МУҚАДДИМА
Ҳар бир жонзотни яратган, ҳар бир мавжудотни ҳар лаҳзада борлиқда тутиб турган ва уларнинг барчасини қўрқув ва даҳшатдан асрайдиган Аллоҳу таолога ҳамд айтамиз. Унинг севимли Пайғамбарига – инсонларнинг ҳар жиҳатдан энг гўзали, энг яхшиси ва энг афзали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга бизнинг салотимиз (дуоимиз) ва саломларимиз бўлсин. Илм, ирфон ва гўзал ахлоқ таратган Олларига (оила аъзоларига) ва қариндошларига ҳам бўлсин. Руҳларга шифо бўлган гўзал юзларини кўриш, фойдали сўзларини эшитиш шарафига мушарраф бўлган ва шу билан барча инсонларнинг энг азизлари бўлган жамики саҳобаларига1 (розияллоҳу таоло анҳум / Аллоҳу таоло улардан рози бўлсин), шунингдек, уларнинг изидан борганларга ҳам бўлсин.
Аллоҳу таоло бу дунёда барча инсонларга раҳм қилиб, уларга фойдали нарсаларни яратиб юбормоқда. Охиратда эса У2 жаҳаннамга тушиши лозим бўлган мўминларни ҳам Ўз эҳсони билан афв этиб, жаннатга киритади. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг набийси3, расули ва ҳабибидирлар (суюклисидирлар), Одам болаларининг саййидидирлар (сарваридирлар). Шундай шарафли Пайғамбарга иймон келтирган ва у зотнинг йўлидан борганлар, албатта, умматларнинг энг яхшилари бўлдилар.
Жаноби Ҳақ Ўз раҳмати билан бизни у зотга уммат қилиб, неъматларининг энг улуғига етказди.4 Яна у зотга тобе бўлиш ва эргашиш лозимлигини очиқ-ойдин билдирди. Раббимизга бу улуғ неъмати учун қанча ҳамд ва шукр айтсак ҳам, оздир. Аллоҳу таоло ҳеч бир нарсани яратмасдан олдин Сарвари оламнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак нурини яратди. Қуръони каримда Пайғамбаримизга хитобан: «Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик», – дейилди. Ҳадиси қудсийда5 эса: «Сиз бўлмаганингизда, сиз бўлмаганингизда, Мен махлуқотни яратмас эдим!» – дейилди.
Иймоннинг асосий шарти – «ҳубби филлаҳ ва буғзи филлаҳ», яъни Аллоҳу таолонинг дўстларини севиш, душманларини севмасликдир. Бу бўлмаса, ҳеч бир ибодат қабул бўлмайди – эгасининг юзига қайтариб урилади. Шунинг учун «Оламлар сарвари»ни севиш бизга фарз бўлди, у зотнинг муборак муҳаббатини қалбимизга жойлаш, гўзал ахлоқлари билан ахлоқланиш буюрилди. Бу муҳаббат сўнмасин деб, асрлар давомида Пайғамбаримизнинг муборак ҳаётларини баён қилувчи китоблар ёзилди, ҳозир ҳам ёзилмоқда. Тўғрироғи, у зотнинг муборак исмлари билан барака топилади. Биз ҳам бу баракадан баҳраманд бўлиш ва у зотга бўлган муҳаббат қалбларимизда тўлиб-тошиши учун Коинот султони Расулуллоҳнинг муборак ҳаётларини ўқишингизни тавсия қиламиз – бу асар Аҳли суннат олимларининг китобларини узоқ тадқиқ қилиш натижасида тайёрланди. Меҳнати сингганларнинг ҳаммасидан Аллоҳу таоло рози бўлсин. Жаноби Ҳақ барчамизнинг қалбимизни Пайғамбаримизнинг муҳаббати билан тўлдириб, бизни Аҳли суннат олимлари билдирган тўғри йўлда собит қилсин! Омин.
Dr. Enver Ören
Каъбаи муаззама ва Масжидул Ҳаром Маккаи мукаррама
