СЎЗБОШИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳу таолога ҳамд ва берган неъматлари, яхшиликлари учун чексиз шукрлар бўлсин… Унинг севимли Пайғамбарига – инсонларнинг ҳар жиҳатдан энг гўзали, энг яхшиси ва энг афзали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг гўзал юзларини кўриш ва фойдали сўзларини эшитиш шарафига мушарраф бўлиб, шу билан барча инсонларнинг энг азизлари бўлган жамики саҳобаларига ва уларнинг изидан борганларга дуо ва саломлар бўлсин…
Инсонларни безайдиган, гўзаллаштирадиган, уларни севимли ва ҳурматли қиладиган нарса – уларнинг гўзал ахлоқидир. На мартаба, на мансаб, на мол-дунё, на бошқа бирор нарса гўзал ахлоқнинг ўрнини боса олмайди.
Эй барча яратилганларнинг энг афзали! Эй Яратганнинг суюклиси! Эй пайғамбарлар сарвари, яхшиликлар манбаи, инсонларнинг энг хайрлиси ва барча камолотлар булоғи бўлмиш шарафли Пайғамбаримиз! Биз сизни мадҳ этишга журъат қилмаймиз – битикларимиз сиз билан қадр топади.
Ё Расулаллоҳ, сизни мадҳ этмоққа йўқ мадорим,
Барчамиз яратилдик сизнинг ҳурматингизга.
Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг расулидирлар, Одам болаларининг саййиди, сарваридирлар. Қиёмат куни у зот – эргашганлари жаҳаннамдан қутуладиган зотларнинг энг сахийсидирлар.
Қиёмат куни қабрдан энг аввал у зот турадилар. Энг аввал у зот шафоат қиладилар. Энг аввал у зотнинг шафоатлари қабул бўлади. Жаннат эшигини биринчи бўлиб у зот қоқадилар. Эшик у зотга дарҳол очилади. «Ливоул ҳамд» деб аталадиган байроқ у зотнинг қўлларида бўлади. Одам алайҳиссалом ва у кишининг замонидан қиёматгача келган ҳар бир мўмин шу байроқ остида бўлади.
Бир ҳадиси шарифда у зот шундай дедилар: «Қиёмат куни мен аввалгиларнинг ва кейингиларнинг саййидиман. Ҳақиқатни билдиряпман, фахрланмайман». Яна бир ҳадиси шарифда: «Мен Аллоҳу таолонинг ҳабибиман, суюклисиман. Мен пайғамбарларнинг пешвосиман. Фахрланиш учун айтмаяпман».
Ислом оламининг турли тилларида ёзилган барча мавлидларда ҳам Пайғамбаримизнинг оналари ва оталари покиза бўлганлари ёзилган. Қуръони каримдан кейин энг қимматли, энг тўғри китоб бўлмиш «Бухорий шариф»даги бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Мен ҳар асрда, ҳар замонда яшаган инсонларнинг энг яхшиларидан, сараланганларидан дунёга келтирилдим».
Ҳамиша фақат ростни сўзловчи у зот (алайҳиссалоту вассалом) яна шундай дедилар: «Мен пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) охиргисиман, фахрланмайман. Мен Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадман. Аллоҳу таоло инсонларни яратди. Мени инсонларнинг энг яхшилари орасида яратди. Аллоҳу таоло инсонларни фирқаларга ажратди. Мени уларнинг энг яхшисига жойлади. Сўнгра бу энг яхши фирқани қабилаларга ажратди. Мени уларнинг энг яхшисига жойлади. Сўнгра бу жамоатни хонадонларга ажратди. Мени энг яхши хонадондан, яъни оиладан дунёга келтирди. Мен инсонларнинг энг яхшисиман. Мен энг яхши оиладанман. Қиёматда ҳамма жим қолганда, мен сўзлайман. Ҳеч ким қимирлай олмайдиган пайтда уларга шафоат қилувчи – менман. Ҳеч кимда умид қолмаган бир пайтда уларга хушхабар берувчи – менман. У куни ҳар бир яхшилик, ҳар турли ёрдам, ҳар бир эшикнинг калити мендадир. Ливоул ҳамд менинг қўлимдадир. Мен инсонларнинг энг хайрлиси, энг сахийси, энг яхшисиман. У куни менинг амримда минглаб хизматкор бордир. Қиёмат куни пайғамбарларнинг имоми, хатиби ва уларнинг барчасига шафоат қилувчи – менман. Буларни фахрланиш учун айтмаяпман. Ҳақиқатни билдиряпман. Ҳақиқатни билдириш – менинг вазифамдир. Буларни айтмасам, вазифамни адо этмаган бўлардим».
Агар у зот (алайҳиссалоту вассалом) бўлмаганларида, Аллоҳу таоло ҳеч бир нарсани яратмас эди, Унинг Рабб экани, ибодат қилинадиган Зот (маъбуд) экани юзага чиқмас эди. Одам алайҳиссалом ҳали сув билан тупроқ орасида эканларида, яъни лойлари қорилаётган пайтдаёқ Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар эдилар.
Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг маҳбуби (суюклиси) бўлганлари учун, у зотнинг изидан борган киши ҳам маҳбублик даражасига кўтарилади. Чунки муҳиб, яъни ошиқ, суюклисининг ахлоқини, аломатларини кимда кўрса, уни ҳам севади.
Бутун инсониятнинг саййиди, энг афзали бўлмиш шундай Пайғамбарга иймон келтирган, у зотнинг йўлидан борган киши, албатта, умматларнинг энг яхшиси бўлади. Уларга хушхабар – Оли Имрон сурасининг бир юз ўнинчи оятидир, унинг маъноси: «Сизлар умматларнинг, дин эгаларининг энг хайрлиси, энг яхшисисиз!» Пайғамбаримизга иймон келтирмаган, у зотни англай олмаган, у зотни ўзларига ўхшатган кимсалар – инсонларнинг энг ёмонларидир. Уларни Тавба сурасининг тўқсон еттинчи ояти кўрсатиб турибди, унинг маъноси: «Ёввойи, қалби қаттиқ жоҳиллар сизга иймон келтирмайди. Уларнинг кўпи мунофиқдир». Дунёнинг бугунги ҳолатида у зотнинг суннати санийясига, яъни Исломга эргашиш шарафига мушарраф бўлганлар нақадар бахтлидир!
Жаноби Ҳақ Нисо сурасининг саксонинчи оятида Муҳаммад алайҳиссаломга итоат қилиш – Ўзига итоат қилиш эканини билдирмоқда. Маъноси шундай: «Ким Расулга итоат қилса, Аллоҳу таолога итоат қилган бўлади». Ҳашр сурасининг еттинчи оятида эса, маъноси: «Расулим келтирганини олинглар, у ман қилган нарсалардан қочинглар!» – дейилди. Бу ояти карима Исломга эргашиш лозимлигини кўрсатади. Аллоҳу таоло Қалам сурасининг тўртинчи оятида шундай марҳамат қилди, маъноси: «Шубҳасиз, сиз хулқи азим (улуғ ахлоқ) эгасисиз» (Қалам сураси, 68:4). Аҳзоб сурасида эса У шундай марҳамат қилди, маъноси: «Расулуллоҳда сизлар учун [эргашиладиган] гўзал намуналар бордир» (Аҳзоб сураси, 33:21).
Жаноби Ҳақ Ўз раҳмати билан бизни у зотга уммат қилиб, неъматларнинг энг улуғига етказди. У зотга тобе бўлиш, у зотга эргашиш лозимлигини очиқ-ойдин билдирди. Улуғ Раббимизга бу буюк неъмати учун қанча ҳамд ва шукр айтсак ҳам, оздир.
Ушбу асар бутун инсоният учун ҳақиқий раҳбар бўлмиш севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларини, гўзал ахлоқларини, мўъжизаларини, фазилатларини баён қилади ва у зотга эргашиш дин ва дунё саодати учун энг муҳим вазифалардан бири эканини билдиради.
Ўзимизга, оиламизга, ватанимизга, миллатимизга фойдали инсонлар бўлишни истасак, Муҳаммад алайҳиссаломга эргашайлик. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам роҳат ва бахтли бўлиш учун у зотга эргашайлик.
Ҳақ таоло барчамизнинг қалбимизни севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муҳаббати билан тўлдириб, бизни Аҳли суннат олимлари билдирган тўғри йўлда собит қилсин! Омин!
Prof. Dr. Ramazan Ayvallı
