БИЪСАТЛАРИ1 ВА ДАЪВАТЛАРИ
Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўттиз етти ёшларида ғойибдан ўзларини: «Ё Муҳаммад!» – деб чақирадиган овозларни эшитар эдилар. Ўттиз саккиз ёшга кирганларида баъзи нурларни кўра бошладилар. Ҳолларини фақат ҳазрати Хадича онамизга айтиб берар эдилар. Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик билдириладиган вақт яқинлашганда (тахминан ўн йил олдин), замонасининг машҳур адибларидан Қусс ибн Соида Укоз ярмаркасида туя устида катта оломон олдида ўқиган хутбасида у зотнинг келишлари ҳақида хушхабар берган эди. Севимли Пайғамбаримиз ҳам бу хутбани тинглаганлар орасида эдилар. Қусс ибн Соида бу машҳур хутбасининг бир қисмида шундай деган:
«Эй инсонлар! Келинглар, тингланглар, кутинглар, ибрат олинглар! Яшаган ўлади, ўлган йўқ бўлади, бўладигани бўлади!… Қулоқ солинглар, яхши тингланглар! Осмонда хабар бор, ерда ибрат оладиган нарсалар бор!… Аллоҳ ҳузурида бир дин бор!… Ва Аллоҳнинг келадиган бир пайғамбари бор. У зотнинг келишлари жуда яқин. У зотнинг сояси аллақачон бошингиз устига тушди. У зотни тинглаганлар ва у зотга иймон келтирганлар нақадар муборакдир! У зотга исён ва мухолифат қилган бадбахтнинг ҳолига вой! Умрлари ғафлат билан ўтган умматларга ҳайфлар бўлсин!…»
Ўша пайтда Арабистонда одамлар илоҳий мезонлардан узоқлашиб, бой ва камбағал, кучли ва заиф, хўжайин ва қул каби табақаларга бўлиниб кетган эдилар. Аввалгилари кейингиларини ўз ҳукмронлиги остида эзар, уларни одам ўрнида ҳам кўрмас эдилар. Заифларнинг молларини зўрлик билан қўлларидан тортиб олар эдилар, бунга тўсқинлик қиладиган бирор ҳокимият йўқ эди. Аллоҳу таолога иймон келтириш берадиган ҳаё ва қўрқув туйғусидан маҳрум бўлганлари учун фазилатдан жуда узоқлашган эдилар. Ҳар турли ахлоқсизлик, ор-номусни оёқ ости қилиш каби пасткаш ишлар бемалол қилинар, қимор, ичкилик, айш-ишрат базмлари ҳеч кимга ғалати туюлмас эди. Кети узилмайдиган қотилликлар, зино ва босқинлар атрофни ёндириб-куйдирар, бегуноҳ инсонларнинг инграшлари ва аламли фарёдлари Аршни ларзага келтирар эди. Ахлоқ жиҳатидан тўла таназзул ҳукм сурар, одамлар жаҳолат денгизида ғарқ бўлар эдилар. Аёлни оддий бир мол каби олиб-сотар, қиз болаларни тириклайин, шафқатсизларча тупроққа кўмар эдилар. Энг ёмони, қалби қаттиқ, ўжар ва марҳаматдан йироқ бу одамлар ўз қўллари билан ясаган, на фойда, на зарар етказа олмайдиган бутларга сиғинишни катта шараф деб билар эдилар.
Одам алайҳиссаломдан бери дунёда бундай ваҳшийлик, адашиш, ахлоқсизлик, иймонсизлик ва бузуқлик кўрилмаган эди. Одамлар гўё йиртқич ҳайвонларга айланган эдилар. Ҳар ким бир-бирига душман, жамият ҳар лаҳза портлашга тайёр ҳолатда эди. Одамлар тинчликка эришишлари учун бу зулмат ичида бир саодат қуёшининг чиқиши керак эди. У чиққач, иймонсизликнинг ўрнини иймон, зулмнинг ўрнини адолат, жаҳолатнинг ўрнини илм эгаллар ва инсонлар абадий саодатга эришар эдилар.
Ниҳоят, севимли Пайғамбаримизга аввал тўғри тушлар кўрсатила бошланди. Ҳадиси шарифда ваҳий дастлаб тўғри туш билан бошлангани билдирилган. Тушларида кўрганлари айнан ўнгидан келар эди. Бу ҳол олти ой давом этди. Ваҳий келиши яқинлашганда, «Ё Муҳаммад!» деган овозлар кўпайди. Шундан кейин у зот ёлғизликни севиб, одамлардан узоқлашиб, Ҳиро тоғидаги бир ғорда тафаккурга чўма бошладилар. Баъзан Маккага келар, Каъбани тавоф қилар ва саодатхоналарига борар эдилар. Саодатли хонадонларида бир муддат бўлгач, ёнларига бир оз озуқа олиб, яна Ҳиро тоғидаги ғорга қайтар, тафаккур ва ибодат билан машғул бўлар эдилар. Баъзан у ерда кунлаб қолар эдилар. Ўшанда ҳазрати Хадича у зотга озуқа юборар ёки ўзи олиб борар эди.2
Муҳаммад алайҳиссалом Ҳажарул асвадни муборак хирқаларининг устига қўйиб: «Ҳар бир қабиладан бир киши унинг бир четидан ушласин», – дедилар Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммадул Амин (саллаллоҳу алайҳи васаллам)
Илк ваҳий
Пайғамбаримиз қирқ ёшларида яна Рамазон ойида Ҳиро тоғидаги ғорга чекиниб, тафаккурга чўмган эдилар. Рамазоннинг 17-куни, душанба кечаси, ярим тундан кейин ўзларини исмлари билан чақирган бир овозни эшитдилар. Бошларини кўтариб, атрофга қараганларида, ўша овозни иккинчи марта эшитдилар ва ҳамма ёқни бирдан бир нур қоплаганини кўрдилар. Сўнгра қаршиларига Жаброил3 алайҳиссалом келиб: «Ўқинг!» – деди. Пайғамбаримиз унга: «Мен ўқишни билмайман!» – деб жавоб бердилар. Шунда фаришта у зотни ушлаб, мадорлари қолмагунча қаттиқ қисди ва: «Ўқинг!» – деди. У зот яна: «Мен ўқишни билмайман!» – деб жавоб бердилар. Фаришта у зотни яна бир марта қисди ва: «Ўқинг!» – деди. «Мен ўқишни билмайман!» – деганларида, учинчи марта қисди. Сўнгра қўйиб юборди ва Алақ сурасининг дастлабки беш ояти каримасини келтирди, унинг маъноси: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом!) Ҳамма нарсани яратган Раббингиз Аллоҳнинг исми билан ўқинг! У инсонни уюшган қондан (алақдан) яратди! Ўқинг, Аллоҳ улуғ карам соҳибидир. У қалам билан ўргатади, билмаган нарсаларини ўргатади».4 Муҳаммад алайҳиссалом ҳам у билан бирга ўқидилар. Илк ваҳий шу тарзда келди ва бутун жаҳонни ёритган Ислом қуёши шундай чиқди.5
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) катта титроқ ва ҳаяжон билан Ҳиро тоғидаги ғордан чиқиб, пастга туша бошладилар. Тоғнинг ўртасига етганларида бир овоз эшитдилар. Жаброил алайҳиссалом: «Ё Муҳаммад! Сиз Аллоҳу таолонинг расулисиз, мен эса Жаброилман», – деди-да, товони билан ерни урди. Урган жойидан сув чиқди ва у таҳорат ола бошлади. Пайғамбаримиз уни диққат билан кузатиб турдилар. Жаброил алайҳиссалом таҳоратини тугатгач, Пайғамбаримизга кўрганларидек таҳорат олишни айтди. Севимли Пайғамбаримиз таҳоратларини тугатгач, Жаброил алайҳиссалом имом6 бўлди ва бирга икки ракат намоз ўқидилар.
Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: «Ё Муҳаммад! Раббингиз сизга салом йўллади!» – деди ва кетидан Унинг: «Сиз жинларга ва инсонларга Менинг Расулимсиз. Бас, уларни тавҳидга даъват қилинг», – деганини айтди. Сўнгра у зотдан ажралиб, осмонга кўтарилди. Шу тариқа севимли Пайғамбаримиз Жаброил алайҳиссаломни ҳам кўрдилар, у билан сўзлашдилар ҳам.
Тошлар ва дарахтларнинг саломи
Пайғамбаримиз саодатхоналарига етгунларича ёнларидан ўтган ҳар бир тош, ҳар бир дарахт: «Ассалому алайка ё Расулаллоҳ!» – деяётганини эшитдилар. Уйларига келгач: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» – дедилар ва титроқлари босилгунча дам олдилар. Сўнгра кўрганларини ҳазрати Хадича онамизга айтиб бердилар ва шундай дедилар: «Жаброил (алайҳиссалом) кўзимдан ғойиб бўлди. Лекин унинг ҳайбати, шиддати ва қўрқуви устимдан кетмади. Менга мажнун дейишларидан, тил узатиб, ёмонлашларидан қўрқдим». Бу ҳолларни ва бу кунларни кутган, бунга тайёр бўлган ҳазрати Хадича шундай деди: «Аллоҳу таоло асрасин. Ҳақ таоло сизга яхшилик эҳсон қилади ва сизга яхшиликдан бошқа нарсани истамайди. Аллоҳу таолонинг ҳаққи учун, сизнинг бу умматнинг пайғамбари бўлишингизга ишонаман. Чунки сиз меҳмонни яхши кўрасиз. Рост сўзлайсиз ва аминсиз. Ожизларга ёрдам берасиз, етимларни ҳимоя қиласиз, ғарибларга кўмак берасиз. Хулқингиз гўзал; бундай хислатлар эгасида қўрқув бўлмайди».7
Сўнгра бу ҳол ҳақида сўраш учун Варақа ибн Навфалнинг олдига бордилар. Расулуллоҳнинг айтиб берганларини тинглагач, Варақа шундай деди: «Хушхабар, эй Муҳаммад алайҳиссалом! Аллоҳу таолога қасам ичаманки, сиз ҳазрати Исо хабар берган охирги пайғамбарсиз. Сизга кўринган фаришта – сиздан олдин Мусо алайҳиссаломга келган Жаброил алайҳиссаломдир. Оҳ! Қани эди, ёш бўлсам! Сизни Маккадан чиқарадиган вақтларига етсам-у, ёрдамингизга шошилсам! Жуда яқин орада сизга динни таблиғ қилиш ва жиҳод буюрилади». У Пайғамбаримизнинг муборак қўлларини ўпди. Кўп ўтмай вафот этди.8
Таблиғ амрининг келиши
Севимли Пайғамбаримизга пайғамбарликлари билдирилган илк ваҳий шу тарзда келган эди. Сўнгра ваҳий тўхтади ва уч йил келмади. Бу орада Исрофил алайҳиссалом исмли фаришта келиб, баъзи нарсаларни ўргатди. Булар ваҳий эмас эди. Бу вақт ичида Расулуллоҳ гоҳо жуда изтироб чекар эдилар. У зот қайғурганларида Жаброил алайҳиссалом кўриниб: «Эй Ҳабибуллоҳ! Сиз Аллоҳу таолонинг пайғамбарисиз», – дер ва у зотнинг қайғуларини тинчлантирар эди. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Ваҳий тўхтаган вақт эди. Ҳиро тоғидан пастга тушиб келаётганимда, бирдан осмон томондан бир овоз эшитдим. Юқорига қарадим ва Жаброилни (алайҳиссалом) кўрдим. У ер билан осмон орасида бир курси устида ўтирган эди. Мени қўрқув босди. Уйга келдим ва: „Мени бир нарса билан ўраб қўйинглар“, – дедим. Шунда Ҳақ таоло Муддассир сурасининг: „Эй ўрамига бурканган Муҳаммад алайҳиссалом! Туринг-да, (кофирларни Аллоҳу таолонинг азоби билан) огоҳлантиринг! Раббингизни улуғланг, таъзим қилинг! Кийимларингизни пок тутинг!“ маъносидаги илк оятларини9 нозил қилди. Шундан кейин ваҳийнинг кети узилмади».
Фахри коинот (алайҳи афзалус салавот) одамларни Исломга даъват қилишни, Аллоҳу таолонинг амр ва қайтариқларини таблиғ этишни бошладилар. Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтирганда, баъзан инсон шаклига кириб, саҳобаи киромдан Диҳя Калбийнинг суратида келар эди. Баъзан ваҳийни Пайғамбаримизнинг қалбларига солар эди; ўшанда Расулуллоҳ уни кўрмас эдилар. Баъзан ваҳий туш орқали, баъзан эса даҳшатли бир гувиллаш билан келар эди.
Ваҳийнинг Пайғамбаримизга энг оғир ва энг машаққатли келгани шу эди. Бундай пайтларда Расулуллоҳнинг муборак пешоналаридан энг совуқ кунда ҳам тер оқар, туя устида бўлсалар, ваҳийнинг оғирлигидан туя ерга чўкиб қолар эди. Ёнларида бўлган саҳобалар ҳам ваҳийнинг оғирлигини сезар эдилар. Жаброил алайҳиссалом бир неча марта ўз асл шакли ва суратида ҳам келди.
«Эй ўрамига бурканган Муҳаммад! Туринг-да, (кофирларни Аллоҳу таолонинг азоби билан) огоҳлантиринг! Раббингизни улуғланг, таъзим қилинг!» Муддассир: 1–3
Аллоҳу таоло Пайғамбаримизга фариштасиз ва пардасиз, яъни ҳеч қандай воситасиз ҳам ваҳий қилди. Бу ҳол Меърож кечасида бўлди. Илк ваҳийнинг келиши билан пайғамбарлик вазифасини бошлаган Муҳаммад Мустафонинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Исломни таблиғ этишлари йигирма уч йил давом этди. Бу вақтнинг ўн уч йили Маккада, ўн йили Мадинада ўтди. Қуръони карим 22 йил 2 ой 22 кун давомида ваҳий қилиниб, тамом бўлди.
Муҳаммад алайҳиссалом уммий эдилар, яъни китоб ўқимаган, хат ёзмаган ва ҳеч кимдан дарс олмаган эдилар. Маккада туғилиб ўсган, маълум кишилар орасида тарбия топган эдилар. Шундай бўлса-да, Тавротда, Инжилда, юнон ва рим даврларида ёзилган китобларда бўлган маълумотлардан, ҳодисалардан хабар бердилар. Исломни билдириш учун ҳижратнинг олтинчи йили охирларида ва еттинчи йили бошларида Рум, Эрон ва Ҳабаш ҳукмдорларига ва бошқа араб подшоҳларига мактублар юбордилар. У зотнинг ҳузурларига олтмишдан ортиқ хорижий элчи келди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай билдирилган, маъноси: «Сиз бу Қуръони карим келишидан олдин бирор китоб ўқимадингиз. Хат ҳам ёзмадингиз. Агар ўқиб-ёза олганингизда, бошқалардан ўргангансиз, дейишлари мумкин эди».10
Ҳадиси шарифда ҳам: «Мен уммий пайғамбар Муҳаммадман… Мендан кейин пайғамбар йўқдир», – дейилди.11 Яна Қуръони каримда шундай дейилади: «У (Муҳаммад алайҳиссалом) ўз хоҳиши билан сўзламайди. Унинг сўзлари – унга ваҳий орқали билдирилаётган, ўргатилаётган сўзлардир».12
Илк мусулмонлар (Собиқуни Ислом)
Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) илк ваҳий келгандан кейин энг биринчи иймон келтирган – ҳазрати Хадича онамиздир.13 У ҳеч иккиланмасдан Исломни дарҳол қабул қилиб, биринчи мусулмон бўлиш шарафига эришди.
Пайғамбаримиз ҳазрати Хадича онамизга Жаброил алайҳиссалом ўргатгандек таҳорат олишни ўргатдилар. Сўнгра Пайғамбаримиз имом бўлдилар ва бирга икки ракат намоз ўқидилар. Хадича онамиз севимли Пайғамбаримизнинг ҳар бир сўзларига, ҳар бир амрларига энг мукаммал тарзда итоат қилди. Шу тариқа Аллоҳу таолонинг ҳузурида жуда юксак даражаларга эришди. Расулуллоҳ хафа бўлсалар, инкор қилувчиларнинг масхара қилишидан озор чексалар, у зотга тасалли берар, қайғуларини аритар эди. У шундай дер эди: «Ё Расулаллоҳ! Ҳеч хафа бўлманг, ғам чекманг. Охири динимиз қувват топиб, мушриклар ҳалок бўлади. Қавмингиз сизга итоат қилади…» Хадича онамизнинг бу ёрдамлари учун бир куни Жаброил алайҳиссалом келиб: «Ё Расулаллоҳ! Хадичага Аллоҳу таолонинг саломини етказинг», – деди. Пайғамбаримиз: «Эй Хадича! Мана, Жаброил (алайҳиссалом) сенга Аллоҳу таолонинг саломини етказмоқда», – дедилар.14
Пайғамбаримиз бир куни яна шундай дедилар: «Аллоҳу таоло менга Хадичага жаннатда дурдан бир уй билан хушхабар беришимни буюрди. У ерда касаллик ҳам, қайғу ҳам, бош оғриғи ҳам йўқдир».
Ҳазрати Хадичадан кейин катталардан биринчи бўлиб мусулмон бўлган зот – Расулуллоҳнинг яқин дўстларидан ҳазрати Абу Бакрдир. Ҳазрати Абу Бакр бундан йигирма йил олдин бир туш кўрган эди: «Осмондан тўлин ой тушиб, Каъбаи муаззамага келибди, парча-парча бўлиб кетибди, ҳар бир парчаси Макка уйларидан бирининг устига тушибди, сўнгра бу парчалар бир жойга йиғилиб, осмонга кўтарилибди. Абу Бакрнинг уйига тушган парча эса осмонга кўтарилмабди. Буни кўрган ҳазрати Абу Бакр дарҳол уйининг эшигини ёпибди, гўё бу ой парчасининг кетишига йўл қўймагандек бўлибди».
Абу Бакр тушдан ҳаяжонланиб уйғонди ва тонг отиши биланоқ дарҳол яҳудий олимларидан бирининг олдига бориб, тушини айтиб берди. У олим жавобан: «Бу – аралаш-қуралаш тушлардан бири, шунинг учун таъбир қилинмайди», – деди. Аммо бу туш Абу Бакрнинг хаёлини банд қилишда давом этди, яҳудийнинг жавоби ҳам уни қаноатлантирмади. Бир гал тижорат учун кетганида, йўли роҳиб Баҳиронинг юртига тушди. Кўрган тушининг таъбирини Баҳиродан сўраганда, Баҳиро: «Сен қаердансан?» – деди. Ҳазрати Абу Бакр: «Қурайшданман», – деб жавоб берганда, Баҳиро шундай деди: «У ерда бир пайғамбар чиқадилар ва ҳидоят нури Макканинг ҳар бир жойига етади. Сен у зотнинг ҳаётликларида вазирлари, вафотларидан кейин эса халифалари бўласан». Ҳазрати Абу Бакр бу жавобдан жуда ҳайратда қолди. Бу тушини ва унинг таъбирларини Пайғамбаримиз пайғамбарликларини эълон қилгунларича ҳеч кимга айтмади. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарликларини эълон қилганларида, ҳазрати Абу Бакр дарҳол Пайғамбаримизнинг олдиларига шошилиб келди ва: «Пайғамбарларнинг пайғамбарликларига далиллари бўлади, сизнинг далилингиз нима?» – деб сўради. Пайғамбаримиз жавобан: «Менинг пайғамбарлигимга далил – сен бир яҳудий олимидан таъбирини сўраган ўша тушингдир. У олим: „Бу аралаш тушлардандир, таъбир қилинмайди“, – деди. Сўнгра роҳиб Баҳиро уни тўғри таъбир қилди», – дедилар ва ҳазрати Абу Бакрга хитоб қилиб: «Ё Абу Бакр! Сени Аллоҳга ва Унинг Расулига даъват қиламан», – дедилар.
Шунда ҳазрати Абу Бакр: «Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳу таолонинг расулисиз, пайғамбарлигингиз ҳақдир, у жаҳонни ёритадиган бир нурдир», – деб мусулмон бўлди.
Бошқа бир ривоятга кўра, Пайғамбаримизга пайғамбарлик келишидан олдин ҳазрати Абу Бакр тижорат мақсадида Яманга борган эди. Бу сафарида у Яманда Азд қабиласидан кўп китоб ўқиган бир кексага дуч келди. Бу кекса ҳазрати Абу Бакрга қараб: «Ўйлашимча, сен Макка аҳлидансан», – деганда, ҳазрати Абу Бакр: «Ҳа, шундай», – деди ва улар орасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:
– Сен Қурайшданмисан?
– Ҳа!
– Бану Тамимданмисан?
– Ҳа!
– Яна бир аломат қолди. – Қандай аломат?
– Қорнингни оч, кўрай.
– Айт-чи, бундан мақсадинг нима?
– Китобларда ўқидимки, Маккада бир пайғамбар келади. У зотга икки киши ёрдамчи бўлади. Бири ёш, иккинчиси кекса. Ёш киши кўп қийинчиликларни осонликка айлантиради, кўп балоларни даф қилади. Кекса киши эса оқ юзли, ингичка белли бўлиб, қорнининг устида бир қора холи бор. Ўйлашимча, у киши – сенсан. Қорнингни оч, кўрай.
«У (Муҳаммад алайҳиссалом) ўз хоҳиши билан сўзламайди. Унинг сўзлари – унга ваҳий орқали билдирилаётган, ўргатилаётган сўзлардир» Нажм: 3–4
Шунда ҳазрати Абу Бакр муборак қорнини очди; киндигининг устидаги қора холни кўргач, кекса: «Валлоҳи, у киши – сенсан», – деди ва Абу Бакрга кўп васиятлар қилди. Ҳазрати Абу Бакр ишини тугатгач, хайрлашиш учун кексанинг ҳузурига келди ва ундан Пайғамбаримиз ҳақида бир неча байт айтишини сўради. Шунда кекса ўн икки байт ўқиди, ҳазрати Абу Бакр эса уларни ёд олди.
Ҳазрати Абу Бакр сафардан Маккаи мукаррамага қайтганда, Уқба ибн Абу Муайт, Шайба, Абу Жаҳл, Абул Буҳтурий каби Қурайшнинг кўзга кўринган кишилари уни зиёрат қилиш учун уйига келдилар. Абу Бакр уларга: «Орангизда бирор ҳодиса бўлмадими?» – деди. Улар жавобан шундай дейишди: «Бундан ҳам ғалати ҳодиса бўладими: Абу Толибнинг етими пайғамбарлик даъво қилмоқда ва сизлар ҳам, оталарингиз ва боболарингиз ҳам ботил диндасизлар, демоқда. Агар сенинг ҳурматинг бўлмаганида, уни шу пайтгача тирик қўймас эдик. Сен унинг яқин дўстисан, бу ишни ўзинг ҳал қил».
Ҳазрати Абу Бакр улардан қутулиб, Пайғамбаримиз ҳазрати Хадичанинг уйида эканларини билди. Бориб, эшикни қоқди. Пайғамбаримиз уни қарши олганларида, Абу Бакр: «Ё Муҳаммад! Сиз ҳақингизда айтилаётган гаплар нима?» – деб сўради. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Мен Ҳақ таолонинг пайғамбариман. Сенга ва барча Одам болаларига юборилдим. Иймон келтир, Ҳақ таолонинг розилигига етасан ва жонингни жаҳаннамдан сақлайсан».
Ҳазрати Абу Бакр: «Бунга далил нима?» – деганда, Расули акрам: «Яманда кўрган ўша кексанинг ҳикояси – далилдир», – дедилар. Ҳазрати Абу Бакр: «Мен Яманда кўп кексаларни ва ёшларни кўрдим», – деди. Пайғамбаримиз жавобан: «Сенга ўн икки байтни омонат қилиб берган ва уларни менга юборган кекса», – дедилар ва ўша байтларнинг ҳаммасини ўқиб бердилар. Ҳазрати Абу Бакр: «Буни сизга ким хабар берди?» – деганда, Пайғамбаримиз: «Мендан олдинги пайғамбарларга келган фаришта хабар берди», – деб жавоб бердилар. Бу сўзни айтишлари биланоқ ҳазрати Абу Бакр: «Қўлингизни менга беринг», – деб, у зотнинг муборак қўлларидан тутди ва: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ», – деб мусулмон бўлди.15 Ҳаётида илк бор туйган юксак бир севинч билан ҳазрати Абу Бакр уйига мусулмон бўлиб қайтди. Ҳадиси шарифда ҳам шундай дейилган: «Кимга иймонни таклиф қилган бўлсам, юзини буриштирар, иккиланиб қарар эди. Фақат Абу Бакр Сиддиқ иймонни қабул қилишда ҳеч иккиланмади ва тўхталмади».
Бир куни Пайғамбаримиз ҳазрати Хадича онамиз билан намоз ўқиётганларида, ҳазрати Али уларни кўриб қолди. Ўшанда у ўн ёки ўн икки ёшда эди. Намоздан кейин у: «Бу нима?» – деб сўради. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Бу – Аллоҳу таолонинг динидир. Сени шу динга даъват қиламан. Аллоҳу таоло бирдир, Унинг шериги йўқдир. Сени бир бўлган, тенги ва шериги бўлмаган Аллоҳга иймон келтиришга даъват қиляпман…» Ҳазрати Али: «Аввал отам билан маслаҳатлашай», – деди. Расулуллоҳ унга: «Агар Исломга кирмасанг, бу сирни ҳеч кимга айтма!» – дедилар. Эртаси куни эрталаб ҳазрати Али Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Менга Исломни ўргатинг», – деди ва мусулмон бўлди.16
Ҳазрати Али мусулмон бўлганларнинг учинчиси эди. Унинг Расули акрам йўлида кўрсатган фидокорлиги ва у зотни ўзидан афзал кўриши эса ҳар қандай мақтовдан юксакдир.
Зайд ибн Ҳориса илк иймон келтирганлардан эди. У ҳазрати Хадича, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Алидан кейин тўртинчи, озод қилинган қуллар орасида эса биринчи мусулмон бўлиш шарафига эришди. У билан бирга хотини Умму Айман ҳам мусулмон бўлган эди.17
Ҳазрати Абу Бакр мусулмон бўлгач, дарҳол жуда яхши кўрадиган дўстларининг олдига борди. Уларни ҳам мусулмон бўлишга кўндирди. Улар орасида энг машҳурлари – саҳобаи киромнинг кўзга кўринганларидан бўлган, ўз қавмининг юксак шахслари Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққосдир.18 Ҳазрати Хадича онамиздан кейин мусулмон бўлган бу саккиз кишига Собиқуни Ислом, яъни илк мусулмонлар дейилади. Ҳазрати Усмон ўзининг мусулмон бўлишини шундай ҳикоя қилади: «Менинг коҳина бир холам бор эди. Бир куни уни зиёрат қилдим. У менга шундай деди: „Сенга бир хоним насиб бўлади. Аммо ундан олдин сен бирор аёлни кўрмаган бўласан, у ҳам сендан олдин бирор эркакни кўрмаган бўлади. У – гўзал юзли, зоҳида бир хоним ва бир улуғ пайғамбарнинг қизи бўлса керак“.
Холамнинг бу сўзидан ҳайрон қолдим. У менга яна шундай деди: „Бир пайғамбар келдилар. У зотга осмондан ваҳий нозил бўлди“. Мен: „Эй холажон! Бундай сир шаҳарда ҳеч эшитилмади. Ундай бўлса, бу сўзни очиқ айтинг“, – дедим. Шунда холам шундай деди: „Муҳаммад ибн Абдуллоҳга пайғамбарлик келди. У зот халқни динга даъват қилмоқдалар. Қисқа вақт ичида у зотнинг динлари билан олам нурланади, қарши чиққанларнинг эса боши кесилади“.
Холамнинг бу сўзлари менга қаттиқ таъсир қилди. Ташвишга тушдим. Ҳазрати Абу Бакр билан орамизда катта дўстлик бор эди; бир-биримиздан ҳеч айрилмас эдик. Бу масалани гаплашиш учун икки кундан кейин ҳазрати Абу Бакрнинг олдига бордим. Холамнинг айтганларини ҳикоя қилиб берганимда, у менга шундай деди: „Ё Усмон! Сен ақлли кишисан. Ҳеч кўрмайдиган ва эшитмайдиган, бирор нарсага на фойда, на зарар бера олмайдиган бир неча тош қандай қилиб илоҳликка лойиқ бўлсин?“ Мен: „Тўғри айтасан, холамнинг сўзи ҳақиқатдир“, – дедим.»
Ҳазрати Абу Бакр ҳазрати Усмонга Исломни тушунтиргандан кейин уни Расулус сақалайн, яъни инсонлар ва жинларнинг пайғамбари бўлмиш Пайғамбаримизнинг ҳузурларига олиб борди. Севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Усмонга шундай дедилар: «Ё Усмон! Ҳақ таоло сени жаннатга меҳмонга чақирмоқда. Сен ҳам бу даъватга ижобат қил (қабул қил). Мен барча инсонларга ҳидоят раҳбари қилиб юборилдим». Расулуллоҳнинг юксак ҳоллари ва очиқ юз билан айтган сўзлари олдида ўзини унутган ҳазрати Усмон катта шавқ ва таслимият билан: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ», – деб мусулмон бўлди.
Расулуллоҳ пайғамбарликларининг дастлабки уч йилида одамларни Исломга яширинча даъват қилдилар. Одамлар аста-секин, бир-иккитадан мусулмон бўла бошладилар. Бу вақт ичида мусулмонларнинг сони аранг ўттизга етди. Улар ибодатларини уйларида қилар ва Қуръони каримнинг нозил бўлган муборак оятларини яширинча ўқиб, ёд олар эдилар.
«Собиқуни Ислом, яъни илк мусулмонлар: Абу Бакр Сиддиқ, Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса, Усмон ибн Аффон, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ» (розияллоҳу анҳум ажмаъийн)
Яқин қариндошларни даъват қилишлари
Расулуллоҳ Муддассир сураси нозил бўлиши билан одамларни Ислом динига даъват қила бошлаган эдилар. Бу даъватни яширин олиб борар эдилар. Бир муддатдан кейин эса ояти карима нозил бўлди, унинг маъноси: «Яқин қариндошларингизни Аллоҳу таолонинг азоби билан огоҳлантириб, уларни ҳақ динга чақиринг».19 Шундан кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қариндошларини динга даъват қилиш учун ҳазрати Алини юбордилар ва уларнинг ҳаммасини Абу Толибнинг уйига чақирдилар. Уларнинг олдига бир кишига етадиган бир товоқ таом ва бир коса сут қўйдилар. Аввал ўзлари «Бисмиллаҳ» билан бошлаб, келган қариндошларига: «Марҳамат қилинглар», – дедилар. Келганлар қирқ киши эди. Аммо қўйилган таом ҳаммаларини тўйдирди ва ҳеч камаймади. Келганлар бу мўъжиза олдида ҳайратда қолишди. Таомдан кейин Пайғамбаримиз қариндошларини Исломга даъват қилиш учун сўз бошламоқчи бўлиб турган эдилар. Шунда амакилари Абу Лаҳаб душманлик билан: «Биз бугунгидек сеҳрни кўрмаганмиз. Қариндошингиз сизларни сеҳр билан сеҳрлаб қўйибди. Эй биродаримнинг ўғли! Мен сен келтиргандек ёвузлик ва ёмонлик келтирган бошқа бирор кишини кўрмадим», – деб, ҳақоратли сўзларини давом эттирди.
Пайғамбаримиз эса Абу Лаҳабга: «Қурайш ҳам, барча араб қабилалари ҳам қила олмайдиган ёмонликни менга сиз қилдингиз!» – дедилар. Уларнинг ҳеч бири мусулмон бўлмасдан тарқалишди. Бу воқеадан кўп ўтмай у зот қариндошларини яна даъват қилдилар. Ҳазрати Али яна уларнинг ҳаммасини чақириб келди.
Аввалгидек уларнинг олдига таом қўйилди. Таомдан кейин Пайғамбаримиз ўринларидан туриб, шундай дедилар: «Ҳамд фақат Аллоҳу таологагина хосдир. Ёрдамни фақат Ундан сўрайман. Унга ишонаман, Унга таянаман. Шубҳасиз биламан ва билдираман: Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқдир, У бирдир. Унинг тенги ҳам, шериги ҳам йўқдир». Сўнгра сўзларини шундай давом эттирдилар: «Мен сизларга асло ёлғон сўзламайман, сизларга ростини билдиряпман… Сизларни бир бўлган ва Ундан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳу таолога иймон келтиришга даъват қиляпман. Мен Унинг сизларга ва бутун инсониятга юборган пайғамбариман. Валлоҳи, сизлар уйқуга кетганингиздек ўласизлар, уйқудан уйғонганингиздек тирилтириласизлар ва барча қилган ишларингиздан ҳисоб берасизлар; яхшиликларингиз учун мукофот, ёмонликларингиз учун жазо кўрасизлар. Бу эса ё жаннатда абадий қолиш, ё жаҳаннамда абадий қолишдир. Инсонлардан охират азоби билан биринчи огоҳлантираётганларим – сизларсиз».
Бу сўзларни тинглагач, Абу Толиб шундай деди: «Эй муҳтарам жияним! Сизга ёрдам беришдан қимматлироқ нарсани билмайман. Насиҳатларингизни ўзлаштириб, қабул қилдик, сўзларингизни ҳам чин дилдан тасдиқладик. Ҳозир бу ерда йиғилганлар – бобонгиз Абдулмутталибнинг фарзандларидир. Шубҳасиз, мен ҳам улардан бириман. Сиз истаган ишга орамизда биринчи бўлиб мен шошиламан. Атрофингизни ўраб, сизни ҳимоя қилишдан бир лаҳза ҳам тўхтамасликка сўз бераман. Сиз буюрилган ишингизни давом эттираверинг. Аммо эски динимдан айрилиш масаласида нафсимни менга бўйсунадиган ҳолда топмадим».
Абу Лаҳабдан бошқа у ердаги қариндошлари ва амакилари юмшоқ гапиришди. Аммо Абу Лаҳаб: «Эй Бану Абдулмутталиб! Бошқалар унинг қўлидан тутиб тўхтатишларидан олдин, ўзингиз тўхтатинглар. Агар бугун унинг айтганларини қабул қилсангизлар, хорликка, ҳақоратга учрайсизлар. Уни ҳимоя қилишга уринсангизлар, ҳаммангиз ўлдириласизлар…» – деб, беадаб сўзлар айтди ва таҳдидлар қилди. Абу Лаҳабга жавобан Пайғамбаримизнинг аммалари шундай деди: «Эй биродарим! Жиянимни ва у зотнинг динларини ёрдамсиз қолдириш сенга ярашадими? Валлоҳи, бугун яшаётган олимлар Абдулмутталибнинг наслидан бир пайғамбар келишини билдирмоқдалар. Мана, ўша пайғамбар – шу зотдир».
Бу сўзлар олдида Абу Лаҳаб хунук гапларини давом эттирди. Абу Толиб Абу Лаҳабга ғазабланиб: «Эй қўрқоқ! Валлоҳи, биз тирик эканмиз, у зотнинг ёрдамчи ва ҳимоячиларимиз», – деди. Муҳаммад алайҳиссаломга ўгирилиб: «Эй биродаримнинг ўғли! Одамларни Раббингизга иймон келтиришга даъват қилмоқчи бўлган вақтингизни бизга билдиринг; қуролланиб, сиз билан бирга чиқамиз», – деди. Шундан кейин Фахри коинот яна сўз бошлаб, шундай дедилар: «Эй Бану Абдулмутталиб! Аллоҳга қасамки, араблар орасида мен сизларга келтирган, дунёингиз ва охиратингиз учун хайрли бўлган нарсадан (яъни бу диндан) афзалроқ ва хайрлироқ нарсани қавмига келтирган бирор киши йўқдир. Мен сизларни тилга енгил, мезонда оғир келадиган икки калимани айтишга даъват қиляпман. У ҳам бўлса, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва менинг Унинг бандаси ва расули эканимга гувоҳлик беришингиздир. Аллоҳу таоло менга сизларни шунга даъват қилишимни буюрди. Бас, қайси бирингиз менинг бу даъватимни қабул қилади ва бу йўлда менга ёрдамчи бўлади?» Ҳеч кимдан садо чиқмади. Ҳаммалари бошларини қуйи солишди. Пайғамбаримиз бу сўзларини уч марта такрорладилар. Ҳар гал айтганларида ҳазрати Али ўрнидан турар эди. Учинчи гал у: «Ё Расулаллоҳ! Гарчи ёшим жиҳатидан уларнинг энг кичиги бўлсам ҳам, сизга мен ёрдамчи бўламан», – деди. Шунда Расулуллоҳ ҳазрати Алининг қўлидан тутдилар.
Бошқалар ҳайрат ичида тарқалишди. Аллоҳу таолонинг Ҳабиби (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қариндошларининг бу муносабатидан жуда хафа бўлдилар.
Аммо руҳлари тушмасдан, уларнинг жаҳаннамдан қутулишлари, саодатга эришишлари учун даъватни давом эттирдилар.
Биъсатнинг тўртинчи йилида Ҳижр сурасининг 94-ояти каримаси нозил бўлди, маъноси: «(Эй Ҳабибим!) Сизга буюрилган нарсани (амр ва қайтариқларни) очиқ баён қилинг. Мушриклардан юз ўгиринг! Уларнинг сўзларига эътибор берманг!» Бу илоҳий амр келгач, севимли Пайғамбаримиз маккаликларни очиқдан-очиқ Исломга даъват қила бошладилар. Бир куни Сафо тепалигига чиқиб: «Эй Қурайш аҳли! Шу ерга йиғилиб, сўзларимни тингланглар!» – дедилар. Қабилалар йиғилгач: «Эй қавмим! Мендан ҳеч ёлғон сўз эшитганмисизлар?» – деб сўрадилар. Ҳаммалари бир овоздан: «Йўқ, эшитмаганмиз», – дейишди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳу таоло менга пайғамбарлик эҳсон қилди ва мени сизларга пайғамбар қилиб юборди». Сўнгра Аъроф сурасининг 158-оятини ўқидилар, унинг маъноси: «(Эй Ҳабибим!) Уларга айтинг: „Эй инсонлар! Мен сизларнинг ҳаммангизга келган, ерлар ва осмонларнинг эгаси Аллоҳу таолонинг Расулиман. Ҳар бир жонзотни ўлдирадиган ҳам, тирилтирадиган ҳам – Удир. Ундан бошқа (ибодатга лойиқ) илоҳ йўқдир“». Тинглаганлар орасидан амакилари Абу Лаҳаб ғазабланиб, куфрида қайсарлик қилиб: «Биродаримнинг ўғли девона бўлиб қолибди! Бизнинг бутларимизга сиғинмайдиган, динимиздан айрилган кишининг сўзини тингламанглар!» – деб қичқирди. У ердагилар тарқалишди ва ҳеч ким иймон келтирмади. Пайғамбаримизнинг ростгўй, юксак ахлоқли эканларини била туриб, улар у зотдан юз ўгиришди ва у зотга душман бўлишди.
«Яқин қариндошларингизни Аллоҳнинг азоби билан огоҳлантириб, уларни ҳақ динга чақиринг» Шуаро: 214
Яна бир куни Аллоҳу таолонинг: «Сизга буюрилган нарсани (амр ва қайтариқларни) очиқ баён қилинг» деган амрига бўйсуниб, Пайғамбаримиз яна Сафо тепалигига чиқдилар. Баланд ва гумбурлаган овоз билан халққа: «Ё сабоҳоҳ! Бу ерга келинглар, йиғилинглар, сизларга муҳим бир хабарим бор!» – деб нидо қилдилар.20 Бу даъватдан кейин қабилалар югуриб келиб йиғилишди. Ҳайрат ва қизиқиш билан кута бошлашди. Келмаганлар нима учун йиғилинаётганини билиш учун ўз одамларини юборишди. Келганлардан бир гуруҳи: «Эй Муҳаммадул Амин! Бизни бу ерга нима учун йиғдингиз, нимани хабар бермоқчисиз?» – деб сўрай бошлашди. У зот эса сўзларини: «Эй Қурайш қабилалари!» – деган хитоб билан бошладилар. Ҳамма у зотни катта диққат билан тинглар эди. У зот сўзларида давом этдилар: «Мен билан сизларнинг ҳолингиз душманни кўриб, оиласига хабар бериш учун югурган ва душман ўзидан олдин оиласига етиб, зарар етказишидан қўрқиб: „Ё сабоҳоҳ!“ (Душман бизни қуршаб олди! Тонг отди! Тезда жангга ҳозирланинглар!) – деб қичқирган кишининг ҳолига ўхшайди. Эй Қурайш жамоаси! Агар мен сизларга: „Мана шу тоғнинг ортида бир душман қўшини бор, устингизга ҳужум қилмоқчи“, – десам, менга ишонасизларми?» Улар: «Ҳа, ишонамиз. Чунки шу пайтгача сизда ростгўйликдан бошқа нарсага гувоҳ бўлмадик. Ёлғон сўзлаганингизни ҳеч кўрмадик!…» – дейишди.
Шундан кейин у зот Қурайшнинг барча қабилаларини номма-ном санаб: «Эй Бану Ҳошим! Эй Бану Абду Маноф! Эй Бану Абдулмутталиб!» – дедилар ва шундай давом этдилар: «Мен сизларни келиши муқаррар бўлган қаттиқ азобдан огоҳлантирувчиман. Аллоҳу таоло менга энг яқин қариндошларимни охират азоби билан огоҳлантиришимни буюрди. Сизларни: „Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ“ (Аллоҳ бирдир, Ундан бошқа илоҳ йўқ) деб иймон келтиришга даъват қиляпман. Мен эса Унинг бандаси ва расулиман. Агар бунга иймон келтирсангизлар, жаннатга кирасизлар. Сизлар „Ла илаҳа иллаллоҳ“ демагунингизча, мен сизларга на дунёда бирор фойда, на охиратда бирор насиба бера олмайман». Тинглаётган қабилалар орасидан Абу Лаҳаб: «Бизни шунинг учун йиғдингми?» – деб, ердан олган тошини севимли Пайғамбаримизга отди. Бошқалардан бундай қаршилик бўлмади; улар ўзаро гаплашиб, тарқалишди.21
Қуёшни ўнг қўлимга берсалар ҳам!
Бу даъватлардан кейин севимли Пайғамбаримиз қаерда бирор кишини ёки жамоани кўрсалар, уларга Исломни тушунтирар эдилар. Ҳақиқий нажот нафсга эргашишдан, зулмдан, ноҳақликдан ва ҳар турли ёмон ишлардан узоқлашиш ва Аллоҳу таолога иймон келтириш билан мумкин бўлишини билдирдилар. Нафсларининг истакларига, шаҳватларига эргашганлар, заифларни эзганлар ва туғёнда ҳаддан ошганлар бунга қаттиқ қарши чиқдилар. Бутун бу бузуқ ишларига чек қўйилишини кўриб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг билдирганларини инкор этдилар. У зотга ва иймон келтирганларга душман бўлдилар. Мушриклар аввал масхара қилар эдилар. Сўнгра тазйиқ ва қийноқларини кучайтиришга қарор қилдилар. Мўминларни қўрқитиб бўйсундиришни, Ислом даъватини сўндиришни истар эдилар. Уларнинг бошида Абу Жаҳл, Утба, Шайба, Абу Лаҳаб, Уқба ибн Абу Муайт, Ос ибн Воил, Асвад ибн Мутталиб, Асвад ибн Абду Яғус, Валид ибн Муғийра… бор эди.
Бир куни Утба, Шайба ва Абу Жаҳл Абу Толибга шундай дейишди: «Сен бизнинг улуғимизсан. Биз сенга доимо ҳурмат кўрсатамиз, сени иззат қиламиз. Энди эса биродарингнинг ўғли янги бир дин чиқарди. Бутларимизни сўкиб, бизни кофирликда айбламоқда. Унга насиҳат қил. Уни бу ишдан қайтар. Агар қайтмаса, унинг ҳаққидан қандай келишни биз биламиз…»
Абу Толиб уларни тинчлантириб, қайтариб юборди, Пайғамбаримиз хафа бўлмасинлар деб, бу ҳақда у зотга ҳеч нарса демади. Орадан бир муддат ўтгач, мушриклар яна тўпланиб, Абу Толибнинг олдига келдилар ва шундай дедилар: «Бундан олдин ҳам олдингга келиб, аҳволни айтган эдик. Сен сўзимизга эътибор бермадинг. У эса ҳамон бутларимизни ёмонлашда давом этяпти. Энди тоқатимиз қолмади. Иккалангиз билан ҳам қонимизнинг охирги томчисигача олишамиз. Маккада ё у, ё биз йўқ бўламиз». Абу Толиб уларни тинчлантиришга уринди, аммо улар ўжарликларида қаттиқ туриб олдилар.22
Абу Толиб Расулуллоҳнинг кўнгиллари ранжишини истамагани каби, у зот билан қавми ўртасида бирор душманлик чиқишини ҳам истамасди. У Пайғамбаримизнинг олдиларига келиб: «Эй Муҳаммад! Бутун қавм сизга душманликда бирлашиб, менга шикоят қилиб келди. Қариндошлар орасидаги душманлик яхши эмас. Улар сиз уларни кофир деб атамаслигингизни, „бузуқ йўлдасизлар“ деб ёмонламаслигингизни истайдилар», – деди. Шунда Ҳабиби акрам шундай дедилар:
«Эй амаки! Шуни билингки, қуёшни ўнг қўлимга, ойни чап қўлимга берсалар ҳам (нима ваъда қилсалар ҳам), мен бу диндан ва уни инсонларга етказишдан, билдиришдан асло воз кечмайман. Ё Аллоҳу таоло бу динни бутун жаҳонга ёяди ва вазифам тугайди, ёки шу йўлда жонимни фидо қиламан». Шундан кейин у зот ўринларидан турдилар. Муборак кўзлари ёшга тўлган эди.
Абу Толиб Расулуллоҳнинг хафа бўлганларини кўриб, айтган сўзларига пушаймон бўлди ва у зотнинг бўйинларидан қучоқлаб: «Эй укамнинг ўғли! Йўлингизда давом этинг, истаганингизни қилинг. Мен тирик эканман, сизни ҳимоя қиламан, асрайман», – деди.23
Мушрикларнинг кўзга кўринган кишиларидан ўн киши Абу Толибнинг ҳазрати Муҳаммадни ҳимоя қилаётганини англагач, Умора ибн Валидни ҳам ёнларига олиб, Абу Толибнинг олдига бордилар. Улар унга қабул қилиб бўлмайдиган бир таклиф билан чиқдилар: «Эй Абу Толиб! Биласан, бу Умора – Макка йигитларининг энг келишгани, энг кучлиси, энг ахлоқлиси. Устига-устак, у шоир ҳам. Уни сенга берайлик, ўз ишларингда фойдалан. Умора эвазига бизга Муҳаммадни бер, уни ўлдирайлик. Сенга одамга одам! Яна нима истайсан?» Абу Толиб бу сўздан қаттиқ ғазабланди ва: «Сизлар аввал менга ўз ўғилларингизни беринглар. Уларни мен ўлдирай. Ундан кейин жиянимни бераман», – деди. Шунда мушриклар ишнинг жиддийлигини англаб: «Бизнинг болаларимиз у қилаётган ишларни қилмаяпти-ку…» – дедилар. Абу Толиб шундай деди: «Қасам ичаманки, менинг жияним сизларнинг барча болаларингиздан яхшироқдирлар. Демак, сизлар ўғлингизни менга бериб боқтирмоқчисизлар, менинг жигарбандимни эса олиб ўлдирмоқчисизлар, шундайми!… Урғочи туя ҳам ўз боласидан бошқасини соғинмайди ва аямайди. Бу иш ақл ва мантиқдан жуда йироқ. Энди иш чегарадан чиқди. Ким жигарбандим Муҳаммадга (алайҳиссалом) душман бўлса, мен ҳам унинг душманиман. Буни шундай билиб қўйинглар-да, қўлингиздан келганини қилинглар!»24 Мушриклар ғазаб билан ўринларидан туриб кетдилар. Абу Толиб дарҳол Бану Ҳошимни ва Бану Абдулмутталибни йиғди. Уларга аҳволни сўзлаб бериб, севимли Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ёрдам беришга кўндирди. Расулуллоҳни ўлдиришга кўтарилган қўллар синдириладиган бўлди. Бу масалада улар мушрикларга қарши бирлашдилар. Фақат Абу Лаҳаб уларга қўшилмади. Абу Толиб уларга: «Эй йигитлар! Эртага ҳар бирингиз қиличингизни белингизга тақиб, орқамдан юринглар!» – деди.
«Эй амаки! Шуни билингки, қуёшни ўнг қўлимга, ойни чап қўлимга берсалар ҳам (нима ваъда қилсалар ҳам), мен бу диндан ва уни инсонларга етказишдан, билдиришдан асло воз кечмайман. Ё Аллоҳу таоло бу динни бутун жаҳонга ёяди ва вазифам тугайди, ёки шу йўлда жонимни фидо қиламан» Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом
Эртаси куни Абу Толиб Пайғамбаримизнинг уйларига борди ва улар ҳаммалари бирга Ҳарами шариф томон юрдилар. Бану Ҳошимнинг ботир йигитлари уларнинг ортидан борардилар. Улар Каъбага келиб, мушрикларнинг рўпарасида тўхтадилар. Абу Толиб мушрикларга: «Эй қурайшликлар! Укамнинг ўғлини ўлдиришга қарор қилганингизни эшитдим. Орқамда турган бу йигитлар қўлларини қиличлари дастасига қўйиб, менинг бир ишорамни сабрсизлик билан кутиб турганини биласизларми? Қасам ичаманки, агар Муҳаммадни ўлдирсангизлар, бирортангизни ҳам тирик қолдирмайман!…» – деди-да, севимли Пайғамбаримизни мадҳ этувчи шеърлар айта бошлади. У ердаги мушриклар, Абу Жаҳлдан бошлаб, тарқалиб кетдилар.
