони карим ўқилганда, қалб ва ақл эгаларининг кўзларидан ёшлар оқади. Қуръони карим фасиҳ бир тил билан баён қилинган оятлар ҳолида Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлгандир. У зот – Муҳаммад Мустафо – орамизда сўзлари тингланадиган, олдиларида бош эгиладиган муборак бир зотдирлар. Эй мушриклар! Ақлингиздан айрилиб, кўзингиз қоронғилашиб, у зот ҳақида қаттиқ, оғир ва қўпол сўзлар айтманглар. Агар шундай фикрга борсангизлар, биз – мусулмонларнинг жасадларини босиб ўтмагунча, ҳеч ким у зотга қўл теккиза олмайди».
«Эй қурайшликлар! Мени уряпсизлар. Аммо мен сизларнинг Пайғамбарингизман» Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом
Ҳазрати Ҳамзанинг мусулмон бўлганидан севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жуда севиндилар. Унинг ҳам уларга қўшилиши билан мусулмонлар анча кучайдилар. Ҳазрати Ҳамзанинг мусулмон бўлиши билан вазият ўзгарди. Чунки маккаликлар ҳазрати Ҳамзанинг жанговар, жасур, мард, паҳлавон ва буюк бир қаҳрамон эканини билардилар. Шунинг учун қурайшлик мушриклар энди мусулмонларга ҳеч бир сабабсиз ёмон муомала қила олмадилар, айниқса, ҳазрати Ҳамза қиличининг зарбидан ҳайиқдилар.7
Ишқингиз ила тушдим йўлга,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Гуноҳкорман, юзим қаро,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлиши
Ислом дини кун сайин ёйилар, Қуръони каримнинг нури руҳларни ёритарди. Насибаси борлар Аллоҳу таолонинг эҳсони ила иймон келтириб, ҳидоятга эришардилар. Саҳобаи киромдан (розияллоҳу анҳум) бўлиш шарафига мушарраф бўлган бу муборак зотлар қўлни қўлга, кўнгилни кўнгилга бериб, Расулуллоҳнинг атрофида парвонадек айланардилар. У зотнинг энг кичик истаги ва ишорасини улуғ бир амр деб билиб, уни бажариш учун мусобақалашар, ҳатто бу йўлда жонларини фидо қилишдан ҳам тортинмасдилар. Мушрикларнинг ташвиш ва хавотири эса чўққисига чиққан эди. Чунки бармоқ билан кўрсатиладиган қаҳрамонлардан бири – ҳазрати Ҳамза ҳам мусулмон бўлиб, Расулуллоҳнинг сафидан жой олган эди. Бу кутилмаган воқеа мушрикларни бутунлай қутуртириб юборди. Шу сабабли Хаттоб ўғли Умар (у ҳали мусулмон бўлмаган эди) бир куни Расулуллоҳни қаерда кўрса, ўша ерда ўлдириш нияти билан уйидан чиқди.
У севимли Пайғамбаримизни Масжидул Ҳаромда намоз ўқиётганларида топди. Намозлари тугашини кутиб турганида, у зот ўқиётган оятлар Умарнинг диққатини тортди ва у қизиқиб тинглай бошлади. Ҳабиби акрам Ҳоққа сурасини ўқиётган эдилар. Маъноси: «Келиши ҳақ бўлган қиёмат!… Нима у келиши ҳақ бўлган қиёмат (биласизми)? Келиши ҳақ бўлган қиёматнинг нима эканини сизга нима билдирди? Самуд ва Од (қавмлари) даҳшатидан қалблар титрайдиган қиёматни ёлғонга чиқардилар. Самуд қавми туғёнлари сабабли (Жаброил алайҳиссаломнинг сайҳаси билан) ҳалок қилинди.
Од қавми эса ҳамма нарсани қақшатиб ўтадиган, гувиллаган, қутурган ва шиддатли бир шамол (бўрон) билан ҳалок қилинди. Аллоҳу таоло у бўронни етти кеча ва саккиз кундуз тинимсиз уларнинг устига мусаллат қилди. (Улар шундай ҳолга тушдиларки, агар ўшанда у ерда ҳозир бўлганингизда,) уларнинг илдизидан қўпорилиб, ерга қулаган чириган хурмо таналаридек қандай ўлиб, йиқилганларини кўрардингиз! Энди улардан қолган бирор нарсани (бирор кишини, бирор жонзотни) кўра оласизми? Фиръавн ҳам, ундан олдингилар ҳам, ағдар-тўнтар бўлган қишлоқлар аҳли ҳам (Лут қавми) доим ўша хатони (ширк ва исённи) қилдилар… Шу тариқа улар Раббиларининг пайғамбарига (Лут алайҳиссаломга ва бошқаларга) исён қилдилар. Шунда уларни бошқа умматларга келган азобдан ҳам шиддатлироқ бир азоб тутиб олди… Албатта, Биз (Нуҳ тўфонида) сув ҳар томонни қоплаганда, сизларга ибрат бўлсин ва эшитувчи қулоқлар уни ёдда сақласин, деб сизларни (борлиғингизга сабаб бўлган ота-боболарингизни) кемада кўтардик.
Сурга бир марта пуфланганда, ер ва тоғлар жойларидан кўтарилиб, бир-бирига қаттиқ урилиб, чилпарчин бўлган пайтда, ана ўша куни қиёмат қойим бўлади. У куни осмон куч-қувватини йўқотиб, ёрилади ва тарқалиб кетади.
Фаришталар эса осмоннинг атрофидадирлар (Раббиларининг амрига мунтазирдирлар). У куни Раббингизнинг Аршини (осмон атрофида бўлганлардан) саккиз фаришта кўтариб туради. У куни сизлар (ҳисоб учун Аллоҳу таолога) кўндаланг қилинасизлар, (дунёдалик пайтингизда яширдик деб ўйлаган) бирорта сирингиз ҳам (Аллоҳу таолога) махфий қолмайди. Ана ўшанда китоби ўнг қўлига берилган киши (севиниб) дейди: „Олинглар, китобимни ўқинглар! Мен, албатта, ҳисобимга рўбарў бўлишимни аниқ билган эдим“.
Ана у рози бўлинган бир ҳаёт ичидадир, юксак жаннатдадир… Унинг (мевалари) тезда узиб олинадиган даражада яқиндир. (Уларга дейилади:) „Ўтган кунларда (дунёда) олдиндан юборган солиҳ амалларингиз эвазига енглар, ичинглар, ош бўлсин“.
Китоби чап қўлига берилган кимса эса: „Эҳ! Қани энди менга китобим берилмаса эди… Ҳисобим нималигини билмасам эди. Эҳ! Қани энди у (ўлим ҳаётимга) узил-кесил якун ясаганида эди (ва мен тирилмаганимда эди)! Молим менга ҳеч қандай фойда бермади. (Бутун) салтанатим (кучим, далилим, бору йўғим) мендан ажралиб, барбод бўлди!…“ – дейди. (Аллоҳу таоло жаҳаннамдаги вазифадор фаришталарга дейди:) „Уни ҳам тутинглар, (қўлларини бўйнига) боғланглар!… Сўнгра уни Жаҳимга (жаҳаннамнинг энг шиддатли азоб жойига) ташланглар! Сўнгра уни етмиш газ узунликдаги бир занжир ичига (яна) солинглар!… Чунки у улуғ Аллоҳу таолога иймон келтирмас эди. У (ўзи таом бериш у ёқда турсин, бошқаларни ҳам) мискинга таом беришга тарғиб қилмас эди. Шунинг учун бугун бу ерда унинг (ачинадиган) бирорта яқини (ва дўсти) йўқ. Ғислиндан (жаҳаннам аҳлининг қонга аралаш йирингидан) бошқа таоми ҳам йўқ. Уни (билиб туриб) хато қилувчилардан (кофирлардан) бошқаси емайди…“»8 Ҳазрати Умар Пайғамбаримизнинг ўқиётганларини ҳайрат билан тинглаётган эди. Умрида бундай гўзал сўзларни эшитмаган эди. Буни кейинчалик ўзи шундай ҳикоя қилди: «Тинглаган бу сўзларимнинг сўз санъатига, равонлигига ва ихчамлигига маҳлиё бўлдим. Ўзимга ўзим: „Қасамки, бу одам, қурайшликлар айтганидек, шоир бўлса керак!“ – дедим». Шу пайт Пайғамбаримиз ояти карималарни ўқишда давом этдилар: «Кўриб турганларингиз ва кўрмаётганларингизга қасамки, шубҳасиз, у (Қуръони карим) Аллоҳу таоло ҳузурида жуда шарафли бир Расулнинг (Раббидан) келтирган каломидир. У шоир сўзи эмас. Сизлар нақадар кам иймон келтирасизлар!…»9 Ҳазрати Умар: «Яна ўзимга ўзим: „Бу одам коҳин бўлса керак, чунки кўнглимдан кечганларни англади!…“ – дедим», – деди. Расулуллоҳ сурани ўқишда давом этардилар: «У коҳин сўзи ҳам эмас. Сизлар нақадар кам ўйлайсизлар!… У (Қуръони карим) оламларнинг Раббидан (Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом орқали) нозил қилингандир. Агар у (Пайғамбар) Бизга қарши (Биз айтмаган) баъзи сўзларни ўзидан тўқиганида эди, албатта, Биз уни куч билан ушлаб олардик, сўнгра шубҳасиз, унинг жон томирини (шоҳ томирини) узиб, ҳалок қилардик!
«(Эй амаки!) Мен фақат сизнинг иймон келтиришингиз ва азиз баданингизни жаҳаннам ўтидан қутқаришингиз билан севинаман» Ҳадиси шариф
Сизлардан ҳеч бирингиз бунга тўсқинлик қила олмас эдингиз! Шубҳасиз, у (Қуръони карим) тақво эгалари учун аниқ бир насиҳатдир. Биз, албатта, биламизки, орангизда уни ёлғонга чиқарувчилар ҳам бор (уни тасдиқловчилар бўлганидек). Албатта, у (Қуръони карим) кофирлар учун (қочиб қутулиб бўлмайдиган) бир ҳасратдир (охиратда уни тасдиқлаганларга берилган неъматларни кўрганларида). Албатта, у (Қуръони карим) – ҳаққул яқиндир (у, албатта, аниқ илмнинг ҳақиқатидир, аниқ илмнинг ўзидир). Бас, улуғ Раббингизнинг исмини тасбеҳ айтинг».10
Ҳазрати Умар: «Расулуллоҳ сурани охиригача ўқиб бўлганларидан кейин қалбимда Исломга бир мойиллик пайдо бўлди», – деди. Ҳазрати Ҳамза мусулмон бўлганидан уч кун ўтгач, Абу Жаҳл мушрикларни тўплаб, шундай деди: «Эй қурайшликлар! Муҳаммад бутларимизга тил теккизди. Биздан олдин ўтган ота-боболаримиз жаҳаннамда азоб чекаётганини, бизнинг ҳам у ерга боришимизни айтди!…
Уни ўлдиришдан бошқа чора йўқ!… Уни ўлдирган кишига юзта қизил туя ва сон-саноқсиз олтин бераман!…» Бир лаҳзада Хаттоб ўғли Умарнинг қалбидан Исломга бўлган мойиллик йўқолди. У ўрнидан сакраб туриб: «Бу ишни Хаттоб ўғлидан бошқа ҳеч ким қила олмайди», – деди. «Қани, Хаттоб ўғли! Бир кўрайлик-чи сени!» – деб, уни олқишладилар.
У қиличини белига тақиб, йўлга тушди. Йўлда Нуайм ибн Абдуллоҳга дуч келди. Нуайм: «Бу шиддат ва ғазаб билан қаерга, ё Умар?» – деб сўради. Умар: «Халқ орасига иккилик солган, биродарни биродарга душман қилган Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман», – деди. Нуайм: «Ё Умар! Бу қийин иш. У зотнинг саҳобалари атрофларида парвона бўлиб, у зотга бирор нарса бўлмасин деб, устларида титраб турадилар. Уларнинг олдига яқинлашиш жуда қийин. У зотни ўлдирсанг ҳам, Бану Абдулмутталибнинг қўлидан қутула олмайсан», – деди.
Ҳазрати Умар бу сўзлардан қаттиқ ғазабланди. «Ё сен ҳам уларданмисан? Аввал сенинг ишингни битирай!» – деб, қиличига ёпишди. Нуайм: «Ё Умар! Мени қўй! Яхшиси, синглинг Фотима билан унинг эри Саъид ибн Зайднинг олдига бор: улар ҳам мусулмон бўлишди», – деди. Ҳазрати Умар бу сўзга ишонмади. Нуайм: «Ишонмасанг, бориб сўра! Англайсан», – деди.
Агар ҳазрати Умар бу ишни уддаласа, дин айрилиғи бартараф бўларди, аммо арабларнинг одати бўлган қон даъвоси ўртага чиқиб, Қурайш иккига бўлинар ва кети узилмайдиган тўқнашувлар бошланарди. Шу тариқа фақат Умар ибн Хаттоб эмас, балки бутун Хаттоб авлоди ўлдириларди. Аммо Умар ибн Хаттоб жуда кучли, жасур ва жаҳлдор бўлгани учун буларни ўйлай олмади. У синглисидан хавотирланиб, дарҳол уларнинг уйига кетди.
Ўша пайтларда Тоҳа сураси янги нозил бўлган эди. Саъид билан Фотима (розияллоҳу анҳумо) уни ёздириб олиб, ҳазрати Хаббоб ибн Арат деган саҳобани уйларига чақириб, ўқиётган эдилар. Ҳазрати Умар эшик олдидан уларнинг овозини эшитди. Эшикни қаттиқ тақиллатди. Уни қиличини белига тақиб олган, ғазабли ҳолда кўриб, ёзувни яширдилар, ҳазрати Хаббобни ҳам беркитдилар. Сўнг эшикни очдилар. У ичкарига киргач: «Нима ўқиётган эдинглар?» – деб сўради. Улар: «Ҳеч нарса», – дедилар.
У янада ғазабланиб, бақирди: «Эшитганим рост экан, сизлар ҳам унинг сеҳрига алданибсизлар!» У ҳазрати Саъиднинг ёқасидан ушлаб, ерга урди. Синглиси эрини қутқармоқчи бўлганида, у ғазаб билан унинг юзига ҳам шапалоқ туширди. Юзидан қон оқа бошлаганини кўриб, синглисига раҳми келди. Фотиманинг жони оғриган, ўзи қонга беланган эди. Аммо иймон қуввати уни ҳаракатга келтирди ва у Аллоҳу таолога паноҳ тортиб: «Ё Умар! Нега Аллоҳдан уялмайсиз, У оятлар ва мўъжизалар билан юборган Пайғамбарига ишонмайсиз? Мана, мен ҳам, эрим ҳам мусулмон бўлиш шарафига муяссар бўлдик. Бошимизни кессангиз ҳам, бундан қайтмаймиз», – деди-да, калимаи шаҳодатни ўқиди.
Ҳазрати Умар синглисининг бу иймонини кўриб, бирдан юмшади ва ерга ўтирди. Юмшоқ овоз билан: «Қани, ўқиётган китобингизни чиқаринглар-чи», – деди. Фотима: «Сиз покланмагунингизча, уни сизга бермайман», – деди. Ҳазрати Умар ғусл қилди.
Сўнг Фотима Қуръони каримнинг саҳифасини олиб келди. Ҳазрати Умар яхши ўқир эди. У Тоҳа сурасини ўқий бошлади. Қуръони каримнинг фасоҳати, сўз санъати, маънолари ва афзалликлари унинг қалбини тобора юмшатиб борди. «Осмонлардаги, ердаги, уларнинг орасидаги ва (етти қават) тупроқ остидаги нарсалар – ҳаммаси Уникидир»11 маъносидаги ояти каримани ўқигач, чуқур ўйга чўмди. «Ё Фотима! Бу битмас-туганмас борлиқларнинг ҳаммаси сизлар сиғинаётган Аллоҳникими?» – деди. Синглиси: «Ҳа, шундай-да! Шубҳа борми?» – деб жавоб берди. Унинг ҳайрати ортиб борди: «Ё Фотима! Бизнинг олтиндан, кумушдан, бронзадан, тошдан ўйиб ясалган, безакли мингу беш юзга яқин бутимиз бор. Уларнинг бирортасининг ҳам ер юзида бирор нарсаси йўқ», – деди. У яна бироз ўқиди ва «Аллоҳу таолодан бошқа ибодат қилинадиган, сиғиниладиган ҳақ илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир»12 маъносидаги ояти карима ҳақида ўйланди. «Ҳақиқатан, нақадар тўғри!» – деди у. Буни эшитган Хаббоб яширинган жойидан отилиб чиқди ва такбир айтди. Сўнг: «Хушхабар, ё Умар! Расулуллоҳ Аллоҳу таолога дуо қилиб: „Ё Раббим! Бу динни Абу Жаҳл ёки Умар билан қувватла!“ – деган эдилар. Мана шу давлат, шу саодат сенга насиб бўлди», – деди.
Бу ояти карима ва бу дуо ҳазрати Умарнинг қалбидаги душманликни ювиб-супуриб ташлади. У дарҳол: «Расулуллоҳ қаердалар?» – деди. Унинг қалби энди Расулуллоҳга боғланган эди. Ўша куни Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрати Арқамнинг уйида саҳобаларига насиҳат қилаётган эдилар. Саҳобаи киром у ерда тўпланиб, у зотнинг нурли жамолларини кўриш, ширин ва таъсирли сўзларини эшитиш билан қалбларини сайқаллар, чексиз лаззат, завқ ва шодлик ичида ҳолдан ҳолга кириб, руҳларини яйратардилар.
Ҳазрати Умарнинг келаётгани Арқамнинг уйидан кўринди. Қиличи ҳам ёнида эди. У ҳайбатли, кучли бўлгани учун саҳобаи киром Расулуллоҳнинг атрофларини ўраб олдилар. Ҳазрати Ҳамза: «Умардан қўрқадиган нима бор? Яхшилик билан келган бўлса, хуш келибди. Акс ҳолда, қиличини суғургунича бошини учираман!» – деяётганида, Расулуллоҳ: «Йўл беринглар, ичкарига кирсин!» – дедилар.
«У коҳин сўзи ҳам эмас. Сизлар нақадар кам ўйлайсизлар!… У (Қуръони карим) оламларнинг Раббидан (Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом орқали) нозил қилингандир» Ҳоққа: 42–43
Жаброил алайҳиссалом бундан олдинроқ ҳазрати Умарнинг иймон келтириш учун келаётганини ва йўлда эканини хабар берган эди. Расулуллоҳ ҳазрати Умарни табассум билан қарши олдилар ва: «Қўйинглар уни, ёнидан узоқлашинглар», – дедилар. Ҳазрати Умар Расулуллоҳнинг олдиларида тиз чўкди. Расулуллоҳ ҳазрати Умарни билагидан ушлаб: «Иймон келтир, ё Умар!» – дедилар. У ҳам пок қалб билан калимаи шаҳодатни айтди. Саҳобаи киром севинганларидан такбир садоларини осмонга кўтардилар.
Ҳазрати Умар мусулмон бўлганидан кейин ўз ҳолини шундай ҳикоя қилди:
«Мен мусулмон бўлганимда саҳобаи киром мушриклардан яширинар ва ибодатларини яширин адо этардилар. Бундан қаттиқ қайғурдим ва: „Ё Расулаллоҳ! Биз ҳақ йўлда эмасмизми?“ – деб сўрадим. Пайғамбаримиз: „Ҳа. Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, ўлик бўлсангизлар ҳам, тирик бўлсангизлар ҳам, шубҳасиз, сизлар ҳақ йўлдасизлар“, – дедилар.
Шунда мен: „Ё Расулаллоҳ! Модомики биз ҳақ йўлда, мушриклар эса ботил йўлда эканлар, ундай бўлса, нега динимизни яширяпмиз? Аллоҳга қасамки, биз Ислом динини куфрга қарши очиқ эълон қилишга ҳақлироқ ва лойиқроқмиз. Аллоҳу таолонинг дини Маккада, шубҳасиз, ғолиб келади. Қавмимиз бизга инсоф билан муомала қилса, нима ҳам дердик, агар ҳаддан ошмоқчи бўлсалар, улар билан олишамиз“, – дедим. Расулуллоҳ: „Биз сон жиҳатидан жуда озмиз!“ – дедилар.
Мен: „Ё Расулаллоҳ! Сизни ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, ҳеч тортинмай ва қўрқмай, ўтириб Исломни сўзламаганим бирорта ҳам мушрик йиғини қолмайди. Энди очиққа чиқайлик!“ – дедим. У зот буни қабул қилгач, икки саф бўлиб ташқарига чиқдик ва Ҳарами шариф томон юрдик. Сафларнинг бирининг бошида Ҳамза, иккинчисининг бошида эса мен бор эдим. Тупроқни ун қилгудек қаттиқ қадамлар билан, вазмин ва ҳайбатли юриш билан Масжидул Ҳаромга кирдик. Қурайшлик мушриклар гоҳ менга, гоҳ Ҳамзага қарардилар. Улар шундай ғам-ғуссага ботдиларки, ҳаётларида бундай ноумидликка ҳеч тушмаган бўлсалар керак». Ҳазрати Умарнинг бу келишини кўрган Абу Жаҳл олдинга чиқиб: «Ё Умар! Бу қандай ҳол?» – деганида, ҳазрати Умар унга сира парво қилмай: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ», – деди. Абу Жаҳл нима дейишини билмай қолди. У тошдек қотиб қолди. Ҳазрати Умар бу мушриклар тўдасига ўгирилиб: «Эй қурайшликлар!… Мени билган билади! Билмаган билиб қўйсинки, мен – Хаттоб ўғли Умарман… Хотинини бева, болаларини етим қолдирмоқчи бўлган ўрнидан қимирласин! Қимирлаганни қиличим билан тўғраб, ерга ётқизаман!…» – дегач, қурайшлик мушриклар бир лаҳзада тарқалиб, у ердан узоқлашдилар. Расулуллоҳ ва у зотнинг улуғ саҳобалари саф тортиб, баланд овоз билан такбир айтдилар. Макка осмонлари саҳобаи киромнинг «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» деган нидолари билан янгради. Ҳарами шарифда илк бор очиқ намоз ўқилди.13 Ҳазрати Умар мусулмон бўлгач, Анфол сурасининг 64-ояти каримаси нозил бўлди. Маъноси: «Эй Пайғамбарим! Сизга ёрдамчи бўлиб Аллоҳу таоло ва мўминлардан сизнинг изингиздан борганлар кифоядир». Тараддуд ичида иккиланиб юрган баъзи кишилар ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлганини кўриб, Исломни танладилар ва саҳоба бўлиш шарафига муяссар бўлдилар.
Энди мусулмонларнинг сони кун сайин қор кўчкисидек ўса бошлади.
«Ё Раббим! Бу динни Абу Жаҳл ёки Умар билан қувватла!» Ҳадиси шариф
Ҳар ишда Раҳмон исмин зикр этардилар ул карам кони,
Сано-ю ҳамдга кон эрдилар Пайғамбар – ул карам кони.
Илоҳий лутфлар маскани, илму ҳилм манбаи эрдилар,
Гўзал хулқ ила тўлган эрдилар ул жон – ул карам кони.
Ҳақнинг махлуқига Аллоҳ учун юмшоқ, камтар бўлиб,
Барча халққа лутф-эҳсон этардилар ул карам кони.
Каъбаи муаззаманинг аввалги кўриниши Маккаи мукаррама
Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат
Саҳобаи киром (алайҳимур ризвон) Маккага келгач, мушриклар яна азият ва жафо қила бошладилар. Уларнинг зулми тобора ошиб борди. Ҳар турли қийноқни ҳеч тортинмай қилардилар. Бир куни ҳазрати Усмон: «Ё Расулаллоҳ! Ҳабашистонни тижорат учун яхши бир жой деб билдим. Бир ойлик тижорат катта фойда келтиради. Аллоҳу таоло ҳижрат жойини белгилагунича мусулмонлар учун бундан яхшироқ жой бўлмайди. Ҳеч бўлмаса, мўминлар Қурайшнинг жафосидан қутуладилар. Нажошийнинг бизга кўп лутфлари ва анчагина яхшиликлари бор», – деди. Шунда Пайғамбаримиз: «Аллоҳу таолонинг исми билан муҳофаза қилинишингиз учун яна Ҳабашистонга қайтинглар», – дедилар. Ҳазрати Усмон: «Ё Расулаллоҳ! Агар сиз ўзингиз у ерга марҳамат қилсангиз, улар балки мусулмон бўлардилар. Аҳли китоб бўлганлари учун тезда Исломга келар ва ёрдамларини аямас эдилар», – дегач, севимли Пайғамбаримиз: «Мен ҳузур-ҳаловат ва роҳат излашга буюрилганим йўқ. Ҳижрат масаласида мен Аллоҳу таолонинг муборак амрини кутмоқдаман. Қандай буюрилса, шундай амал қиламан», – дедилар.
Биъсатнинг олтинчи йилида, бир ривоятга кўра, саҳобаи киромдан (розияллоҳу анҳум) 83 нафари эркак ва 18 нафари аёл бўлган бир юз бир кишилик бир карвон иккинчи марта Ҳабашистонга йўлга чиқди. Бу карвоннинг бошлиғи этиб ҳазрати Жаъфар ибн Абу Толиб тайинланган эди. Улар Нажошийнинг юртига эсон-омон етиб бордилар. Ҳабашистонда юз берган воқеаларни ҳазрати Умму Салама (розияллоҳу анҳо) шундай ҳикоя қилди: «Ҳабашистонга етиб борганимизда, у ерда жуда яхши бир қўшнига дуч келдик. Бу қўшни подшоҳ Нажоший эди. У ҳар бир истагимизни бажо келтирди. Динимизнинг амрларини истаганимиздек адо эта олардик. Аллоҳу таолога эркин ибодат қилар, ҳеч қандай азият кўрмас эдик. Бирорта ёмон сўз ҳам эшитмасдик». Маккалик мушриклар бу ҳолдан хабардор бўлгач, Ҳабашистон подшоҳига иккита элчи юборишга қарор қилдилар. Нажошийга ниҳоятда қимматбаҳо буюмлардан ташқари, у жуда яхши кўрадиган Макка сахтиёнидан ҳам ҳадялар тайёрланди. Бундан ташқари, дин пешволарига ва давлат арбобларига ҳам ҳадялар кўзда тутилди. Бу иш Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа билан Амр ибн Осга топширилди. Бу икки элчига Нажошийнинг ҳузурида нималар дейишлари ўргатилди. Уларга: «Подшоҳ билан гаплашишдан олдин унинг патриархларига ва қўмондонларининг ҳар бирига ҳадяларини беринглар. Сўнгра Нажошийникини тақдим этинглар. Бу ишни қилганингиздан кейин у ердаги мусулмонларни сизларга топширишни сўранглар. Нажошийнинг мусулмонлар билан кўришиб гаплашишига йўл қўйманглар», – дейилди.14 Элчилар Ҳабашистонга келдилар. Давлат арбобларини кўриб, ҳадяларини берганларидан кейин уларнинг ҳар бирига: «Бизнинг орамизда аллақандай одамлар пайдо бўлди. Улар биз ҳам, сизлар ҳам билмайдиган янги бир дин тўқиб чиқардилар. Бу келганларни ўз юртларига олиб кетмоқчимиз. Подшоҳингиз билан улар ҳақида гаплашганингизда, келганлар билан гаплашилмасдан бизга топширилишларини таъминлашга ҳаракат қилинглар. Бу кишилар билан энг кўп шуғуллана оладиганлар – уларнинг ўз ота-оналари ва қўшниларидир. Улар буларни жуда яхши биладилар», – дедилар.15 Патриархлар бу таклифни қабул қилдилар. Сўнгра маккалик элчилар Нажошийнинг ҳадяларини тақдим этдилар. Подшоҳ Нажоший ҳадяларни қабул қилиб, уларни ҳузурига чорлади ва бир муддат суҳбатлашди.
«Аллоҳу таолонинг исми билан муҳофаза қилинишингиз учун яна Ҳабашистонга қайтинглар» Ҳадиси шариф
Элчилар Нажошийга шундай дедилар: «Эй подшоҳ! Орамиздан баъзи кишилар сизнинг юртингизга паноҳ излаб келибдилар. Бу келганлар ўз миллатларининг динини тарк этганлари каби, сизнинг динингизга ҳам кирмаганлар. Уларнинг ўз калласига мос, тўқиб чиқарилган бир дини бор. Бу динни на биз, на сиз биласиз. Бизни сизнинг ҳузурингизга улар мансуб бўлган миллатнинг аслзодалари юбордилар. Бу аслзодалар сизнинг юртингизга паноҳ топган кишиларнинг оталари ва яқин қариндошларидир. Уларнинг истаги – келганларни қайтариш. Чунки улар буларнинг аҳволини яқиндан биладилар. Буларнинг ўз динларида нимани ёқтирмаганини яхшироқ биладилар…» Амр ибн Ос ҳам, Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа ҳам энг кўп истаган нарса – Нажошийнинг бу сўзларни тинглаб, уларнинг истагига мувофиқ иш тутиши эди. Элчилар бу сўзларни айтиб бўлгач, Нажошийнинг патриархлари сўз олиб, шундай дедилар: «Улар жуда тўғри гапирдилар. Уларнинг миллати улар билан яхшироқ шуғуллана олади, нимани ёқтириб, нимани ёқтирмасликларини яхшироқ билади. Шунинг учун сиз бу кишиларни топширинг, булар уларни ўз юртларига ва миллатларига олиб кетсинлар». Подшоҳ Нажоший бу сўзлардан қаттиқ ғазабланди: «Аллоҳга қасамки, йўқ! Мен бу кишиларни топширмайман. Менга паноҳ сўраб келган, юртимга келган кишиларга хиёнат қила олмайман. Улар мени бошқалардан афзал кўриб, менинг юртимга келдилар. Шунинг учун келган муҳожирларни саройимга чақираман, улардан бу кишиларнинг сўзларига қарши нима дейишларини сўрайман ва жавобларини тинглайман. Агар муҳожирлар булар айтгандек бўлсалар, уларни келганларга бериб, ўз миллатларига қайтараман. Агар ундай бўлмаса, уларни ҳимоя қиламан, юртимда қолган муддатда уларга яхшилик қиламан», – деди. Бундан олдин Нажоший самовий китобларни ўрганган эди. У Муҳаммад алайҳиссаломнинг келиш вақтлари яқинлашганини, қавмлари у зотни ёлғончи деб, у зотга ишонмаслигини ва Маккадан чиқариб юборишини биларди. Нажоший маккалик элчилардан: «Улар кимга ишонадилар?» – деб сўради. Улар: «Муҳаммадга», – дедилар. Бу исмни эшитган Нажоший у зотнинг пайғамбар эканликларини англади, аммо буни сездирмади. У келганлардан яна сўради: «У зотнинг дини ва мазҳаби қандай, у зот нимага даъват қиладилар?» Амр: «Унинг мазҳаби йўқ», – деди. Нажоший: «Мазҳабини, динини билмаган, менга паноҳ сўраб келган бир жамоани қандай топширай? Мажлис қурайлик. Уларни ҳам келтирайлик. Сизларни юзма-юз қилайлик. Ҳаммангизнинг ҳолингиз маълум бўлсин. Уларнинг динини ҳам билай», – деди. Мусулмонларни саройга таклиф қилдилар. Мусулмонлар олдин ўзаро маслаҳатлашиб: «Ҳабаш подшоҳига ёқадиган ва табиатига мос келадиган қилиб нималарни айтайлик?» – дейишди. Ҳазрати Жаъфар: «Аллоҳга қасамки, бу борада биз биладиганимиз – Пайғамбаримиз бизга буюрганларидан иборат. Натижа нима бўлса ҳам, розимиз», – деди. Ҳаммалари буни қабул қилдилар ва фақат ҳазрати Жаъфар гапиришига келишиб, Нажошийнинг ҳузурига келдилар. Подшоҳ Нажоший ҳам олимларини тўплади. Катта бир девон қурилди. Сўнгра муҳожирларни олиб кирдилар. Мусулмонлар кирганларида салом бердилар.
Аммо улар сажда қилмадилар. Нажоший улардан: «Нега сажда қилмадингизлар?» – деб сўраганида, улар: «Биз Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч кимга сажда қилмаймиз. Пайғамбаримиз бизни Аллоҳу таолодан бошқасига сажда қилишдан ман этиб: „Сажда фақат Аллоҳу таолога хосдир“, – дедилар», – деб жавоб бердилар. Нажоший муҳожирларга: «Эй ҳузуримга келган жамоа! Менга айтинглар: юртимга нима учун келдингизлар? Ҳолингиз қандай? Сизлар савдогар эмассизлар, бирор истагингиз ҳам йўқ. Сизларнинг ўртага чиққан бу Пайғамбарингизнинг ҳоллари қандай? Нега юртингиз аҳлидан бу ерга келганлар салом берганидек салом бермаяпсизлар?» – деди.
Жаъфар (розияллоҳу анҳу): «Эй подшоҳ! Мен аввал уч сўз айтаман. Агар рост гапирсам, мени тасдиқланг, ёлғон гапирсам, ёлғончига чиқаринг. Аввало буюрингки, мана бу кишилардан фақат биттаси гапирсин, иккинчиси жим турсин!» – деди.
Амр ибн Ос: «Мен гапираман», – деди. Нажоший: «Эй Жаъфар, аввал сен гапир», – деди.
Ҳазрати Жаъфар: «Менинг уч сўзим бор. Мана бу кишидан сўранг: биз тутиб, хўжаларимизга қайтарилиши лозим бўлган қулларми?» – деди. Нажоший: «Эй Амр! Улар қулми?» – деб сўради. Амр: «Йўқ! Улар қул эмас, улар озод!» – деди. Ҳазрати Жаъфар: «Балки биз ноҳақ бирор кишининг қонини тўкканмиз-у, қони тўкилганларга топширилишимиз керакдир?» – деди. Нажоший Амрдан: «Булар ноҳақ бирор кишини ўлдирганларми?» – деб сўраганида, Амр: «Йўқ, бир томчи ҳам қон тўкмаганлар», – деди. Ҳазрати Жаъфар Нажошийга: «Балки бизда бошқаларнинг молидан ноҳақ олган, тўлашимиз шарт бўлган моллар бордир?» – деди. Нажоший: «Эй Амр! Агар бу бечораларнинг тўлайдиган жуда кўп олтини бўлса ҳам, қарзлари бўлса, уни мен тўлайман, айтинглар!» – деди. Амр: «Йўқ, бир қирот (бир пул бирлиги) ҳам йўқ!» – деди. Нажоший: «Ундай бўлса, улардан нима истайсизлар?» – деб сўраганида, Амр: «Улар билан биз бир динда, бир йўлда эдик. Улар буни тарк этдилар. Муҳаммадга ва унинг динига эргашдилар», – деди. Нажоший Жаъфардан: «Сизлар аввалги динингизни тарк этиб, нега бошқасига эргашдингизлар? Қавмингизнинг динидан ажралибсизлар, менинг динимда ҳам эмассизлар, ундай бўлса, сизлар ишонаётган бу дин қандай? У ҳақда маълумот берасизларми?» – деб сўради.
Ҳазрати Жаъфар шундай деди: «Эй подшоҳ! Биз жоҳил бир миллат эдик. Бутларга сиғинардик. Ўлимтик ер, ҳар турли ёмонликни қилардик. Қариндошларимиз билан алоқаларимизни узар, қўшниларимизга яхши муомала қилмасдик. Кучлиларимиз заифларга зулм қилар ва марҳамат нималигини билмасдилар. Аллоҳу таоло бизга ўз орамиздан бир пайғамбар юборгунича шу ҳолда қолдик. У зотнинг ростгўйликларини, ишончли эканликларини, иффат ва покликларини, насабларининг асиллигини билардик. Ўша пайғамбар бизни Аллоҳу таолонинг борлиги ва бирлигига иймон келтиришга, Унга ибодат қилишга, биз ва ота-боболаримиз сиғиниб келган тошларни ва бутларни тарк этишга даъват қилдилар. У зот бизга ростгўй бўлишни, омонатга хиёнат қилмасликни, қариндошлик ҳақларига риоя қилишни, қўшнилар билан яхши яшашни, гуноҳлардан ва қон тўкишдан сақланишни буюрдилар. Ҳар турли ахлоқсизликдан, ёлғон гапиришдан, етимларнинг молига қўл узатишдан, номусли аёлларга туҳмат қилишдан бизни қайтардилар. Бизга Аллоҳу таолога шерик қўшмасдан ибодат қилишни буюрдилар. Биз ҳам қабул қилдик ва у зот Аллоҳу таолодан нима келтирган бўлсалар, ҳаммасига иймон келтирдик, айтганларини бажардик. Аллоҳу таолога ибодат қилдик. У бизга ҳаром қилганни ҳаром, ҳалол қилганни ҳалол деб билдик ва шундай амал қилдик. Шу сабабли қавмимиз бизга душман бўлиб, зулм қилди. Бизни динимиздан қайтариш, Аллоҳу таолога ибодатдан воз кечтириб, яна бутларга сиғинтириш учун турли қийноқ ва машаққатларга дучор қилишди. Бизга зулм қилишди. Бизни сиққан сари сиқишди. Биз билан динимиз орасига тушиб, бизни динимиздан ажратмоқчи бўлишди. Шунда биз еру юртимизни, уй-жойимизни ташлаб, сизнинг юртингизга паноҳ сўраб келдик. Сизни бошқалардан афзал кўрдик. Сизнинг ҳимоянгизга, қўшничилигингизга интилдик. Сизнинг ҳузурингизда зулмга, ноҳақликка учрамаймиз, деб умид қиламиз». Ҳазрати Жаъфар сўзида давом этиб, шундай деди: «Салом бериш масаласига келсак, биз сизни Расулуллоҳнинг саломлари билан саломладик. Бир-биримизга ҳам шундай салом берамиз. Жаннатдагиларнинг саломлари ҳам шундай эканини Пайғамбаримиз хабар бердилар. Шунинг учун олий зотингизни шундай саломладик. Пайғамбаримиз инсонларга сажда қилинмаслигини айтганлари учун, Аллоҳу таолодан бошқасига сажда қилишдан Аллоҳу таолога паноҳ тилаймиз». Нажоший: «Сен Аллоҳ билдирганлардан бир оз биласанми?» – деб сўради. Ҳазрати Жаъфар: «Ҳа», – дегач, Нажоший: «Уни менга ўқиб бер», – деди. Ҳазрати Жаъфар Марям сурасининг аввалги оятларини ўқий бошлади (унинг Анкабут ва Рум сураларидан ўқигани ҳам ривоят қилинади). Нажоший йиғларди. Кўзларидан оққан ёшлар соқолини ҳўл қилди. Роҳиблар ҳам йиғладилар. Нажоший ва роҳиблар: «Эй Жаъфар! Бу ширин ва гўзал каломдан яна бир оз ўқи», – дедилар. Ҳазрати Жаъфар Каҳф сурасининг бошидан ўқиди, унда шундай дейилади, маъноси: «Ҳамд бўлсин ўша Аллоҳгаки, У кофирларни (улуғ) Ўз ҳузуридан бўлган энг қаттиқ азоб (жаҳаннам) билан қўрқитиш, солиҳ амаллар қиладиган мўминларга эса ичида абадий қоладиган гўзал бир ажр (жаннат) хушхабарини бериш ва „Аллоҳу таоло фарзанд тутди“, – деганларни қўрқитиш учун лафзида бирор бузуқлик, маъносида бирор зиддият қилмаган, (ифрот ва тафритдан йироқ) тўппа-тўғри китобни (Қуръони каримни) Ўз бандасига (Муҳаммад алайҳиссаломга) нозил қилди. На уларнинг („Аллоҳу таоло фарзанд тутди“, – деганларнинг), на ота-боболарининг бу (сўз) ҳақида ҳеч қандай илми (ва билими) йўқ. Уларнинг оғизларидан чиққан бу сўз (оғир ва) ўта хатарлидир. Улар фақат ёлғон сўзлайдилар. (Эй Расулим!) Агар улар бу Қуръони каримга иймон келтирмасалар, ғам ва ғазаб билан уларнинг ортидан ўзингизни ҳалок қилмоқчимисиз! Биз ер юзидаги нарсаларни (ўрмонларни, дарёларни, маъданларни, ҳайвонларни ва ўсимликларни…) инсонларнинг қайси бирининг амали солиҳ эканини синаш учун зийнат қилдик…»16
«Сажда фақат Аллоҳу таолога хосдир» Ҳадиси шариф
Нажоший ўзини тутолмай: «Аллоҳга қасамки, бу – бир чироқдан отилиб чиққан нурдир. Мусо ва Исо ҳам (алайҳимассалом) шу нур билан келган эдилар», – деди. Сўнгра қурайш элчиларига ўгирилиб: «Боринглар! Аллоҳга қасамки, мен уларни сизларга топширмайман, улар ҳақида ҳеч қандай ёмонликни хаёлимга ҳам келтирмайман», – деди. Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа билан Амр ибн Ос Нажошийнинг ҳузуридан чиқдилар.17 Амр Абдуллоҳга: «Қасамки, Нажоший олдида уларнинг бир айбини очиб ташлаб, илдизини қуритаман. Мана кўрасан!» – деди. Шериги Амрга: «Улар бизга қарши чиққан бўлсалар ҳам, нима бўлганда ҳам, биз билан қариндошлигимиз бор. Бундай қилма», – деди. Амр: «Уларнинг Исо алайҳиссаломни бир банда деб билишларини Нажошийга етказаман», – деди. Эртаси куни у Нажошийнинг олдига бориб: «Эй подшоҳ! Улар Марям ўғли Исо (алайҳиссалом) ҳақида оғир сўзлар айтишмоқда. Уларга одам юбориб, Исо алайҳиссалом ҳақида нима дейишларини бир сўраб кўринг», – деди. Нажоший мусулмонларнинг ҳазрати Исо ҳақидаги қарашларини сўраш учун уларга одам юборди. Мусулмонлар яна йиғилдилар. Улар бир-бирларига: «Исо алайҳиссалом ҳақида сўраса, нима деб жавоб берамиз?» – дейишди. Ҳазрати Жаъфар: «Аллоҳга қасамки, ҳазрати Исо ҳақида Аллоҳу таоло айтганини, Пайғамбаримиз бизга олиб келганларини айтамиз», – деди. Улар Нажошийнинг ҳузурига киргач, Нажоший: «Сизлар Марям ўғли Исо алайҳиссалом ҳақида нима дейсизлар?» – деб сўради. Ҳазрати Жаъфар: «Биз Исо алайҳиссалом ҳақида Пайғамбаримиз бизга Аллоҳу таоло ҳузуридан келтириб етказганларини айтамиз. Биз у кишининг Аллоҳу таолонинг бандаси ва расули эканларини, дунёдан ҳам, эркаклардан ҳам юз ўгириб, Ҳақ таолога боғланган иффатли аёл – ҳазрати Марямга Аллоҳу таоло солган калимаси эканларини қабул қиламиз. Марям ўғли Исонинг ҳоли ва шони шундан иборат. Ҳазрати Одамни тупроқдан яратганидек, Исо алайҳиссаломни ҳам отасиз яратди, деймиз», – дегач, Нажоший қўлини ерга узатиб, ердан бир хас олди ва: «Қасамки, Марям ўғли Исо ҳам сизлар айтгандан ортиқ эмас. Орада ҳатто шу хасча ҳам фарқ йўқ», – деди.
Нажоший буни айтганида, атрофидаги давлат арбоблари ва қўмондонлар ўзаро пичирлашиб, ғўнғиллай бошладилар.
Нажоший буни кўриб, уларга: «Қасамки, сизлар нима десангиз ҳам, мен булар ҳақида яхши фикрдаман», – деди. Сўнгра мусулмон муҳожирларга ўгирилиб, шундай деди: «Сизларни ва ҳузурларидан келганингиз зотни табриклайман! Мен ишондимки, у зот – Аллоҳнинг расулидирлар. Зотан, биз у зотни Инжилда кўрган эдик. У Расул ҳақида Марям ўғли Исо ҳам хабар берган. Аллоҳга қасамки, агар у зот шу ерда бўлганларида эди, бориб пойабзалларини кўтариб юрар, оёқларини ювар эдим! Боринглар! Юртимнинг қўл тегмаган ерида, ҳар қандай тажовуздан йироқда, омонлик ва осойишталикда яшанглар. Сизларга ёмонлик қилганни ҳалок қиламан. Менга тоғдек олтин берсалар ҳам, сизлардан бирортангизни ҳам ғамга ботирмайман!»
Сўнгра Нажоший қурайш элчилари келтирган ҳадялар ҳақида: «Менинг буларга ҳеч қандай эҳтиёжим йўқ! Бошқалар тортиб олган бу мулкимни Аллоҳу таоло менга қайтариб берганида ва халқимни менга бўйсундирганида, мендан пора олмаган эди», – деб, ҳадяларини қайтариб берди. Қурайш элчилари Нажошийнинг ҳузуридан қуруқ қўл билан қайтдилар. Бахтиёр Нажоший эса Исломни танлаб, саҳобаи киромни бениҳоя хурсанд қилган эди.18
ҲАҚ ЯРАТДИ ОЛАМНИ
Ҳақ яратди оламни Муҳаммаднинг ишқига,
Ою кунни яратди Муҳаммаднинг шавқига.
«Бўл!» деди – бўлди олам, битилди Лавҳу Қалам,
Ўқилди хатми калом Муҳаммаднинг шаънига.
Барча эранлар келди, даргоҳга юз сурдилар,
Тавҳид зикрин айтдилар Муҳаммаднинг нурига.
Вайсул Қараний етди, охир яна интилди,
Саккиз жаннат безанди Муҳаммаднинг ишқига.
Ҳавода учар қушлар, кўкарар тоғу тошлар,
Мева берар дарахтлар Муҳаммаднинг ишқига.
Иймонсизлар келдилар, у зотдан иймон олдилар,
Беш вақт намоз ўқидилар Муҳаммаднинг ишқига.
Фаришталар келдилар, саф-саф бўлиб турдилар,
Беш вақт намоз ўқидилар Муҳаммаднинг ишқига.
Юнус қандай мадҳ этсин, мақтар Қуръон ояти,
Ёд эт, айтгин салавот Муҳаммаднинг ишқига.
«Сизларни ва ҳузурларидан келганингиз зотни табриклайман! Мен ишондимки, у зот – Аллоҳнинг расулидирлар. Зотан, биз у зотни Инжилда кўрган эдик. У Расул ҳақида Марям ўғли Исо ҳам хабар берган» Нажоший Асҳама
